Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
133 - дарс Етимларнинг молларини еювчилар ҳақида
Аллоҳ таоло “Нисо” сурасиниг 10-оятида шундай дейди:
«Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар».
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «اجْتَنِبُوا السَّبْعَ المُوبِقَاتِ قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَمَا هُنَّ قَالَ الشِّرْكُ بِاللَّهِ وَالسِّحْرُ وَقَتْلُ النَّفْسِ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلا بِالحَقِّ وَأَكْلُ الرِّبَا وَأَكْلُ مَالِ اليَتِيمِ وَالتَّوَلِّي يَوْمَ الزَّحْفِ وَقَذْفُ المُحْصَنَاتِ المُؤْمِنَاتِ الغَافِلاتِ» (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (катта гуноҳлар)дан сақланинглар», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ, улар нималар», деб сўрашди. «Улар: Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ таоло (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жангда орқага қочиш ва гуноҳ-маъсиятлардан пок бўлган мўъмина аёлларни бузуқ деб туҳмат қилиш», дедилар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اللَّهُمَّ إِنِّي أُحَرِّجُ حَقَّ الضَّعِيفَيْنِ اليَتِيمِ وَالمَرْأَةِ» (رواه ابن ماجه).
Имом Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Парвардигоро, (Ўзинг гувоҳсан,) мен икки заифнинг – етим ва аёлнинг ҳаққини (зое қилишдан) қаттиқ огоҳлантираман», дедилар.
Шарҳ:
Шариатимиз етимнинг – балоғат ёшига етмасидан отасидан айрилган норасиданинг ҳақларига тажовуз қилишни қаттиқ қоралаган, Аллоҳ таоло бундай кимсаларни жаҳаннамга киритиш билан қўрқитган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етимлар молини ейишни ҳалок қилувчи катта гуноҳлардан», деганлар.
Бизнинг юртларда фарзанд етим бўлган кундан бошлаб, унинг молини ейиш бошланади, бу отасининг таъзия маросимларидан бошланиб, унинг меросига тажовуз қилиш ва бошқа ишларда давом этади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни етимнинг молини ейишдан ва ҳаққини поймол қилишдан сақласин.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Етимларнинг молини ноҳақ еганларга қаттиқ ваийдлар ворид бўлган.
2- Етимларнинг молини ейиш ҳалок қилувчи катта гуноҳлардан.