Ислом Нури

 

Китоблар

 

Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар

307 - дарс
Қурбонлик ҳақида

 

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар» (Ҳаж: 37).

 

عَنْ أَنَسٍ قَالَ ضَحَّى النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِكَبْشَيْنِ أَمْلَحَيْنِ أَقْرَنَيْنِ ذَبَحَهُمَا بِيَدِهِ وَسَمَّى وَكَبَّرَ وَوَضَعَ رِجْلَهُ عَلَى صِفَاحِهِمَا  (رواه مسلم)

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оқ-қора рангли шохдор икки қўчқорни қурбонлик қилдилар, «Бисмиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар» деб, уларнинг бўйнига оёқларини қўйиб туриб, ўз қўллари билан сўйдилар (Имом Муслим ривояти).

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاةِ فَإِنَّمَا ذَبَحَ لِنَفْسِهِ وَمَنْ ذَبَحَ بَعْدَ الصَّلاةِ فَقَدْ تَمَّ نُسُكُهُ وَأَصَابَ سُنَّةَ الْمُسْلِمِينَ» (رواه البخاري).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким (ийд) намозидан олдин сўйса, фақат ўзи учун сўйган бўлади (яъни, қурбонликка ўтмайди). Ким намоздан кейин сўйса, қурбонлиги тўлиқ бўлиб, мусулмонларнинг суннатини қилган бўлади» (Имом Бухорий ривояти).

 

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لا تَذْبَحُوا إِلاَّ مُسِنَّةً إِلاَّ أَنْ يَعْسُرَ عَلَيْكُمْ فَتَذْبَحُوا جَذَعَةً مِنْ الضَّأْنِ» (رواه مسلم).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сўйсангиз фақат «мусинна» сўйинглар. Агар бу сизларга оғирлик қилса, унда қўйдан «жазаъ»ни сўйинглар» (Имом Муслим ривояти).

 

Шарҳ:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик сўйишни суннат қилганлар. Қурбонлик ийд намозидан кейин сўйилади, у ушбу кундаги энг асосий ибодатлардан саналади. Қурбонлик қилиш учун танланган қўйнинг бир ёшга тўлган бўлиши шарт. Буни араб тилида "жазаъ" дейдилар. Маълумки, қўй 6 ойда бир ёшга тўлади. Қўйдан бошқа эчки, сигир ва туяларга келсак, уларнинг қурбонликка яроқли бўлиши учун "санийя" бўлиши шарт қилинган. "Санийя" мазкур ҳайвонларнинг ёшини белгилайдиган меъёр бўлиб, у эчкининг тўлиқ бир ёшга кириб, иккига қараб кетганидир. Сигирларда икки ёшга тўлиб учга ўтгани, туяда тўлиқ тўрт ёшга кириб бешинчи йилга ўтгани "санийя" бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Сўйсангиз фақат "мусинна" сўйинглар. Агар бу сизларга оғирлик қилса, унда қўйдан "жазаъ" сўйинглар" ҳадисини шарҳ қилган олимлар "мусинна" деганда чорва ҳайвонларнинг "санийя" си тушунилади, дейдилар.

 

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1- Қурбонликнинг машруълиги;

2- Қурбонлик қилувчи қурбонлигини ўз қўли билан бўғизлаши мустаҳаблиги;

3- Қурбонлик фақат ийд намозидан кейин сўйилади.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