Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

النفخ في الصور

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Сур чалиниши

 

Ислом Нури таржимаси

 

 

(Давоми)

«1. Осмон ёрилганида, 2. Юлдузлар (ҳар томонга) сочилганида, 3. Дарё-денгизлар (ўртасидаги тўсиқ-тўғонлар) очилганида, 4. Қабрлар (тупроғи) ағдарилганида (ва уларнинг ичидаги инсонларга жон ато этилиб Ер юзига чиқарилганларида), 5. (Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларни (яъни яхши-ёмон амалларини) билур!» (Инфитор: 1-5).

«1-2. Осмон ёрилган ва у Парвардигори(нинг ёрилиш тўғрисидаги амри)га қулоқ тутган (мана шу амрга) лойиқ топилган вақтда; 3-4-5. Ер ёйилган (теп-текис бўлган) ва ўз ичидаги (жасадларни устига) чиқариб ташлаб, бўшаниб олган ва у Пар­вардигори(нинг ёйилиб, теп-текис бўлиш тўғрисидаги амри)га қулоқ тутган (мана шу амрга) лойиқ топилган вақтда (ана ўша Қиёмат Кунида ҳар бир инсон ўзи қилиб ўтган амалларига рўбарў бўлур)!» (Иншиқоқ: 1-5).

«Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро (қиёмат) соати (олдидаги) зилзила улуғ-даҳшатли нарсадир. Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар, одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Ҳаж: 1-2).

Ушбу машҳад-кўриншларни яхшироқ ва чуқурроқ тадаббур қилинг, шунда қиёмат куни содир бўладиган улкан ва мислсиз зилзила даҳшатини теранроқ англайсиз.

«42. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) Кунига қолдирмоқда, холос.

43. (У Куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур.

44. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келар Кунда (Қиёматда) золим кимсалар: «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва пайғамбарларингга эргашурмиз», дейдилар. (Шунда уларга жавоб қилинур): «Илгари (ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичмаган эдингизларми?!

45. (Ахир) сизлар ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига (улар заволга юз тутганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ маълум эди. Биз сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган эдик (лекин сизлар бу кўрган-билганларингиздан ибрат олмадингиз, ҳақ йўлга юрмадингиз)».

46. Дарҳақиқат, улар (яъни Макка мушриклари) ўзларининг макр-ҳийлаларини қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса-да, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Аллоҳ ҳузурида (маълумдир).

47-48. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ҳаргиз Аллоҳни Ўз пайғамбарларига берган («Биз албатта пайғамбарларимизни ғолиб қилурмиз», деган) ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйламанг. Албатта, Аллоҳ ғолибдир ва (у) Ер бошқа Ерга: осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва қудратли Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) интиқом олувчидир.

49. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у Кунда жиноятчи кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз.

50. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур.

51. Аллоҳ ҳар бир жонга қилган ишига яраша жазо бериш учун (мана шундай қайта тирилтирур). Албатта, Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилувчидир»  (Иброҳим: 42-51).

Мазкур оятларни ўқиркансиз, «Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур» сўзларига диққат қаратинг. Уларнинг қалблари қиёмат кунининг даҳшатидан бўм-бўш бўлиб қолади. Яъни, юраклари қинидан чиқиб кетиб, ўрни бўшаб қолади, юраклар қинидан чиқиб, бўғизларига қадалиб қолади!!

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни яқин Кундан (яъни Қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари халқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турурлар» (Ғофир: 18).

Аллоҳу акбар!! Даҳшатнинг зўридан юраклар кўкрак қафасидаги ўз жойидан чиқиб кетиб, бўғизларга қадалади!!

Не даҳшат бу?! Не шиддат бу?! Даҳшатнинг чўққисидир бу!! Шиддатнинг чўққисидир бу!! Бу ҳам ўта қосир тасаввур бўлур эди! Лекин, агар ушбу оятлар маъносини чуқур тадаббур қилсангиз, Аллоҳ азза ва жалла дилингиздаги ихлос, ростлик ва софлик миқдорига қараб, сизни бу даҳшатли кўринишлар ҳажмидан воқиф этади.

Бу нафха – сурнинг даҳшат нафхаси деб аталган бу чалиниши бир мунча вақт давом этади. Биласизми, қанча вақт ўтади?! Табиийки, йўқ!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Икки нафха ўртасида қирқ... бордир».

«Эй Абу Ҳурайра, қирқ кунми?», деб сўрашди.

 «Ибо қилдим», дедилар Абу Ҳурайра.

«Қирқ ойми?», деб сўрашди. «Ибо қилдим», дедилар яна Абу Ҳурайра.

«Қирқ йилми?», деб сўрашди. «Ибо қилдим», дедилар Абу Ҳурайра яна.

Ибо қилдим, дегани маъносини биласизми?

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашга ибо қилдим, деганидир бу. (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №4814, Муслим: №2955

Бу қирқнинг илми Парвардигори олам ҳузуридадир.

Қирқ ўтганидан кейин Аллоҳ таоло Исрофилга иккинчи бор сурга нафха уришга амр этади.

Суҳбатимизнинг учинчи моддаси шу тўғрида бўлади.

 

Учинчи: Ўлиб йиқилиш нафхаси

Аҳли илмлар Исрофил неча марта сур чалиши ҳақида ихтилоф қилганлар.

Баъзилари икки марта нафха уради, биринчи – даҳшат (фазаъ) нафхаси билан иккинчи – ўлиб йиқилиш (соъқ) нафхаси бир вақтда бўлади, деганлар.

Ҳофиз Ибн Ҳажар ва Имом Қуртубий шу фикрни олганлар. Қуртубий «Ат-тазкира»да айтишича, ўлиб йиқилиш (соъқ) нафхаси катта даҳшат (ал-фазаъ ал-акбар) нафхаси билан бирга бўлади. Яъни, қаттиқ даҳшатга тушиб, шунинг оқибатида ўлиб йиқиладилар. Шу туфайли Ҳофиз ва Қуртубийлар икки нафха бир вақтда бўлади, деб ҳисоблайдилар.

Шайхулислом Ибн Таймия, Ҳофиз Ибн Касир ва Имом Ибн ал-Арабийлар эса Аллоҳ таоло Исрофилга сурга катта даҳшат нафхасини, ўлиб йиқилиш нафхасини ва қайта тирилиш нафхасини уришга амр этади, дейдилар. Мен ҳам (Муҳаммад Ҳассон) шу фикрга мойилман. Чунки, Қуръон ҳам шундай дейди. Қуръонда Аллоҳ таоло даҳшат нафхаси, ўлиб йиқилиш нафхаси ва қайта тирилиш нафхаси ўртасини фарқлаган.

Аллоҳ таоло айтади: «Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни эсланг» (Намл: 87).

Аллоҳ таоло айтади: «Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар)» (Зумар: 68).

Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68).

Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло истисно қилган зотлар кимлиги борасида уламолар турли фикрлар билдирганлар.

Баъзилари улар пайғамбарлардир, дейишган, баъзилари эса улар шаҳидлардир, зеро шаҳидлар абадий тирик, Парвардигорлари ҳузурида ризқланиб туришади, деганлар.

Баъзи олимлар уларни малоикалар деб айтишган, баъзилари эса улар фақатгина Жибрийл, Исрофил, Мийкоил, Ўлим фариштаси ва аршни кўтариб турувчи фаришталардир, дейишган.

Баъзилар эса улар Парвардигори оламнинг жаннатларидаги ҳури ийнлардир, деганлар.

Баъзилар мазкур оятда истисно қилинган зот Мусо алайҳиссаломдир, деб, бу сўзларига Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни далил қиладилар. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен нафхадан кейин биринчи бўлиб ҳушига келувчи киши бўламан. Шунда қарасам, Мусо Аршни ушлаб турган бўлади. Билмайманки, у мендан олдинроқ ҳушига келганми ёки Аллоҳ истисно қилган зотларданми».

Шунинг учун айтаманки, ушбу оятда Аллоҳ истисно қилган зотларнинг кимлигини аниқ айтиш имконсиздир. Бутун башариятнинг муаллими бўлган зотнинг ўзлари ҳам Мусо алайҳиссалом истисно қилинган зотлардан бўлиш-бўлмаслигини аниқ айта олмадилар, «Билмайманки, у мендан олдинроқ ҳушига келганми ёки Аллоҳ истисно қилган зотларданми» дедилар. Шундай бўлгач, аҳли илмлар ҳам истисно қилинган зотларнинг кимлар бўлишини албатта аниқ айта олмайдилар. Зотан, Аллоҳнинг илми фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан келган саҳиҳ хабар билангина билинади.

Байҳақий, Табароний, Табарий, Ибн Аби Ҳотим ва бошқалар ривоят қилган сур ҳақидаги узун ҳадисда келади – илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керакки, ушбу ҳадис заифдир. Унинг заифлиги ровийлар силсиласидаги Исмоил ибн Рофиъга боғлиқ бўлиб, жарҳ ва таъдил уламолари фикрига кўра, у заифдир – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўлим фариштаси Малик (Подшоҳ, яъни, Аллоҳ) ҳузурига келади. Шунда Малик ўлим фариштасидан – Ўзи яхши билиб тургани ҳолда – «Эй ўлим фариштаси, ким қолди?», деб сўрайди. У: «Жибрийл, Исрофил, Микоил, Аршни кўтариб турувчи фаришталар ва мен қолдик», дейди. Шундан сўнг Малик: «Жибрийл ўлсин, Исрофил ўлсин, (Микоил ўлсин), Аршни кўтарувчилар ўлсин!», дейди. Ўлим фариштаси қолади. У Малик ҳузурига келади. Малик ундан: «Ким қолди, эй ўлим фариштаси?», деб сўрайди. «Фақат мен қолдим», дейди ўлим фариштаси. Шунда Малик: «Сен ҳам махлуқотларимдан бирисан, Мен сени шу кўриб турганинг иш учун яратгандим, энди сен ҳам ўл, эй ўлим фариштаси!», дейди. У ҳам ўлади ва абадий ўлмас Ҳақ (Аллоҳ) қолади».

Мулк ва малакут эгаси бўлган Зотни поклайман.. Иззат ва жабарут соҳибини поклайман.. Барча халойиқларга ўлимни битган, Ўзи эса абадий барҳаёт Зотни поклайман.

Фаришталар ўладилар.. Жибрийл ўлади.. Исрофил ўлади.. Микоил ўлади.. Ўлим фариштаси ўлади.. Аршни кўтарувчи фаришталар ўладилар..

Подшоҳлар ўлади.. Дунёнинг лидерлари ўлади.. Президентлар ўлади.. Министрлар ўлади.. Корчалонлар ўлади.. Бойлар ўлади.. Камбағаллар ўлади..

Солиҳлар ҳам ўлади.. Толиҳлар (ёмонлар) ҳам ўлади.. Мужоҳидлар ҳам ўлади.. Панада ўтирганлар ҳам ўлади.. Ақида билан юксалганлар ҳам ўлади.. Қулларга бўйин эгиб ўтганлар ҳам ўлади.. Хорликка қарши бош кўтарган содиқ ва мухлис инсонлар ҳам ўлади.. Қандай қилиб бўлмасин, яшаб қолишга ҳарис бўлган қўрқоқлар ҳам ўлади.. Улкан ҳиммат ва юксак ғоялар эгалари ҳам ўлади.. Арзон ва енгил-елпи ҳаётни ихтиёр этган пасткаш ва тубан кимсалар ҳам ўлади.. Ҳамма ўлади. «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг юзи Ўзигина боқий мангу қолур» (Ар-Раҳмон: 26-27).

Ёлғиз Маликнинг Ўзи қолади. У осмонлару ерни қўлида тутиб, хитоб қилади: «Мен Подшоҳман! Қани зўравонлар?! Қани мутакаббирлар?! Бугун мулк кимники?! Кимники бугун подшоҳлик?!». Ҳеч ким жавоб бермайди. У Ўзи жавоб беради.

Аллоҳ таоло айтади: «У юксак мартабалидир, арш соҳибидир. У Ўз амри билан бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишига токи у (инсонларни) мулоқот Кунидан (яъни Қиёматдан) огоҳлантириш учун ваҳий туширар. Улар (қабрларидан) чиқадиган Кунда Аллоҳга улар(нинг қилиб ўтган амаллари)дан бирон нарса махфий бўлиб қолмас. Бу Кунда подшоҳлик кимникидир? Яккаю ягона ғолиб зот Аллоҳникидир!» (Ғофир: 15-16).

Золимлар қани?! Толиҳлар қани?! Солиҳлар қани?! Фиръавнлар қани?! Цезарлар қани?! Кисролар қани?!

Қани Фиръавн?! Қани Ҳомон?! Қани Қорун?!

Ўткинчи мансаб курсиларига мағрур бўлганлар қани?!

Мол-мулклар-у қасрлари билан мағрурлар қани?!

Дабдабали автомобиллари-ю долларлари билан мағрур бўлганлар қани?!

Қани золимлар?! Қани залолатда уларга эргашганлар?!

Аллоҳ таоло айтади: «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг юзи Ўзигина боқий мангу қолур» (Ар-Раҳмон: 26-27).

«Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)» (Қасас: 88).

