Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

علامات الساعة الكبرى

الشمس ، الدابة ، الدخان ، الخسوف

Охират ҳовлиси силсиласи

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Қиёматнинг катта аломатлари

Қуёшнинг ботиш томонидан чиқиши, ер жонивори, тутун, ер ютиши ва бошқа аломатлар

Ислом Нури таржимаси

 

 

(Давоми)

Добба – ер жонивори

Аллоҳ таоло айтади:

«Қачон (кофирларнинг) устига сўз-азоб тушганида (яъни қиёмат яқинлашиб қолганида), Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга (қайта тирилишни инкор қилувчи) одамлар  Бизнинг оятларимизга (Қуръонга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва унинг динига) ишонмайдиганлар эканлари ҳақида сўзлар» (Намл: 82).

Жонивор гапиради!! Ҳайвонга тил битади!! У одамлар тушунадиган тилда сўзлайди, уларга қарши ҳужжат барпо қилади, уларга Аллоҳнинг оятларига ишонмайдиган бўлиб қолганларини ва уларни тасдиқламай қўйганликларини эслатади.

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёматнинг биринчи аломати қуёшнинг мағрибидан чиқиши ва добба-жониворнинг чошгоҳ пайтида одамларга чиқишидир. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси тезда унинг орқасидан чиқади» (Муслим: №2941, Абу Довуд: №4310).

Добба-жонивор чиқиши жуда ажиб бир иш! Ҳақиқий тадаббур қилиб кўрсангиз, юрагингиз ёрилиб кетгудек бир ҳолат! Бир жонивор чиқиб, ер юзида кезиб юради. Мўмин билан кофирнинг ўртасини ажратади. Мўминга ҳам белги қўяди, кофирга ҳам белги қўяди. Кофирнинг бурнига белги босади, шунда унинг юзи қорайиб кетади. Мўминнинг юзига белги босади, шунда унинг юзи нурланиб, ёруғ юлдуздек ёришиб кўринади.. Жуда қизиқ ҳолат!!

Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Добба чиқиб, одамларнинг бурунларига белги қўяди». (Аҳмад: №22209, Саҳиҳул-жомиъ: №2927).

Мана бу ҳадис эса ундан ҳам қизиқроқ. Уни Аҳмад «Муснад»ида ва Термизий «Сунан»ида ривоят қилганлар. Илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керак, бу ҳадис иснодини шайх Албоний заиф санаган, чунки ровийлар силсиласида Алий ибн Зайд ибн Жудъон бор бўлиб, Албоний уни заиф дейдилар. Аммо, аллома Аҳмад Шокир ҳадис санадини саҳиҳ санаб, Алий ибн Зайд ибн Жудъон ҳақида ихтилоф бор, кучлироқ сўзга кўра, у ишончли, деганлар. Имом Термизий уни ҳасан ҳадис деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Добба-жонивор Мусонинг асоси ва Сулаймоннинг узуги унда бўлган ҳолда чиқиб, кофирнинг бурнига белги қўяди, мўминнинг юзидан нур ёғилиб туради. Ҳатто, битта дастурхон аҳли таомга йиғилганларида (бир-бирларини) буниси: «Эй мўмин!», деб, униси эса: «Эй кофир!», деб чақиришади. Чунки, добба ҳақиқатни очиб, равшан қилиб қўйган, мўминни кофирдан ажратиб қўйган бўлади» (Абу Довуд: №3186).

Айрим мусаннифлар добба-жонивор васфида ўта ғулувга кетиб, уни ғаройиб, хаёлий, драматик кўринишда сифатлашади. Баъзилари уни боши ҳўкизнинг боши, кўзи тўнғизнинг кўзи, қулоғи филнинг қулоғи, бўйни туяқушнинг бўйни, кўкраги шернинг кўкраги, оёқлари туянинг оёқлари ва ҳоказо ғаройиб кўриниш эгаси қилиб тасвирлашган. (Буларнинг бари асоссиз, ИНТ)

 

Тутун

Тутун – қиёматнинг мўмин киши ер юзида гувоҳ бўладиган энг охирги аломатидир. Ундан кейинги бошқа аломатларни мўминлар кўрмайдилар, у азобларни муваҳҳид зотлар бошдан кечирмайдилар. Балки, у аломатлар фақат ер юзининг энг ёмон халқлари бўлмиш кофир ва фожир кимсалар устига келади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтишларича, қиёматнинг аломатларидан бўлмиш бу тутун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушрикларга қилган дуоибадлари ортидан содир бўлиб ўтгандир.

Ўшанда тутун ҳақиқатда бўлган. Бироқ, Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий ҳадисида қиёматнинг катта аломатларидан бири ўлароқ келган тутун Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуолари ортидан гувоҳ бўлишган у тутундан бутунлай бошқадир. Аллоҳ таоло ушбу аломат ҳақида айтади: «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз осмон очиқ (яъни барчага кўринадиган) тутунни келтирадиган Кунга кўз тутинг! У (тутун барча) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир» (Духон: 10-11).

Тутун чиққанидан сўнг Аллоҳ тавбаларни қабул қилмайди.

Тутун чиққач, Аллоҳ таоло ипакдан ҳам мулойим бир шамолни юборади. У шамол ер юзидаги мўминларнинг жонларини қабз қилади, ер юзида биронта ҳам мўмин қолмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «У қалбида бир уруғ-дон оғирлигича иймони бор бирон кишини ҳам қўймай, албатта, қабз қилади, ер юзида фақат энг ёмон одамлар қолади». (Муслим: №1924).

Яъни, ер юзида фақат Аллоҳга иймон келтирмаган кофир ва фожир одамлар қолади.

«Саҳиҳ Муслим»да Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат фақат энг ёмон одамлар устида қоим бўлади» (Муслим: №2949).

Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Токи ер юзида «Аллоҳ, Аллоҳ» дейилмай қолмагунча қиёмат қоим бўлмас».

Ер юзида «Аллоҳ» деб айтилмай қолади. Чунки, муваҳҳидларнинг руҳлари қабз этилиб, фақат кофирлар қолади. Улар на Аллоҳни танийдилар, на Уни ягона деб биладилар. Қиёмат ўшандай кимсалар устига қоим бўлади. Балки, азоб устига азоб, бало устига бало бўладиган бошқа аломатлар ҳам зоҳир бўлади.

Улар қайси аломатлар бўлади?! Қуйида улар ҳақида сўз юритамиз.

 

Уч бора ер ютиши

Машриқдаги биринчи ер ютиши:

Машриқда ер ютиши содир бўлади. Маълумки, бундай ҳолатда ернинг ёрилиши содир бўлади.

Аллоҳ таоло Қорун ҳақида ҳикоя қиларкан: «Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам (ерга) ютдирдик» (Қасас: 81).

Аллоҳ таоло мўминларнинг жонларини қабз этганидан сўнг машриқда энг ёмон халқларга ер ютиши содир бўлади.

 

Мағрибдаги иккинчи ва араб жазирасидаги учинчи ер ютишлари

Мазкур ер ютишлар бўлиб ўтганидан сўнг қиёматнинг катта аломатларининг сўнггиси содир бўлади. Яъни  – ҳозирда Яманда жойлашган –  Адан шаҳри қаъридан чиқиб, барча одамларни маҳшарлари сари ҳайдайдиган ўт ҳодисаси содир бўлади.

Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига боқиб, унинг ёлғончи кимсанинг юзи эмаслигини билдим», дейдилар. Шундан сўнг бу киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирганлар. Ушбу ҳадисдан биз сўз юритаётган мавзуга тааллуқли жойи шуки, Абдуллоҳ ибн Салом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир неча саволлар берадилар. Жумладан, у киши қиёматнинг илк аломати ҳақида сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Адан қаъридан чиқиб, одамларни машриқдан мағрибга йиғадиган ўт-олов», деб жавоб берганлар.

Зийрак ўқувчи бу икки ҳадис ўртасидаги зоҳирий қарама-қаршиликни дарров ҳис қилган бўлса керак. Бироқ, аслида ҳеч қандай қарама-қаршилик мавжуд эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳузайфа ривоятида келган: «Улар ичида охиргиси ўтдир» деган сўзлари маъноси – у бир аломатки, содир бўлганидан сўнг сур чалиниш ва қабрлардан туриб чиқиш кўринишлари билан қиёмат бошланади. (Демак, Абдуллоҳ ибн Саломнинг ҳадисидаги қиёматнинг илк аломатидан мурод Қиёмат бошланганига аломат эканидир. Ҳузайфанинг ҳадисидаги охирги ўт, Қиёмат яқинлашганига бўладиган аломатларнинг охиргиси демакдир. Икки ҳадисда келган бу аломат бирдир. ИНТ)  

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Одамлар қиёмат куни рағбат қилган ва қўрққан ҳолларида, уч тариқада (маҳшарга) йиғилади. Икки киши бир туяда, уч киши бир туяда, тўрт киши бир туяда, ўн киши бир туяда (келади). Қолганларини ўт-олов йиғиб келади. Кундузи дам олган жойларида ҳам ўт улар билан бирга, кечани ўтказган жойларида ҳам ўт улар билан бирга, тонг оттирган жойларида ҳам ўт улар билан бирга, кечкиртирган жойларида ҳам ўт улар билан бирга бўлади». (Бухорий: №6522, Муслим: №2861).

Қуртубий айтадилар: Ҳашр – йиғмоқ маъносида бўлиб, тўрт хил бўлади. Биринчи ва иккинчи ҳашр дунёда, учинчи ва тўртинчи ҳашр охиратдадир.

Биринчи ҳашр – Аллоҳ таолонинг «Ҳашр» сурасидаги қуйидаги сўзларида зикр қилинган: «У аҳли китоблардан (яҳудийлардан) кофир бўлган кимсаларни биринчи тўплашдаёқ ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарган зотдир» (Ҳашр: 2).

Иккинчи ҳашр – Ҳузайфанинг ҳадисида: «Охиргиси Ямандан чиқадиган ва одамларни маҳшарлари сари ҳайдайдиган ўт» деган сўзларда ифода этилган ҳашрдир. Демак, ўт одамларни йиғиб келиши шу дунёда бўлади.

Учинчи ҳашр – Одамлар қайта тирилганларидан сўнг қабрларидан ва бошқа ўринлардан маҳшарга йиғилишлари.

Тўртинчи ҳашр – Одамларнинг жаннатга ёки дўзахга йиғилишлари.

Жумҳур муҳаққиқ уламолар сўзларига кўра, Ҳузайфанинг ҳадисида қиёматнинг катта аломатларидан бири сифатида зикр этилган ҳашр шу дунёда бўлади. Бунга очиқ ва саҳиҳ далил шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки, охиратдаги ҳашрда мўминлар ҳам, кофирлар ҳам ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғилади. «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғиласизлар», деганлар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ! Эркак-у аёллар бир-бирига қарайдилар-ку!», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, иш (яъни, аҳволнинг оғирлиги) бу нарса уларга аҳамиятли бўлишидан қаттиқроқ», деб жавоб берганлар (Бухорий: №6527, Муслим: №2859).

Анас розияллоҳу анҳу ривоятларида: «Эй Оиша, менга шундай бир оят нозил бўлдики, эгнингда кийим бўладими, йўқми, бунинг сенга зарари (яъни, аҳамияти) бўлмай қолади». Шундай деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур!» (Абаса: 37) оятини ўқидилар».

 

Шеър (мазмуни):

 

Тасаввур қил, ҳисоб куни маҳшаргоҳ ичра,

Туришингни қўрқиб, гангиб, вужудинг титраб..

 

Жаҳаннам ғазабла ўкирар, ўрлар,

Осийларни бағрига чорлар.

 

Арш соҳиби қаҳру ғазаб ила дер:

«Эй банда, номангни ўқи бирма-бир!

 

Кўргинчи, бормикан унда лоақал,

Сен қилиб ўтмаган биргина амал?!»

 

Номанг ўқиб, бўлганингда барига иқрор,

Дўзах посбонларига амр этур Жаббор:

 

«Эй фаришталарим, ушлангиз уни,

Дўзахнинг қаърига ташлангиз уни!».

 

Мушриклар эртага дўзахда ёнарлар,

Мўминлар абадий жаннатда қоларлар.

 

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда хабар берган қиёматнинг катта аломатлари ҳақидаги сўзимиз ниҳоясига етди.

Аммо, ушбу ҳадисда зикр қилинмаган, бироқ юракларга қўрқув соладиган яна бир қанча аломатлар ҳам борлиги маълум. У аломатлар қайсилар, дейсизми?

Улар қуйидагилар:

 

Каъбанинг тошларини битта-битталаб вайрон қилиниши

Каъба – қалблар унга интиладиган ва кўнгиллар унга ташна бўладиган Байтуллоҳ (Аллоҳнинг уйи)дир. Аллоҳ таоло уни шундай васф қилган: «Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик» (Бақара: 125).

Яъни, ундан ҳеч малолланмайдилар, унга боққанлари сари боққилари келаверади, қайтиб кетсалар, яна келишга  ва уни зиёрат қилишга иштиёқлари кундан-кун ортаверади.

Ана шу Каъбани – Аллоҳнинг уйини тошларини битта-битта кўчириб, вайрон этилиши қиёматнинг катта аломатларидан яна биридир.

Аввалроқ айтиб ўтганимдек, Ийсо ибн Марям алайҳиссалом ерга тушиб келгач, Дажжолни ўлдириб, унинг ёмонлигидан одамларни қутқарадилар. Сўнг Яъжуж ва Маъжуж қавмини ҳалок қилишини сўраб, Аллоҳга илтижо қиладилар. Аллоҳ уларнинг дуоларини ижобат қилиб, Яъжуж ва Маъжужни ҳалок қилади. Мўл-кўл ёмғир ёғдириб, ер юзини уларнинг жасадлари бадбўйлигидан тозалаб, ерни худди ойнадек покиза ва силлиқ қилиб қўяди. Ерда барака бўлади, осмондан барака ёғилади. Одамлар Ийсо пайғамбар билан тинчлик ва омонликда ҳаёт кечирадилар. Кейин Ийсо пайғамбар ҳаж қилиш учун Байтуллоҳга кетадилар.

Демак, Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо тушган пайтларда ҳам ҳаж ибодати сақланиб турган бўлар экан.

Кейин Аллоҳ таоло Ийсога ўлимни тақдир қилади. Ийсо Мадинаи Мунавварада вафот этадилар. У кишининг жанозаларини мусулмонлар ўқийдилар ва ҳужраи муборакка, Муҳамад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига дафн этадилар.

Ана шундан кейин мен юқорида айтиб ўтганим қиёмат аломатлари содир бўлиб, ер юзида фақат энг ёмон одамлар қолади. Қуръондан Аллоҳнинг оятлари ўчирилади, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтадиган одам қолмайди, одамлар Байтуллоҳга ҳаж қилмай қўйишади, у ҳақда одамлар ҳеч нарса билмайдилар. Ана ўша энг ёмон халқлар ичида бир ҳабаш кимса ҳам бўлади. Ўша кимса Каъбани бузади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг Каъбани вайрон қилаётган ҳолидаги шакл-шамоилини худди кўриб тургандек тасвирлаб берганлар.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «То икки болдири ингичка бир ҳабаш Каъбани бузмагунича қиёмат қоим бўлмайди» (Бухорий: №1596, Муслим: №2909).

Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен  Каъбани бузаётган кишини кўриб тургандекман, у қоп-қора, икки оёғи маймоқ бўлиб,  Каъбанинг тошларини битталаб кўчирмоқда», деганлар (Бухорий: №1595).

Шу билан бу дунё ҳаёти ширин-у аччиғи, ҳалол-у ҳароми, яхши-ю ёмони билан, ҳамма-ҳаммаси тамом бўлади. Ер юзида фақат энг ёмон халқлар бўлмиш кофирлар қолади. Қиёмат ўшалар устига қоим бўлади. Бу эса Аллоҳ таоло Исрофилга сурни чалишга амр этганидан ва у биринчи бор чалганидан сўнг содир бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига тасдиқ бўлади: «Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хохлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни эсланг» (Намл: 87).

Қиёмат аломатлари ҳақидаги сўзларимизни шу билан якунлаймиз. Қиёматнинг бошланиши ва унинг ақлларни карахт қилиб, юракларни увиштириб қўядиган оғир босқичлари ҳақидаги сўзлар иншооллоҳ, кейинги суҳбатларимизда давом этади.

2011 йил 30-июн

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига