Ислом Нури
Жума насиҳатлари
(Давоми)
Учинчи: Қиёмат кунидаги ҳисобнинг оғирлиги:
Севикли дўстим! Шахсан подшоҳларнинг подшоҳи бўлган Зотнинг Ўзи сизни ҳисобга тортадиган кун ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?! Ўша куннинг манзараси ҳақида ҳеч фикр қилиб кўрганмисиз?!
Яланғоч, ялангоёқ ҳолда қабрингиздан чиқиб келасиз. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Одамлар қиёмат куни ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғиладилар» (Муттафақун алайҳ).
Ана шундай аянчли кўринишда Аллоҳ ҳузурига йиғиласиз..
Юракларни ёриб юборгудек қўрқинчли бу кўринишлар ҳақида бир тасаввур қилиб кўринг!.
Маҳшаргоҳ.. Одамлар Аллоҳ жалла жалолуҳу ҳузурида ҳисоб бериш учун йўл олганлар.. Уларнинг ҳолати имом Термизий ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган кўринишда бўлади: «Одамлар қиёмат куни уч хил кўринишда маҳшарга йиғиладилар. Бир хиллари пиёда, бир хиллари отлиқ, яна бир хиллари юзлари билан юриб келадилар». «Ё Расулуллоҳ, юзлари билан қандай юришади?», деб сўралганида: «Оёқлари билан юргизиб қўйган Зот уларни юзлари билан ҳам юргизишга қодирдир. Огоҳ бўлингиз, улар ҳар бир дўнглик-у тиканакдан юзлари билан тўсинадилар», деб жавоб бердилар.
Аллоҳу акбар!! Аллоҳим, Ўзинг паноҳ бер!! Эй Роббул оламийн, Ўзинг бу ҳолатлардан саломат олиб ўтгайсан!!
Бир турли одамлар Аллоҳ жалла ва ало ҳузурига яёв юриб боришаркан.
Яна бир турли одамлар ана шундай оғир кунда отлиқ юриб борарканлар!!
Ҳа, улар охират кунининг энг яхши уловларида, тилло эгарлар устида ўтириб борадилар!! У уловларнинг олийлиги ва қиймати фақат уларни ҳозирлаб қўйган Зотнинг ўзигагина маълум!!
Аллоҳ таоло айтади: «Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган... кунни (эсланг)!» (Марям: 85).
Яна бир турли одамлар юзлари билан юриб борарканлар!! Қандай қилиб юз билан юриш мумкин?!
Илонни оёқларсиз, қорни билан юргизиб қўйган Зот қиёмат куни кофирни юзи билан албатта юргизиб қўяди.
Аллоҳ таоло айтади: «Уларни Қиёмат куни юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб маҳшарда йиғамиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни ловуллатиб юборгаймиз» (Исро: 97).
Аллоҳ таоло айтади: «Юзтубан ҳолларида жаҳаннамга йиғиладиган кимсалар — ана ўшалар энг аҳволи ёмон ва бутунлай йўлдан озган кимсалардир» (Фурқон: 34).
«Саҳиҳул Бухорий»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, кофир қандай қилиб юзтубан ҳашр қилинади?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дунёда уни икки оёғи билан юргизиб қўйган Зот қиёмат куни юзи билан юргизиб қўйишга қодир эмасми?!», дедилар (Бухорий (6533), ва Муслим (2806) ривоятлари).
Қатода айтганлар: «Ҳа, Роббимизнинг қудратига қасамки, У қиёмат куни кофирни юзи билан юргизиб қўйишга албатта қодирдир!».
Охиратнинг юракларни тилка-пора қиладиган кўринишларини бир тасаввур қилиб кўринг!
«Охират ҳовлиси» туркумидаги суҳбатларимизда айтиб ўтганимиздек, бир турли одамлар юзларидан, ўнг томонларидан, олдиларидан нур таралиб турган ҳолда маҳшарга йиғиладилар.
Аллоҳим, бизларни ҳам ана шундай нур эгаларидан қилгайсан. Аллоҳ таоло айтади: «Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг)!» (Ҳадид: 12).
Бир турли одам бўладики, нури бош бармоғидагина, гоҳ ёнади, гоҳ ўчади.
Яна бир турли одам бўладики, маҳшаргоҳда талбия айтган ҳода, «Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка ла шарика лаҳу лаббайк..» деб тирилади. Биласизми, ким у?!
У ҳаж ва умра пайтида эҳром либоси билан вафот этган кишидир, лаббайка айтиб вафот этгани каби қиёмат кунида ҳам лаббайка айтиб тирилади.
Яна бир киши қони оққан ҳолда маҳшаргоҳ сари кетиб боради, қонининг ранги қон рангида, ҳиди эса мушк ҳидида бўлади. Унинг кимлигини биласизми?!
У Аллоҳ жалла ва ало йўлида шаҳид бўлган кишидир.
Яна бир киши қорни шишиб кетганидан на туришга, на ўтиришга қодир, телбалардек ўнггу сўлга юмаланиб маҳшарга кетиб боради. Унинг кимлигини биласизми?! У судхўрдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалаётган мажнун каби турадилар» (Бақара: 275).
Яна бир кишини атрофини майда болалар ўраб олиб, унга осилишиб, итаришиб, судрашиб маҳшаргоҳ сари олиб кетишади. Биласизми, у ким?! Майда болалар ким?! У етимларнинг молини еган кимсадир. Майда болалар эса етимлардир!!
«Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!» (Нисо: 10).
Яна кимдир бу дунёдалик чоғида ўғирлаб олган нарсасини бўйнига ортганича маҳшар сари кетиб боради. Қай бири тухум ўғирлаган, қай бири қўй-эчки ўғирлаган, яна кимдир банкни ўмарган, кимдир одам ўғирлаган!!
«Ким (ўлжа ё мол-мулкни) хиёнат йўли билан қўлга киритган бўлса, Қиёмат Кунида (Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур» (Оли Имрон: 161).
Кимдир қўлига шароб косаси илинган ҳолда маҳшар сари кетиб боради. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир банда нима ҳолат устида ўлса, ўша билан тирилтирилади», деганлар (Имом Муслим (№8782) ривояти).
Ҳаммалари юракларни ёриб юборгудек шундай кўринишлар билан бутун башариятни Буюк Подшоҳ жалла жалолуҳу ҳузурида ҳисоб учун олиб келишга масъул бўлган етакловчи ортидан юриб борадилар.
У ерда ғала-ғовур, шовқин-сурон деган нарса йўқ! Ҳамма жим, ҳамма ўзи билан ўзи овора, гапирилганда ҳам фақат шивир-шивир ва пичир-пичирдан бошқа нарса эшитилмайди!! Зотан, Аллоҳ жалла жалолуҳунинг ҳайбати ҳамма ёқни ва ҳамманинг қалбини ўраб олган!
Аллоҳ таоло айтганидек: «У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар — итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас фақат пичирлашнигина эшитурсиз. У кунда оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур). У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар. Юзлар хам Тирик ва абадий Турувчи (У) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса ноумид бўлиши аниқдир» (Тоҳа: 108-111).
Шу тариқа йиғилиб бўлингач, ҳисоб ва арз (амаллар кўрсатилиши) бошланади.
Тасаввур қилинг, Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида қилган барча ишларингизга ҳисоб бериш учун турибсиз! Атрофингизда малоикалар, бутун маҳшар аҳли йиғилган.. Пайғамбарлар, малоикалар, жинлар.. Ҳамма жимжит!! Ҳамма қўрқувда!! Мангу Барҳаёт ва абадий Турувчи Зотнинг улуғворлиги ва ҳайбати ҳамма ёқни эгаллаб олган!!
Тўсатдан овоз эшитилади:
- Фалончи ўғли Фалончи, қаерда?!
- Мен?!! Бу менинг исмим.. Нима истайсиз эй малоикалар?
- Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига, амалларинг кўрсатилиши учун яқин кел!!
Шунда бўйинлар чўзилади, малоикалар сафидан, инсонлару жинлар сафидан, сенинг кимлигингни кўриш учун ҳамма бўйнини чўзиб қарайди!!
«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким (Аллоҳ ҳузурида) ҳисобга тортилса, у азобга дучор бўлади.» Мен дедим: «Аллоҳ таоло: «Кимнинг китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 7, 8) демаганми?!» У зот дедилар: «Эй Оиша, у бир арз (яъни амалларни бир эслатиб қўйиш) холос. Ким тўла-тўкис ҳисоб қилинса ҳалок бўлади» (Бухорий (№103), Муслим (№2876) ва бошқалар ривояти).
Арз маъноси шуки, Аллоҳ таоло сизни Ўз ҳузурида тургизади ва барча-барча амалларингиз битилган саҳифани – номаи аъмолингизни ўзингизга кўрсатади, ушбу саҳифада сизнинг ҳамманинг кўзидан яшириб қилган тирноқча амалингиз-да қолдирилмай битилган бўлади!!
Эсингиздан чиқиб кетган қанча-қанча маъсиятларингизни Аллоҳ таоло эслатиб қўяди!!
Қанча-қанча яшириб ўтган мусибатларингизни Аллоҳ таоло очиб юборади!!
Дунёдалик пайтингизда Парвардигорингизнинг тоатида сустлик қилганларингизга қаттиқ ҳасрат-надоматлар қиласиз у куни!!
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига қулоқ тутинг-а, «Саҳиҳайн»да Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда у зот айтадилар: «Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори қиёмат кунида ўртада таржимон бўлмаган ҳолда гаплашади. У (банда) ўнг томонига қараб, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, чап томонига қараб ҳам фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, олди томонига қараб, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Бас, шундай экан, яримта хурмо билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!» (Бухорий (№7512), Муслим (№1016) ривоятлари).
Агар шу дунёда ўз нафсларини сарҳисоб қилган содиқ мўминлардан бўлсангиз, Аллоҳ таоло сизга номаи аъмолингизни ўнг томонингиздан беради ва сизни Ўзига яқинлаштиради, яқинига келтириб, устингизга парда ташлайди.
Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Саҳиҳайн»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда айтадилар: «Аллоҳ таоло мўминни яқин келтириб, унинг устига пардасини ташлайди ва (бошқалар кўзидан) яширади, сўнг уни гуноҳларига иқрор қилдиради: «Фалон-фалон гуноҳни эътироф этасанми?» У: «Ҳа, эътироф этаман эй Раббим», дейди. Барча гуноҳларига иқрор қилдиргач ва банда ўзича энди албатта тамом бўлдим деб ўйлагач, шунда: «Сен учун дунёда буларни яширган эдим, энди бугун уларни мағфират этаман», дейди. Сўнг унга яхши амалларининг саҳифаси берилади» (Бухорий (№2441), Муслим (№2768) ривоятлари).
Шунда Аллоҳ таоло сизга номаи аъмолингизни ўнг томонингиздан беради. Юзингиз яшнаб, бутун аъзоларингиздан нур таралади. Сизга: «Ўзингга ўхшаган нур эгалари бўлган биродарларинг ёнига боргин ва уларга бугун борадиган жойлари жаннат экани билан хушхабар бергин» деб айтилади. Амаллар китобини ўнг қўлингизда тутганча, юзингиздан ва барча аъзоларингиздан нур ёғилганча, битмас-туганмас бахт-саодатга эришганча маҳшар майдони ичра юриб кетасиз!!
Аллоҳ таоло айтади: «Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар. Дарҳақиқат мен ҳисоб-китобимга (яъни охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер. Сўнг у кўнгилли ҳаётда, мевалари (аҳли жаннат учун) яқин бўлган юксак жаннатда бўлур. (Жаннат аҳлига) «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур)» (Ал-ҳааққа: 19-24).
Агар бошқача бўлсангиз-чи?!! Аллоҳ таоло сиз-у бизни бошқача бўлишдан Ўзи асрасин!!
У ҳолда Аллоҳ таоло унинг китобини чап тарафидан ёки орқа тарафидан беради, унинг юзи қорайиб, қора мойдан кийим кийдирилиб, маҳшаргоҳ узра фарёд кўтаради: «Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса эди! Мен ҳисоб-китобим (яъни оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди! Эҳ қанийди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатувчи-узувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди! Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам йўқ бўлиб кетди-я!» (Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар! Сўнгра дўзахга ташланглар! Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!». Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. Мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди. Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир! Бирон таом ҳам йўқдир! Фақат йирингдан бўлган (бир «таом» борки), уни фақат (йўлдан) адашган (кофир)ларгина ерлар!» (Ал-ҳааққа: 25-37).
