Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
177 - дарс Мусулмонларнинг камчиликларини яшириш ва уларнинг айбларини қидириб юрмасликка тарғиб
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لا يَسْتُرُ عَبْدٌ عَبْدًا فِي الدُّنْيَا إِلاَّ سَتَرَهُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ» (رواه مسلم)
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дунёда бир банда бошқа бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг айбини яширади».
عَنْ عَبْد اللَّهِ بْن عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ لا يَظْلِمُهُ وَلا يُسْلِمُهُ وَمَنْ كَانَ فِي حَاجَةِ أَخِيهِ كَانَ اللَّهُ فِي حَاجَتِهِ وَمَنْ فَرَّجَ عَنْ مُسْلِمٍ كُرْبَةً فَرَّجَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرُبَاتِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ» (رواه البخاري)
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, душманига топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқариш йўлида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқариш йўлида бўлади. Ким мусулмон кишидан битта ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади».
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ صَعِدَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمِنْبَرَ فَنَادَى بِصَوْتٍ رَفِيعٍ فَقَالَ: «يَا مَعْشَرَ مَنْ أَسْلَمَ بِلِسَانِهِ وَلَمْ يُفْضِ الإِيمَانُ إِلَى قَلْبِهِ لا تُؤْذُوا الْمُسْلِمِينَ وَلا تُعَيِّرُوهُمْ وَلا تَتَّبِعُوا عَوْرَاتِهِمْ فَإِنَّهُ مَنْ تَتَبَّعَ عَوْرَةَ أَخِيهِ الْمُسْلِمِ تَتَبَّعَ اللَّهُ عَوْرَتَهُ وَمَنْ تَتَبَّعَ اللَّهُ عَوْرَتَهُ يَفْضَحْهُ وَلَوْ فِي جَوْفِ رَحْلِهِ» (رواه الترمذي)
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб, баланд овозда шундай дедилар: «Эй тили билан мусулмон бўлган, бироқ қалбларига иймон кириб бормаган кишилар, сизлар мусулмонларга озор берманглар, уларни айбламанглар, камчиликларини қидириб юрманглар! Ким мусулмон биродарининг айбини қидирса Аллоҳ унинг айбини текширади. Аллоҳ кимнинг айбини текширса уни – уйининг энг ичкарисида бўлса-да – шарманда қилади».
Шарҳ:
Аллоҳ таоло мусулмонларнинг айбларини ёпишни яхши кўради ва шундай қилишга буюради. Шунинг учун жосуслик қилиб юришни ҳаром қилди ва ундан қайтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким дунёда бир банданинг айбини яширса, охиратда Аллоҳ унинг айбини яширади» дедилар, мусулмонларнинг айбу камчиликларини қидириб, махфиёна қилаётган ишларини текшириб юришдан қайтарганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Мусулмоннинг айбини беркитишнинг фазилатли экани ва бу нарса қиёмат куни Аллоҳ таоло яширганннинг айбини яширишига сабаб бўлиши;
2- Мусулмонларнинг камчиликларини текшириб, жосуслик қилиб юришнинг ҳаромлиги;
3- Бундай жирканч иш билан шуғулланган кимсаларни Аллоҳ таоло кўчада бўлсин, уйида бўлсин шарманда қилиб, яширин ишларини одамлар кўзига кўрсатиб қўяди.