Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
234 - дарс Аллоҳнинг неъматига кофир – нонкўр бўлишдан сақланиш вожиблиги ҳақида
Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас у (қавмдошларига) кибру-ҳаво қилди. Биз унга хазиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоатга ҳам оғирлиқ қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: «Ховлиқмагин, Чунки Аллоҳ ҳовлиқма кимсаларни суймас. Ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират (ободлиги) ни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қил. Ерда (зулму-зўравонлик билан) бузғунчилик килишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас», деганларида. У: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас»), деди. Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва жамғармаси ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Аллоҳ ҳалок қилганини билмасми?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам, (балки улар ҳеч қандай сўроқ-саволсиз дўзахга ташланурлар)! Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: «Эҳ, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу-давлат бўлса эди. Дарҳақиқат у улуғ насиба эгасидир», дедилар. Илм-маъфират ато этилган кишилар эса: «Ўлим бўлсин сизларга! Иймон келтирган ва яхши амал қилган киши учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! У (савобга) фақат сабр-қаноатли кишиларгина эришурлар», дедилар. Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам (ерга) юттирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ёрдам берадиган ўзга бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи хам ғолиблардан бўлмади. Ва куни кеча унинг мартабасини орзу қилган кимсалар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб (Ўзи хоҳлаган бандаларининг ризқини) танг қилиб берар экан-да. Агар Аллоҳ бизларга марҳамат қилмаганида, бизларни ҳам (ерга) юттирган бўлур эди. Воажаб, кофир бўлган кимсалар нажот топмас экан-да», деб қолдилар. Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилувчи кишиларникидир» (Қасас: 76-83).
Шарҳ:
Қорунга Аллоҳ таоло улкан бойлик ва мол-мулк ато этган эди. Лекин, у Аллоҳга шукр қилмади ва Унинг фазлу марҳаматини эътироф этмади. Балки, қўлидаги мол-мулкига фақат ўзининг билими ва куч-қуввати билангина эришганини даъво қилар, бойлиги билан одамларга такаббурлик қиларди. Аллоҳ таоло уни уй-жойлари билан бирга ерга юттириб юбориш билан жазолади. Бу ундан кейинги авлодларга ҳам ибрат бўлмоғи лозим.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Неъматга шукр бажо келтириш лозим, унга нонкўрлик қилиш ярамайди;
2- Мол-дунё билан мағрурланиб қолмаслик керак;
3- Аллоҳнинг неъматларига шукр қилинмаса, у ўз эгасига бало ва азобга айланиши мумкин.