«Саҳиҳ Муслим»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, у зот кулдилар, сўнг: «Нега кулганимни биласизларми?», деб сўрадилар. Биз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деб жавоб бердик. Шунда дедилар: «Банданинг Робби билан сўзлашувидан (кулдим). У: «Эй Роббим, менга зулмдан паноҳ бермаганмисан, ахир?!», дейди. (Робби) айтади: «Ҳа, шундай». Шунда у: «Мен ўзимга қарши ўзимдан бошқа гувоҳ (келтирилиши)га ижозат бермайман», дейди. (Робби:) «Бугун сенга қарши ўзингнинг гувоҳлигинг ва киромун котибийн (яъни амалларни ёзиб турувчи улуғ фаришталар) гувоҳлиги етарлидир», дейди. Сўнг унинг оғзи муҳрланади ва аъзоларига: «Гапир!», дейилади. (Аъзолари унинг қилган) амалларини айтиб беришади. Сўнгра унга гапиришга имкон берилади. Шунда у (аъзоларига): «Қуриб кетгурлар, йўқ бўлиб кетгурлар! Мен сизларни ҳимоя қилаётган эдим-ку», дейди.
Аллоҳ таоло айтади: «Мен сизларга «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри йўлдир», деб буюрмаганмидим?! Аниқки (шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир ақл юритувчи бўлмадингизларми?! Сизларга ваъда қилинган жаҳаннам мана шудир! Сизлар (ҳаёти дунёда) кофир бўлиб ўтганларингиз сабабли мана бу Кунда (жаҳаннамга) кирингиз! Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида — уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур. Агар Биз хоҳласак, уларнинг кўзларини йўқ қилган бўлур эдик. Ана у ҳолда улар йўлларига шошардилар-у, (лекин) қаёқдан кўра олсинлар. Агар Биз хоҳласак, уларни турган жойларида (маймун, тўнғиз ёки тош каби) бошқа нарсаларга айлантириб қўйган бўлур эдик. Сўнг улар (олдинга) юришга ҳам қодир эмаслар, (ортларига ҳам) қайта олмаслар» (Ясин: 60-67).
Севикли биродарим! Билингки, сиз беҳуда яратилган эмассиз ва албатта бекор ташлаб қўйилмайсиз.
Аллоҳ таоло айтади: «Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?!» (Қиёмат: 36).
Яна айтади: «Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундоқ эмас)!» (Муъминун: 115).
Шундоқ экан, биродарим, нега бунчалар ғафлат?! Қачонгача бу узоқлашиш?!
Қачонгача ғафлат?! Қачонгача тойилиш?!
Ахир нафаслар ҳисобли, кунлар саноқли, кутилаётган ғойибларнинг энг яқини ўлим бўлса!!
Эй оталар, эй оналар, эй акалар, эй сингиллар, эй ўғиллар! Келинг, Парвардигоримизнинг амрларини бажо келтиришга, қайтариқларидан тийилишга, У белгилаб берган ҳад-ҳудудларда туришга, ҳаётимизда янги бир саҳифани очишга аҳдлашайлик!! Чунки, ўлим фариштаси қачон келишини ҳеч биримиз билмаймиз, ундан қутулиб қолишга ҳеч биримизнинг кафолатимиз йўқ!
Ушбу сўзларимни айтар эканман, Аллоҳга истиғфорлар айтаман. Унга истиғфор айтингиз, зеро У мағфиратли ва раҳмли Зотдир.
Иккинчи хутба:
Оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.
Мен бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқдир, Унинг шериги йўқдир деб гувоҳлик бераман.
Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад У зотнинг бандаси ва элчисидирлар. Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.
Аммо баъд... Азиз биродарим! Суҳбатимизнинг сўнгги қисмига етиб келдик. У «Эй тўлқинлар гирдобида сузиб бораётган, кўзингни оч!» деб номланади.
Тўртинчи: Эй тўлқинлар гирдобида сузиб бораётган, кўзингни оч!
Эй ўйин-кулги билан овора бўлиб, ҳаётнинг моҳиятини унутган инсон! Эй тоатдан бебаҳра, маъсиятга берилган кимса! Кел, ҳаммамиз биргаликда Аллоҳга қайтайлик, ҳаётимизда янги бир нурли саҳифа очайлик!
Сен Аллоҳнинг раҳматидан ҳеч ноумид бўлма, қалбларни ноумидликка тўлдирадиган кишилардан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз.
Билгинки, Аллоҳ таоло бандага иккита хотиржамлик билан иккита хавфни жамламайди. Бу дунёда сени хотиржам қиладиган киши охиратдаги хавф-хатарга рўпара қилган бўлади, бу дунёда сени қўрқувга чорлаган киши охиратдаги хотиржамлик сари йўллаган бўлади.
Азиз биродарим! Билгинки, биз барчамиз Унинг бандаларимиз, У эса Раҳмон ва Раҳимдир.
Кел, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сари юзлан! Нафсингни айбла, унинг айбу нуқсонларидан воқиф бўл! Ўзимни ва сени огоҳлантираманки, нафс билан алданиб ва мағрурланиб қолиш, сустлик ва қосирлик қилиб туриб, яна ўзингни ҳидоят ва яхшилик устида деб ҳисоб қилиш хатарнинг пистирмасидир!
Агар ҳар кунингга биттадан гуноҳ билан Аллоҳга йўлиқадиган бўлсанг ҳам, умрингнинг ўтган кунларини бир ҳисоблаб кўр, қанча гуноҳ йиғиб қўйибсан экан!! Сен маъсиятнинг кичиклигига қарама, гуноҳларнинг ҳажмига боқ, ўзинг Унга осий бўлаётган Зотнинг кимлигини бил!!
Бир киши Оиша розияллоҳу анҳодан сўради: «Эй онажон, менга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тушунтириб беринг: «Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас уларнинг орасида ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи ҳам бордир» (Фотир: 32)».
Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Эй болам, яхшиликларга шошилувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтган ва у зот улар ҳақларида жаннат билан хушхабар берган кишилардир. Ўртачалар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан эргашиб, уларга етиб олган саҳобалардир. Ўз жонига жабр қилувсилар эса сен билан бизга ўхшаганлардир».
Қаранг, Оиша розияллоҳу анҳо ўзларини сизу биз билан бир қаторга қўймоқдалар!
Аллоҳ таоло поклигини етти қават осмон устидан эълон қилган Оишаи Сиддиқа шундай деб турсалар, энди ўз нафсингни айблайвер, биродарим!
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жон-дилдан севган инсондан шу гап чиқаётган бўлса, бизнинг ҳолимиз не кечаркин?!! «Саҳиҳул Бухорий»да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, «Сизга энг суюмли инсон ким?» деб сўрадим. «Оиша», деб жавоб бердилар. «Эркаклардан-чи?», деб сўрадим. «Унинг отаси», деб жавоб бердилар..»
Умматнинг Форуқи (ҳақ ва ботил ўртасини ажратувчиси) бўлган Умар розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётарканлар, Ибн Аббос у кишининг шаънларида яхши мақтов сўзлар айтадилар. Шунда Умар айтадилар: «Аллоҳга қасамки, агар ер юзи тўла олтиним бўлса, Аллоҳнинг азобини кўрмай туриб, ундан шу билан қутулишга жон деб рози бўлардим. Истардимки, дунёдан на фойда, на зиён кўрган ҳолда чиқиб кетсам!».
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида ҳузурларига Ҳаммод ибн Салама кириб: «Хурсанд бўлинг, эй Абу Абдуллоҳ! Сиз ўзингиз Ундан мудом умидвор бўлган, раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зот ҳузурига йўл олмоқдасиз», дедилар.
Суфён йиғладилар ва: «Эй Ҳаммод! Аллоҳга қасамёд қилиб сўрайманки, мендек бир кимсани дўзахдан қутулиб қолади деб гумон қиласанми?!», дедилар.
Амал билан мағрур бўлиб қолма.. Тоат-ибодат билан мағрур бўлиб қолма.. Нафси амморангдан ҳушёр бўл!
