Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

يوم الحساب

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Ҳисоб куни

 

(Давоми)

Иккинчи: Аллоҳга рўбарў бўлиш ва номаи аъмолни қабул қилиб олиш

Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ Қуръонида айтади:

«21. Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдовчи (бир фаришта) ва (унинг қилиб ўтган амалларига) гувоҳлик берувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди.

22. (Эй инсон), аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни (яъни мана бу Қиёмат Куни ҳақидаги шак-шубҳаларингни) очиб юбордик. Энди бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир.

23. Унинг (кофирнинг) яқини-ҳамроҳи (бўлган, унинг қилиб ўтган гуноҳларини ёзиб-гувоҳлик берувчи фаришта) деди: «Мана бу (номаи аъмол) менинг ҳузуримда ҳозиру нозир бўлган нарсадир».

24-25. (Шундан кейин дўзах ходимларидан икки фариштага айтилур): «Барча (Ҳаққа қаршилик қилувчи) қайсар, яхшиликни ман қилувчи, зўравон ва (Аллоҳнинг динига шак келтирувчи) кофир-кўрнамакни жаҳаннамга ташланглар!

26. (Қай) бир кимса Аллоҳ билан бирга бошқа бир «илоҳ» қилиб олган бўлса (яъни ёлғиз Аллоҳга бирон нарса ё кимсани шерик қилиб олган бўлса), бас, уни қаттиқ азобга ташланг­лар!»

27. Унинг яқини (бўлган шайтон): «Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, лекин унинг ўзи (ҳақ йўлдан) йироқ-залолатда бўлди», деди.

28. (Аллоҳ кофир ва унинг шайтонига) айтди: «Менинг даргоҳимда талашиб-тортишманглар, аниқки, Мен илгари сизларга (кофир бўлганларингиз сабабли охиратда азобга гирифтор бўлишларингиз тўғрисида) ваъда қилганман.

29. Менинг даргоҳимда (ваъда қилинган) сўз ўзгартирилмас ва Мен бандаларга зулм қилувчи ҳам эмасдирман» (Қоф: 21-29).

«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким (Аллоҳ ҳузурида) ҳисобга тортилса, у азобга дучор бўлади». Мен дедим: «Аллоҳ таоло: «Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 8), демаганми?!» У зот дедилар: «У бир арз (амалларга иқрор қилдириш) холос. Ким тўла-тўкис ҳисоб қилинса, албатта ҳалок бўлади» (Бухорий: №103, Муслим: №2876).

«Саҳиҳайн»да Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда у зот айтадилар: «Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори қиёмат кунида ўртада таржимон бўлмаган ҳолда гаплашади. У (банда) ўнг томонига қараб, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, чап томонига қараб ҳам фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, олди томонига қараб, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Бас, шундай экан, яримта хурмо (ни садақа қилиш) билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!» (Бухорий (№7512), Муслим (№1016) ривоятлари).

Малоикалар нидо қилади: «Фалончининг ўғли фалончи қаерда?!».

Ким?!.. Ахир бу менинг исмим-ку!.. Ҳа, бу менман!

Чорланаётган киши сиз эканингиз аниқ бўлгач, чақириқ юрагингизни тешиб юборгандек бўлади.. Рангингиз сарғайиб кетади.. Юрагингиз қинидан чиқиб, бўғзингизга қадалиб қолади..

Сизга вакил қилинган фаришталар сизни халойиқлар ичидан етаклаб олиб кетадилар. Ҳамманинг кўзи сизга тикилган.. Сиз одамлар оралаб, Аллоҳ таоло ҳузурида туриш ва ҳисоб-китобга тортилиш учун кетиб борасиз.

Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳ ҳаққи, мана шу ҳолатда туришингизни бир тасаввур қилиб кўринг..

Маҳшаргоҳ узра малоикалар сафлари орасидан ўтасиз.. Инсу-жин сафлари оралаб ўтасиз..  Ва ўзингизни Аллоҳ жалла жалолуҳ ҳузурида, У зотнинг ҳисобига тортилиш ва амалларингиз саҳифасини қабул қилиш учун турганингизни кўрасиз!!

Ушбу саҳифада сиз ҳамманинг кўзидан яшириб қилган тирноқча амалингиз-да қолдирилмай битилган бўлади!!

Эсингиздан чиқиб кетган қанча-қанча маъсиятларингизни Аллоҳ таоло эслатиб қўяди!!

Қанча-қанча яшириб ўтган гуноҳларингизни Аллоҳ таоло очиб юборади!!

Дунёдалик пайтингизда Парвардигорингиз тоатида сустлик қилганингизга қаттиқ ҳасрат-надоматлар қиласиз у пайт!!

Агар банда дунё-ю охиратда Аллоҳнинг розилигини топган саодат аҳлидан бўлса – эй Аллоҳим, бизларни ҳам Ўз фазлу караминг ила ўшандай кишилардан қилгайсан я арҳамар-роҳимийн –  Аллоҳ унга китобини ўнг томонидан беради, унга китобининг зоҳирини ҳасанот (яхшилик-савоблар), ботинини эса саййиот (гуноҳлар) қилиб кўрсатади. Сўнг унга китобини ўқишни буюради. Банда ўқишни бошлайди ва китобининг бошки саҳифаларига битилган ўз гуноҳларини ўқиб, ранги сарғайиб, юзи ўзгариб, баданини титроқ босади.

Ўзининг барча гуноҳларини ўқиб тугатгач, охирида «Бу сенинг гуноҳларинг эди, Мен уларни кечирдим» деб ёзилганини кўради. Қувончдан юзи ёришиб кетади, ортидан энди ҳеч қачон бахтсизликка юз тутмайдиган олий бахт оғушига кўмилади. Кейин китобини ўқишда давом этиб, савоблар саҳифаларини ўқий бошлайди. Қувончдан юзи порлаб, севинчига севинч қўшилади. Сўнг Буюк Подшоҳ жалла жалолуҳ унга хитоб қилади: «Бор, яқинларинг ва тавҳиду иймон аҳли бўлган дўст-ёрларинг ёнига бор, уларга ҳам худди ўзингга берилганидек шодлик хабарини бер!!». Шундан сўнг у номаи аъмолини қўлида тутганича, шодликдан юз-кўзи порлаб, бутун вужудидан нур ёғилиб, ёр-дўстлари ёнига келади. Ёр-дўстлари уни таний олмайдилар. «Мени танимаяпсизларми?!», дейди у уларга. «Сен кимсан, бутун вужудингни Аллоҳнинг каромати чулғаб олибди?!», дейишади улар. «Мен фалончининг ўғли фалончиман, мана, кўринглар менинг номаи аъмолимни!!. Китобимни ўқинглар!! Мана у, қўлимда!! Менинг шодлигимга ва бахтимга шерик бўлинглар!! Ўқинглар!! Мана бу менинг тавҳидим, буниси намозим, буниси закотим, буниси садақаларим, буниси ҳажжим, буниси тунги намозларим, буниси эҳсонларим, буниси ота-онамга қилган яхшиликларим, буниси аҳли-аёлим ва қўни-қўшниларимга қилган яхшиликларим, буниси маъруфга буюрганларим, буниси мункардан қайтарганларим, буниси ғийбат ва чақимчиликдан узоқ бўлганим, буниси бандаларга зулм қилишдан тийилганим...

«Бас, энди ўз китоби номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар. Дарҳақиқат мен ҳисоб-китобимга (яъни охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер. Сўнг у розилик ҳаётида, мевалари (аҳли жаннат учун) яқин бўлган юксак жаннатда бўлур. (Жаннат аҳлига) «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур)» (Ал-Ҳааққо: 19-24).

