Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

Иккинчи хутба

 (давоми)

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

2) Биродар қалбида биродарига нисбатан ғиллу-ғашлик, ҳасад ва адоватни олиб юрмаслиги

Аллоҳ учун севган дўстларим!

Мўмин киши дили пок, кўнгли тоза, қалби саломат, мулойим ҳиссиётли, туйғулари шаффоф бўлади. Тунда уйқуга кетар экан, унинг кўнглида ер юзидаги биронта ҳам мусулмонга нисбатан ғашлик, нафрат ва адоват ёки бирон бир мўминга нисбатан ҳасад бўлмайди.

«Саҳиҳайн»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир-бирингизга нафрат қилмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз бурмангиз, ўзаро биродар бўлинг эй Аллоҳнинг бандалари!».

Гина-адоват ва ҳасад қалбнинг энг хатарли касалликларидан саналади, Аллоҳ сақласин, киши бир биродарини бир неъмат устида кўриб, унга ҳасад қилади, қалбида унга нисбатан ғараз пайдо бўлади. Бу бечора билмайдики, бу иши билан у ризқларни тақсимлаган Аллоҳдан рози бўлмаяпти. Бундай инсон Аллоҳдан қўрқсин ва Аллоҳга тавба қилиб қайтсин, ўша биродарига ато этган Зотдан унга ҳам Ўз фазли-баракотидан ато этишини сўрасин, содиқлар билан бирга уларнинг мана бу сўзларини такрорласин: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).

Улар билан бирга сидқидилдан, соф кўнгил билан бу сўзларни такрорласин. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло улар ҳақларида мана бундай марҳамат қилган: «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир» (Ҳашр: 9).

Имом Аҳмад «Муснад»ида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтирган эдик, у зот: «Ҳозир олдингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб келади», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши кириб келди, соқолидан таҳорат суви томчилаб турар, чап қўлида оёқ кийимини ушлаб олган эди. Эртасига ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айни сўзни айтдилар, яна ҳалиги одам кириб келди. Учинчи куни ҳам худди шу ҳол такрорланди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кетгач, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ҳалиги одамнинг ортидан бориб: «Отам билан айтишиб қолиб, уч кун уйга кирмасликка қасам ичиб қўйгандим. Рухсат берсангиз, уч кунгача сизнинг уйингизда туриб турсам», дебди. Ҳалиги одам хўп деб, изн берибди. Абдуллоҳ ибн Амр бизга сўзлаб беришича, у уч кечани ўша одам билан бирга ўтказиб, унинг таҳажжуд намозига турганини кўрмабди. Фақат у кечасида уйғониб кетиб, уёқ-буёғига ағдарилса, Аллоҳни зикр қилиб, такбир айтиб қўяр экан-да, шу билан бамдод намозига тураркан. Абдуллоҳ айтади: «Лекин, мен унинг фақат яхши сўзлар айтганини эшитдим. Уч кеча ўтиб, мен унинг деярли бирон катта амалини кўрмагач: «Эй Абдуллоҳ! Отам билан ўртамизда ҳеч қандай гап-сўз бўлмаганди. Лекин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уч марта: «Ҳозир олдиларингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб келади», деганларини эшитдим, учала мартасида ҳам сиз кириб келдингиз. Шунинг учун мен сизнинг олдингизда туриб, нима амал қилишингизни кўриб, шу амалингизга эргашсам, деб келган эдим. Бироқ, сизнинг бирон ортиқча амал қилганингизни кўрмадим. Нима нарса сизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган даражага етказган бўлиши мумкин?», дедим. У: «Шу кўрганингиздан бошқа амалим йўқ», деди. Чиқиб кетаётганимда тўхтатиб: «Шу кўрганингиздан бошқа амалим йўқ. Бироқ, мен кўнглимда мусулмонлардан бирон кишига ҳам ғиллу-ғашлик сақламайман, бирон кишига Аллоҳ ато этган яхшиликда ҳечам ҳасад қилмайман», деди. Шунда мен: «Ҳа, сизни шу даражага кўтарган нарса шу экан, бизнинг мана шунга кучимиз етмайди», дедим». (Аҳмад (3/166), Термизий (№3694), Табароний «Ал-кабир»да (110/206), Ҳоким «Мустадрак»да (3/73) ривоят қилганлар, Заҳабий саҳиҳ санаган).

Дилнинг ғиллу-ғашликдан ва ҳасаддан тозалиги бу одамни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу дунёдаёқ жаннатилик билан хушхабар берган ана шундай юқори даражага етишига сабаб бўлди.

3) Қалбнинг ва нафснинг тозалиги

Аллоҳ йўлидаги биродарлик ҳақ-ҳуқуқларидан яна бири шуки, агар биродарингизга молингиз билан фойда етказишга қодир бўлмасангиз, ҳеч бўлмаганда тилингизни ундан тиясиз. Бу иймоннинг энг заиф ҳолатидир. Агар тилимизга эрк берсак, исбот-далилсиз туҳматлар ёғдириб ташлашдан тоймайди. Агар ҳар бир одамга истаган вақтда истаган сўзини айтишига кенг йўл очиб қўйиладиган бўлса, фисқу-фасод, ҳасад ва адоват тарқалади. Зеро, тил инсон жисмидаги энг хатарли аъзо саналади. Аллоҳ таоло айтади: «У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф: 18).

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир» (Нур: 19).

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У кунда қиёматда қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур. Ўша кунда Аллоҳ уларнинг ҳақиқий жазоларини комил қилиб берур ва улар Аллоҳнинг аниқ-ҳақ эканини билурлар» (Нур: 23-25).

Аллоҳдан қўрқинг, тилингизни тийинг. Аллоҳга қасамки, оғзингиздан чиққан ҳар бир сўзни Аллоҳ ҳузуридаги китобда ёзилган ҳолда топасиз, Парвардигорим унутмайди ҳам, адашмайди ҳам.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлса, ё яхши сўзлар сўзласин ё эса жим бўлсин!» (Бухорий (№6138), Муслим (№48) ривоятлари).

«Саҳиҳайн»да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, қай бир кишининг исломи энг афзал?» деб сўрадим. «Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган киши(нинг исломи)» деб жавоб бердилар «Бухорий (№11), Муслим (№42) ривоятлари).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Банда ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳнинг розилиги бўлган бир сўзни гапиради ва Аллоҳ уни шу сабабли жаннатда юксалтиради. Банда ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳнинг ғазаби келадиган бир сўзни гапиради ва шу сабабли у жаҳаннамга тушади»  (Бухорий (№6478), Муслим (№2988) ривоятлари).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рибо (судхўрлик) етмиш икки боб (даража) бўлиб, энг пасти киши ўз онаси билан зино қилганидекдир, киши биродарининг обрў-номусига зўрлик қилиши (тил теккизиши) рибонинг энг каттасидир» (Табароний «Ал-авсат»да (1/143) ривоят қилган, Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (№1871) саҳиҳ санаган).

Ушбу мавзуда келтираётганим ҳадисларни юракни пора-пора қилиб ташлайдиган мана бу ҳадис билан якунлайман: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мўмин ҳақида ноҳақ гап гапирса, то айтган гапидан қуту (лтирадиган ҳужжатни олиб ке)лмагунча (жаҳаннам аҳлидан чиққан) қон-йиринг балчиғида сақланади» (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 437).

Аллоҳга қасамки, агар қалбимизда заррача иймон бўлса, ушбу ҳадисларни эшитгач, инсон бир калима гап айтишдан олдин тилини мингта юган билан юганлаб олган бўларди!! Бир калима сўз айтишдан олдин минг бор ўйлаб олган бўларди!!

4)  Имкон қадар дунёвий эҳтиёжларини ўташга ёрдам бериш

Нубувват чашмасидан отилиб чиққан қуйидаги ҳадисга қулоқ тутинг: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларнинг Аллоҳга суюмлироғи (одамларга) нафи кўпроқ тегадиганидир. Амалларнинг Аллоҳга суюмлироғи бир мусулмоннинг дилига шодлик киритишингиз ё ундан бир ғам-ташвишни аритишингиз ё қарзини ўтаб қўйишингиз ё очлигини бартараф қилишингиздир. Мусулмон биродарим билан бирга бирон ҳожати учун юришим мен учун бир ой масжидда эътикоф ўтиришимдан яхшидир. Ким ғазабини тийса, Аллоҳ унинг айбини ёпади. Ким ғазабини сочишга қодир бўла туриб аччиғини ичга ютса, Аллоҳ қиёмат куни унинг қалбини розилик билан тўлдиради. Ким мусулмон биродари билан бирга юриб, унинг бир ҳожатини раво қилса, Аллоҳ таоло қадамлар тойиладиган кунда унинг қадамини собит қилади. Ёмон хулқ амални худди сирка асални бузганидек бузади» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 176).

Агар дунё ишларидан бирор ишда ёрдам беришга қодир бўлса, бахиллик қилмай ёрдам бериши мусулмоннинг мусулмон биродари устидаги ҳақларидандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мусулмондан дунё ғамларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан охират ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган одамга енгиллик яратиб берса, Аллоҳ дунёю охиратда унга енгиллиқ яратиб беради. Ким бир мусулмоннинг (камчилигини) ёпса, Аллоҳ дунёю охиратда унинг (айбини) ёпади. Банда модомики, биродарига ёрдам бериш пайида экан, у Аллоҳнинг ёрдамида бўлади» (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ривоятлари).

Эй мусулмон биродар! Эй Аллоҳ таоло мансаб ё обрў ато этган инсон! Агар қўлингиздан келса, мусулмон биродарингизга ёрдам беринг, бахиллик қилманг. Бунинг муқобилида, мусулмонлар ҳам биродарларидан қўлларидан келмайдиган нарсани сўраб, қийнамасликлари керак бўлади.

Биродар биродарига қуйидаги сўзларни айтиши нақадар гўзал бўлади: «Мен Аллоҳдан сизни яхшилик калити қилишини сўрайман, сизга мана бундай ҳожатим бор, агар раво қилолсангиз, Аллоҳга ҳамд айтаман ва сизга миннатдорчилик изҳор этаман. Агар раво қилиш қўлингиздан келмаса, Аллоҳга ҳамд айтаман ва сизни маъзур тутаман». Мана шу ҳақиқий биродарлик бўлади.

5) Чин дилдан ва омонатдорлик билан насиҳат қилиш

«Саҳиҳ Муслим»да Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дин – насиҳатдир!». «Ким учун ё Расулуллоҳ!», сўрашди саҳобалар. «Аллоҳ, Унинг Китоби, Пайғамбари, мусулмонлар раҳбари ва оммаси учун», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Насиҳат қилувчи насиҳатнинг шаръий қонун-қоидаларини яхши билган бўлиши лозим бўлади.

Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Ким биродарига одамлар ичида насиҳат қилса, уни шарманда қилибди. Ким биродарига ёлғиз ҳолида насиҳат қилса, уни (айбини) яширибди ва зийнатлабди».

Содиқ насиҳатгўй кўнгли юмшоқ, дили тоза, нияти холис киши бўлиб, биродарига ўзи учун яхши кўрган нарсани илинади. Агар биродарида бирон айбни кўрса, унга меҳр-шафқат билан яқинлашади, уни нафақат кийимлари билан, балки бутун вужуди билан ўраб-яширгиси келади, сўнг унга: «Эй Аллоҳ йўлидаги биродарим!» деб мурожаат қилади ва одоб билан, тавозеъ билан насиҳатини баён қилади.

Насиҳат қиларкансиз, биродарингизга ўз муҳаббатингизни, тавозеингизни сездиринг, унга меҳр билан ёндошинг. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида айтиб қўйибди: «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар» (Фатҳ: 29).

Бир киши кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Муборакнинг мажлисида ўтириб, бир мусулмонни ғийбат қилди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак унга: «Эй биродар, сен Румга қарши жанг қилганмисан?!», дедилар. У: «Йўқ», деди. «Форсга қарши жанг қилганмисан?!», дедилар. У: «Йўқ», деди. «Сендан рум ва форс саломат қолибди-ю, бир мусулмон биродаринг саломат қолмабди-да!!», дедилар.

Насиҳат қилинган одам ўзига насиҳат қилган биродарига нисбатан яхши гумон қилиши, ғурури сабаб бўлиб, гуноҳга ботмаслиги, насиҳатни мулойимлик, одоб ва тавозеъ билан қабул қилиши, кейин эса насиҳат қилувчига ташаккур билдириб, унинг ҳаққига ғойибона дуо қилиши лозим.

«Мени айбларимга йўллаб қўйган кишини Аллоҳ раҳмат қилсин» деган кишини Аллоҳ раҳмат қилсин.

6) Ўзаро ёрдам

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингга золим бўлса-да, мазлум бўлса-да, ёрдам бер», дедилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Лекин, айтингчи, золим бўлса қандай унга ёрдам бераман?», деб сўради. «Уни зулмдан тиясан. Шу унга ёрдам беришинг бўлади», дедилар (Имом Бухорий (№6952) ривояти).

Ҳар қандай ҳолатда ҳам биродарингизга ёрдам беринг. Агар золим бўлса, қўлидан ушлаб, зулмдан тийиб қўйинг. Агар мазлум бўлса, қўлингиздан келганича, бир калима сўз билан бўлса ҳам ёрдам беринг. Агар шу ҳам қўлингиздан келмаса, дилингиз билан ёрдам беринг, бу иймоннинг энг заиф ҳолатидир.

7) Мусулмон биродарингизнинг айбини яширишингиз, хатосини кечиришингиз

Бу ҳам энг катта ҳақ-ҳуқуқлардан саналади. Мусулмон биродарингиз ҳам бир инсон, у фаришта ҳам, пайғамбар ҳам эмас. Шундай экан, агар тойилса ва хато қилса, уни яширинг.

Уламолар айтишларича, одамлар икки турли бўлади. Бир турли одамлар инсонлар орасида солиҳлик билан, гуноҳлардан узоқ бўлиш билан машҳурдирлар. Агар улардан биронтаси тойилса, мусулмонлар унинг айбини яширишлари ва бу ҳақда гапириб юрмасликлари лозим бўлади.

Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаган кишилар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар, уларнинг айбларини қидириб юрманглар! Зеро, ким уларнинг айбларини текшириб юрса, Аллоҳ унинг айбини текширади. Аллоҳ кимнинг айбини текширса, уни ўз уйида турган ҳолида ҳам шармандасини чиқаради» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4083).

Аллоҳ таолодан барчаларимизнинг айбимизни чиройли суратда яширишини сўраймиз.

Яна одамлардан бир тури борки, гуноҳлар билан Аллоҳга қарши чиқади, гуноҳни очиқ-ошкор қилаверади, на яратувчидан, на халқлардан уялади. Бундай одам фосиқ ва фожирдир, унинг ғийбати йўқдир.

Учинчи: Биродарлашишга олиб борувчи йўл

Ишонаманки, аслида юқоридаги сўзлардан ушбу йўлнинг қандай бўлиши ойдинлашди. Бироқ, шундай бўлса ҳам, мен бу йўлни қисқача қилиб, икки босқичга бўлиб айтиб ўтаман:

Биринчи босқич: Ушбу диннинг ахлоқларига астойдил қайтиш.

Ахлоқ бор экан, уммат бор. Агар ахлоқ завол топса, уммат ҳам инқирозга юз тутади.

Шундай экан, ёлғиз Ислом динига хос бўлган олий ахлоқларга қайтайлик, шунда Аллоҳ йўлидаги ҳақиқий ва содиқ биродарлик бизга қайтиб келади.

Аллоҳга қасамки, ушбу диннинг ахлоқига ёки бошқа сўз билан айтсак, пайғамбарлар саййиди ахлоқига астойдил қайтмай туриб, на бирликка, на иззатга, на нусратга ва на ғалабага эришиб бўлади! Уммул-муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқларини икки калима сўз билан ифодалаб: «Хулқлари Қуръон эди», деганлар. Ҳа, Аллоҳга қасамки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ер юзида одамлар дунёсида юрган тирик Қуръон эдилар. 

Севикли дўстлар! Аввал ҳам кўп бора айтганимдек, тарбия ва ахлоқ борасида назарий манҳаж (режа, программа) тақдим этиш жуда осон ва жўн иш бўлурди. Аслида, бундай манҳаж бор ва мавжуд, китобларда битиб қўйилган. Лекин, модомики, ушбу манҳаж уммат ҳаётида яна бир бор амалий воқеликка ва ҳаёт манҳажига айланмас экан, ёзилган сиёҳининг қийматига ҳам тенг бўлмай қолаверади. Зеро, бугунги аччиқ ва аламли воқелигимиз билан ушбу мунаввар ва нурафшон манҳаж оралиғида жуда катта жарлик ҳосил бўлган.

Иккинчи босқич: Мусулмонларни мазкур ахлоқларга ҳикмат билан, гўзал панд-насиҳатлар билан чорлашга ҳаракат қилишимиз.

Ушбу назарий ахлоқларни ҳаётимизнинг нурли воқелигига айлантириб олганимиздан кейин энди бу ахлоқларга барча мусулмонларни чорлашга, чорлаганда ҳам ҳикмат билан, чиройли панд-насиҳатлар билан, мулойимлик билан, ширин ва жозибадор сўзлар билан чорлашга ҳаракат қилмоғимиз зарур бўлади. Барча замон ва маконларда ҳам одамларни Аллоҳнинг динига чорлаш мақоми шудир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Раббингизнинг йўли динига ҳикмат (донолик) ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала мунозара қилинг!» (Наҳл: 125).

Аллоҳ таоло айтади: «Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг — таваккал қилинг!» (Оли Имрон: 159).

 

Аллоҳ таолодан қалбларимизни Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ришталари билан мустаҳкам боғлашини, шунинг ортидан яна қайтиб иззатимиз, кароматимиз, сиёдатимизга (раҳбарлигимизга) қайтаришини сўраймиз. У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

◄◄◄ Бошига қайтиш

 

   Юқорига