Бирон яхшиликка муваффақ бўлган бўлсанг, ёлғиз Аллоҳнинг тавфиқи ва мадади билангина муваффақ бўлдинг! Бас, Хожангга хорлик изҳор этиб, бурнингни тупроққа қўй!
Обрў билан мағрур бўлма. Мансаб билан, курси билан мағрур бўлма.. Агар курси сендан бошқага вафо қилсайди, сенга асло етиб келмаган бўларди!
Мол-мулк билан мағрур бўлма, бола-чақа билан мағрур бўлма, ҳатто Аллоҳнинг тоат-ибодати билан мағрур бўлма!
Мудом қўрқувда бўл. Зеро, «Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўрувчи қавмгина хотиржам бўлур» (Аъроф: 99).
Шу билан бирга, жиддийлик ва мардлик билан Аллоҳга иқбол қил!
Аллоҳнинг тоатига иқбол қил, Унинг амрларига бўйинсун, қайтариқларидан тийил, У белгилаб берган ҳад-ҳудудларда тур, дунё билан машғул бўлиб қолма, умрингнинг ҳаммаси дунёни деб ўтиб кетмасин, зеро дунё заволга юз тутувчи, умр эса фанога юзланувчидир. Умринг ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қисқадир!! Дунёнг ҳар қанча кўп бўлмасин, барибир ҳақирдир!! Зотан, тун ҳар қанча узун бўлмасин, ортидан тонг отиши бор, умр ҳар қанча узун бўлмасин, қабрга киришдан ўзга чора йўқ!!
Буюк Парвардигоримиз жалла ва алонинг мана бу олий нидосига қулоқ тутингиз:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло деди: Эй Одам боласи, модомики сен Менга дуо қилиб, Мендан умидвор турар экансан, гуноҳинг қанақа бўлишдан қатъий назар, (уларнинг кўплигига ҳам) парво қилмасдан мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар гуноҳинг булутларга қадар етса-да, Мендан истиғфор тиласанг, сени мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар сен ҳузуримга ер юзини қоплайдиган гуноҳлар билан келсанг ва Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда рўбарў бўлсанг, мен сени ер юзини қоплайдиган мағфират билан қарши оламан!» (Муслим ва Термизий ривоятлари).
Аллоҳга шукр бажо келтириб, пешонангни ерга қўй! Зеро, сен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматидансан. У зотнинг умматлари раҳм қилинган умматдир! «Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом ҳақларидаги мана бу оятларини ўқидилар: «Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан)» (Иброҳим: 36). Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги мана бу оятини ҳам ўқидилар: «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида: 118). Сўнг Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғлаб, қўл кўтариб: «Эй Парвардигорим, умматим, умматим!», дедилар. Аллоҳ азза ва жалла: «Эй Жибрийл, Муҳаммадга бориб сўра – Парвардигоринг Ўзи яхши билгувчидир – нимага йиғлаётган экан», деди. Жибрийл алайҳиссалом келиб, сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бердилар. Аллоҳ жалла ва ало деди: «Эй Жибрийл, Муҳаммадга бориб айтгинки: «Биз сизни умматингиз борасида рози қиламиз ва хафа қилмаймиз» (Имом Муслим (№346) ривояти).
Парвардигорингга иқбол қил, қўрқма! «Саҳиҳ Муслим»да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло кундуздаги гуноҳкор тавба қилиши учун тунда қўлини ёзади, кечасидаги гуноҳкор тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади, то қуёш ботиш томонидан чиқмагунича (шу ҳол давом этаверади)», деганлар (Имом Муслим (№2759) ривояти).
Азиз ёшлар! Севикли дўстлар! Аллоҳга қайтингиз, ҳар бир киши ўз нафсини қаттиқ муҳосаба қилсин!
Зотан, нафсни муҳосаба қилиш унинг эгасини дунё-ю охиратда ҳалокатдан қутқарадиган энг катта даволардан биридир.
Нафсни муҳосаба қилишга бепарво қараш эса унинг эгасини дунё-ю охират ҳалокатига олиб борадиган энг катта иллатлардан биридир.
Тамом