Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

 (Давоми)

Севикли биродарим! Умид қиламанки, сиз мазкур оят ва ҳадисларни нотўғри тушуниб қолмайсиз. Биз уларни келтириш билан одамларни дунёдан бутунлай юз ўгиришга чақирмоқчи эмасмиз. Йўқ, асло ундай эмас. Ислом дини иш-амал дини, жиддийлик дини, қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатиш динидир. Шу билан бир қаторда биз одамларнинг охиратни бой бериш ҳисобига дунёга шўнғиб кетишларини истамаймиз. Истаймизки, улар на ҳаддан ошсинлар ва на сусткашликка йўл қўйсинлар. Билсинларки, Ислом бир вақтнинг ўзида дин ва дунёдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб дуо қилардилар: «Аллоҳим, мен учун ишимнинг тутқичи бўлган динимни, тирикчилигим бўлган дунё ҳаётимни, оқибатим унда бўлган охиратимни ислоҳ этгайсан! Ҳаётни мен учун барча яхшиликларнинг зиёдаланиши, ўлимни мен учун барча ёмонликлардан роҳат қилгайсан!» (Имом Муслим ривояти).

Қаранг, дин билан дунё ўртасини қандай гўзал суратда жамланди бу ҳадисда!

Дунё охиратнинг экинзоридир. Қуръонда ва Суннатда дунё ҳақида айтилган ҳар қандай айбу-мазаммат унинг замонига ё маконига ё унда содир бўладиган яхшиликлар ва неъматларга қаратилган эмас.

Зеро, унинг замони бўлмиш кеча ва кундузни Аллоҳ таоло эслатма-ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун бирин-кетин келувчи қилиб қўйгандир.

Унинг макони бўлмиш ер юзини Аллоҳ таоло одамзотга маскан-қароргоҳ қилиб қўйди, унда бўлган яхшилик ва неъматлар – само, дов-дарахт ва ўт-ўланлар, анҳору-булоқлар, хазиналар ва денгизларни Аллоҳ таоло бандалари учун неъмат қилиб қўйди.

Ундай бўлса, дунё ҳақида келган мазамматни қандай тушуниш керак?! Унинг тафсири нима, шарҳи қандай?!

Жавоб шуки, Қуръон ва Суннатда дунё ҳақида ворид бўлган мазамматлар асосан юқорида бир қисмини айтиб ўтганим каби дунёда қилинадиган, Аллоҳ жалла ва ало рози бўлмайдиган ҳар қандай маъсиятларга қарши қаратилган. Оқил инсон дунёнинг ҳақиқатидан огоҳ бўлиб, дунёсини охирати учун экинзорга айлантириб олувчи кишидир. Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Дунё унга нисбатан ростгўй бўлган кишига ростгўйлик ҳовлисидир, ундан озуқа олувчи киши учун ғанийлик ҳовлисидир, уни яхши тушунган киши учун неъматлар ҳовлисидир. У Аллоҳнинг ваҳийси нозил бўлган ўриндир, унда пайғамбарларининг намозгоҳлари мавжуд. У Аллоҳнинг дўстларининг тижоратгоҳидир, улар унда раҳматни фойда қилиб олдилар ва жаннатни топдилар». 

Ушбу ҳақиқатни яхши англаб олмоқ лозим. Чунки, кўпчилик биродарлар дунё ҳақида сўзлаган пайтларида уларнинг сўзларидан дунёда неъмат соҳиби бўлган ҳар қандай одам хорликка гирифтор бўлган ва жарликка қулаган деган маъно чиқади. Бундай дейиш ярамайди, бу чуқур ўйланмай айтилган гап бўлиб қолади.

Биз масалани Аллоҳ азза ва жалла Қуръонда огоҳлантирган муҳим нуқтага қаратишимиз лозим. Яъни, «ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар», дунёга берилиб, охиратдан ғофил бўлиб қолганлар!!.. Қабрга киришини унутган, Аллоҳ ҳузурида туришини унутган, амаллари тарозида ўлчанишини унутган, номаи аъмоллари берилишини унутган, жаннат ва дўзахни унутган кимсалар!! Ундай кимсани кўрасизки, дуч келган ишдан қайтмайди, усти бут, қорни тўқ бўлса, яхши еб-ичса, ўйнаб-кулса бас!! Ўзини мусулмонликка нисбатлайди, бироқ Исломнинг амрини қилмайди, Ислом қайтарган нарсадан қайтмайди, Ислом ўрнатиб қўйган ҳад-ҳудудларда турмайди.

Аллоҳ таоло айтади: «Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир» (Аъроф: 179).

Бу турдаги одам Қуръон ибораси билан айтганда, чорва ҳайвонларидек, балки улардан ҳам баттарроқ ва адашганроқдир.

Кўзи бору кўрмайди!! Қулоғи бору эшитмайди!! Қалби бору англамайди!! Кўзи билан фақат ҳаромга назар солади!! Қулоғи билан фақат ҳаромни эшитади!! Дили билан Қуръону ҳадис сўзларини фикрламайди ва англамайди!!

Мусулмон биродарлар! Ўзини Исломга мансуб деб билган қанчадан-қанча одам борки, ғафлатда юрибди. Диндан бирон нарсани билмайди, динга умуман алоқаси йўқ! Насиҳат қилсангиз, насиҳатланмайди. Насиҳатланиш у ёқда турсин, ҳатто сизни масхаралаб, устингиздан кулади. Бундан инсоннинг қалби эзилади, юраги пора бўлади.

«Дарвоқе жинояткор кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масхара қилиб) кулувчи бўлдилар. Қачон (мўминлар) уларнинг олдидан ўтсалар улар бир-бирларига кўз қисишиб имо-ишоралар қилардилар. Қачон уйларига қайтсалар (мўминларни масхара қилиб озор берганларидан) роҳатланиб қайтардилар» (Мутаффифун: 29-31).

Севикли дўстларим! Аввало ўзимга, кейин сизларга насиҳат қиламанки, мол-дунё йўқ бўлиб кетувчи соядир, мансаб ҳам бир куни кетади, сиз бугун ўтирган амал курсисига сиздан олдин юзлаб, минглаб, балки миллионлаб одамлар ўтирган... Сиздан кейин ҳам минглаб, миллионлаб одамлар ўтирса ажаб эмас ҳали. Аллоҳ номи билан сўрайман, бу курсингиз сизни жаннатга олиб борсин, у сизни дўзахга етказиб қўйишидан эҳтиёт бўлинг. Такрор айтаманки, курси ва мансаб кетади, мол-дунё йўқ бўлади. Зеро, мол қайтариб олинадиган орият (вақтинча фойдаланиб туриладиган нарса), дунё ҳаёти ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қисқадир, умр ҳар қанча узоқ бўлмасин, барибир бир кун қабрга кириш бор. Шундай экан, дунёни охират экинзорига айлантириб олинг, охиратни ҳеч қачон эсдан чиқарманг!

«Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар. Ер (яъни маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришди, китоб – номаи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ва уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди» (Зумар: 68, 69).

Севикли дўстларим, Аллоҳ таолодан барчаларимизни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

 

Иккинчи хутба

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд... Севикли дўстларим!

 

Аллоҳ ва Расулининг амрларини енгил санаш

Ғафлатнинг энг нохуш кўринишларидан бири – Исломга нисбатланувчи эркак ё Исломга нисбатланувчи аёл Аллоҳ ва Расулининг амрларига панжа орасидан қарашидир. Агар унга: «Аллоҳ азза ва жалла сизни ўз вақтида намоз ўқишга буюрган.. Аллоҳ азза ва жалла ибодатни Унинг Ўзига холис қилишингизга буюрган.. Аллоҳ азза ва жалла сизни Ўзининг шариатига бўйсунишга буюрган.. Аллоҳ азза ва жалла сизни – эй сингил – шаръий ҳижобга буюрган», десангиз, Аллоҳнинг амрига бепарволик билан қарайди, сизга: «Ҳозир ишларим кўп, бундай нарсаларга вақтим йўқ» деб жавоб беради!!

Бу жуда кўп мусулмонларга маълум бўлган воқеликдир. Хонасида (офисида) ё дўконида ўтириб, азонни эшитади-ю, худди унга тааллуқи йўқдек, худди эшитмагандек, пинжини бузмай ўтираверади.

Сиз агар: «Эй сингил, ҳижоб фарз», десангиз: «Аввал қаноат ҳосил қилишни истайман», дейди.

Аллоҳ азза ва жалланинг амрларига, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига ўта бепарво қарайди. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган: «Сўнгра (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни (дин) ишидан бир ша­риат (аниқ-равшан йўл) устида (барқарор) қилдик. Бас, сиз (фақат мана шу йўлга) эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!» (Жосия: 18) деган сўзлар у зот воситаларида барча содиқ мўминларга қилинган хитобдир.

Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир оқил шаръий жазолар борасида шариатга таъна қилишдек тубанликдан юксалиши лозим. Зеро, ҳадлар (шаръий жазолар) бандалар ўртасидаги муомалаларга тегишли боблардан бир бобдир, муомалалар эса шариатнинг кенг ва умумий қисмларидан бир қисмдир. Агар шариатдан сўзлайдиган бўлсак, дарҳол оғзимизга урмоқчи бўлишади: «Нима, қўл кесишни истайсизларми?! Зинокорларни тошбўрон қилишга ошиқяпсизларми?! Фалон-фалон ишни қилмоқчимисизлар?!.. Қон тўкишга, жон олишга ташнамисизлар?!!»..

Йўқ!! Мутлақо ундай эмас!! Бир нарсани яхши тушуниб олиш лозимки, шаръий жазоларни қўллашнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари, шартлари мавжуд. Бир бурда нон илинжида ўғирликка қўл урган кишининг қўлини кесиш ва уни талафот ва ҳалокатга дучор этиш ақлсизлик бўлади..

Биз динни яхши англаб олишимиз керак.. Ислом адолат ва инсоф динидир. Ислом башарият учун ҳамма замон ва маконларда яроқли диндир. Зеро, у Аллоҳнинг динидир.

 Инсонлар томонидан чиқарилган қонунлар замон ва маконга маҳдуддир. Чунки, уларни ишлаб чиққан инсон ўз замонига ва ўзи яшаб турган маконга маҳкум, инсоний заифлигига қарам, шаҳватларига қарам, нафс-ҳавосига қарам. Инсоннинг қонуни ўзи яшаб турган ўриндан бошқа жойни назарда тутмайди, ўзи яшаб турган замондан ташқарига чиқолмайди. Шу боис унинг чиқарган қонуни қосир ва ноқис бўлиб қолаверади. Аммо, Ўзи яратган халқини жуда яхши билувчи Буюк Яратувчи томонидан чиқарилган қонун ҳақиқий мукаммал қонун бўлади. Шундоқ экан, нега энди инсоннинг яратувчиси томонидан тузиб берилган, унинг саодати учун хизмат қилувчи қонунларга эътиборсиз қараш керак?!!

«Сўнгра (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни (дин) ишидан бир ша­риат (аниқ-равшан йўл) устида (барқарор) қилдик. Бас, сиз (фақат мана шу йўлга) эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!» (Жосия: 18).

Ҳақиқий, содиқ мўмин ушбу амри илоҳийни эшитгач дарҳол унга бўйсунади, зеро унинг шиори «эшитдик ва бўйсундик»дир.

Тавҳидга буюрилса, «эшитдик ва бўйсундик» дейди.

Намозга буюрилса, «эшитдик ва бўйсундик», дейди.

Ҳижобга буюрилса, «эшитдик ва бўйсундик», дейди.

Аллоҳ йўлида мол сарфлашга буюрилса, «эшитдик ва бўйсундик», дейди.

Аллоҳнинг барча буйруқлари ва барча қайтариқларига нисбатан унинг жавоби: «эшитдик ва бўйсундик» бўлади:

«Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида, мўминларнинг сўзи «эшитдик ва бўйсундик», (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топувчилардир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришувчилардир» (Нур: 51, 52).

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!» (Ҳужурот: 1, 2).

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Агар пайғамбарга овозни кўтаришнинг ўзиёқ амалларни бекорга чиқариб юборадиган бўлса, энди ақлини, фикрини, сиёсатини Аллоҳнинг сўзидан ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидан муқаддам қўядиган кимсанинг ҳоли нима бўларкин?!!». 

Мен бунга қўшимча қилиб айтаманки, агар овозни кўтаришнинг ўзи амалларни бекор қилиб юборадиган бўлса, энди Аллоҳнинг шариатини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини қолоқлик ва қосирликка, йигирманчи аср маданиятига мувофиқ келмасликка ва у билан ҳамоҳанг бўлолмасликка нисбат берадиган кишининг ҳоли нима бўларкин?!!

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг тоғутга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) тоғут уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди. Қачон уларга «Аллоҳ нозил қилган Китобга ва пайғамбар ўгитларига келинглар», дейилса, у мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз» (Нисо: 60, 61).

Қуръон ибораси билан айтганда, эшитиб, бўйсунувчи киши мўминдир.. Юз ўгирувчи кимса эса мунофиқдир.

Аллоҳ таолодан сизу бизни мунофиқликдан сақлашини ва барчамизни содиқ мўминлардан қилишини сўрайман, умматни Унинг шариатига чиройли суратда қайтаришини илтижо қиламан.

 

Ғоядан ғофил бўлиш

Муҳтарам ота, ҳурматли оға, азиз фарзанд, фазилатли опа ва сингил!

Бизлар барчамиз уни яхши англаб олишимиз ва у учун яшашимиз, ундан асло ғофил бўлмаслигимиз зарур бўлган бир ғоя-мақсад учун яратилганмиз. Биласизми, у ғоя нимадан иборат?

Аллоҳ таоло айтади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман» (Ваз-зариёт: 56, 57).

Яратилишимиздан бўлган ғоя-мақсад мана, нимадан иборат!!

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади:

«Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги бир энг тақводор инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимга ҳеч нарса зиёда қилмайди.

Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз энг фожир инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимдан бирон нарсани камайтира олмайди.

Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз бир жойга тўпланиб Мендан (ҳожатларини) сўрасалар ва Мен уларнинг ҳар бирига сўраган нарсасини берганимда ҳам, бу Менинг ҳузуримдаги нарсаларни игна денгизга ботирилганда (денгиз сувидан) қанчалик камайтирадиган бўлса, ўшанча миқдорда камайтиради.

Эй бандаларим, мана шу амалларингиз, Мен уларни ҳисоблаб қўяман ва шунга қараб сизларга тўлиқ жазо-мукофот берурман. Ким яхши мукофотни топса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким бошқа нарсани топса, фақат ўзини маломат қилсин!» (Имом Муслим ривояти).

Демак, яратилишимиздан мақсад-ғоя шу экан: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим».

Ибодат намоз, закот, рўза ва ҳажга чекланмайди. Ибодат Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган ҳар қандай зоҳиру ботиндаги сўз ва амалларни ўз ичига олади.

 

Аллоҳ сари шошилингиз

Шошилиш ва чопиш икки хилдир: саодатли зотларнинг шошилиши ва бахтсиз кимсаларнинг шошилиши.

Саодатли кишиларнинг чопиши Аллоҳ сари чопишдир.

Бахтсиз кимсаларнинг чопиши эса Аллоҳдан қочишдир.

Ҳар қандай ҳолда ҳам Ундан ҳаргиз қочиб қутулиш имконсиздир, нажот ва паноҳ фақат Унинг ўзидандир! Қочиб қаерга ҳам борардик?!!

 Аллоҳга қайт эй инсон!

Эй ширк келтирган кимса!

Эй осий банда!

Эй гуноҳи кабираларга қўл уриб юрган шахс!

Эй Лут қавмининг амалига гирифтор бўлиб қолган кимса!

Эй намозни зое қилувчи!

Эй закот беришдан бўйин товловчи!

Эй ота-онасига оқ бўлган кимса! Аллоҳга қайт ва Унинг эшигини қоқ!! Ялиниб, ёлвориб қоқ эшигини, шунда албатта у сенга очилади!

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

«Парвардигорин­гиз томонидан бўлғувси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз! (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик килувчиларни севади. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир» (Оли Имрон: 133-135).

«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).

Парвардигорим, гуноҳларимизни ва ишларимиздаги хатоларимизни мағфират айла, қадамларимизни собит қил ва кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!

Парвардигорим, ушбу муборак жамоатда бўлганлардан ҳеч биримизнинг бирон гуноҳимизни қолдирмай мағфират айлагин, ҳеч бир беморимизни қолдирмай Ўзинг шифо бергин, ҳеч бир қарзни қўймасдан Ўзинг ўтагин, ҳеч бир ғам-қайғуни қўймасдан Ўзинг аритгин, ҳеч бир маййитимизни қўймасдан Ўзинг раҳмат қилгин, ҳеч бир гуноҳкорни қўймасдан Ўзинг қалбини очгин ва ҳидоят қилгин, ҳеч бир тоат-ибодатли бандангни қўймасдан уни ибодатда яна ҳам зиёда ва саботли қилгин!

Парвардигорим, гуноҳларимиз сабабли биздан юз ўгирмагин. Парвардигорим, Ўзинг бизга раҳм эт, Сенгина бизга раҳм қилувчисан! Сендан ўзга маъбудимиз йўқ, Сенгагина дуо қиламиз! Сендан ўзга парвардигоримиз йўқ, фақат Сендан умидвормиз!

Эй ғарқ бўлаётганларни қутқариб қолувчи зот! Эй ҳалок бўлувчиларга нажот берувчи зот! Эй ҳар бир пичирлашни эшитувчи зот! Эй эҳсони буюк зот! Эй яхшиликлари туганмас зот!

Эй Парвардигорим, гуноҳларимизни мағфират қилгин. Парвардигорим, айбларимизни ёпгин. Парвардигорим, қайғуларимизни кетказгин. Парвардигорим, ғамларимизни аритгин!

Парвардигорим, амалларимизни солиҳ амаллар билан хотималантир.

Парвардигорим, дунёни энг катта ғамимиз ва илмимиз билан эришадиган мақсадимиз қилмагин!

Парвардигорим, ҳаётни биз учун барча яхшиликларнинг зиёдаланиши қилгин, ўлимни биз учун барча ёмонликлардан роҳат қилгин!

Парвардигорим, нафсларимизга тақво бергин, уларни поклагин, Сен уларни энг яхши покловчи зотсан, Сен уларнинг эгаси ва хожасисан!

Парвардигорим, модомики тирик эканмиз, қулоқларимиз, кўзларимиз ва куч-қувватимизни бизларга фойдали қилгин, бизга зулм қилганлардан қасосимизни олиб бергин, бизга душманлик қилганлар устидан нусрат ато этгин!

Парвардигорим, Исломга нусрат ато этгин ва мусулмонларни азиз-ғолиб қилгин, Ўз фазлинг билан ҳақ сўзни олий қилгин!

Парвардигорим, раҳбарларимизни фақат Ўзинг яхши кўрадиган ва Ўзинг рози бўладиган ишларга муваффақ этгин!

Парвардигорим, бизларни ўрагин, шарманда қилмагин! Бизларни икром этгин, хор қилмагин! Одамларни фитна-имтиҳонга солишни истасанг, бизларни фитналанмаган ва расво бўлмаган ҳолда Ўз ҳузурингга олгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

 

Севикли биродарим! Бугун сизларга етказмоқчи бўлган сўзларим шулардан иборат эди. Нимаики хато-нуқсон ва унутиш содир бўлган бўлса, у менинг ўзимдан ва шайтондандир, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен сизлар унинг устидан жаннатга юриб ўтадиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган бир кўприк бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ тилайман. Мен сизларга панд-насиҳат қилиб, ўзимни унутиб қўйишдан Аллоҳдан паноҳ тилайман.

Саййидимиз Муҳаммадга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин.

◄◄◄ Бошига қайтиш

 

   Юқорига