Аммо, банда агар дунё-ю охиратда Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган бадбахт кимсалардан бўлса – Аллоҳ сизу бизни шундайлардан бўлиб қолишдан сақласин – уни «Фалончининг ўғли фалончи қаерда?!» деб чақирилади. Субҳаналоҳ!! У учун ҳар қандай овозлар-у, ҳеч бир тил нотаниш бўлмаган, барча махлуқотнинг исм-у сифатларини адашмай таниб-биладиган Зотни поклайман!!

Фалончи ўғли фалончи қаерда?!!

Ким?!.. Ахир бу менинг исмим-ку!.. Ҳа, бу менман! Нима истайсиз эй Аллоҳнинг малоикалари?!

Қани, юр, Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига, ҳисоб учун!!

Сафлар оралаб бориб, охири ўзини Аллоҳ таоло ҳузурида кўради. Шундан сўнг унга номаи аъмоли чап тарафидан ё орқа тарафидан берилади.

Китобини ўқигач, унинг юзи қорайиб кетади. Кейин эса унга қорамойдан кийим кийдирилади. Унга: «Бор ўзингга ўхшаганлар ёнига!! Уларга ҳам худди сенга берилган нарсанинг хабарини бер!!», дейилади.

Шундан сўнг у маҳшаргоҳ узра қаро юз билан, вужудини хорлик ва шармандалик ўраб олган ҳолда, номаи аъмоли чап қўлида, кетиб боради. Дўстлари ва яқинлари ёнига келиб: «Мени танимаяпсизларми?!», дейди. Улар: «Йўқ, сен кимсан?! Бутун вужудингни хорлик ва шармисорлик ўраб олганини кўрмоқдамиз?!», дейишади. «Мен фалончиман. Мана бу қўлимдаги номаи аъмолим, ҳар бирингизни худди шундоқ оқибат кутмоқда», дейди у. Дарҳақиқат, энди у ҳеч қачон саодатга эришолмайдиган ҳақиқий бадбахт кимса бўлди!!

Бор овози билан дод-фарёд қилади:

«25. Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса эди! 26. Ва мен ҳисоб-китобим (яъни оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди! 27. Эҳ, қанийди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатувчи-узувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди! 28. Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! 29. Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!» 30. (Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар! 31. Сўнгра дўзахга ташланглар! 32. Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!» 33. Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. 34. Ва мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди. 35. Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир! 36. Ва бирон таом ҳам йўқдир! Фақат йирингдан бўлган (бир «таом» борки), 37. Уни фақат (йўлдан) адашган (кофир)ларгина ерлар!»  (Ал-ҳааққо: 25-37).

 

Мана бу сўзларни айтган шоирни Аллоҳ раҳматига олсин:

 

Тасаввур қил, ҳисоб кун маҳшаргоҳ ичра,

Туришингни даҳшатдан вужудинг титраб..

 

Жаҳаннам ғазабла ўкирар, ўрлар,

Гуноҳкор бандани бағрига чорлар.

 

Арш соҳиби қаҳру ғазаб ила дер:

«Эй банда, номангни ўқи бирма-бир!

 

Кўргинчи, бормикан унда лоақал,

Сен қилиб ўтмаган биргина амал?!»

 

Номанг ўқиб, бўлганингда барига иқрор,

Дўзах посбонларига амр этур Жаббор:

 

«Эй фаришталарим, ушлангиз уни,

Дўзахнинг қаърига ташлангиз уни!».

 

Мушриклар эртага дўзахда ёнарлар,

Мўминлар абадий жаннатда қоларлар.

 

 

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

 

Учинчи: Ҳисоб қилинмасдан туриб ўзингизни ҳисоб қилинг

Бу ҳисоб кунининг менинг қосир илмимча тасаввур қилганим кичик бир кўриниши эди. Сиз юракларни ёриб юборгудек бу кўринишлар ичра қалбингиз ва бутун вужудингиз билан яшаб кўринг.. Зотан, фақат қалби тирик инсонларгина панд-насиҳат билан таъсирланади, оят ва ҳадисга ижобат қилади.

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир» (Қоф: 37).

Севикли биродарим! Ҳасрат ва надомат фойда бермайдиган Кунда Улуғ Хожангиз ҳузурида ҳисобга тортилмасдан туриб бугун ўзингизни ҳисоб қилинг.

Имом Аҳмад ва Термизийлар саҳиҳ санад билан ривоят қилишларича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: «Эй одамлар! Ҳисоб қилинишдан олдин ўзингизни ҳисоб қилингиз, (амаллар) тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйингиз! Чунки, (бугун) нафсингизни ҳисоб қилишингиз эртага (қиёматда) ҳисобингизни енгиллаштиради. Катта ҳисоб-китоб кунига ўзингизни ҳозирлангиз!».

Нафсингизни сарҳисоб қилинг ва билингки, нафс ёмонликка буюрувчидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда нафсни уч хил сифат билан; хотиржам нафс, маломатчи нафс, ёмонликка буюрувчи нафс деб васф қилган.

Хотиржам нафс ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «(У Кунда ҳаёти дунёдан Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб иймон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга хитоб қилиниб, дейилур): «Эй хотиржам-сокин жон, сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт! Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига киргин. Ва Менинг жаннатимга киргин!»» (Вал-фажр: 27-30).

Хотиржам нафс Аллоҳни Парвардигор деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва расул деб рози бўлган нафс-жондир.

У Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига хотиржам бўлган нафсдир.

У Аллоҳнинг ваъдасига хотиржам бўлган ва Унинг ваъидидан (азоб хабари билан қўрқитувидан) қўрқувчи нафсдир.

У Аллоҳнинг зикри ва ибодати билан, Унга бандалик қилиш билан хотиржам бўлган нафсдир.

У Парвардигори азза ва жаллага муштоқ бўлувчи нафсдир.

Маломатгўй нафс ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб ва унга қасамёд қилиб, шундай деган: «Мен Қиёмат Кунига қасам ичурман. Ва Мен маломатгўй нафсга қасам ичурманки, (ҳеч шак-шубҳасиз қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар)!» (Қиёмат: 1, 2).

Маломатгўй нафс ўз эгасини яхши-ёмон ишлар устида маломат қиладиган нафсдир.

У ўз эгасини яхшилик устида нега шу яхшиликни кўпроқ қилмадинг, деб маломат қилади.

У ўз эгасини ёмонлик устида нега шу ёмонликка қўл урдинг, деб маломат қилади.

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳга қасамки, мўминни сиз ҳар доим ва ҳар бир ҳолатида нафсини маломат қилишини кўрасиз, фожир эса нафсини умуман айбламай умр ўтказади».

Мўмин киши нафсини муҳосаба қилади, уни маломат қилади. Фожир эса ўз нафсини энг олий юксакликларда ва комиллик даражаларининг энг чўққисида деб кўради.

Ёмонликка буюрувчи нафс (нафси аммора) ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса албатта барча ёмонликларга буюрувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». (Юсуф: 53).

Нафси аммора ўз соҳибини мудом ёмонликка ва маъсиятга чорловчи нафсдир.

У ўз соҳибини ҳидоят йўлидан чиқариб, залолат йўлига, жаннат йўлидан чиқариб, жаҳаннам йўлига, суннат йўлидан чиқариб, бидъат йўлига, ҳалол йўлдан чиқариб, ҳаром йўлга солишни истайди.

Бу нафс агар соҳиби унга бепарво қараса ва муҳосаба қилиб туришга аҳамият бермаса, уни дунё-ю охиратда ҳалокат ва зиёнга етаклайди.

Бу нафсни сиз агар Аллоҳнинг тоати билан машғул қилмасангиз, у сизни маъсиятга машғул қилади. Агар уни тақво тизгини ила тизгинлаб олмасангиз, у сизни ботилга машғул қилиб қўяди. Нафс бамисоли гўдак боладир, гўдакни она кўкрагидан ажратсангиз, у ажралиб кетаверади. Нафсни ҳам Аллоҳнинг маъсиятидан айирсангиз, тоат ва тақво тизгини билан тизгинлаб олсангиз, у албатта бўйсунади.

Қачонки, Аллоҳ жалла ва алодан мадад сўраб, нафсни қаттиқ кузатув остига олсангиз, у билан худди хасис шериклардек ҳисоб-китоб қилиб турсангиз, шундагина у сизни дунё ва охират бахт-саодатига олиб боради.

Инсоний заифлик туфайли нафсингиз тойилса – албатта, ҳеч биримиз на фаришта, на пайғамбармиз – иймонингиз ва ўз нафсингизни билишингиз сизни дарҳол тавбага ва Аллоҳга қайтишга ундайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз Аллоҳ таолога ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат йўлига қайтасиз.

Севикли биродарим, ҳозироқ, хоҳ катта, хоҳ кичик ҳар бир ишдан олдин ва ҳар бир ишдан кейин нафсингизни сарҳисоб қилинг.

Ҳар бир ишдан олдин нафсингизга савол қилинг: Нега бораман? Нима учун гапираман? Нега жим тураман? Нима учун яхши кўраман? Нима учун ёқтирмайман? Нега кираман? Нега чиқаман?

Ҳар бир ишдан сўнг нафсингизни сўроққа тутинг: Шу иш Аллоҳ учун холис бўлдими? Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларига мувофиқ бўлдими? Зеро, амал мақбул бўлиши учун унда иккита шарт топилиши лозим. Биринчи шарти ихлос, иккинчи шарти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларига мувофиқ бўлишидир.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади:

Аллоҳнинг дини бўлмиш Ислом икки асл-асос устига қурилган:

Биринчиси: Шериксиз, ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиш.

Иккинчиси: Аллоҳ таолога Унинг ўзи пайғамбарининг тилида машруъ қилган нарсалар билан ибодат қилиш. Мана шу улкан икки асл-асос бизнинг «Бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг элчиси эканига гувоҳлик берамиз» деган сўзимизнинг моҳиятидир.

Мусулмон биродар! Агар охиратда ҳисобингиз енгил бўлишини истасангиз, ўз нафсингизни худди хасис шерикдек ҳисоб қилинг. Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ айтганидек: «Банда ўз нафси билан худди хасис шериклардек ҳисоб-китоб қилмагунича тақво даражасига етолмайди».

Қилаётган тоатингиз билан асло-асло мағрур бўлиб қолманг, илмингиз билан асло-асло мағрур бўлиб қолманг, доим қўрқув устида бўлинг. Зеро, фақат хотималар эътиборлидир.

Ўз илмлари, зоҳидликлари ва парҳезкорликлари билан оламни ёритган зотлар сўзига қулоқ тутинг.

Бир киши Оиша розияллоҳу анҳодан сўради: «Эй онажон, менга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тушунтириб беринг: «Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас уларнинг орасида ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи ҳам бордир» (Фотир: 32)».

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Эй болам, яхшиликларга шошилувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтган ва у зот улар ҳақларида жаннат билан хушхабар берган кишилардир. Ўртачалар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан эргашиб, уларга етиб олган саҳобалардир. Ўз жонига жабр қилувчилар эса сен билан бизга ўхшаганлардир».

Воажаб.. Қаранг, Оиша розияллоҳу анҳо ўзларини сизу биз билан бир қаторга қўймоқдалар! Биз бўлсак ҳаммамиз жаннатга кирамиз деб даъво қиламиз! Жаннатга биз кирмасак, ким кираркан, деб катта гапирамиз!!

Оиша розияллоҳу анҳо на ўз насл-насаблари билан, на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга умр йўлдоши бўлиш шарафлари билан мағрур бўлдилар. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларидан жаннатилик башоратини эшитган эдилар! Ҳа, у зот нафснинг миқдорини ва хатарини шу қадар яхши англаган эдилар.

Умматнинг Форуқи (ҳақ ва ботил ўртасини ажратувчиси) бўлган Умар розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётарканлар, Ибн Аббос у кишининг шаънларида яхши мақтов сўзлар айтадилар. Шунда Умар айтадилар: «Аллоҳга қасамки, агар ер юзи тўла олтиним бўлса, Аллоҳнинг азобини кўрмай туриб, ундан шу билан қутулишга жон деб рози бўлардим. Истардимки, дунёдан на фойда, на зиён кўрган ҳолда чиқиб кетсам!».

Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севикли кишилари бўлган, у зот қасам билан таъкидлаб: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», деган, ёшлари ҳали ўттиз учга ҳам етмаган Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Шомда тоун (ўлат)га чалиниб, ўлим тўшагида ётганларида асҳобларидан: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Бироздан кейин яна: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Бироздан кейин яна: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Шунда у киши: «Тонги дўзах сари юзланиш бўладиган тундан Аллоҳ паноҳ берсин», дедилар!!!.

Зуҳд, тақво ва ҳадис бобида дунёнинг имомига айланган Суфён Саврий ўлим тўшагида ётганларида ҳузурларига Ҳаммод ибн Салама кириб: «Хурсанд бўлинг, эй Абу Абдуллоҳ! Сиз ўзингиз Ундан мудом умидвор бўлган, раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зот ҳузурига йўл олмоқдасиз», деганида Суфён раҳимаҳуллоҳ йиғлаб: «Аллоҳ номини ўртага қўйиб сўрайман эй Ҳаммод, сиз менга ўхшаган одамни дўзахдан нажот топади, деб ўйлайсизми?!», дедилар!!!.

Эй мусулмон! Илмингизга мағрур бўлманг, амалингизга мағрур бўлманг, мудом қўрқув устида бўлинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек ўтган-у келажак гуноҳлари кечирилган зот ҳам ана шундоқ ҳолатда бўлганлар.

Ҳар бир амалдан олдин ва ҳар бир амалдан кейин ўз нафсингизни сарҳисоб қилинг. Нафсингизни ҳар қандай маъсият ва ҳар қандай қосирлик устида сарҳисоб қилинг.

Халифа Сулаймон ибн Абдулмалик салаф уламоларидан Абу Ҳозим номли бир олимдан: «Эй Абу Ҳозим! Айтингчи, нега биз ўлимни ёмон кўрамиз?!», деб сўради.

Шунда Абу Ҳозим шундай жавоб берди: «Чунки, сизлар дунёнгизни обод, охиратингизни эса хароб қилдингиз. Шу боис обод ўлкадан харобазорга ўтишни ёқтирмайсиз».

Сулаймон ибн Абдулмалик деди: «Эй Абу Ҳозим, Аллоҳ таоло ҳузурида аҳволимиз не кечади?!».

Абу Ҳозим жавоб берди: «Аллоҳнинг Китобига қараб кўринг, ўзингизни унда топасиз».

«Қаерида топаман?!», сўради Сулаймон.

«Шак-шубҳасиз, яхшилар жаннат неъматларидадирлар. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилувчи кимсалар дўзахдадирлар!» (Инфитор: 13-14) оятларида», жавоб берди Абу Ҳозим.

Шунда Сулаймон ибн Абдулмалик: «Аллоҳнинг раҳмати қаерда қолди, эй Абу Ҳозим?!», деб хитоб қилди.

«Албатта, Аллоҳнинг раҳмати муҳсинларга (эзгу амал қилувчиларга) яқиндир» (Аъроф: 56), деб жавоб берди Абу Ҳозим.

«Эртага Аллоҳга рўбарў бўлишимиз қай суратда бўлади?», сўради Сулаймон ибн Абдулмалик.

«Муҳсин – эзгу амал қилувчи киши худди узоқ сафардан ўз аҳли ҳузурига қайтиб келган ва аҳли уни шод-хуррамлик билан кутиб олган кишидек, мусиъ – гуноҳга ботган киши эса худди хожаси ҳузурига қайтарилган қочоқ қул каби ҳолатда бўлади», деб жавоб берди.

Буюк арш соҳиби бўлган Улуғ Аллоҳдан барчамизнинг хотимамизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодир Зотдир.

Дуо...

2011 йил 6-октябр

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига