Ислом Нури

 

Китоблар

 

Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар

256 - дарс
Ўлимни эслаш, бироқ уни орзу қилмаслик ҳақида

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَكْثِرُوا ذِكْرَ هَاذِمِ اللَّذَّاتِ يَعْنِي الْمَوْتَ» (أخرجه الترمذي).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Лаззатларни кесувчи (ўлим)ни кўп эсга олинглар!» (Имом Термизий ривояти).

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لا يَتَمَنَّيَنَّ أَحَدُكُمْ الْمَوْتَ مِنْ ضُرٍّ أَصَابَهُ فَإِنْ كَانَ لا بُدَّ فَاعِلاً فَلْيَقُلْ اللَّهُمَّ أَحْيِنِي مَا كَانَتْ الْحَيَاةُ خَيْرًا لِي وَتَوَفَّنِي إِذَا كَانَتْ الْوَفَاةُ خَيْرًا لِي» (متفق عليه).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирон киши ўзига етган қийинчилик туфайли асло ўлимни орзу қилмасин! Агар жуда бўлмаса: «Парвардигор! Агар ҳаёт мен учун яхши бўлса, яшаттиргин, агар ўлим мен учун яхши бўлса, менга ўлим бергин», десин» (Муттафақун алайҳ).

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لا يَتَمَنَّ أَحَدُكُمْ الْمَوْتَ وَلا يَدْعُ بِهِ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَأْتِيَهُ إِنَّهُ إِذَا مَاتَ أَحَدُكُمْ انْقَطَعَ عَمَلُهُ وَإِنَّهُ لا يَزِيدُ الْمُؤْمِنَ عُمْرُهُ إِلاَّ خَيْرًا» (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирон киши ўлимни орзу қилмасин, ўлим келмасидан туриб уни сўраб дуо қилмасин! Чунки сизлардан бирингиз вафот этса, унинг амали тўхтайди, мўмин кишининг умри унга фақат яхшиликни зиёда қилади» (Имом Муслим ривояти).

 

Шарҳ:

Ўлим ва охиратни эсга олиш нафсни ислоҳ қилишда, уни охират учун яхши захира ҳозирлаш ва дунёга меҳр қўймасликка ундашда катта асари бор. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўп эсга олишга тарғиб қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон кишини бошига тушган мусибатлар сабабли ўлимни орзу қилишдан қайтардилар. Чунки инсон ўзи учун яхшилик ўлимидами ё яшашида эканини билмайди. Шунинг учун у Аллоҳдан ўзига яхшилик нимада бўлса ўшани беришини сўрамоғи лозим.

 

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1- Ўлимни кўп эсга олишнинг яхшилиги;

2- Бошга тушган мусибатлар сабабли ўлимни орзу қилиш мумкин эмаслиги.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