Ислом Нури

 

Китоблар

 

Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар

140 - дарс

Ит сақлаш ҳақида

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ اتَّخَذَ كَلبًا إِلا كَلبَ مَاشِيَةٍ أَوْ صَيْدٍ أَوْ زَرْعٍ انْتَقَصَ مِنْ أَجْرِهِ كُلَّ يَوْمٍ قِيرَاطٌ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким чорва ёки ов ёки экинларни қўриқлашдан бошқа мақсад учун ит боқса, ҳар куни ажридан бир қийрот камаяди», дедилар.

(*Қийрот – катта тоғча ажр-савоб.)

 

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِقَتْلِ الكِلابِ إِلا كَلبَ صَيْدٍ أَوْ كَلبَ غَنَمٍ أَوْ مَاشِيَةٍ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ов ити ёки чўпон ё чорва итидан бошқа итларни ўлдиришга буюрдилар.

 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مُغَفَّلٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَوْلا أَنَّ الكِلابَ أُمَّةٌ مِنْ الأُمَمِ لأمَرْتُ بِقَتْلِهَا فَاقْتُلُوا مِنْهَا كُلَّ أَسْوَدَ بَهِيمٍ» (رواه أبو داود والترمذي والنسائي).  وزادا: «وَمَا مِنْ أَهْلِ بَيْتٍ يَرْتَبِطُونَ كَلبًا إِلا نَقَصَ مِنْ عَمَلِهِمْ كُلَّ يَوْمٍ قِيرَاطٌ إِلا كَلبَ صَيْدٍ أَوْ كَلبَ حَرْثٍ أَوْ كَلبَ غَنَمٍ» .

Имом Абу Довуд, имом Термизий ва имом Насоийлар Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам: «Агар итлар ­­­ҳам алоҳида бир уммат (олам) бўлмаганида эди, уларни ўлдириб ташлашга буюрган бўлар эдим. Энди улар ичидан тим қораси борки, ўлдиринглар», дедилар.

Термизий ва Насоий ривоятида: «Овга ёки экинни қўриқлашга ёки чўпонликка олинган итдан бошқа итни ким уйида сақласа ҳар куни амалларидан бир қийрот камаяди», деган қўшимчаси бор.

 

عَنْ ابْنِ المُغَفَّلِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا وَلَغَ الكَلبُ فِي الإِنَاءِ فَاغْسِلُوهُ سَبْعَ مَرَّاتٍ وَعَفِّرُوهُ الثَّامِنَةَ فِي التُّرَابِ» (رواه مسلم).

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангизнинг идишини ит яласа уни етти марта ювинглар, саккизинчисини тупроқ билан ишқаланглар», дедилар.

 

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « طُهُورُ إِنَاءِ أَحَدِكُمْ إِذَا وَلَغَ فِيهِ الْكَلْبُ أَنْ يَغْسِلَهُ سَبْعَ مَرَّاتٍ أُولاَهُنَّ بِالتُّرَابِ » (رواه مسلم).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангизнинг ишидини ит ялаб қўйса унинг покланиши етти марта – биринчисини  тупроқ билан – ювиш билан бўлади.»

 

عَنْ أَبِي طَلحَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «لا تَدْخُلُ المَلائِكَةُ بَيْتًا فِيهِ كَلبٌ وَلا صُورَةٌ (متفق عليه).

Абу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фаришталар ит ва сурат бор уйга кирмайди», дедилар.

Шарҳ:

Шариатимиз итни фақат зарур ҳожат учунгина сақлашга рухсат берган. Ҳозирда ривожланган тиббиёт илми итнинг жасадида ва айниқса унинг сўлагида инсоннинг соғлиғига зарар берадиган жуда кўп микроблар бор экани ва у микробларни тупроқ кетказишини аниқлаган. Шариатимиз эса бундан 14 аср муқаддам ит теккан идишни тупроқ билан ювишга буюрган. Шунингдек, ит бор уйга фаришта кирмайди, фаришта кирмаган уйни эса шайтон ва унинг аскарлари эгаллайди. Бундан бошқа биз билмайдиган қанча қанча ҳикматлар бўлиши мумкин, шунинг учун мусулмон киши уйига ит киргизишдан эҳтиёт бўлмоғи керак.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:.

1- Ов, чорва ва экинзорларни қўриқлашдан бошқа мақсадда ит боқиш ҳаром.

2- Итдан узоқлашишга ва нафратланишга буюрилганмиз.

3- Ит теккан идиш етти марта ювилади, биринчиси тупроқ билан.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