Ислом Нури

 

Китоблар

 

Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар

128 - дарс
Болалар тарбияси (2)

Болаларга ёлғон гапирмаслик

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَامِرٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ دَعَتْنِي أُمِّي يَوْمًا وَرَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَاعِدٌ فِي بَيْتِنَا فَقَالَتْ هَا تَعَالَ أُعْطِيكَ فَقَالَ لَهَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «وَمَا أَرَدْتِ أَنْ تُعْطِيهِ» قَالَتْ أُعْطِيهِ تَمْرًا فَقَالَ لَهَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَمَا إِنَّكِ لَوْ لَمْ تُعْطِهِ شَيْئًا كُتِبَتْ عَلَيْكِ كِذْبَةٌ» (رواه أبو داود).

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг уйимизда ўтирган эдилар, онам мени чақириб:

- Ҳой, буёққа кел, сенга бир нарса бераман - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онамга:

- Унга нима бермоқчи эдингиз? - дедилар.

- Хурмо бермоқчи эдим - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Билиб қўйинг, агар ҳеч нарса бермаганингизда сизга битта ёлғон ёзилар эди», -дедилар.

Мубоҳ бўлган ўйинларга рухсат бериш

Аллоҳ таоло Юсуф сурасида Юсуф алайҳис-салом акалари ҳақида шундай дейди:

«أَرْسِلهُ مَعَنَا غَدًا يَرْتَعْ وَيَلعَبْ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ»

«Уни эртага биз билан айланишга юборгин, ўйнаб ёзилиб келсин».

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْها قَالَتْ لَقَدْ رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا عَلَى بَابِ حُجْرَتِي وَالحَبَشَةُ يَلعَبُونَ فِي المَسْجِدِ وَرَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْتُرُنِي بِرِدَائِهِ أَنْظُرُ إِلَى لَعِبِهِمْ (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Бир куни ҳабашлар масжидда ўйнашаётган эди, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужрам эшиги ёнида туриб, уларнинг ўйинларини томоша қилишим учун мени ридолари билан тўсиб турдилар.

عَنِ الرُّبَيِّعِ بِنْتِ مُعَوِّذٍ قَالَتْ... فَكُنَّا نَصُومُهُ بَعْدُ ، وَنُصَوِّمُ صِبْيَانَنَا، وَنَجْعَلُ لَهُمُ اللُّعْبَةَ مِنَ الْعِهْنِ، فَإِذَا بَكَى أَحَدُهُمْ عَلَى الطَّعَامِ أَعْطَيْنَاهُ ذَاكَ، حَتَّى يَكُونَ عِنْدَ الإِفْطَارِ(رواه البخاري ومسلم).

Рубаййиъ бинти Муаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади у (Ошуро рўзаси ҳақида гапира туриб) деди: Биз кейин ҳам у куннинг рўзасини тутардик, болаларимизга ҳам туттирардик, биз уларга жундан ўйинчоқ ясардик, улардан биронтаси “овқат” деб йиғласа, ўша ўйинчоқни унга берардик то ифтор бўлгунча у ўйинчоқ билан овуниб турарди. (Бухорий ва Муслим ривояти)

Шарҳ:

Фарзандларни тарбиялашда энг катта йўлланма уларга ўзимиз яхши ўрнак бўлмоғимиздир, зеро халқимиз “Қуш уясида кўрганини қилади” деб бекорга айтмаган. Масалан, агар фарзандимизни ростгўйликка ўргатмоқчи бўлсак, аввало ўзимиз уларга ёлғон гапирмаслигимиз керак. Шунингдек ёш боланинг табиатида ўйинқароқлик бўлгани ва ҳали жиддийликка ўрганмагани учун ота-онанинг муроқабаси остида мубоҳ ўйинлардан ҳам ўйнаб туришга рухсат бериш керак.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1- Ёш болаларга ёлғон гапиришлик уларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.

2- Болаларга чегарадан чиқмаган ҳолда мубоҳ ўйинларни ўйнашларига рухсат бериш.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