Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
167 - дарс Мусулмон раҳбарга қарши чиқиш ман қилингани ҳақида
عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ دَعَانَا النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَبَايَعْنَاهُ فَقَالَ فِيمَا أَخَذَ عَلَيْنَا أَنْ بَايَعَنَا عَلَى السَّمْعِ وَالطَّاعَةِ فِي مَنْشَطِنَا وَمَكْرَهِنَا وَعُسْرِنَا وَيُسْرِنَا وَأَثَرَة عَلَيْنَا وَأَنْ لا نُنَازِعَ الأَمْرَ أَهْلَهُ إِلاَّ أَنْ تَرَوْا كُفْرًا بَوَاحًا عِنْدَكُمْ مِنْ اللَّهِ فِيهِ بُرْهَانٌ (رواه مسلم).
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни чақирдилар, биз у зотга байъат бердик. Биздан байъат олган ишлар ичида яхши кўрган ишларимизда ҳам, ёмон кўрган ишларимизда ҳам, қийинчилик пайтларда ҳам, фаровонлик пайтларда ҳам, ҳақ-ҳуқуқларимизни ман қилганида ҳам (амирларга) қулоқ солиб, итоат қилиш, иш эгалари (амирлар) билан низолашмаслик бор эди, «Фақат сизларда Аллоҳ тарафидан далил-ҳужжат бўлган очиқ куфрни ундан содир бўлганини кўрсангизлар (уларга итоат қилмаслик мумкин)», дедилар.
عَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «خِيَارُ أَئِمَّتِكُمْ الَّذِينَ تُحِبُّونَهُمْ وَيُحِبُّونَكُمْ وَيُصَلُّونَ عَلَيْكُمْ وَتُصَلُّونَ عَلَيْهِمْ وَشِرَارُ أَئِمَّتِكُمْ الَّذِينَ تُبْغِضُونَهُمْ وَيُبْغِضُونَكُمْ وَتَلْعَنُونَهُمْ وَيَلْعَنُونَكُمْ» قِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَفَلا نُنَابِذُهُمْ بِالسَّيْفِ فَقَالَ: «لا، مَا أَقَامُوا فِيكُمْ الصَّلاةَ وَإِذَا رَأَيْتُمْ مِنْ وُلاتِكُمْ شَيْئًا تَكْرَهُونَهُ فَاكْرَهُوا عَمَلَهُ وَلا تَنْزِعُوا يَدًا مِنْ طَاعَةٍ» (رواه مسلم).
Имом Муслим Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бошлиқ (халифа)ларингизнинг яхшироғи сизлар яхши кўрадиган ва сизларни ҳам яхши кўрадиган, ҳаққингизга дуо қиладиган, сизлар ҳам улар ҳаққига дуо қиладиганларингиздир. Халифаларингизнинг ёмонроғи сизлар ёмон кўрадиган ва сизларни ҳам ёмон кўрадиган, сизлар уларни лаънатлайдиган ва улар ҳам сизларни лаънатлайдиганларидир». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, уларга қилич билан қарши турмайликми?», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Модомики, сизларнинг ичингизда намозни қоим қилар эканлар, йўқ. Агар амирларингизда ўзингиз ёқтирмаган бирон нарсани кўрсангиз, уларнинг ўша ишини ёмон кўринг. Лекин итоатдан қўл тортманг!», дедилар.
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «إِنَّهُ يُسْتَعْمَلُ عَلَيْكُمْ أُمَرَاءُ فَتَعْرِفُونَ وَتُنْكِرُونَ فَمَنْ كَرِهَ فَقَدْ بَرِئَ وَمَنْ أَنْكَرَ فَقَدْ سَلِمَ وَلَكِنْ مَنْ رَضِيَ وَتَابَعَ» قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ أَلا نُقَاتِلُهُمْ؟ قَالَ: «لا مَا صَلَّوْا» (أخرجه مسلم)
Имом Муслим Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга амирлар таъйин қилинади. Сизлар улардан яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам кўрасизлар. Ким (уларнинг ёмонликларини) ёмон кўрса, улардан пок бўлибди ва гуноҳларига шерик бўлмабди. Ким (уларнинг ёмонликларини) инкор этса, (бу гуноҳ уқубатидан) қутулибди. Бироқ, уларнинг ёмонликларига рози бўлган ва эргашган киши (ундай эмасдир)», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, улар билан уруш қилайликми?», деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Модомики, намоз ўқир эканлар, йўқ», деб жавоб бердилар.
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ كَرِهَ مِنْ أَمِيرِهِ شَيْئًا فَلْيَصْبِرْ فَإِنَّهُ مَنْ خَرَجَ مِنْ السُّلْطَانِ شِبْرًا مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً» (متفق عليه)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амиридан бирон нарсани ёқтирмаган одам сабр қилсин. Чунки султонга итоатдан бир қарич чиққан одам жоҳилият ўлими билан ўлади», дедилар.
Шарҳ:
Ислом дини манфаатларни жалб қилиш ва зарарларни даф қилиш асосига қурилган. У шаръий имом-халифага қарши чиқишдан қайтаради, чунки бунинг ортидан фитналар қўзғолиши, қонлар тўкилиши, одамларнинг диний ва дунёвий манфаатларига катта зиёнлар етиши мумкин. Модомики улар уммат орасида намозни жамоат билан ўқишга рухсат берар, ўзлари ҳам намоз ўқир эканлар уларга қарши чиқилмайди, жабрларига сабр қилинади. Аммо қачонки улардан очиқ куфр амали содир бўлса, умматнинг куч-қудрати етса унга қарши чиқадилар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1 – Мусулмонларнинг халифасига сабабсиз қарши чиқиш ҳаромдир.
2 – Халифага байъат беришдан қўл тортган ва унга қарши чиққан одам шу ҳолда вафот этса, халифага байъат бермаган жоҳилият аҳли сингари ўлим топади.