Ислом Нури
Китоблар
Қалбга таъсир қиладиган иллатлар
Ушбу бир парча гўшт – юракнинг ишлари ажойиб. Баъзилар қалбни денгизга ўхшатади. Биз денгизнинг юзасинигина кўрамиз, аслида у тамомила ўзгача бир олам. Унинг қаърида олимларни ҳайратга солган турфа жониворлар ва ғаройиб ўсимликлар мавжуд.
Қалб ҳам худди шундай. Фикр юритган одам қалб ҳам ўзига келган ҳолат ва таъсирлар билан ажойиб таъсирланишини, ҳар одамда бу ҳолат ва кўринишлар ҳар хил бўлишини кўради. Бу – зоҳиран митти, аслида улкан қалб олами денгизидан бир томчидир.
Қуръон Карим зикр қилган қалбга таъсир қиладиган иллат ва касалликларнинг баъзилари булардир: ғафлат, кўрлик, адашиш, беқарорлик, қулфланиш, қорайиш, лаҳв, риё, мунофиқлик, ҳасад ва бошқалар...
Субҳоналлоҳ! Наҳотки, буларнинг ҳаммаси шу митти қалбда бўлса! Ҳа, булар хамир учидан патир, холос!
Натижа: қалб мазкур касалликларга чалинса ва инсон уни даф қилишга ҳаракат қилмаса, қалб муҳрланади ва ўлади, қоп-қора қурумга айланади.
Соғлом қалб ҳолатлари ва васфларининг турлари
Қалб иллат ва касалликларга рўбарў бўлгани каби, шунингдек, унга мулойимлик, камтарлик, хушуъ, ихлос, Аллоҳ учун яхши кўриш, тақво, сабот, қўрқув, умид, тавба-тазарру ва бошқа кўплаб мақтовга сазовор сифатларни ўз ичига олган иймоний ҳолатлар ва ибодат мақомлари ҳам ҳосил бўлади.
Натижа: саломатлик, ҳаёт, иймон ва оппоқ қалбли инсон: «Магар Аллоҳ ҳузурига саломат қалб билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуъаро: 89).
Қалблар имтиҳонининг ўрни
Қалбларнинг имтиҳон қилиниш ўринлари талайгина. Биз уларнинг баъзиларигагина қисқача ишора қилиб ўтамиз. Чунки, кўпчилик қалб фақат нафс ҳоҳишлари ва гуноҳлар билангина синалади, деб тасаввур қилади. Аслида, булар қалб синаладиган ўринлардан баъзилари, холос. Аллоҳ таоло айтди: «Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «алдаб» имтиҳон қиламиз» (Анбиё: 35).
Қалблар синаладиган ўринлар
1 - Ибодатлар
Намоз, садақа, рўза, ҳаж ва бошқа ибодатлар синов ва имтиҳон ўрнидир. Ибодатлардаги синов уларни Аллоҳ учун холис қилиш ва одамлар кўзига риё учун қилмасликда бўлади. Аллоҳ таоло айтди: «(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон: 23).
Маҳмуд ибн Лабийддан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: «Яширин ширкдан сақланингиз!». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, яширин ширк нима?», деб сўрадилар. «Киши бировнинг қараб турганини сезгани учун намозини чиройлироқ қилиб ўқийди. Мана шу яширин ширкдир», дедилар. (Ибн Хузайма ва бошқалар бу ҳадисни «саҳиҳ» дедилар).
Ибодатда – уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан келганидек тўла-тўкис адо этиш ва унда тақвони қўлга киритиш учун имтиҳон бордир. Аллоҳ таоло айтди: «...Бироқ Аллоҳга сизлардан тақвогина етади..» (Ҳаж: 37). Бу – шу ўринда содир бўладиган синовнинг озгина кўриниши, холос.
2 – Илм
Илм – қалблар имтиҳони учун сермаҳсул майдондир. Бу имтиҳонда кўплаб инсонлар йиқилдилар. Баъзилар илмни Аллоҳ учун олдилар, бироқ ниятлари бузилиб хуфёна нафс истакларига – раҳбарлик, шон-шуҳрат, манмансираш, ҳамкасб ва тенгдошларни назар-писанд қилмаслик, тортишув, мунозара, рақибларни айблаш ва бошқа ёмон одатларга берилдилар.
Ҳадис шарифда айтилади: «Ким Аллоҳнинг Юзини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, Қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди!» (Абу Довуд: 15/439; ибн Можа: 1/92. Бу ҳадисни имом Термизий ҳасан, деди.)
3 – Даъват
Бу майдон – қалб имтиҳонларининг энг оғир майдони бўлиб, даъватчилар бу синовнинг оғир юкини кўтарган одамлардир. Бошқаларга йўл-йўриқ кўрсатишни яши кўриш, шуҳратпарастлик, ўзини ҳаммадан юқори қўйиш - бу имтиҳон кўринишларидан бўлиб, даъватни даъватчилар бошига бало қилиши мумкин (Аллоҳ сақласин). Даъватдан чекиниш ва уни Аллоҳ рози бўлмаган тарафларга йўналтириш – тузатиб бўлмас касалликлардандир.
4 – Ихтилоф ва тортишув
Бу ҳам шайтоннинг яйлов ва экинзорларидан биридир. Шунинг учун Аллоҳ таоло «Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала - мунозара қилинг!» (Наҳл: 125) дея бизларни баҳс-мунозаранинг чиройли услубига чорлайди. Чунки аввал бошда баҳсга сабаб ҳақнинг ғолиб бўлишини кўзлаш бўлгани ҳолда, пировардида ниятлар бузилиб «мен»нинг ғолиб бўлишига айланиб кетиши мумкин. Касалликнинг манбаи шу ердадир. Аллоҳ таоло айтди: «(Эй мўминлар), сизлар аҳли китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала-мунозара қилинглар» (Анкабут: 46).
Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ихтилофнинг барчаси - ёмонликдир» деган сўзларида тамомила ҳақ эдилар.
5 – Шаҳват-майилликлар
Мен шаҳватларни атайин кейинга қолдирдим. Чунки кўпчилик қалб синовини фақат шаҳват-майилликларга – бойлик, улов, хотинлар, ўғил-қизларга чеклайдилар. Булар ҳам, шубҳасиз, фитна-синовлардан:
«Дарҳақиқат, бойликларингиз ва фарзандларинигиз фитна-имтиҳондир» (Тағобун: 15).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дунё яшнаган ва шириндир. Аллоҳ таоло сизларни унга халифа қилиб қўйди. Бас У сизларнинг қандай ҳаракат қилишингизга қарайди. Дунёдан эҳтиёт бўлинглар! Хотинлардан ҳам эҳтиёт бўлинглар! Чунки Исроил ўғилларининг фитна-имтиҳони аёлларда бўлган эди!» (Имом Муслим Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 4/2098).
Лекин юқоридагилар - қалбга қаттиқроқ таъсир қилувчи, қалб касалликларини қўзғовчироқ ва унинг соғлигини тортиб олувчи фитналардир.
6 – Шубҳа ва фитналар
Бу иккиси ҳам қалб касалликларининг майдони ва кўплаб касалликлар манбаидир. Буни, иншааллоҳ, қуйироқда баён қиламиз.
7 – Раҳбарлик ва мансаблар
Камдан-кам одам саломат қолувчи бу майдонда не-не зотлар ўзгариб кетган, қанчалаб қалбларда ўзаро адоват ва нафрат пайдо бўлган. Ҳасад, қизғаниш, кек, гина-адоват, ва хиёнат каби иллатларнинг манбаи кўпинча шу ўринда бўлган.
8 – Насл-насаб, обрў-эътибор
Бу ҳам, қалб касалликлари ва иллатларининг сермаҳсул еридир. Димоғдорлик, манмансираш, кибр ва бошқа қалб иллатлари шу ерда илдиз отади, куртак чиқаради, мева тугади.
Энди қалблар кўп имтиҳонланадиган иллат ва касалликларни баён қилсак ва бунга киришишдан аввал муҳим эслатмани тақдим этсак.
Муҳим эслатма
Биринчидан: Биродарларимиз бу касаллик ва иллатларни билганларидан сўнг одамларни айблашга ҳаракат қилмасинлар. Бундай қилган киши - имтиҳонда биринчи бўлиб йиқилган кишидир. Чунки қалб амаллари – қалблар Роббисининг қўлидадир. У мунофиқлар ҳақида пайғамбарига шундай хитоб қилади: «Ундай кимсаларнинг дилларидаги нарсани Аллоҳ яхши билади. Бас, сиз уларнинг (кирдикорларига) боқманг ва уларга панд-насиҳат қилиб, ўзлари ҳақида етук сўзларни айтинг!» (Нисо: 63).
Тўғриси шуки, биз бу иллатларни билайлик, қалбимизни тузатайлик ва бу касалликлардан уни ҳимоя қилайлик.