Ҳар қанча яшаманг, барибир ўласиз.. Нақадар яхши кўрманг, барибир ажраласиз.. Ҳар қанча жамғарманг, албатта қолдириб кетасиз.

Эй Аллоҳ мансаб курсисига ўтиргизиб қўйган биродар! Каъбанинг Парвардигорига қасамки, курси қўлдан кетади, мансаб фоний! Ёлғиз Аллоҳ жалла жалолуҳу боқий! Билингки, сиз ҳам албатта ўтасиз! Мансабингизга мағрур бўлиб қолманг! Курсингизга алданиб қолманг! Мансаб курсингизни Аллоҳнинг розилиги ва тоатига ишлатиб қолинг! Билингки, курси ё сизни Аллоҳга ва Унинг жаннатига яқинлаштиради, ё эса сизни Аллоҳдан узоқлаштириб, Унинг дўзахига отади!.  Шундай экан, мансаб курсисини Аллоҳнинг жаннатига етказадиган воситага айлантириб олинг!

Эй биродар! Унутманг, агар мансаб курсиси бировга вафо қилсайди, сизга асло етиб келмаган бўларди!

Замонлар ва маконлар оша ҳар бир тирик жоннинг ақлига ва қулоғига етиб бориши лозим бўлган улкан ҳақиқат шуки, боқийлик фақат Мангу Барҳаёт Зотга тегишлидир.

Ўлим шундай ҳақиқатки, солиҳлар ҳам, толиҳлар ҳам унинг шаробини тотмай иложи йўқ.

Оламда тавҳид калимасидан, ла илаҳа иллаллоҳ калимасидан кейинги энг катта ҳақиқат шудир.

Севикли биродарим! Бу ер юзидаги ҳаёт муваққат ва чеклангандир. Бир кун у албатта ниҳоясига етади. Ҳамма ўлади. Яхшилар ҳам, ёмонлар ҳам, мужоҳидлар ҳам, панада ўтирганлар ҳам, олийҳиммат зотлар ҳам, пасткаш ва тубан кимсалар ҳам, қандай қилиб бўлмасин дунёда яшаб қолишни истаган кимсалар ҳам, ҳамма-ҳамма ўлади!!

Аллоҳ таоло айтади: «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг юзи Ўзигина боқий мангу қолур» (Ар-Раҳмон: 26-27).

«Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар)» (Зумар: 68).

Аллоҳ таолодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини восита қилиб сўрайман, барча мусулмонларни фойдали илм ва солиҳ амалга муваффақ этсин, сизу бизни динда фақиҳ қилсин, ошкору махфий фитналардан Ўзи асрасин.

Эй Аллоҳ, бизларнинг гуноҳларимизни яширгин ва бизларни шарманда қилмагин, бизларни икром қилгин, хор қилмагин!

Эй Аллоҳ, ушбу муборак жамоадаги ҳар бир кишининг биронта ҳам гуноҳини қўймай мағфират этгайсан, биронта ҳам беморни қўймай шифо ато этгайсан, ҳеч бир қарзни қўймай адо этгайсан, вафот этганларимизни раҳматингга олгайсан, осийларимизни кечиргайсан, тоат-ибодатдагиларимизни саботли қилгайсан, Сенинг розилигинг ва бизнинг фойдамиз бўлган ҳар қандай ҳожатимизни раво қилгайсан, эй оламлар Парвардигори!

Эй Аллоҳ, ушбу жамоатимизни раҳматинг инган жамоат қилгин, бу ердан тарқалишимизни гуноҳдан холи тарқалиш қилгин, ораларимизда биронта ҳам бахтсиз ва маҳрумни қолдирмагин.

Эй Аллоҳ, бизни ҳидоят қилгин, биз сабабли ҳидоят қилгин, бизни ҳидоятланувчиларга сабабчи қилгин.

Эй Аллоҳ, агар одамларни фитналашни истасанг, бизни шармандаи шармисор бўлмаган ҳолимизда ҳузурингга олгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Эй Аллоҳ, мусулмонларни ўз ҳимоянгга олгин, оч мусулмонларни тўйдиргин, яланғочларини кийдиргин!

Дўстларим! Неки тўғриликка муваффақ этилган бўлсам, ҳаммаси Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан. Неки хато, унутиш содир бўлган бўлса, бари ўзимдан ва шайтондан, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен устидан сизлар жаннатга ўтиб оладиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган кўприк бўлиб қолишдан, сизларга насиҳат қилиб, ўзимни унутишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.

Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўллагин.

2011 йил 14-июл

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига