Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
130 - дарс Болалар тарбияси (4) Фарзандлар орасида адолат қилиш вожиблиги
Аллоҳ таоло “Нахл” сурасининг 90-оятида шундай дейди:
«Албатта, Аллоҳ адолатга ва чиройли амал қилишга буюради».
عَنْ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ تَصَدَّقَ عَلَيَّ أَبِي بِبَعْضِ مَالِهِ فَقَالَتْ أُمِّي عَمْرَةُ بِنْتُ رَوَاحَةَ لا أَرْضَى حَتَّى تُشْهِدَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَانْطَلَقَ أَبِي إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِيُشْهِدَهُ عَلَى صَدَقَتِي فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَفَعَلتَ هَذَا بِوَلَدِكَ كُلِّهِمْ» قَالَ لا قَالَ: «اتَّقُوا اللَّهَ وَاعْدِلُوا فِي أَوْلادِكُمْ» فَرَجَعَ أَبِي فَرَدَّ تِلكَ الصَّدَقَةَ (متفق عليه).
Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу шундай дейди: Отам молининг бир қисмини менга садақа қилди. Шунда онам: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бунга гувоҳ қилмагунингизча рози бўлмайман», деди. Отам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни менга берган молига гувоҳ қилиш учун у зот ҳузурларига борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳамма фарзанларингизга шундай қилдингизми?» дедилар. Отам: «Йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан қўрқинглар ва фарзандларингиз орасида адолат қилинглар», дедилар. Отам қайтиб келиб, берган молини қайтариб олди.
وفي رواية: "إني لا أشهد على جور".
Бир ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен зулмга гувоҳ бўлмайман», дедилар.
وفي رواية: قال: "أيسرك أن يكونوا إليك في البر سواء؟ قال: بلى، قال: فلا إذاً".
Бошқа бир ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизга фарзандларингиз бир хилда яхшилик қилишини хоҳлайсизми?» дедилар. Отам: «Албатта хоҳлайман» деди. «Ундай бўлса, сиз ҳам бир хил муомала қилинг» дедилар.
Шарҳ:
Динимиз ҳамма нарсада адолат қилишга буюрган. Фарзандлар орасида адолат қилмаслик улар ўртасида ўзаро адоват ва нафрат туғилишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам фарзандлар орасида адолат қилиш жуда катта аҳамиятга эга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандлар орасида адолат қилмасликни зулм деб атадилар ва ё ҳаммаларига бир хилда беришга ё молни қайтариб олишга буюрдилар. Бундай йўлланмани олган саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – фарзандлари орасида адолат қилишга шундай қаттиқ аҳамият беришар эдики, ҳатто битта фарзандини ўпиб қўйса, қолганларини ҳам ўпар эдилар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Ҳамма ишда одиллик қилиш вожиб.
2- Фарзандларнинг баъзисига бирон нарса бериб, бошқаларига бермаслик жоиз эмас.
3- Эҳтиёжга қараб бирига бошқасига олиб бермаган нарсани олиб бериш мумкин.