Ислом Нури

 

Китоблар 

 

 

Тобеинлар ҳаётига чизгилар

Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо

Таржимон: Абу Туроб

Ато ибн Аби Рабоҳ

Илм билан Аллоҳнинг Юзини ирода қилган ушбу уч кишидан бошқа бировни кўрмадим, улар: Ато..., Товус... ва Мужоҳид”. (Салама ибн Куҳайл)

Биз ҳозир ҳижратнинг тўқсон еттинчи йили, Зул-ҳижжа ойидамиз. Рўпарамизда “Эски уй” аталмиш “Каъбатуллоҳ”... У ҳар тарафдан келган зиёратчилар билан тўлиб тошган. Улар  пиёда-ю уловда, ёшу қари, эркагу аёл, оқ танлигу қора танлик, арабу ажам, шоҳу гадо... барчалари инсонларнинг Подшоҳи ҳузурига, Ундан қўрқиб ва умид қилиб, чақириғига лаббай, деб узоқ яқиндан келганлар.

 Мана бу эса мусулмонларнинг халифаси Сулаймон ибн Абдулмалик дунё подшоҳларининг буюкларидан бири, қўл остидагилари билан бир хил, бош кийимсиз, яланг оёқ, эгнида сурпдан бўлган ридо ва изордан иборат икки либосидан бошқа кийими йўқ ҳолда Байтуллоҳни тавоф қилмоқда. Ёнида тўлин ойдек кўркам, келишган, атиргулдек хушрўй, хушбўй икки ўғли ҳамроҳ. Тавофни тугатгач ёрдамчиларидан бирига қараб: “Соҳибингиз қаердалар?” деди. У: “Намоз ўқияптилар” деб, Масжид ул-Ҳаромнинг ғарб тарафига ишора қилди. Халифа икки ўғли билан ишора қилинган тарафга юра бошлаган эди, унинг хос қўриқчилари халифага йўлни очиб, тиқилинч машаққатидан уни халос қилишга кириша бошлашди, Халифа уларни қайтариб: “ Бу ўрин шоҳу гадо баробар бўладиган ердир... Бунда ҳеч ким ҳеч кимдан ортиқ эмас... Фақат муттақинлар ва амали қабул бўлганларгина ортиқдирлар... Кўпинча Аллоҳнинг ҳузурига сочи тўзиган, уст-боши чанг босган ҳолда келган оддий одамдан, подшоҳлардан қабул қилинмаган амаллар қабул қилинади”, деди ва излаган кишиси тарафга йўл олди. У одам ҳали ҳам намозда қоим, рукуъ ва саждаларда ғарқ эди. Одамлар у кишининг орқа тарафида ва ўнгу чапида кутиб ўтиришарди. Халифа ҳам қаторга келиб ўтирди ва икки ўғлини ҳам ёнига ўтқазди. Қурайшлик бу икки йигит, Мўъминларнинг амири излаган ва оддий халқ билан бир қаторда унинг намоздан фориғ бўлишини кутиб ўтирган мана бу кишига разм сола бошлашди. Қарасалар у қора юзли, жингалак сочли ва ясси бурун бир “ҳабаший” қария экан. Ўтирганида  узоқдан қора қарғага ўхшаб кўринар эди. У намоздан фориғ бўлгач Халифа ўтирган тарафга қараб ўгирилди. Сулаймон ибн Абдулмалик унга салом берди ва ҳаж амаллари ҳақида сўрай бошлади. У саломга алик олгач, ҳар бир сўралган масъалага бирма-бир, тўлиқ, бирон қўшимча қилишга ўрин қолдирмай, сўзига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан далиллар келтириб жавоб берди. Саволларига жавоб олгач, Халифа миннатдорлик билдириб ўғиллари билан Сафо сари йўл олди. Кета туриб жарчиларнинг: “Эй мусулмонлар, бу ерда Ато ибн Аби Рабоҳ, у киши бўлмасалар Абдуллоҳ ибн Аби Нажиҳдан бошқа ҳеч ким одамларга фатво бермасин” деган нидосини эшитган ўғиллардан бири отасига: “ Қандай энди бу жарчилар Ато ибн Аби Рабоҳ ва унинг биродаридан бошқа ҳеч ким фатво бермасин деб буюришади ва биз эса Халифага катта аҳамият кўрсатмаган ва уни етарлича улуғламаган бояги кишидан фатво сўрадик” деди. Сулаймон ибн Абдулмалик ўғлига: “Эй ўғлим, сен кўрган ва биз унинг олдида ўзимизни хор тутганимиз ўша киши, Масжид ул-Ҳаромдаги фатво соҳиби, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг бу улуғ мансабдаги меросхўри Ато ибн Аби Рабоҳ бўладилар” деди. Сўнг сўзида давом этиб: “Эй ўғилларим, илм ўрганинглар! Илм билан паст даражали одам юқори даражаларга эришади, ҳеч ким танимаган киши эса машҳурликга етади, қуллар шоҳлар мартабасига кўтарилади”.

Ўғилларига айтган сўзида Сулаймон ибн Абдулмалик муболаға қилмаган эди. Дарҳақиқат Ато ибн Аби Рабоҳ ёшлигида Маккалик бир аёлнинг қули эди. Лекин шундай бўлсада Аллоҳ таоло Ўз лутфи карами ила “ҳабаший” бу болага ёшлик чоғиданоқ қадамини илм йўлида босиш неъматини ато қилди. Ато вақтини уч қисмга тақсимлаган эди: Бир қисмини Маккалик аёл хожасига ажратган, унда унинг хаққини мукаммал адо этиб, унга чиройли хизмат қилар эди. Бир қисмини эса Парвардигорига ажратиб, унда Аллоҳ азза ва жаллага холис ибодат қилиш билан машғул бўларди. Яна бир қисмини илм талабига ажратган эди. Бунда у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт бўлган саҳобаларига боғланиб, уларнинг соф илм булоқларидан қониб-қониб симирар эди. У илмни Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва бошқа саҳобаи киромлардан – барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин – таҳсил олиб, қалбини илм, фиқҳ ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бўлган ривоят билан тўлдирди.

Маккалик хожаси ғуломи ўз жонини Аллоҳнинг йўлига тиккани ва ҳаётини илм талабига бахшида этганини кўргач, шояд Аллоҳ бу бола билан Ислом ва мусулмонларга манфаат етказар деган умидда, ўз ҳаққидан воз кечиб, Аллоҳ йўлида ғуломини озод қилиб юборди. Ана шу кундан бошлаб Ато ибн Аби Рабоҳ Байтул-Ҳаромни, ўзи учун тунайдиган макон, таълим оладиган мадраса, тақво ва тоат билан Аллоҳга яқин бўладиган намозгоҳ қилиб олди. Тарихшунослар айтадилар: “Масжидул-Ҳаром  Ато ибн Аби Рабоҳга 20 йил мобайнида турар жой бўлди”.

Дарҳақиқат улуғ тобеин Ато ибн Аби Рабоҳ илмда энг юқори манзилатга етиб, ўз асрининг оз кишиларгина эришган мартабага кўтарилди. Ривоят қилинишича Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Умра қилгани Маккага келганларида, одамлар савол ва фатволар сўраб ҳузурларига келишди, шунда улуғ саҳоба: “Эй аҳли Макка, мен сизларга ҳайронман, орангизда Ато ибн Аби Рабоҳдек киши бўла туриб, саволингизни менга тўплаб ўтирибсизми? деган эканлар, розияллоҳу анҳумо.

Дин ва илмдаги бундай даражага Ато ибн Аби Рабоҳ икки хислат билан эришди: Биринчи хислат: у нафсига ҳоким бўла олди. Фойдасиз нарсалардан лаззатланиш учун нафсига йўл қўймади. Иккинчи хислат: у вақтига ҳоким бўла олди. Ортиқча гап-сўз ва ишларга вақтини кетказмади. Муҳаммад ибн Суқа ўзининг зиёратига келган бир жамоатга қуйидагиларни айтиб берган: “Худди менга фойда берганидек, шояд сизларга ҳам фойда берадиган бир сўзни айтиб берайми?  Улар: “Айтиб беринг” дедилар. Шунда у: “Кунларнинг бирида Ато ибн Аби Рабоҳ менга насиҳат қилиб шундай деди: “Эй жиян, бизлардан аввалгилар ортиқча гап-сўзларни ёмон кўришар эди”. Мен дедим: “Уларнинг наздидаги ортиқча сўзлар нималардан иборат эди?”. У: “ Улар Аллоҳ азза ва жалланинг Каломини тиловат қилиш ва уни тушуниш, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш ва уни фаҳмлаш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш, Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган илм талаб қилиш ва ҳаёт учун зарур бўлган сўзлардан бошқа барча сўзларни ортиқча санардилар”, сўнг менга тикилиб: “ Ҳолбуки шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб турувчи улуғ (фаришта)лар бордир”(оят)ини ва ҳар бирингизда икки фаришта, ”... ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилувчи (ёзиб турувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турарлар. У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур) оятини инкор қиласизми? деди ва “Қиёмат майдонида саҳифалар тарқатилганда, бирортамиз ўз саҳифасидаги сўз-амалларнинг аксари на динига ва на дунёсига тааллуқли бўлмаган сўз-амаллар бўлишидан уялмайдими?” деб, насиҳат қилган эди -роҳимаҳуллоҳ.

Аллоҳ азза ва жалла Ато ибн Аби Рабоҳнинг илмини ҳар турли инсонларга манфаатли қилди:  аҳли илмлар, ҳунармандлар ва бошқа кўпгина инсонлар унинг илмидан фойдаландилар. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ўзлари ҳақида шундай ҳикоя қиладилар: “ Маккада ҳаж амалларини бажариш асносида беш ўринда хато қилган эдим, бир сартарош хатоларимни тузатиб қўйди. Эҳромдан чиқиш учун соч олдиргани сартарошга келиб: “сочимни неча пулга олиб қўясиз” деган эдим, У: “Ҳидоят топгур, ибодатда шартлашилмайди, ўтир, қанча берсанг бераверасан” деди. Хижолат бўлиб ўтирдим, ўтирганда ҳам қиблага орқа қилиб ўтирган эканман, қиблага юзланишимга ишора қилди. Хижолатимга хижолат қўшилиб қиблага юзландим. Устига устак, сочимни қириши учун бошимнинг чап тарафини тутибман. “Ўнг тарафини тут” деди. Ўнг тарафини тутдим. Сочимни қира бошлади. Мен ундан ажабланганимча жим ўтирган эдим. “Нега жим ўтирибсан, такбир айт” деди. Такбир айта бошладим. Сочимни олиб бўлгач, ўрнимдан туриб кетаётган эдим, “Қаерга кетяпсан” деди. Жойлашган жойимга кетяпман, дедим. “Аввал икки ракъат намоз ўқиб ол, кейин қаерга кетсанг кетаверасан” деди. Икки ракъат намоз ўқигач, ўзимга-ўзим: “Бу одам оддий сартарошга ўхшамайди, аҳли илмлардан бўлса керак” дедим-да: “Бу нарсаларни қаердан биласиз?” деб сўрадим. У: “Ато ибн Аби Рабоҳнинг шундай қилганини кўрганман, ундан ўрганиб, одамларни ҳам шунга йўллайман” деди.

Дунё Ато ибн Аби Рабоҳга боқди, аммо у дунёга боқмади, унга парво ҳам қилмади, балки ундан юз ўгирди. Бутун умрини қиймати беш дирҳамдан ошмайдиган либос билан ўтказди. Халифалар уни ўзлари билан бирга бўлиш учун саройга чақиришганда, уларнинг дунёлари сабаб ўзиниг динига путур етиб қолишидан қўрқиб, чақириқларига ижобат қилмади. Фақат мусулмонларга фойда ёки Исломга яхшилик бўладиган бўлсагина халифалар олдига борарди. Усмон ибн Ато ал-Хуросоний ҳикоя қилган воқеа ана шулардан биридир: “Отам билан бирга халифа Ҳишом ибн Абдулмаликнинг ҳузурига кетаётган эдик. Дамашққа етишимизга озгина қолганда қора эшак миниб келаётган бир қарияга рўбарў келдик. Қариянинг энгнида ғализ бир кўйлак, эски тўн ва бошини қоплаб турган эски телпак, эшагининг эгари ҳам ёғочдан қилинган... Мен бундан кулиб, отамга: “Ким бу? ” дедим. Отам: “ Жим бўл! Ахир бу зот Ҳижоз фуқаҳоларининг саййиди Ато ибн Аби Рабоҳ бўладилар,” деди. Қария яқинлашгач, отам ҳачиридан у киши эшагидан тушиб қучоқлашиб кўришдилар, ҳол-аҳвол сўрашгач яна уловларга миниб йўлда давом этдик. Халифанинг қасри эшиги олдига келиб, изн бўлгунча кутиб туриш учун ўтириб улгурмагандилар ҳамки, киришга изн берилди, отам билан қария кириб кетишди. Қайтиб чиқишганида, отамдан нима гаплар бўлганини айтиб беришини сўрадим. Отам деди: “Халифа Ҳишом Ато ибн Аби Рабоҳ киришга изн сўраётганини эшитиб, дарҳол изн берди — Аллоҳга қасамки унинг сабабидангина мен ҳам кира олдим. Халифа Ато ибн Аби Рабоҳга пешвоз чиқиб: “Хуш келибдилар, хуш келибдилар, қани бу ерга марҳамат қилсинлар” деб, ўзининг курсисига ўтқазди ва ўзи ҳам тиззасини унинг тиззасига теккизиб ўтирди. Саройда ҳурматли кишилар гаплашиб ўтиришган экан, ҳаммалари жим бўлиб сукут қилишди. Ҳишом Ато ибн Аби Рабоҳга юзланиб: “ Буюринг, эй Абу Муҳаммад, биздан нима хизмат” деди. Ато ибн Аби Рабоҳ: “Эй мўминларнинг амири, икки Ҳарам аҳли... Аллоҳнинг аҳли ҳамда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшниси. Уларга берилажак улушларини тақсимлаб берсангиз. Халифа: “Ҳўп бўлади... Эй котиб ёз, Макка ва Мадина аҳлининг бир йиллик улушлари берилсин”. Бундан бошқа ҳожатингиз ҳам борми, эй Абу Муҳаммад, буюринг, деди. Ато ибн Аби Рабоҳ: “Ҳа, эй Амирул-мўъминин. Ҳижоз ва Нажд аҳли арабларнинг асли ҳамда Исломнинг етакчилари... Садақотларининг ортиғи ўзларига қайтарилса”. Халифа: “Ҳўп бўлади... Эй котиб ёз, садақотларининг ортиғи ўзларига қайтарилсин! Яна ҳожатингиз борми, эй Абу Муҳаммад, буюринг,” деди. Ато ибн Аби Рабоҳ: “Ҳа бор, эй Мўъминларнинг амири... Чегарада турувчилар душманга биринчи рўбарў келадилар, мусулмоларга ёмонликни қасд қилганларга қарши урушадилар, шунинг учун уларга улушларини мўл қилиб берилса, чунки улар яхши таъминланмасалар, чегара зое бўлади”. Халифа: “Ҳўп бўлади... Эй котиб ёз, чегарада турганларга улушлари мўл қилиб етказилсин!”. Буюринг, эй Абу Муҳаммад, яна ҳожатингиз борми?.  Ато ибн Аби Рабоҳ: “Ҳа, эй Амирул-мўъминин... Зиммийларга тоқатларидан ортиғи юкланмаса, чунки улардан олинадиган жизя душманингизга қарши сизларга ёрдам бўлади”. Халифа: “Ҳўп бўлади... эй котиб ёз, Зиммийларга тоқатларидан ортиғи юкланмасин! Яна хожатингиз борми, эй Абу Муҳаммад, буюринг!” деди. Ато ибн Аби Рабоҳ: “Ҳа бор, эй Мўминларнинг амири”: “Ўз ҳаққингизда Аллоҳдан тақво қилинг! Шуни билинг-ки, сиз ёлғиз яратилганингиздек, ёлғиз вафот этасиз, ёлғиз қайта тириласиз ва ёлғиз ҳисоб қилинасиз. Атрофингиздагиларнинг биронтаси сиз билан бирга бўлмайди”. Ҳишом бу гапларни эшитиб йиғлаб, бошини ҳам қилганча қолди, Ато ибн Аби Рабоҳ туриб чиқиб кетдилар, мен ҳам орқаларидан эргашдим. Эшик олдига яқинлашганимизда, бир киши ҳамён кўтариб келиб: “Амир ул-мўминин буни сизга бериб юбордилар” деди. Ато ибн Аби Рабоҳ: “Ҳайҳот! “ Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир”, деди.

 Аллоҳга қасамки, Ато ибн Аби Рабоҳ Халифанинг олдига кириб, бир қултум сув ҳам ичмай қайтиб чиқди.

Ато ибн Аби Рабоҳ узоқ умр кўрди, ёши юзга етди. Бу узун умрини илм ва амал, яхшилик ва тақво билан тўлдирди. Одамлар қўлидаги нарсалардан беҳожатлик ва Аллоҳ ҳузуридаги нарсаларга умид қилиш билан умрини пок тутди. Ўлим Атони дунё юкларидан енгил, охират озуқасида оғир ҳолда топди. Бунга қўшимча: етмиш марта ҳаж қилган, бу дегани етмиш марта Арафотда туриб, Аллоҳ таолонинг розилиги ва жаннатни сўраб, ҳамда Аллоҳнинг ғазаби ва дўзахдан паноҳ истаб дуо қилган... Аллоҳ уни Ўз раҳматига олсин.

 

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

   Юқорига