Ислом Нури
Китоблар
Тобеинлар ҳаётига чизгилар
Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо
Таржимон: Абу Туроб
Ҳасан Басрий
“Ҳасан Басрий каби инсон уларнинг орасида бўлган қавм қандай ҳам адашсин”.
(Маслама ибн Абдулмалик)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари, онамиз Умму Салама розияллоҳу анҳога, чўрилари Хайра ўғиллик бўлгани ҳақидаги хушхабар келиб, уммул-мўминин розияллоҳу анҳонинг қалбларини қамраб олган шоду ҳуррамлик, нурли чеҳраларида ҳам намоён бўлган эди. Хушхабарни эшитгач, чилласини уйларида ўтказиш учун, она-болани олиб келишга тезда одам жўнатдилар. Чунки Хайра Умму Салама розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида ҳурмат ва эҳтиромга сазовор, қалбдан яхши кўришларини қозона олганидан, янги туғилган чақалоқни кўриш завқи-шавқи онамизда кучли эди. Кўп ўтмай Хайра чақалоғини кўтариб кириб келди. Умму Салама розияллоҳу анҳонинг кўзлари болага тушиши билан, қалбларини унга нисбатан улфатлик ва мамнунлик эгаллаб олди. Чақалоқ ҳам унга қараган одамни ўзига ром қиладиган даражада юз-кўзи чиройли, тўрт мучаси соғ ва ширингина эди. Боланинг онасига юзланиб: “Чақалоғингга исм қўйдингми? деб сўрадилар. Хайра: “Йўқ онажон, ўзингиз хоҳлаган исмни қўясиз деб, сизнинг ихтиёрингизга қолдирдим”. Умму Салама розияллоҳу анҳо: “Аллоҳдан барака тилаб, исмини Ҳасан қўямиз” дедилар ва қўлларини кўтариб гўдакнинг ҳаққига дуо-и хайр қилдилар.
Янги меҳмон хушхабари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг хонадонларига чекланмаган эди. Бу хурсандчиликда уларга Мадинадаги яна бир хонадон аҳли шерик эдилар. Бу хонадон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котиблари Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг хонадони эди. Негаки Зайд ибн Собитнинг ходимлари Ясор Ҳасаннинг отаси эдида. Ясор ҳам улуғ саҳобий хузурларида ҳурматга сазовор, у зотнинг муҳаббатларини қозонган эди. Шундай қилиб кейинчалик Ҳасан Басрий бўлиб танилган Ҳасан ибн Ясор, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонларидан бирида ўсиб улғайиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан бири Умму Салама билан машҳур бўлган, Ҳинд бинт Суҳайлнинг ҳужраларида тарбия топди. Шуни билиб қўйинг, Умму Салама араб аёллари ичидаги ақл, фазл, юксак мартаба ва олижанобликда энг етукларидан ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ичида ҳам илмда ва ҳадис ривоятида, уларнинг энг кўпларидан бири эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уч юз саксон еттита ҳадис ривоят қилганлар. Буларга қўшимча Исломдан аввал ёзишни биладиган камсонли аёллардан бўлганлар. Умму Салама розияллоҳу анҳога насибаси қўшилиб қолган бу чақалоқнинг боғланиши шу билан чекланиб қолмай, балки яна ҳам чуқурроқ кетгандир... Яъни, кўпинча Ҳасаннинг онаси Хайра онамизнинг юмушлари билан ташқарига чиқиб кетганида, чақалоқ қорни очганидан йиғлаб қоларди. Йиғиси зўрайиб кетса, Умму Салама розияллоҳу анҳо болани бағриларига босиб, онаси йўқлигидан гўдакни чалғитиш учун, унга ўз кўкракларини тутар эдилар. Болага бўлган кучли муҳаббатлари туфайли, кўкракларидан сут тўлиб чиқар, бола эмиб, йиғидан тўхтаб тинчланар эди. Ана шу билан Умму Салама розияллоҳу анҳо Ҳасанга икки жиҳатдан она бўлдилар... Бири мўминларнинг онаси сифатида ва яна бири эмизикли она сифатида...
