Ислом Нури
Жума насиҳатлари
Ғарбнинг Исломга қарши навбатдаги ғаламислиги
Солиҳ ибн Муҳаммад ал-Жабрий
Ислом Нури таржимаси
(Давоми)
Биринчидан: бу филм биз мусулмонларнинг ислом тарихи мобайнида давом этиб келаётган ва Исломнинг юксалишига қараб кучайиб бораётган эски сериалнинг янги ҳалқаси қаршисида эканимизни яна бир бор таъкидлади. Зеро, Ислом бугунги кунда дунё динлари ичида энг тез тарқалиб бораётган дин бўлиб қолди. Ғарб эса табиийки, бунда ўзи учун жуда катта хатар кўради. Чунки, бунинг муқобилидаги кўриниш шуки, кўплаб ғарб черковлари бугунга келиб ибодатга келувчилар топилмаганидан ўз эшикларини бутунлай беркитишга мажбур бўлмоқда. Мисол учун, Францияда якшанба кунги ибодат учун улар католик уйи деб атайдиган ибодатхоналарга келадиганлар бутун аҳоли сонининг 5 % (беш фоиз)идан ўтмас экан, яъни 3 000 000 (уч миллион)дан камроқ киши ибодатга келаркан. Бу эса Францияда жума намозига келувчи мусулмонлар сонининг ярмига тўғри келади. Айрим черковлар ўзига одам чақириш учун диско мусиқалардан ва ҳамжинслар (гомосексуалистлар) никоҳини амалга ошириш каби ишлардан фойдаланишга ўтган. Ҳолбуки, Ислом инсонларни тавҳид, фазилат ва покликка чорлаш орқали тарқалиб бормоқда.
Шунинг учун ғарб оммавий ахборот воситалари орқали Исломнинг ғарб давлатларида тарқалиб боришининг олдини олишга зўр бериб уринмоқда, ғарбликларни ундан бездириш учун Ислом ва мусулмонлар суратини имкон қадар булғаб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Аллоҳ таоло айтганидек: «Биз (сиздан илгари ўтган) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз» (Фурқон: 31).
Иккинчидан: ғарбда исломга нисбатан содир этилган шундай қабиҳликдан кейин ҳар сафар ғарб ҳукмрон доиралари ўзининг фикр ва санъат эркинлигини ман қилишга қодир эмаслиги ҳақидаги баҳонаси билан ўзининг заиф позициясини кўрсатади. Ахир, ахлоқсизлик қандай қилиб санъат ёки фан бўлиши мумкин?! Америкага қилинган ҳар қандай ёмонлик ва обрўсизлантириш иши улар назарида фикр ва сўз эркинлиги деб қараладими?! Табиийки, йўқ. Шундай экан, қандай қилиб ўзига нисбатан ёмонлик қилишни ман қилади-ю, Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва ер юзи аҳолисининг чорак қисмини ташкил этувчи бутун бир умматнинг муқаддасотларига чанг солишга йўл қўйиб беришади?! Бундай қабиҳ ишга қўл урувчи кимсаларга сўз эркинлиги баҳонаси билан истаган қабиҳликларини қилишга кенг йўл очиб беришади?!
Устоз Жамил аз-Зайёбий айтади: Ғарб ҳукуматлари ўтган йиллар мобайнида Исломга, унинг аҳли ва пайғамбарига нисбатан ҳаддан ошишлар соясида ушбу ишларни амалга ошираётган кимсаларни тийиб қўйиш, уларни ёмонликлардан тўхтатиб қолиш, динлар ва пайғамбарларни камситувчи ва динлараро фитналар қўзғовчи шахсларни жавобгарликка тортувчи қонунларни татбиқ қилиш борасида масъулиятли қадам қўймади. Иш мусулмонларга тааллуқли бўлган пайтда ғарб ҳукуматлари унга енгил-елпи қараши ва кўп нарсадан кўз юмишига далил бўлувчи кўплаб аниқ-тиниқ ҳолатлар бор. Таққослаш учун айтамизки, Исломга ва унинг пайғамбарига ҳужум қилинган пайтларда буни фикр ва сўз эркинлиги деб эътибор қилинади. Аммо, мавзу яҳудийлар қирғинини салгина шубҳа остига олишга тааллуқли бўлса, масала миллатчилик, антисемитизм, ксенофобияга айланади ва халқаро қонунчилик даражасига кўтарилади. Шунинг учун биз Исломга ва унинг муқаддас рамзларига тил теккизиш жиноят деб саналишини талаб қилиб чиқишни ўз ҳаққимиздан деб биламиз. Бизнинг ҳис-туйғуларимиз ҳурмат қилинишини, Пайғамбар ва Қуръон каби муқаддас рамзларимиз ҳақорат қилинмаслигини талаб қилишни ўз ҳаққимиздан деб биламиз. Ким баҳс ва мунозара қилмоқчи бўлса, марҳамат, биз бунга тайёрмиз. Аммо, ҳақорат ва тажовуз қилинишини асло қабул қилмаймиз. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «(Куфрга қарши курашда) сустлашмангиз ва ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлувчидирсизлар» (Оли Имрон: 139).
Зотан, ер юзидаги ҳеч қандай куч-қудрат бизни ҳақорат ва камситишларни жимгина қабул қилиб кетишга мажбур қила олмайди. Биз Аллоҳ таоло Ислом билан азиз қилган халқмиз, бизнинг қўлимизда ундай жиноятчиларга юзлашиш ва уларнинг адабини бериб қўйишга етарли воситалар мавжуд. Ҳа, ғазабланиш бизнинг ҳаққимиздир. Агар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ғазабланмасак, бизда ҳеч қандай яхшилик йўқ экан! У ҳолда ернинг ости биз учун унинг устидан яхши! Бироқ, бизнинг ғазабимиз ҳам шариат доирасида бўлмоғи лозим. Нега? Чунки, биз уларга ўхшаган эмасмиз, биз кўплаб ҳақорат ва ёмонликларга дучор этилаётган дин аҳли бўлишимизга қарамасдан, ўзга динларнинг пайғамбарлар, китоблар каби муқаддас рамзларини эҳтиром қиладиган ягона дин вакилларимиз. Чунки, бизнинг ғазабимиз ҳам оқилона ва шариат белгилаган кўринишда бўлиши, тажовузкорлик, одам ўлдириш ва вайронагарчилик каби ўта қўпол ва шиддатли реакциялардан воз кечмоғимиз лозим. Чунки:
1) Бир жиноятчининг жинояти эвазига бошқа бир бегуноҳ кишининг қонига зомин бўлиб қолмайлик. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳеч бир кўтарувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас» (Фотир: 18).
2) Анави пасткашлар бутун оламга: «Ана, биз сизларга Ислом террор, одам ўлдириш ва вайронагарчилик дини деб айтмаганмидик, ахир?!» деб айтиш учун бизнинг айни шундай шиддатли ва қаттиққўл ишларга қўл уришимизни исташади.
3) Муайян мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида шу каби ҳодисалардан фойдаланиб қоладиган кимсалар бўлади. Масалан, Ливиядаги Америка элчисининг ўлдирилиши ва айрим мусулмон давлатларида ғарб давлатлари элчихоналарига ҳужум қилиниши Сурия муаммоси учун зарарли бўлди, айримлар бу ҳодисалардан фойдаланиб: Сурия халқи қўзғолони ғалаба қилган тақдирда бутун минтақани мана шу каби оқибат кутиб турибди, чунки, ҳозирда мавжуд фосид тузумнинг ўринбосари айни террорчи жамоатлар бўлади, дейишмоқда.
4) Бетартиб шаклдаги реакциялар мазкур филмнинг кўп миқдорда тарқалишига катта ҳисса қўшди. Филм яратувчилари эса айни шу нарсани исташган эди. Ушбу филм қўйилганига икки ойдан кўпроқ бўлган бўлса, шу вақт мобайнида уни бор-йўғи 500 томошабин кўрган экан. Аммо, ҳозирга келиб, уни томоша қилганлар сони 30 000 000 (ўттиз миллион)дан ошиб кетибди, 4 900 000 (тўрт миллион тўққиз юз минг) интернет саҳифасида у ҳақда гапирилибди, дунё бўйича 3000 оммавий ахборот воситасида бу ҳақда сўз бўлибди. Хатарли жойи шундаки, ҳозирда Ислом ва мусулмонлар шаънини булғовчи, бироқ кенг тарқалмаган минглаб газета-журналлар, веб саҳифалар, филмлар мавжуд бўлиб, уларнинг эгалари ўз молларини ўтказиш учун янги-янги бозорлар ва даллоллар қидирмоқда. Умид қиламизки, иккинчи марта уларнинг тўрига илиниб ва ўлжасига айланиб қолмайлик. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақилмайди», деганлар. Агар шу филмга бошиданоқ бу қадар эътибор кўрсатилмаганида эди, одамлар уни тезда унутиб юборишган ва шу билан иш тугаган бўларди.
Учинчидан: юз берган барча ҳодисаларга қарамай, омонат юзасидан айтиб ўтишга бурчлиманки, ушбу ёмонлик остида айрим ижобий тарафлар ҳам кўзга кўринди. Жумладан, Американинг расмий позицияси бу гал аввалгиларга қараганда яхшироқ бўлди, филмни очиқ танқид қилди, таҳқирлашни умумий тарзда рад қилди. Авваллари бу нарса кўрилмаган эди. Филмда суратга тушган актёрлар ўзларининг филм мақсадидан бехабарликларини ва алданганларини айтиб чиқишди. Бу ҳам ижобий тарафларидан биридир. Разил ва қўрқоқ режиссёрнинг қочиб яширингани ҳам ижобий иш бўлди. Бу Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига хитобан айтган қуйидаги сўзлари маъносига ҳамоҳанг бўлди: «Албатта, Биз Ўзимиз сизни масхара қилувчиларни (ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз» (Ҳижр: 95).
Салмон Рушдийни эслайсизми, у Исломни ҳақорат қилувчиларнинг етакчиларидан эди. Ғарб уни қучоқ очиб кутиб олди, Исломни ва Ислом пайғамбарини таҳқирлагани учун уни турли мукофот ва унвонлар билан кўмиб ташлади. Биласизми, ушбу кимса 1999 йили кўр бўлиб қолди, кўпхотинликка қарши уруш эълон қилганига қарамай ўзи бир неча марта уйланди, лекин ҳар сафар уйланганидан сўнг унинг кўршапалакка ўхшаб яшашини, ўз соясидан ҳам қўрқишини, туну кунини фақат қўрқув ичида ўтказишини, сурункали қўрқув касалига чалинганини кўрган хотинлари кўп ўтмай уни ташлаб кетаверишди. Охирги уйланган аёли – ҳинд актрисаси бир неча ҳафтадан сўнг у билан ажрашиб кетаркан, уни телбаликда айблади. У ҳозирда якка ўзи, ажалини кутиб, ўз ибораси билан айтганда ханжар зарби ёки бир парча қўрғошин зарбидан ўлишини ё эса саратондан ҳам оғир маънавий дард ортидан жон таслим қилишини кутиб яшамоқда. Аллоҳ ҳаққи айтинг, қайси бир инсон шундай ҳаётни орзу қилади?! Аллоҳ таоло нақадар рост айтади: «Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб: 57). Дунёдаги хорлик азоби бундан ортиқ бўладими, Аллоҳ уни шу дунёнинг ўзидаёқ хорлаб қўйди, охиратдаги азоби эса, шубҳасиз, оғирроқ ва қаттиқроқдир.
Тўртинчидан: улуғ динимиз ва буюк пайғамбаримиз шаънида такрор-такрор содир бўлаётган бу каби қабоҳатларга қандай жавоб беришимиз керак?
1) Бундай разил ва қабиҳ ишлар кенг тарқалиб ва катталашиб кетмаслиги учун уларга қаттиқ аҳамият бермаслик ва имкон қадар кўрмасликка олиш, шундай қилиш энг яхши даволардан биридир. (Мункарни яшириш уни фош қилмаслик қоидасига амал қилиш. ИНТ)
2) Бор куч-ғайратимизни дунё аҳлига Ислом ҳақиқатларини кўрсатиб беришга йўналтиришимиз, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғайридинларга нисбатан муомалаларини очиқлаб бериш, Исломнинг ўзга дин аҳлларига нисбатан бағрикенглиги намуналарини кўрсатиб бериш. Ютубда (Youtube) бир видеолавҳага кўзим тушди, унда саудиялик бир йигит америка жамиятига унинг лаҳжасида хитоб қилиб, уларга Пайғамбар ҳақларида сўзлаб бераётган экан. Бу ҳам мақтовга сазовор бир ҳаракат деб ўйлайман. Дарҳақиқат, «Парвардигорингизнинг қўшинларини ёлғиз Унинг Ўзигина билур» (Муддассир: 31).
3) Исломнинг ва ислом Пайғамбарининг фазилатларини дунёнинг барча тилларида нашр қилиб, тарқатишимиз. Шунингдек, кўплаб ғарб мутафаккирлари ва ғарб оламида муҳтарам шахсларнинг Ислом ҳақида, Ислом Пайғамбари ҳақида айтган инсофли сўзларини нашр қилиш. Бу ҳам Ислом Пайғамбари шаънларига бўҳтон қилаётган, шунингдек Мусо ва Ийсо алайҳиссалом шаънларида номақбул филмлар ишлаган манфур кимсаларга муносиб жавоб бўларди.
4) Шу каби муаммоли ҳолатлар юзага келганда динимизни ҳимоя қилиш йўлида одамларни оқилона ва тартибли услубда реакция кўрсатишга ўргатиш лозим. Шунда биз сионистларнинг ғарб насроний оламини ғарбда Ислом динининг кенг тарқалишининг олдини олиш баҳонасида мусулмонларга қарши оммавий сафарбар қилиш ва шу орқали ҳукмронликни ўз қўлларида тутиб туриш орзусини рўёбга чиқариб бермаган бўлардик.
5) Ўша филмни ишлаган кимсаларни қонунлар доирасида таъқиб қилиш, ундайларнинг шармандасини чиқариш йўлида ғарбликлар ичидан ҳурфикрли ва оқил инсонлар билан ишлаш ва ҳоказо ишларни ушбу услублар жумласига киритиш мумкин. Шу муносабат билан, яқинда телевизорда бир насроний зиёли билан мулоқотни кўрдим, у Исломни ва Ислом Пайғамбарини ҳимоя қилиб сўзлади, мазкур жиноятчиларни зудлик билан судга бериш ва жазога тортиш лозимлиги ҳақида сўзлади. Аллоҳга қасамки, шу одамнинг ўзи ва гап-сўзи ўзлари бизнинг орамизда яшаб туриб, мусулмонлик даъво қилиб туриб, Исломни ва Ислом Пайғамбарини бир калима сўз билан бўлса-да ҳимоя қилиш у ёқда турсин, мазкур филмга норозиликларини намойишлар орқали ифодалаётган кишиларни ёмон кўраётган ва уларга ғазаб-нафрат ўқини отаётган айрим мунофиқлардан анча яхши ва афзал кўринди. Аллоҳ таоло нақадар рост сўзлаган: «Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлур» (Ҳаж: 46).
6) Бойкот ҳам ушбу услублар жумласига киради. Мисол учун, Ютуб (YouTube) сайтини бойкот қилиш керак. Агар ушбу сайт бир неча кунгина узлуксиз бойкот қилинса, шунинг ўзи ҳам анча самара беради ва улар бизнинг қонуний талабларимизни бажаришга мажбур бўлишади. Биласизми, Саудия Ютуб сайтига кириш бўйича дунёда иккинчи, араб оламида эса биринчи ўринда туради, саудияликлар ҳар куни 36 000 000 (ўттиз олти миллион) видеолавҳа томоша қиладилар. Агар улар бир неча кун бир вақтнинг ўзида ушбу сайтга киришни тўхтатиб қўйсинларчи, қани сайт эгаси уларнинг талабига жавоб бермай қўярмикин?! Шундай деб ўйласангиз, хато қиласиз.
Сўзим сўнгида айтаман, азиз биродарлар, Исроил сомийларга ёмонлик қилиш (антисемитизм)ни жиноят деб санайдиган халқаро қонун чиқартиришга муваффақ бўлди. Биз ҳам айни муомалани талаб қилишга ва Ислом ва унинг муқаддас рамзларига ёмонлик қилишни жиноят деб санайдиган халқаро қонун чиқартиришга ҳақли эмасмизми?! Нега араблар ва мусулмонлар ушбу мақсадни рўёбга чиқариш йўлида ўз иқтисодий нуфузларидан фойдаланмасликлари керак?!
Энг сўнгида айтаманки, душманлар Пайғамбаримизни ҳарчанд ҳақорат қилмасинлар, Аллоҳ таоло у зотнинг зикрларини шу қадар юқори ва мартабаларини шу қадар олий қилаверади. Ғамгин бўлмайлик, бу улуғ Пайғамбар ўз даъватларини бир ўзлари, ёлғиз ҳолда бошлаганлар, ҳозирга келиб у зотга эргашганлар бутун башариятнинг тўртдан бир қисмини ташкил қилмоқда. Келажак Исломникидир, башарият истаса-истамаса келажак Ислом Пайғамбарининг дини учундир.
«У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хохламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба: 33, Соф: 9).
Аллоҳ барчамизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилсин.