Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

ففروا إلى الله

Аллоҳ сари қочингиз

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

 

(Давоми)

Учинчи: Илоҳий жазо

Ҳа, бу Аллоҳнинг манҳажи (ҳаёт дастури)дан чиқиб кетган ва фитратга (табиий хилқатга) қарши чиқан ҳар бир киши учун илоҳий жазодир. Сир эмаски, СПИД (иммун тақчиллиги синдроми) деб аталган касаллик бугун кириб бормаган ўлка қолмади, охирги йилларда бу бедаво дард даҳшатли суратда ёйилиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзининг 1986 йил июн ойида Парижда ўтказган мажлисида тақдим этган маълумотга кўра, СПИД вирусини ташувчилар сони 15 000 000 (ўн беш миллион) атрофида бўлган.

Бу 1986 йилдаги маълумот эди. Хўш, нима деб ўйлайсиз, бугун уларнинг сони қанчага етган экан?!

Америка ҳар йили СПИДга қарши 2 000 000 000 (икки миллиард) доллар ажратар экан.

Даҳшатли томони шундаки, бу ҳалокатли дардга даво топиш йўлида миллиардлаб маблағлар саховат билан сарфланишига қарамай, ҳали шу чоққача бу касаллик домига тушган бирон киши унинг чангалидан қутулиб чиқиб кетолмади, модомики унинг тарқалишининг ҳақиқий сабаблари, яъни зинокорлик ва ғайри оддий жинсий алоқа барча кўриниши билан сақланиб қоларкан, ҳақиқий давосига ҳам ҳеч қачон етиб бўлмайди.

Тадқиқот ва таҳлиллар ушбу дардга энг кўп чалинувчилар айни шу тоифага мансуб инсонлар бўлишини таъкидламоқда.

Бугина эмас, ҳали ундан бошқа ҳам кенг тарқалиб бораётган саратон, захм, сифилис каби таносил касалликлари ҳам асосан шу иллат ортидан келиб чиқади.

Ўз ҳавои хоҳишларидан сўзламайдиган зотнинг сўзлари тўғри бўлиб чиқди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қайси бир қавмда фаҳш ёйилиб, улар у билан очиқдан очиқ шуғуллансалар, ораларида ўлат ҳамда ота-боболари даврида бўлмаган бошқа касалликлар тарқалади» (Ибн Можа (№4019), Абу Нуъайм (8/333), Ҳоким (4/540) ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 106).

Парвардигорингиз айтмаганми, ахир: «Ботиб кетаётган юлдузга қасамки, сизларнинг соҳибингиз (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ! Ва у (сизларга келтираётган Қуръон ва Суннатни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон ва Суннат) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Ван-нажм: 1-4).

 

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аммо баъд...

 

Тўртинчи: Аллоҳнинг ғазабидан фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин

Умуман башарият ва хусусан мусулмонлар учун ҳақиқий саодат фақат инсонни яратган ва унинг саодати ва шақовати (бахтсизлиги) нимада эканини яхши билган Зот бўлмиш Аллоҳ азза ва жалланинг манҳажига (яъни инсонлар ҳаёти учун тузиб берган дастурига) қайтиш билангина амалга ошади: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14).

Аллоҳнинг манҳажи инсоннинг табиий истак-хоҳишларга қарши курашмайди, уларни нопок санамайди, балки уларни тартибга солади, тозалайди, ҳайвоний даражадан кўтариб, инсонга инсон сифатида лойиқ бўлган юксак инсоний туйғулар даражасига юксалтиради, эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларни юқори даражадаги, покиза ва олийжаноб туйғулар асосига барпо қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Рум: 21).

Аллоҳнинг манҳажи мусулмон кишига тўғри ва табиий хилқатига мос келувчи покиза ижтимоий муҳитда нафас олиши учун тоза ва пок шароитни яратиб беради.

Аллоҳнинг манҳажи мусулмон жамиятни бадбўй ва жирканч разолат ботқоғига тушишдан асрайдиган кўплаб ҳимоявий кафолатларни белгилаб беради.

Шундан кейингина ушбу кафолатлардан ўз ихтиёри билан воз кечган ҳамда разолат ва фаҳш ботқоғига ботиб ва ерда бузуқлик таратиб юраверишни ихтиёр қилган кимсани жазолайди.

Бу эса бутун инсоният учун, ҳамма жамоалар хотиржам ва хавфсиз яшаши учун зарур бўлган яхшиликнинг чўққисидир.

Ақл мантиқига кўра, агар бир кишининг бир аъзоси саратонга чалинган бўлса ва шифокорлар ўша аъзо кесиб ташланмаса, касаллик бутун танага ёйилиб кетиши ва унинг ҳалокатига сабаб бўлишини айтган бўлсалар, у инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўша касал аъзони кесиб олиб ташлашимиз унга нисбатан раҳм-шафқат саналмайдими, ахир?!

Худди шунга ўхшаш, жамиятнинг бир аъзосини тузатиш имкони бўлмаса, унга таълим-тарбия фойда бермаса, панд-насиҳатни қабул қилмаса, жиноятчилик руҳи бутун вужудига мустаҳкам чирмашиб олган бўлса, номусларни поймол ва ҳурматларни зое қилиб юраверишни истаса, жамоатни унинг ёмонлигидан асраш учун у кимсанинг қўлидан ушлаб қолиш қўполлик ва тошбағирлик бўладими?! Йўқ, аксинча, бундай қилиш унга нисбатан айни раҳм-шафқат бўлади. Аллоҳ азза ва жалла айтганидек: «Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар» (Бақара: 179).

(И з о ҳ. Яъни ҳар қандай киши қасос олинишини ўйлаб ўзини қотиллик қилишдан тияди. Демак, қотилдан қасос олиш ҳукми борлиги сабабли жуда кўп қотил ва мақтул (ўлдирилувчи) бўлиши мумкин бўлган кишиларнинг ҳаёти сақланиб қолади).

Мана шундан келиб чиқиб, Аллоҳнинг манҳажи инсониятнинг обрў-номусини, шарафи ва наслини асраш мақсадида шундай қонунларни келтирди.

Аллоҳ таоло айтади:

«Зинокор аёл ва зинокор эркак — улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг (бу) ҳукмида (яъни зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин! Уларнинг азобланишига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар!

(И з о ҳ. Бу ҳукм бўйдоқ (яъни ҳали турмуш кўрмаган) зинокорларнинг жазосидир. Шунга қўшиб уларни бир йилга бадарға қилинади. Агар турмуш кўрган эркак ва хотинлар зинокорлик қилсалар, уларнинг жазолари тошбўрон қилиб ўлдирилмоқдир. Саҳиҳ суннат шунга далолат қилади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Аслам қабиласилик бир киши келиб, ўзининг зино қилганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтди ва ўзига қарши тўрт марта гувоҳлик берди. Шундан сўнг уни тошбўрон қилдирдилар. У оилали (яъни уйланган) эркак эди. Ушбу ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар, Албоний «Саҳиҳ сунан Аби Довуд»да (№3725) саҳиҳ санаган).

Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор экак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир» (Нур: 2-3).

Лут қавмининг фитрати издан чиқиб кетгани ва пайғамбарлари Лут алайҳиссалом келтирган Аллоҳнинг манҳажига қарши чиқишгани боис Аллоҳ таоло уларни қаттиқ жазолади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Лутни (эсланг). Ўшанда у қавмига айтган эди: «Сизлар кўриб-билиб турган ҳолингизда бузуқлик қилурмисизлар?! Сизлар хотинларингизни қўйиб, шаҳват билан эркакларга яқинлашурмисизлар?! Йўқ, сизлар жоҳил қавмдирсиз!» (Лут) қавмининг жавоби эса фақат «Лутнинг аҳли-тобеъларини қишлоғингиздан (қувиб) чиқарингиз! Дарҳаҳиқат улар жуда «покиза» кишилардир», дейишлари бўлди. Сўнг Биз (Лутга) ва унинг аҳли-тобеъларига нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки) Биз уни қолиб ҳалок бўлувчилардан бўлишини тақдир қилиб — белгилаб қўйдик. Ва уларнинг устига бир ёмғир (яъни тош) ёғдирдик. Бас (азобдан) огоҳлантирилувчилар ёмғири нақадар ёмон бўлди!» (Намл: 54-58).

Аллоҳ таоло улар ҳақида айтди:

«Биз у шаҳарни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан бўлган тош ёғдирдик» (Ҳижр: 74).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимни Лут қавми амалини қилаётганини кўрсангизлар, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринглар!» (Саҳиҳул-жомиъ (№6589), Абу Довуд (№4462), Термизий (№1456), Ибн Можа (№2561) ва бошқалар ривояти).

Шундай экан, эй азизлар, барчамиз Аллоҳнинг манҳажига қийтишимиз даври келди! Худосиз шарқнинг манҳажига ҳам, кофир ғарбнинг манҳажига ҳам қўл силташ пайти етди!

Чунки, Аллоҳнинг манҳажига қайтишсиз дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга эришиб бўлмайди. Бас, етар қаттол дашту-биёбонларда дарбадар кезишлар, қоронғи зулматларда тентираб юришлар!.

Мана, Ислом бутун башариятни ҳар қандай дарду иллатлардан халос этишини эълон қилиб турибди. Зеро, башарий ҳаёт Аллоҳнинг махлуқидир, унинг фитрати қулфларини ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи тавсия қилган калитлар билангина очиш мумкин.

Сўзим охирида Фиръавн оиласидан бўлган мўминнинг сўзларини айтаманки:

«Ҳали (бошларингизга азоб тушганида албатта ҳозир) мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир» (Ғофир: 44).

Эй Парвардигор! Бизларга ўлимдан олдин тавба қилиб қолишни, ўлим пайтида шаҳидлик, ўлимдан сўнг жаннат ва розилигингни насиб этгайсан.

Эй Парвардигор! Ҳаётимиз хотимасини саодатли қилгайсан. Зотан, Сен бунга қодир ва бунинг эгасидирсан.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

2012 йил 18-феврал

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига