Ислом Нури
Жума насиҳатлари
الشيخ محمد حسان
في رحاب الدار الآخرة
علامات الساعة الكبرى
يأجوج و مأجوج
Охират ҳовлиси силсиласи
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Қиёматнинг катта аломатлари
Яъжуж ва Маъжуж
Ислом Нури таржимаси
(Давоми)
«Дарҳақиқат, Биз унга (Зул-қарнайнга) бу Ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва (кўзлаган) барча нарсасига йўл-имконият ато этдик».
У барча сабабларни ва тамкин, нусрат, фатҳ ва ғалабага етказувчи воситаларни ушлади.
Аллоҳ таоло айтади: «Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)» (Ҳаж: 41).
Айрим халқларга Аллоҳ таоло тамкин, яъни салтанат ва ҳукмронлик беради, улар тамкин сабабларини маҳкам ушлашлари оқибатида Аллоҳ таоло уларга сабот ва тамкинни яна ҳам зиёда қилади. Айрим инсонлар борки, Аллоҳ уларга тамкин-салтанат берса, тамкин сабабларини маҳкам тутиб, салтанат ва ҳукмронликлари яна ҳам кучайишига йўл очадилар. Ушбу сабабларни қўлдан беришлари оқибатида эса Аллоҳ улардан ҳукмронликни олиб, ўзларини ҳалокатга етказади.
Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ҳам ер юзида ғалаба, салтанат ва ҳукмронлик берди, машриқу мағриб оралиғида кезиш ва истаган ишини қила олишга имконият очиб берди.
Зулқарнайн Аллоҳ йўлидаги жиҳодини аввал ғарб томондан бошлайди.
«Бас, у (аввал Ғарбга қараб) йўл олди. То (кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач у (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва у (булоқ) олдида бир қавмни учратди».
Маълумки, қуёш учун фақат битта кунчиқар ва кунботар бўлмасдан, унинг бир неча чиқар ва ботар ўрни бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, (шундоқ экан) машриқлар ва мағрибларнинг Парвардигорига қасам ичурман...» (Маориж: 40).
Йилнинг фасллари, ой ва кунларига қараб, қуёшнинг бир неча чиқар ва ботар ўринлари бўлади. Маконларга қараб унинг бир неча чиқар ва ботар ўринлари бўалди. Куннинг чиқиш ва ботиш пайтида қуёш гардишини кузатувчи кишининг кузатишига нисбатан ҳам унинг бир неча чиқиш ва ботиш ўринлари бўлади.
«Биз: «Эй Зулқарнайн, ё (уларни) азобга дучор қилурсан, ёки уларга яхши муомалада бўлурсан», дедик».
Зулқарнайн ўзининг адолатли манҳажи ва ҳикматли дастурини баён қилди.
«У айтди: Золим бўлган кимсани, албатта, азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар. Энди иймон келтириб яхши амаллар қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат — жаннат мукофот бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрурмиз».
Ким Аллоҳга ширк келтириш билан ва менга эргашмаслик билан зулм қилса, уни азоблайман, Аллоҳ ҳузурида ҳам унинг учун азоб бордир. Аммо, ким менга эргашса, мен келтирган нарсага иймон келтирса, Аллоҳни ягона деб билса ва Аллоҳнинг манҳажида устувор турса, у учун хайрли оқибат – жаннат бордир. Мен томонимдан унга бўладиган муомалага келсак, биз унга енгил-қулай ишларни айтамиз.
Кейин Зулқарнайн иккинчи сафарида машриққа қараб йўл олди.
«Сўнгра, у (Шарққа қараб) йўл олди. То (кетаётиб) кун чиқишга етиб боргач, унинг (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини (кўтарилаётганини) кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақланадиган уй, либос каби) бирон парда қилмаган эдик.
«Худди илгаригидек бўлди (яъни, Зул-қарнайн бу қавмга ҳам кун ботишдаги қавмга қилган муомалани қилди). Аниқки, Биз унинг барча ишларидан хабардормиз - (уни) иҳота қилиб олгандирмиз».
Яъни, Аллоҳ таоло унинг дилидан кечаётган ва кўнглидан ўтаётган ҳар бир ишдан хабардор эди.
Шундан кейин Зулқарнайннинг учинчи – биз сўзлашаётганимиз қиссага тааллуқли сафари бошланади:
«Сўнгра, у яна йўл олди. То (кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди».
Яъни, у қавм Зулқарнайннинг тилини тушунмайдиган ёки бошқа халқлардан умуман ажралиб, фақат ўз қобиғига ўралиб қолган бир қавм эди. Улар Яъжуж ва Маъжуж томонидан қаҳрли ҳужумларга ва шиддатли зарбаларга учраган бир қавм эди. Улар Зулқарнайннинг одил ва фотиҳ бир подшоҳ эканини кўриб, унинг ҳузурига келишди ва илтимос билан мурожаат қилишди:
«Улар: «Эй Зул-қарнайн, шак-шубҳасиз, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (қабилалари) Ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир сад чекиб (бир тўғон қуриб) берурмисан?» дедилар».
Яъни, биз сенга истаганингча пул-мол йиғиб берайлик, эвазига сен бизни Яжуж ва Маъжуждан ҳимоя қиладиган мустаҳкам бир тўсиқ қуриб бергин, дейишди.
Зулқарнайн зуҳд ва парҳезкорлик билан жавоб берди.
«У (Зул-қарнайн) айтди: «Парвардигорим менга ато этган (салтанат) сизлар берадиган (мол-дунёдан) яхшироқдир».
Аллоҳ азза ва жалла менга сизларнинг пул-молингиздан мени беҳожат қиладиган даражада салтанат бериб қўйган, шунинг ўзи менга кифоя қилади.
Бироқ, Зулқарнайн уларда заифлик ва ялқовлик белгиларини кўрди ва бу улкан ишда уларни ўзига шерик бўлишларини истади. Ва уларга шундай деди:
«Бас, сизлар менга (мол-дунё билан эмас, балки) қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай».
Яъни, замонавий тил билан айтганда, ушбу тўғон қурилишини инженерлик ва меъморий жиҳатдан лойиҳалашни ва унга кетадиган сарф-харажатларни биз ўз зиммамизга оламиз. Лекин, бизнинг ишчи кучига эҳтиёжимиз бор, ушбу қурилиш ишини бажарадиган ва унда ишлайдиган ишчилар керак. Сизлар шу томондан ёрдам беринглар.
Шундан кейин замонавий ҳандаса фани олимларидан бир неча асрлар ўзиб кетган моҳир муҳандис Зулқарнайн иш бошлади.
У ушбу қурилишнинг биринчи босқичини бошлашга амр этди:
«Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар».
Яъни, катта-катта темир бўлакларини йиғиб келинглар ва уларни манави икки тоғ оралиғидаги тор бўшлиққа уйинглар.
«То (темир парчалари) иккала тоғ билан баробар бўлгач, (Зул-қарнайн: «Босқонлар билан) дам уринглар», деди».
Вазни ва ҳажмини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган кўп тонналик бу улкан темир уюмларини шиддатли олов остида лаққа чўғга айланаётган ҳолатини кўз олдингизга келтиринг.
Кучли аланга таъсирида темир бўлаклари эриб, икки тоғ оралигидаги бўшлиққа тўла бошлади. Шунданг сўнг Зулқарнайн қурилишнинг иккинчи босқичига ўтишга амр қилди. Яъни, темир эритмаларига мис эритмасини қўшишга буюрди.
«Бас, қачон у (темир-терсакларни қиздириб) ўт қилгач (эритгач), деди: «Менга эритилган мис (ҳам) келтиринглар, уни (темир парчаларининг) устидан қуюрман».
Мис эритилгач, уни темир эритмаси устига қуйишни буюрди. Шу билан мис эритмаси темир эритмасига аралашиб, унинг қуввати ва мустаҳкамлигини оширди.
«Энди улар – яъни, Яъжуж ва Маъжуж қавми – у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар».
Бу иши билан Зулқарнайн темирнинг кучини мис билан ошириш борасида замонавий илм-фандан бир неча асрлар ўзиб кетди.
Зулқарнайн ўзининг кучли раҳбарлик қобилиятини ва муваффақиятли бошқарув белгиларини намоён қилди. Уммат бугун ана шундай шахсиятларга нақадар муҳтож! У ўзи қуриб битказган улкан темир тўғонга боқаркан, куч-қудрат ва билимдонлик ғурурига берилмади, «Менинг билимим ва куч-қудратимни кўриб қўйинглар», демади. Балки, фазлни унинг ҳақиқий эгаси бўлган Зотга нисбатлади:
«Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим бўлишига яқин қолганида), Ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир», деди у».
Улкан дарс, катта ибрат намунаси.. «Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир..».
Кейин у ҳозир бўлганларга ўзининг қайта тирилиш ва қиёмат кунига бўлган иймон борасидаги соф ақидасини баён қилиб деди:
Албатта, ушбу тўғонни бино қилишга буюрган зот Аллоҳдир ва албатта, Яъжуж ва Маъжуж йўлини тўсишга амр этган зот Аллоҳдир. Келажакда уларнинг чиқиб келишига изн берадиган зот ҳам Аллоҳдир. Бир кун келиб, албатта бу тўғон теп-текис бўлиб, ер билан битта бўлади. Бу эса қиёмат қойим бўлишидан олдинроқ, худди тоғлар ер билан битта бўлганидек юз беради.
Зулқарнайн ўзининг қайта тирилиш ва охират куни ҳақидаги соф ақидасини ана шундай баён қилди. Аллоҳ таоло қиёматнинг катта аломатларидан бири сифатида Яъжуж ва Маъжужнинг чиқишига изн берадиган кун келгач, улар чиқиб келишади. Суҳбатимиз давомида шу ҳақда сўз боради.
Тўртинчи: Уларнинг қиёмат олдидан чиқишлари
«Саҳиҳул Бухорий»да Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига қўрққан ҳолда кириб келдилар ва: «Ла илаҳа иллаллоҳ, ла илаҳа иллаллоҳ, яқинлашиб қолган ёмонликдан араблар ҳолига вой! Бугун Яъжуж ва Маъжуж тўғонидан шунчаси очилди», деб бош бармоқлари ва кўрсаткич бармоқларини ҳалқа қилиб кўрсатдилар. Шунда Зайнаб: «Ё Расулуллоҳ, ичимизда солиҳ кишилар бўлгани ҳолда ҳам ҳалок бўламизми?!», деб сўрадилар. «Ҳа, агар нопоклик кўпайса!», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Солиҳ ҳам, толиҳ (ёмон) ҳам ҳалок бўлади, сўнгра Аллоҳ таоло ҳар кимни ниятига қараб қайта тиргизади.
Яна бир ҳадис ҳақида тафаккур қилинг. Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоят қилган, Ҳоким «Мустадрак»да келтириб, икки шайх шартига кўра саҳиҳ деган, Заҳабий ҳам бунга иқрор бўлган, Албоний «Ас-силсила»да саҳиҳ санаган, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Яъжуж ва Маъжуж тўғонни ҳар куни бузиб очишга ҳаракат қиладилар. Қуёш нури кўринай деб қолганида: «Кетдик, қолганини эртага бузамиз», деб қайтиб кетишади. Шунда Аллоҳ таоло уни аввалгидан ҳам мустаҳкамроқ қилиб қўяди. То бир кун келиб, Аллоҳ таоло уларни чиқаришни истаганида улар тўғонни бузиш учун чиқишади. Қуёш нури кўринай деб қолганида бошлиқлари: «Қайтинглар, Ин ша Аллоҳ (Аллоҳ хоҳласа), эртага келиб, қолганини бузасизлар», дейди. Улар (эртасига) қайтиб келиб, тўғонни қандай ҳолда қолдирган бўлсалар, ўшандай ҳолда турганини кўрадилар. Шундан сўнг уни бузиб, чиқиб келадилар».
Имом Муслим Наввос ибн Самъондан ривоят қилган ҳадисда: «Улар Табарийя кўлидан ўтишади. Ўтаётиб, Яъжуж ва Маъжужнинг олдинги қисми кўлнинг ҳамма сувини ичиб қўяди. Орқада келаётганлари: «Шу кўлда сув бўларди», дейди».
Яъжуж ва Маъжуж чиққач, одамлар улардан қўрқиб, қўрғонларига яшириниб оладилар, кўча ва йўлларни улар учун бўшатиб қўядилар, ҳеч ким уларга қарши урушишга журъат қилмайди. Шундан сўнг Яъжуж ва Маъжуж: «Биз ер аҳлини мағлуб этдик, келинглар энди само аҳлига уруш очамиз», дейишади.
Қаранг, нақадар фожирлик!! Бу гап билан ер юзидаги фасоднинг салмоғи нечоғли кучайганини тасаввур қилишга қодир бўласиз. Чунки, уларнинг сурбетликлари ҳаддан зиёда ортиб, осмон аҳлига уруш қилмоққа чоғланишади! Дарҳақиқат, шундай ҳам қилишади. Улар осмонга қараб ўқ отишади. Шунда Аллоҳ таоло уларни имтиҳон қилиш ва яна ҳам фитнага солиш учун отган ўқларини қонга бўялган ҳолда қайтаради. Шунда улар: «Ер аҳлини мағлуб этдик, само аҳлидан ҳам устун келдик», дейишади. Ер юзи бу фитна гирдобидан чиқмай туриб, иккинчи бир фитна ер аҳли ичига оралайди. Яъни, Дажжол фитнаси юзага чиқади, сўнгра Ийсо алайҳиссалом тушиб келади.
Хутбамизнинг иккинчи қисмида шу ҳақда сўз юритамиз.
Ушбу сўзларимни айтарканман, ўзим учун ва сизлар учун Аллоҳга истиғфорлар айтаман.
Иккинчи хутба:
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.
Аммо баъд..
Бешинчи: Ийсо ибн Марям ва ижобат бўлган дуо
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни туширади. Имом Муслим Наввос ибн Самъондан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «У – яъни, Дажжол – шу ҳолда турганида тўсатдан Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марямни Димашқнинг шарқий тарафидаги оқ минора олдида (оч сариқ рангга бўялган) икки кийим кийган, икки қўлини икки фариштанинг қанотига қўйган ҳолда нозил қилади. У қачон бошини эгса, қатралар тушади. Қачон уни кўтарса, ундан луълуъ каби доналар тўкилади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сўнгра Ийсо ибн Марям Дажжолни қувиб, Фаластиндаги Лудд дарвозаси ёнида унга етиб олади ва уни ўлдиради».
«Кейин Ийсо ибн Марям Аллоҳ уларни ундан (яъни Дажжолдан) сақлаган бир қавмга боради ва уларнинг юзларини силаб, жаннатдаги даражалари билан хушхабар беради. У шундай ҳолда турганида тўсатдан Аллоҳ Ийсога ваҳий қиладики, Мен улар билан урушишга ҳеч ким қодир бўлмайдиган бандаларни чиқардим. Бас, сен бандаларимни Тур тоғига жамлагин».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ва Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужни чиқаради, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келишади».
«Уларнинг аввалгилари Табария кўли олдидан ўтаётиб ундаги ҳамма нарсани ичиб юборадилар. Охиргилари ўтаётиб: «Бунда бир вақтлар сув бор эди», дейдилар. Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари қамал қилинадилар. Шунда Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари Аллоҳдан Яъжуж ва Маъжужни ҳалок қилишини сўраб, тазарруъ қилишга рағбат қиладилар. Аллоҳ уларнинг дуосини ижобат қилади.
Қулоқ солинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима деганлар: «Шунда Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужга нағаф (майда қуртлар)ни юборади».
Аллоҳнинг қудрати ва азаматини фикр қилинг! Аллоҳга қасамки, уммат бугунги кунда қалби Аллоҳнинг қудратига бўлган ишончга нақадар муҳтож!!
Биз бугун Аллоҳнинг азамати ва куч-қудратини танишга нақадар муҳтожмиз!! Зотан, Аллоҳнинг амри биргина «Бўл!» сўзи билан амалга ошади.
Аллоҳ таоло улар устига бўйинлари томонидан нағаф қуртларини юборади ва уларни ҳалок қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Улар бир жон ўлгандек ўликка айланадилар».
Бир ривоятда: «Аллоҳнинг набийси Ийсо ҳалиги қўрқиб, қўрғонга кириб олган кишилардан биридан ташқарига чиқишини ва Яъжуж ва Маъжуж ерда нима қилганини билиб келиш учун ўз жонини бағишлашини сўрайди. У ўлимга ва ҳалок бўлишга тайёр бўлиб, ташқарига чиқади ва бу каромат ва мўъжизага кўзи тушади. Сўнг Аллоҳнинг набийси Ийсо ҳузурига қайтиб, унга ва унинг асҳобларига: «Хушхабар! Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужни ҳалок қилибди!», деб хитоб қилади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сўнгра Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари тушадилар. Улар ер юзида уларнинг ёғи ва сассиғи етмаган бирор қарич ҳам жой топа олмайдилар. Одамлар бу бадбўй ҳидга чидай олмай қоладилар. Шунда Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари Аллоҳга илтижо қилиб, ерни бу сасиқликдан тозалашини сўрайдилар. Шундан сўнг Аллоҳ туянинг бўйнига ўхшаган қушларни юборади. Бу қушлар уларни кўтариб олиб бориб, Аллоҳ истаган томонга ташлайди. Сўнгра Аллоҳ бир ёмғир юборади. Ундан лойдан ёки жундан бўлган бирор уй четда қолмайди. У ерни ювиб, худди ойнакка ўхшатиб қўяди. Кейин ерга: «Ҳосилингни ундир, баракангни қайтар» дейилади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Улар шундай ҳолда турганларида тўсатдан Аллоҳ бир ёқимли шамолни юборади. У уларнинг қўлтиқларидан олиб, ҳар мўмин ва муслимнинг руҳини қабз қилади. Энг ёмон одамлар қолиб, ер юзида худди эшакларга ўхшаш жинсий яқинлик қилишади. Қиёмат ана ўшаларнинг бошида қойим бўлади».
Шу билан ишончли манбалар бўлмиш Қуръон ва Суннатдан олинган Яъжуж ва Маъжуж тўғрисидаги гапни якунлайман. Биродарларга насиҳатим шуки, бу ҳақда тўқиб чиқарилган хурофот ва афсоналарга ҳамда исроилиёт хабарларига кўнгил бурмасинлар.
Аллоҳ азза ва жалладан сизу бизга фақат фойдали илм ато этишини, барчамизни динда фақиҳ қилишини, ошкору махфий фитналардан Ўзи асрашини сўрайман. У ҳар ишга қодир Зотдир.
Эй Аллоҳ, бизларнинг гуноҳларимизни яширгин ва бизларни шарманда қилмагин, бизларни икром қилгин, хор қилмагин, биз томонимизда бўлгин, бизга қарши бўлмагин!
Эй Аллоҳ, ушбу муборак жамоадаги ҳар бир кишининг биронта ҳам гуноҳини қўймай мағфират этгайсан, биронта ҳам беморни қўймай шифо ато этгайсан, ҳеч бир қарзни қўймай адо этгайсан, вафот этганларимизни раҳматингга олгайсан, осийларимизни кечиргайсан, тоат-ибодатдагиларимизни саботли қилгайсан, Сенинг розилигинг ва бизнинг фойдамиз бўлган ҳар қандай ҳожатимизни раво қилгайсан, эй оламлар Парвардигори!
Эй Аллоҳ, ушбу жамоатимизни раҳматинг инган жамоат қилгин, бу ердан тарқалишимизни гуноҳдан холи тарқалиш қилгин, ораларимизда биронта ҳам бахтсиз ва маҳрумни қолдирмагин.
Эй Аллоҳ, бизни ҳидоят қилгин, биз сабабли ҳидоят қилгин, бизни ҳидоятланувчиларга сабабчи қилгин.
Эй Аллоҳ, агар одамларни фитналашни истасанг, бизни шармандаи шармисор бўлмаган ҳолимизда ҳузурингга олгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!
Эй Аллоҳ, мусулмонларни ўз ҳимоянгга олгин, оч мусулмонларни тўйдиргин, яланғочларини кийдиргин!
Дўстларим! Неки тўғриликка муваффақ этилган бўлсам, ҳаммаси Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан. Неки хато, унутиш содир бўлган бўлса, бари ўзимдан ва шайтондан, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен устидан сизлар жаннатга ўтиб оладиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган кўприк бўлиб қолишдан, сизларга насиҳат қилиб, ўзимни унутишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.
Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўллагин.
2011 йил 16-июн