Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
298 - дарс Куй-қўшиқларнинг ҳаромлиги
Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур» (Луқмон: 6).
عن أَبي مَالِكٍ الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «لَيَكُونَنَّ مِنْ أُمَّتِي أَقْوَامٌ يَسْتَحِلُّونَ الْحِرَ وَالْحَرِيرَ وَالْخَمْرَ وَالْمَعَازِفَ وَلَيَنْزِلَنَّ أَقْوَامٌ إِلَى جَنْبِ عَلَمٍ يَرُوحُ عَلَيْهِمْ بِسَارِحَةٍ لَهُمْ يَأْتِيهِمْ يَعْنِي الْفَقِيرَ لِحَاجَةٍ فَيَقُولُونَ ارْجِعْ إِلَيْنَا غَدًا فَيُبَيِّتُهُمُ اللَّهُ وَيَضَعُ الْعَلَمَ وَيَمْسَخُ آخَرِينَ قِرَدَةً وَخَنَازِيرَ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ» (رواه البخاري).
Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: «Умматим ичида ҳали шундай қавмлар бўладики, улар зинони, ипакни, маст қилувчи ичимликни ва маъозифни (яъни, мусиқа асбобларини) ўзларига ҳалол қилиб олишади. (Ўша) қавмлар бир тоғнинг ёнбағрига келиб тушадилар. Улар олдига уларнинг чорваларини ҳайдаб юрадиган (фақир чўпон) бир ҳожатини сўраб келади. Шунда улар: «Эртага кел», дейишади. Тунда Аллоҳ уларга азобини туширади ва тоғни (улар устига қоплаб) қўяди, қолганларини эса то қиёмат кунигача маймун ва тўнғизларга айлантириб қўяди» (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ:
Куй-қўшиқ ва мусиқаларга қулоқ солиш ҳаром ва мункардир, дилнинг қотиши, касалланиши ва Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсилишига сабабдир. Кўп уламолар Аллоҳ таолонинг юқоридаги оятидаги «беҳуда сўзлар»дан мурод мусиқа ва куй-қўшиқ эканини айтганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қасам ичиб айтаманки, беҳуда сўз – куй-қўшиқдир», деганлар (Тафсиру Ибн Касир). Баъзи уламолар, жумладан Шайх Абдулазиз ибн Боз ўз фатволарида, шайх Нажмий «Танзиҳуш-шариъа» китобида, шайх Солиҳ ал-Фавзон «Ал-иълом бинақди китабил-ҳалал вал-ҳаром» китобида, шайх Абу Бакр ал-Жазоирий «Ал-иълом бианнал-азфа вал-ғина ҳаром» китобида мусиқа жўрлигида айтиладиган қўшиқларнинг ҳаромлигига ижмоъ қилинган эканини айтганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Мусиқа ва куй-қўшиқнинг ҳаромлиги;
2- Ушбу уммат ичидан айримлар уни ҳалол санаб олишлари.