Ислом Нури

 

Китоблар

 

Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар

121 - дарс
Жума хутбасида ёмғир тилаб дуо қилиш

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلاً دَخَلَ يَوْمَ الجُمُعَةِ مِنْ بَابٍ كَانَ وِجَاهَ المِنْبَرِ وَرَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَائِمٌ يَخْطُبُ فَاسْتَقْبَلَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَائِمًا فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ هَلَكَتِ المَوَاشِي وَانْقَطَعَتِ السُّبُلُ فَادْعُ اللَّهَ يُغِيثُنَا، قَالَ فَرَفَعَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَدَيْهِ فَقَالَ اللَّهُمَّ اسْقِنَا اللَّهُمَّ اسْقِنَا اللَّهُمَّ اسْقِنَا، قَالَ أَنَسُ وَلا وَاللَّهِ مَا نَرَى فِي السَّمَاءِ مِنْ سَحَابٍ وَلا قَزَعَةً وَلا شَيْئًا وَمَا بَيْنَنَا وَبَيْنَ سَلعٍ مِنْ بَيْتٍ وَلا دَارٍ قَالَ فَطَلَعَتْ مِنْ وَرَائِهِ سَحَابَةٌ مِثْلُ التُّرْسِ فَلَمَّا تَوَسَّطَتْ السَّمَاءَ انْتَشَرَتْ ثُمَّ أَمْطَرَتْ قَالَ وَاللَّهِ مَا رَأَيْنَا الشَّمْسَ سِتًّا ثُمَّ دَخَلَ رَجُلٌ مِنْ ذَلِكَ البَابِ فِي الجُمُعَةِ المُقْبِلَةِ وَرَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَائِمٌ يَخْطُبُ فَاسْتَقْبَلَهُ قَائِمًا فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ هَلَكَتْ الأَمْوَالُ وَانْقَطَعَتِ السُّبُلُ فَادْعُ اللَّهَ يُمْسِكْهَا قَالَ فَرَفَعَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَدَيْهِ ثُمَّ قَالَ اللَّهُمَّ حَوَالَيْنَا وَلا عَلَيْنَا اللَّهُمَّ عَلَى الآكَامِ وَالجِبَالِ وَالآجَامِ وَالظِّرَابِ وَالأَوْدِيَةِ وَمَنَابِتِ الشَّجَرِ قَالَ فَانْقَطَعَتْ وَخَرَجْنَا نَمْشِي فِي الشَّمْسِ (متفق عليه).

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: Жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб турганларида бир киши минбар рўбарўсидаги эшикдан масжидга кириб келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўпараларида туриб: «Ё Расулуллоҳ, моллар ҳалок бўлди, йўллар кесилиб қолди, Аллоҳ таолога дуо қилинг, бизларга ёмғир берсин, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб: «Эй  Аллоҳ, бизга ёмғир ёғдир, Эй  Аллоҳ, бизга ёмғир ёғдир, Эй  Аллоҳ, бизга ёмғир ёғдир», дедилар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: Аллоҳга қасамки, осмонда на бир парча булут, на бошқа бирон нарса бор эди. Силъ тоғи билан Мадина орасида на бир уй, на бир ҳовли бор эди. Силъ тоғи орқасидан қалқончалик бир булут чиқиб келди, осмоннинг ўртасига келганда ёйилди. Сўнгра ёмғир ёғди. Аллоҳ таолога қасамки, шу бўйи олти кун қуёш кўрмадик. Сўнг келгуси жума Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутбада турганларида бир киши худди ўша эшикдан кириб келиб, у зотнинг рўпараларида туриб: «Ё Расулуллоҳ, моллар ҳалок бўлди, йўллар узилиб қолди, Аллоҳ таолога дуо қилинг, ёмғирни тўхтатсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтардилар, сўнг: «Эй  Аллоҳ, атрофларимизга (ёғдиргайсан), устимизга эмас. Эй Аллоҳ, қир-адирларга, тоғларга, чакалакзорларга, водийларнинг ичларига ва ўрмонларга (ёғдиргайсан)» деб дуо қилдилар. Шундан сўнг ёмғир тўхтади ва биз қуёш нурлари остида кетдик.

Шарҳ:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида қурғоқчилик бўлган экан шунда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни хутба қилиб турганларида Аллоҳ таолодан ёмғир тилаб дуо қилишларини сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилишлари билан ёмғир ёға бошлади ва у бир ҳафта тўхтовсиз давом этди. Шундан сўнг одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолога дуо қилиб ёмғирни тўхтатишини сўрашларини илтимос қилишди.

 

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1- Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлик мўъжизаларидан бири намоён бўлди.

2- Жума хутбасида турганда ёмғир сўраб дуо қилиш жоиздир.

3- Агар кўп ёмғир ёғиб, одамлар зарарланадиган бўлса, ёмғирни тўхтатишни сўраб дуо қилиш жоиз.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