Иккинчидан: Юқорида айтиб ўтганимиздек, инсон бошқалар қалби билан машғул бўлиб, ўз қалбини унутиб қўймасин. Ушбу ибратли қиссадан ўрнак олайлик. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумо айтади: «Бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳурақа деган ерга юбордилар. Биз душман устига тонгда ҳужум қилиб, мағлубиятга учратдик. Мен ва ансорлардан бир киши улардан бирининг ортидан тушиб, энди ўлдирмоқчи бўлганимизда у одам: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб юборди. Шунда ансорий тўхталиб қолди. Мен эса қўлимдаги найзамни санчиб, уни ўлдирдим. Мадинага қайтганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг қилган ишимни эшитиб: «Ҳой Усома, уни «Ла илаҳа илллаллоҳ» деганидан кейин ўлдирдингми?!», дедилар. Мен: «Ё Расулаллоҳ, у ўз жонини сақлаш учун айтган эди, Исломи холис эмас эди», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Ла илаҳа илллаллоҳ» деганидан кейин ўлдирдингми?!», дедилар. У зот шундай деб такрор-такрор айтавердилар, ҳатто мен: «Кошки ана шу кундан аввал Исломни қабул қилмаган бўлсайдим», деб қолдим». Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Чин кўнгилдан айтган-айтмаганини билиш учун қалбини ёриб кўрмабсан-да?!», дедилар.» («Фатҳул-Борий»: 7/517; имом Муслим ҳадис ривоятини батафсил баён қилди: 1/69).
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтди: «Эй мўминлар, қачон Аллоҳ йўлида жиҳод учун сафарга чиқсангиз (душманларингизни) аниқ таниб олинглар ва бу ҳаёти дунёнинг нарсасини истаб, сизларга салом берган кишига: «Сен мўмин эмассан!» деманглар! Зеро, Аллоҳнинг ҳузурида беҳисоб ўлжалар бордир. Илгари сизлар ҳам шундай эдингиз (яъни кофирлар қўл остида мусулмонлигингизни яшириб юришга мажбур эдингиз). Энди Аллоҳ сизларни (Ислом давлатида яшаш неъмати билан) мамнун қилди. Бас, (душманларингизни) аниқ таниб олинглар. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор зотдир» (Нисо: 94).
Бу ишда чуқур кетиш ҳам, унда сустлик қилиш ҳам ярамайди.
Учинчи: бу иллатларни одамларга баён қилайлик, уларга булардан қутулиш йўлларини кўрсатайлик. Чунки одамларнинг кўплари буни билмасдан ғафлатда яшамоқдалар. Қалб касалликларидан қутулишга эътибор беришдан кўра кўпроқ ҳиссий касалликларга эътиборни кучайтирмоқдалар.
Тўртинчи: қалб касалликлари ва қалб бузилишининг анчагина сабаблари бор. Уларнинг энг муҳимлари:
1 – Жаҳолат.
2 – Фитналар.
3 – Шаҳват-майиллик ва гуноҳлар.
4 – Шубҳалар.
5 – Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолиш.
6 – Нафс-ҳаво.
7 – Ёмон дўстлар.
8 – Рибо, пора ва шу каби ҳаром молларни ейиш.
9 – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қараш.
10 – Ғийбат ва чақимчилик.
11 – Дунё ишларига берилиб, уни асосий мақсад қилиб олиш.
Қалб касалликлари
1 – Мунофиқлик.
2 – Риёкорлик.
3 – Шак-шубҳа касаллиги.
4 – Бадгумонлик.
5 – Ҳасад ва ғайирлик.
6 – Кибр, димоғдорлик, бошқаларни мазах қилиш ва таҳқирлаш.
7 – Гина ва адоват.
8 – Ноумидилик.
9 – Нафс-ҳаво ва Аллоҳдан бошқасини сумоқ.
10 – Аллоҳдан бошқасидан қўрқиш.
11 – Васвасага тушиш.
12 – Қалб қорайиши.
13 – Ноҳақлик тарафида бўлиш.
Мунофиқлик
Қалб касалликларининг энг хатарлиси, инсонни ҳалокатга олиб борувчи ва охиратда ёмон оқибатларга дучор қилувчиси – мунофиқликдир. Мунофиқлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида, Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул каби шахсларнинг ўлими билан тугаган деб ўйлаган одам хато қилади! Чунки мунофиқликнинг бугунги кундаги хатари мозийдагидан кам эмас.
Салафи солиҳ мунофиқликдан қаттиқ қўрқар эдилар. Мана, илм, амал ва ихлос жиҳатидан тенгсиз зотлардан саналган улуғ саҳоба – Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан: «Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, айтинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени мунофиқлар сафида санаганмидилар?!», деб сўради. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: «Йўқ, аммо сиздан кейин бошқа бирон кишини оқламайман», деб жавоб берди («Канзул-уммол»: 13/344).
Машҳур тобеинлардан бири Ибн Аби Мулайка раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўттизга яқин асҳобларини кўрдим. Уларнинг барчаси "мен мунофиқлардан эмасмикинман" деб қўрқар эдилар» (Имом Бухорий: 1/109. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтди: «Бу ҳадисни Марвазий «ал-Иймон» китобида узун жумлалар билан, Абу Зуръа эса «Тарих» китобида келтирдилар).
Хўш, биз ҳам ҳозирда ўзларини мунофиқлардан бўлиб қолишдан қўрқадиган ўттиз кишини топа оламизми?! Мунофиқлар сифатлари ҳақида Аллоҳ таоло Қуръон Каримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадис шарифларида зикр қилган нарсалар ҳақида фикр юритиб кўрган одам ишнинг жуда ҳам хавфли эканини очиқ-ойдин ҳис этади. Ҳолбуки, биз одамларнинг мунофиқлар сифати билан сифатланишга бепарво қарашларини, ҳатто ундан хотиржам эканликларини кўрмоқдамиз. Мисол учун, айрим одамлар олимлар ва уларнинг ҳақли ёки ноҳақ хатолари ҳақида кўп гапирадилар. Бироқ шу билан бир қаторда ғарбликларнинг ҳаёт тарзларини, уларнинг ҳукмларини, «тенг ҳуқуқликлари»ни мақтай бошлайдилар ва уларнинг Аллоҳ шариатини тарк қилиш ва Аллоҳ оятларига кофир бўлиш билан бошларига келган бахтиқаролик ва парокандаликка билиб ё билмасдан эътиборсиз бўладилар .
Аллоҳ таоло эса: «Йўқ, Роббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда Сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин Сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).
Бу – баъзи йиғинларнинг суҳбат мавзусига айланиб қолди. Ислом динини ёқтирмаслик, мусулмонлардан нафратланиш ва бошқа ёмон сифатлар билан сифатланиб, мунофиқларга ўхшаб қолишдан ва ундайларнинг сафида юришдан Аллоҳ асрасин!
Риёкорлик
Риёкорлик – яширин, ўта хатарли, амалларни бузишда катта таъсир кўрсатадиган ва камдан-кам одамларгина ундан қутула оладиган касалликдир.
Ҳадис қудсийда Аллоҳ таоло айтди: «Мен (Ўзимга) шерик қилинишидан энг беҳожат бўлган зотман! Ким Менга бошқани шерик қилиб бирон бир амални қилса уни ширки билан ўз ҳолига ташлаб қўяман» (Имом Муслим: 4/2289).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қилаётган ишларини бошқаларга эшиттиришга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни эшиттириб (шармандасини чиқаради), ким амалларини бошқаларга кўрсатишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни (шармандали ҳолда) кўрсатиб қўяди)» (Имом Бухорий: 11/335; имом Муслим: 4/2289).
Аллоҳ таоло мунофиқларнинг сифатларини зикр қилди: «... Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар» (Нисо: 142).
Риёкорлик – зулматли кечадаги қора тош устида турган қора қилдан ҳам ингичкадир! Аллоҳ таоло айтди: «(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон: 23).
Шак ва шубҳа касаллиги
Аллоҳ таоло айтди:
«Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадидар» (Оли Имрон: 7);
«Балки фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ва кўнгилларида шак-шубҳа бўлган кимсаларгина сиздан (қолиш учун) изн сўрайдилар. Чунки улар ўз шубҳаларида иккиланиб юрадилар» (Тавба: 45);
«Қурган биноларининг (бузиб ташланиши) уларнинг кўнгилларида шак-шубҳа бўлиб қолади. Магар юраклари ёрилиб — жонлари чиқиб кетсагина (шак-шубҳа ҳам йўқ бўлар). Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба: 110);
«Уларнинг дилларида мараз борми ёки (Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлигидан) шубҳаландиларми..?» (Нур: 50);
«Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар» (Аҳзоб: 12);
«... китоб берилган кимсалар ҳам, мўминлар ҳам (дўзах қўриқчиларининг саноғи тўғрисида) шак-шубҳа қилмайдилар. Ва токи дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: «Буни мисол қилиш билан (яъни фаришталар саноғини ўн тўққизта қилиш билан) Аллоҳ нима демоқчи?» дейдилар» (Муддассир: 31).
Шак ва шубҳа хатарли касалликлардан бири бўлиб, инсонни расво қилиши ҳамда ширк ва куфр ботқоғига улоқтириши мумкин.
Унинг давоси эса Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан кўп паноҳ тилаш, кўнгилга келган шубҳадан юз ўгириш, уни даф қилишда Аллоҳдан мадад сўраш, Аллоҳ ва расулига бўлган иймонга қайтишга, ҳамда Аллоҳнинг ваҳдонияти ва сифатларини эътироф этишга шошилишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар (уни ким яратди, буни ким яратди, деб) сўрайверадилар. Ҳатто «Аллоҳ махлуқотларни яратибди, Аллоҳни ким яратган?!», деган саволгача етилади. Ким қалбида бундай саволни топса: «Оманту биллаҳи ва росулиҳи» «Аллоҳ ва расулига иймон келтирдим», деб айтсин» (Имом Муслим: 1/119). Бошқа бир ривоятда эса: «Аллоҳдан паноҳ тилаб, (савол беришдан) тўхтасин!», дейилган (Имом Муслим: 1/120).
Бадгумонлик
Аллоҳ ҳақида бадгумон бўлиш – қалбларнинг энг оғир касалликларидан биридир. Унинг хатаридан огоҳлантириш учун бир оз тўхталиб ўтсак.
Одамларнинг баъзилари Аллоҳ ҳақида ёмон гумонда бўладилар. Масалан, Аллоҳнинг мўъмин бандалари ва мужоҳид даъватчиларига берган ваъдаси ва нусрати ҳақида бадгумонда бўладилар.
Баъзилар эса, Аллоҳ таолонинг берадиган ризқи ҳақида бадгумон бўлади-да, одамлар қўлидаги нарсага Аллоҳ ҳузуридаги нарсалардан кўра қаттиқроқ ишонади, «Менинг ризқим давлат, ширкат, ёхуд одамлар қўлидадир» деб ўйлайди ва шунга қараб режаларини қилади. Бироқ Аллоҳга бўлган ишонч ва таваккулни унутади: «Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир» (Ҳуд: 6).
Аллоҳ таоло Ўзи ҳақида бадгумонда бўлган одамларни мазаммат қилиб, уларнинг бу ишларини жоҳилиятдан ҳисоблади: «Бошқа бир тоифа (яъни мунофиқлар) эса Аллоҳ ҳақида нотўғри, динсизларча бадгумон қилиб, ўз жонларининг ғамига тушиб қолдилар» (Оли Имрон: 154);
«.. ва бу дилларингизга чиройли кўриниб, ёмон гумон қилдинглар ҳамда ҳалок бўлгувчи қавм бўлдинглар!» (Фатҳ: 12);
«Ва Роббиларингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди (яъни жаҳаннамга тушишларингизга сабаб бўлди). Бас сизлар зиёнкор кимсаларга айланиб қолдинглар» (Фуссилат: 23);
«Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдинглар» (Аҳзоб: 10);
«Уларнинг кўплари жонли-жонсиз бутларга сиғинишларида фақат гумонга эргашадилар, холос. Гумон эса бирон нарсада ҳақиқатнинг ўрнини босолмайди» (Юнус: 36);
«Ва Аллоҳ ҳақида (У Ўз пайғамбарига ва мўминларга мадад, ғалаба бермайди деб) ёмон гумон қилувчи мунофиқ ва мунофиқаларни ҳамда мушрик ва мушрикаларни азоблаш (учун мўминларни уларга қарши жиҳод қилишга буюрди). Уларнинг устига ҳалокат балоси тушгувчидир» (Фатҳ: 6);
«Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир!» (Ҳужурот: 12).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гумон қилишдан сақланингиз! Чунки гумон – сўзларнинг энг ёлғонидир», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Биз Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлишимиз керак. Чунки Аллоҳ бандасининг Ўзи ҳақида қилган гумони қандай бўлса, шундайдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббиси жалла жалолуҳудан қилган ривоятида шундай дейилган: «(Аллоҳ таоло айтди): «Мен бандамнинг мен ҳақимда қилган гумонидаман. Бас, мен ҳақимда ҳоҳлаганича гумон қилаверсин!» (Абу Довуд ривояти).
◄◄◄Бошига қайтиш