Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
192 - дарс Ёлғон гувоҳлик беришнинг ёмонлиги
Аллоҳ таоло айтади:
«وَاجْتَنِبُوا قَوْلَ الزُّورِ»
«Ёлғон сўздан йироқ бўлингиз!» (Ҳаж: 30).
«وَلاَ تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولـئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْؤُولاً»
«(Эй инсон,) ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)» (Исро: 36).
عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» ثَلاثًا قَالُوا بَلَى يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: «الإِشْرَاكُ بِاللَّهِ وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ - وَجَلَسَ وَكَانَ مُتَّكِئًا – فَقَالَ: أَلا وَقَوْلُ الزُّورِ» قَالَ فَمَا زَالَ يُكَرِّرُهَا حَتَّى قُلْنَا لَيْتَهُ سَكَتَ (متفق عليه).
Абу Бакра (Нуфайъ ибн Ҳорис) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга энг катта гуноҳларни айтиб берайми?» деб уч бор такрорладилар. Биз: «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар, суяниб ётган эдилар, ўтириб олдилар ва: «Огоҳ бўлингиз, ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дедилар. Шундай деб такрорлайвердилар, ҳатто биз: «Кошки сукут қилсалар» деб қолдик (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ:
Ёлғон гувоҳлик бериш – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни огоҳлантирган энг катта гуноҳлар жумласидан. Чунки у бир вақтнинг ўзида энг ёмон иллатлардан бўлмиш ёлғон сўзлаш билан мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини зое қилиш ўртасини жамлайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни гуноҳи кабиралардан санадилар ва саҳобаларни ундан огоҳлантирар эканлар, қаттиқ таъсирландилар, ҳатто саҳобаларнинг у зотга раҳмлари келиб, кошки сукут қилсалар эди, деб қолишди.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Ёлғон гувоҳлик бериш ҳаром;
2- У ўзида ёлғонни ва мусулмонларнинг ҳуқуқларини зое қилишни жамлагани учун энг катта гуноҳлардан саналади.