Мўминлар оналарининг ўзаро гўзал ва мустаҳкам алоқада бўлганлари ҳамда уйларининг бир бирига яқин бўлгани, бу бахтли болага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонларининг барчасига кириб юриш ва ушбу хонадон эгаларининг хулқлари билан хулқланиш, тутган йўлларини ушлаш бахтига муяссар қилди. Ҳасан Басрий ўзлари айтганларидек, бу уйларни ўзининг шўхлиги, ҳаракатлари ва ўйинлари билан тўлдириб турар, ҳатто сакраб уйларнинг шифтларига қўлини текказиб ўйнаб юрар эди. Ҳасан нубувват хушбўйликлари билан муаттар бўлган, унинг нури билан жилвираган шундай муҳитда ҳаётгузаронлик қилди. Уммаҳотул мўмининларнинг ҳужралари тўлиб тошган ширин чашмалардан қониқиб симирди. Бундан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг масжиди шарифларида Усмон ибн Аффон, Алий ибн Аби Толиб, Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ ва булардан бошқа улуғ саҳобаларга шогирд бўлиб илм ўрганди, улардан ривоятлар қилди. Буларнинг ичларида мўминларнинг амири Алий ибн Аби Толибга қаттиқ муҳаббат қўйди. Алий розияллоҳу анҳунинг диндаги салобати, ибодатдаги эҳсони ва дунё зебу-зийнатларига зоҳидлиги уни қойил қолдирди... Ёрқин баёнлари, етук ҳикматлари, сермазмун сўзлари ва қалбларни ларзага солувчи панд-насиҳатлари уни ўзига ром этди... Шулардан қаттиқ таъсирлангач, У зотнинг ибодат ва тақводаги хулқлари билан хулқланди... Фасоҳат ва баёндаги йўлларида изма-из юрди... Ҳасаннинг ёши ўн тўртга кириб, катталар сафига қўшилгач, ота-онаси билан Басрага кўчиб ўтиб, шу ерда истиқоматда қолди. Шу сабаб Ҳасан Басрага нисбат берилиб, одамлар орасида Ҳасан Басрий бўлиб танилди.
Ҳасан келган вақтда Басра шаҳри Ислом давлатидаги илм қўрғонларининг энг катталаридан эди. Ундаги катта масжид эса, Басрага келган саҳобалар ва тобеинларнинг улуғлари билан денгиз мисоли тўлқинланиб турар... Турли алвондаги илм ҳалқалари масжиднинг ичи-ю ташини обод қилиб, кўркига кўрк қўшар эди. Ҳасан ҳам масжидни ўзига лозим тутиб, уммати Муҳаммаднинг олими ва обиди Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илм ҳалқаларидан жой олиб, у кишидан тафсир, ҳадис, қироат, фиқҳ, луғат, адаб ва бошқа-бошқа кўп илмларни ҳосил қилди. Кўп ўтмай ўзи ҳам дин ва илмда унга суяниладиган олим ва фуқаҳоларнинг бирига айланди. Одамлар унга юзланиб, унинг тўлиб тошган илм булоғидан қониб-қониб симирадиган, қаттиқ қалбларни эритиб, кўзлардан тирқираб ёшлар оқизадиган ваъз-насиҳатларига жим ўтириб қулоқ тутадиган, ақлларни мафтун этадиган ҳикматларини ёд олиб, тадаббур қиладиган, мушки амбардан хушбўйроқ ахлоқини ўзларига ўрнак қилиб оладиган бўлдилар. Ҳасан Басрийнинг хабари атроф шаҳарларга ва одамлар орасида тез ёйилиб кетди... Халифа ва амирлар қизиқиб у ҳақда сўраб суриштирадиган, хабардор бўлишга интиладиган бўлдилар. Холид ибн Сафвон ҳикоя қилади: “Ҳийрада (Ироқдаги қадимий шаҳар) Маслама ибн Абдулмаликни (Умавийларнинг амири ва лашкарбоши) учратиб қолдим. У менга: “Эй Холид, Ҳасан Басрий ҳақида менга гапириб бер, уни сендан кўра яхши биладиган киши йўқ бўлса керак деб ўйлайман” деди. Мен: “Амиримизни Аллоҳ саломат қилсин... Дарҳақиқат мен Ҳасан Басрий ҳақида илм билан сизга хабар берувчиларнинг энг яхшисидирман, чунки мен биринчидан унинг қўшнисиман, иккинчидан илм мажлисида унинг ҳаммажлисиман ва аҳли Басра ичида уни энг яхши билувчиман” дедим. Маслама: “Билганларингдан айтиб бер” деди. Мен: “Ҳасан Басрий шундай одамки, унинг ичи билан таши, сўзи билан амали бир ҳилдир. Яхшиликка буюрса, ўзи шунга энг амал қилувчи, ёмонликдан қайтарса, ўзи шундан энг қайтувчидир. Одамлардан беҳожат, уларнинг қўлларидаги нарсалардан ўзини тортгандир ва аксинча одамлар унга муҳтож, ундаги нарсаларга талабгордирлар..., Маслама ибн Абдулмалик: “Бўлди, Эй Холид, бўлди, етарли!! Ҳасан Басрий каби инсон уларнинг орасида бўлган қавм қандай ҳам адашсин?!” деди.
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий Ироқга волий этиб тайинланиб, у ерда зулм қилиб ҳаддидан ошганда, Ҳасан Басрий унга қарши чиқиб, эътироз билдирган, одамларга унинг ёмон ишларини ошкор қилган ва ҳақ сўзни унинг ўзига очиқ айтаолган оз сонли кишилар қаторида бўлдилар. Шулардан: Ҳажжож Басра билан Кўфа оралиғидаги Восит номли шаҳарда, ўзи учун қаср қурдириб, одамлар уни томоша қилиб дилхушлик қилишлари ва барака тилаб дуо қилишлари учун ҳаммани қасрга чорлайди. Одамлар йиғиладиган бундай фурсатни қўлдан чиқармай, ундан унумли фойдаланиб, уларга панд-насиҳат қилиш, дунё зебу-зийнатларига берилмай, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридаги нарсаларга интилиш ва шу каби эслатмаларни баён қилиш умидида Ҳасан Басрий ҳам у ерга борадилар. Етиб боргач, одамлар қасрнинг ҳашамати, кенг ва катталиги, нақшинкор ва ўта зийнатланганига маҳлиё бўлиб қаср атрофида айланиб юришганини кўриб, уларга гапира бошладилар: “Ёмонларнинг ёмони қурдирган бу қасрни кўриб турибмиз, шуни билингларки Фиръавн ҳам бунданда катта ва ҳашаматли қасрларни қурдирган эди... Натижа нима бўлди? Аллоҳ Фиръавнни ҳалок этди, қурдирган қасрларини эса ер билан яксон қилди... Кошкийди Ҳажжож аҳли само уни ёмон кўришини, ердагилар уни мағрурлантириб қўйганини билса эди... Ҳасан Басрий шундай қаттиқ-қаттиқ гапиришда давом этардилар. Тингловчилардан бири Ҳажжож Ҳасан Басрийни жазолашидан ҳадиксираб: “Етар, эй Абу Саид” деганида. Ҳасан Басрий: “Аллоҳ аҳли илмлардан “...одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!”, деб аҳд-паймон олган” деб сўзларида давом этдилар.
Эртаси куни Ҳажжож ғазабдан ёрилиб кетгудек ҳолда ўз қароргоҳига кириб, аъёнларига: “Ҳалокат бўлсин сенларга, нонкўрлар... Басралик бир қул туриб, биз ҳақимизда хоҳлаганини гапирса-ю, уни тийиб қўядиган бирорта одам топилмаса-я... Аллоҳга қасамки, ҳаммангизга унинг қонини ичираман, қўрқоқлар”, деди ва қилич билан зеркунда (қатл қилишда тўшаладиган чарм тўшама) олиб келишни буюрди ва жаллодни чақиртирди. Ҳузурида ҳаммаси ҳозир бўлгач, Ҳасан Басрийни олиб келиш учун одамларини жўнатди.
Оз ўтмай Ҳасан Басрийни олиб келдилар. Кўзлар Ҳасан Басрийга қадалди, юраклар дукуллаб ура бошлади. Ҳасан Басрий қилич, зеркунда ва жаллодни кўргач, лабларини қимирлатиб қўйдилар... Сўнг Ҳажжожга юзландилар ва у кишида мўминнинг улуғворлиги, мусулмоннинг азизлиги ва Аллоҳ йўлига чақирувчи даъватчининг виқори намоён эди. Ҳасан Басрийни ана шундай ҳолатда кўрган Ҳажжож ҳайбатланиб: “Хуш келибсиз, эй Абу Саид, хуш келибсиз... Қани бу ёққа ўтсинлар, деб илтифот кўрсатиб ҳатто ўз тахтига ўтқазгунича ... бу ерга ўтсинлар, деб турган Ҳажжожни кўрган аъёнлар ажабландилар. Ҳажжож тахтда ўтирган Ҳасан Басрийга юзланиб диний масъалалар ҳақида сўрай бошлади. Ҳасан Басрий ҳар бир саволга ҳайиқмай, чиройли баён ва кенг илм билан жавоб берардилар. Шунда Ҳажжож: “Сиз уламоларнинг саййидирсиз, эй Абу Саид” деди ва қимматбаҳо хушбўйлик келтириб, у билан Ҳасан Басрийнинг соқолларини хушбўйлатиб кузатиб қўйди. Ҳасан Басрий қароргохдан чиқиб кетгач, Ҳажжожнинг дарбони (эшик қоровули) чопиб келиб: “Эй Абу Саид, аслида Ҳажжож сизни бошқа мақсадда чақиртирган эди. Сиз кирганингизда, қилич, зеркунда ва жаллодни кўриб, лабингизни қимирлатиб пичирлаганингизни кўрдим, менга айтинг!! Шунда нима дедингиз?. Ҳасан Басрий: “Эй неъматларимнинг Хожаси ва ғам-аламда менга бошпана бўлувчи Зот, Сен оловни Иброҳим алайҳис-салом учун совуқ ва омонлик қилганинг каби, бунинг ҳам қаҳр-ғазабини мен учун совуқ ва омонликка айлантиргин” дедим.
Волийлар ва амирлар билан шунга ўхшаш ҳолатлар Ҳасан Басрийнинг сермазмун ҳаётида кўп содир бўлган. Бу ҳолатлардан у ҳар сафар Аллоҳ тарафидан ҳимояланган, азиз ва ҳокимлар кўз ўнггида янада обрў-эътиборли бўлиб чиқар эди... Мана шулардан: “Зоҳид халифа Умар ибн Абдулазиз оламдан ўтиб, хилофат Язид ибн Абдулмаликка ўтгач у Ироққа Умар ибн Ҳубайра Фазорийни волий этиб тайинлайди. Кейин унинг ҳокимиятини катталаштириб унга Хуросонни ҳам қўшиб беради. Аммо Язид ўзидан аввал ўтган солиҳ халифа изидан кетмай, Ироқдаги волийси Умар ибн Ҳубайрага мактублар жўнатиб, улардаги буйруқларни, гарчи гоҳида ҳақга терс бўлса ҳам сўзсиз ижро қилишга амр қилади. Умар ибн Ҳубайра Ҳасан Басрий ва Шаъбий бўлиб танилган Омир ибн Шураҳбийлни чақиртириб уларга: “Мўминларнинг амири Язид ибн Абдулмаликни Аллоҳ таоло халифа бўлишини ирода этиб, унга итоат қилишни эса мусулмонларга фарз қилган. Биласизки, халифа мени Ироққа, сўнг бунга қўшиб Форсга волий этиб тайинлади. Аммо халифа гоҳида менга шундай амр-фармон мактубларни юборадики, мен ундаги амрларнинг адолатли эканига қалбим таскин топмайди. Мен халифага итоат этиб, унинг бу амрларини бажаришим учун менга диндан бирон ечим топиб бера оласизми”, деб мурожат қилди. Шаъбий халифага илтифот ва волийга енгиллик бўладиган бир сўз айтди. Ҳасан Басрий эса сукут сақлаб ўтирар эди... Умар ибн Ҳубайра Ҳасан Басрийга қараб: “Сиз нима дейсиз, эй Абу Саид?” деди.
Ҳасан Басрий: “Эй ибн Ҳубайра, сиз Язиднинг амрларини бажаришда Аллоҳдан қўрқинг, Аллоҳнинг амрларини бажаришда Язиддан қўрқманг... Шуни билингки, Аллоҳ таоло сизни Язиддан ҳимоя қила олади, аммо Язид сизни Аллоҳдан ҳимоя қила олмайди... Эй ибн Ҳубайра, яқинки осмондан қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган фаришта тушиб, сизни бу ўрнингиздан четлатиб, кенг қасрдан тор қабрга кўчириб қўйса, сиз у ерда Язидни топа олмайсиз, балки Язиднинг Парвардигорига хилоф қилган амалингизни топасиз... Эй ибн Ҳубайра, агар сиз Аллоҳ таоло билан бирга ва Унинг итоатида бўлсангиз, Парвардигори олам сизни Язиднинг озорларидан, бу дунёда ҳам охиратда ҳам сақлайди... Агар сиз Аллоҳга осийлик қилишда Язид билан бирга бўлсангиз, унда Аллоҳ сизни Язидга ташлаб қўяди. Шуни билингки, эй ибн Ҳубайра, Холиқ таолога гуноҳ бўлган ишларда, - ким бўлишидан қатъий назар - махлуқга итоат қилинмайди” деди. Умар ибн Ҳубайра кўз ёшлари соқолини ҳўл қилгудек даражада йиғлади. Сўнг Шаъбийдан кўра Ҳасан Басрийга мойиллик кўрсатиб, уни кўпроқ иззат-икром билан сийлаб кузатиб қўйди. Икковлари волийнинг ҳузуридан чиқишиб, масжид тараф юра бошлаганларида, атрофларига одамлаб йиғилиб, волий билан бўлган суҳбат ҳақида сўрадилар. Шаъбий одамларга юзланиб: “Эй одамлар, ичларингизда кимда ким ҳар қандай ўринда ҳам Аллоҳ таолони махлуқотларидан ортиқ қўя олса шуни қилсин! Аллоҳга қасамки, Ҳасан Басрий волийга айтган сўзларни мен ҳам билар эдим, лекин мен ўз сўзим билан волийни риоя қилган бўлсам, Ҳасан Басрий эса Аллоҳнинг риоясини қилиб сўз сўзлади... Натижада Аллоҳ мени волийнинг назаридан узоқлатди, Ҳасан Басрийни эса волийга яқин ва маҳбуб қилди”, деди.
Ҳасан Басрий саксон йилга яқин умр кечириб, бу йиллар асносида дунёни илм, ҳикмат ва маърифат билан тўлдирдилар. Келажак авлодга қолдирган бебаҳо мерослари – асрлар оша қалбларга улфат бўлиб қолган, қалбларни титратиб, таъсирлантирадиган, кўзлардан шашқатор ёшлар оқизадиган, адашганларни Аллоҳга йўллайдиган, бепарво-ғофилларни эса дунёнинг ҳақиқати ва ундаги одамларнинг ҳоли билан огоҳ қиладиган ваъз-насиҳатларидир. Дунё ва унинг ҳоли ҳақида сўраган сўровчига айтган сўзлари, шулардан бир намунадир: “Дунё ва охират ҳақида мендан сўрайдиган бўлсанг, сенга шуни айтаман. Дунё билан охиратнинг мисоли, машриқ билан мағрибга ўхшайди... Қачон уларнинг бирига яқинлашсанг, бошқасидан узоқлашасан. Менга бу дунёни сифатлаб беринг дейсан!!... Аввали офат-бало, охири йўқлик-фано бўлган дунёнинг нимасини сенга сифатлай... Ҳалолига ҳисоб қилинса, ҳаромига азобга қолинса... Бойиганлар мафтун бўлса, камбағаллар маҳзун қолса...”.
Яна ўзи ва одамлар ҳоли ҳақида сўраган кишига айтган ушбу сўзлари: “Ҳолимизга вой бўлсин, ўзимиз учун нима қилдик?!!... Динимизни оздириб, дунёйимизни семиртирдик... Ахлоқимизни эскиртиб, буюм ва либосларимизни янгиладик... Биримиз чап ёнига ястаниб, бировнинг молини ейдиган бўлди... Таоми зўрлик билан тортиб олинган... Хизматчини ҳақсиз ишлатган... Нордондан сўнг ширинни, совуқдан сўнг иссиқни, қуруғидан сўнг ҳўлини талаб қилган... Ҳатто тўйиб кетганидан товуш чиқариб кекиради, сўнг ҳазми таом талаб қилиб, овқатини ҳазм қилмоқчи бўлади... Эй аҳмоқ, сен овқатни эмас дийнингни ҳазм қилмоқдасан...
— Муҳтож қўшнинг қаерда қолди?
— Қорни оч етим қариндошинг қаерда?
— Сенга кўз тикиб турган мискин-бечорачи?
— Аллоҳ таолони сенга буюрган амрлари қаерда қолди.
— Қаерда?!
— Кошкийди сен сонлардан иборат эканингни, ҳар кун ўтганида бир сонга камайиб боришингни билсанг эди”.
Бир юз ўнинчи ҳижрий йил, Ражаб ойининг аввали жума кечасида, Ҳасан Басрий Парвардигорининг чақириғига лаббай деб ижобат қилди... Тонг отиб, одамлар орасида унинг вафоти ҳақидаги хабар тарқаганида, Басра ларзага тушди. Уни ювиб, кафанлаб, ҳаётининг аксарини олим, муаллим ва даъватчи бўлиб ўтказган ўша катта масжидда жума намозидан сўнг жанозалари ўқилиб, дафн қилишга олиб кетдилар... Ҳамма одамлар жанозага эргашиб кетдилар, ҳатто ўша куни Басранинг жомеъсида аср намози ўқилмади, чунки намоз ўқийдиган биронта одам ҳам қолмаган эди... Мана шу кун, Ҳасан Басрий Парвардигорининг ҳузурига кўчган кундан бошқа бирон кун ҳам Басра жомеъсида, намоз ўқилмай қолганини одамлар билмайдилар...