Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
91 - дарс Саждага тааллуқли ҳукмлар
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اعْتَدِلُوا فِي السُّجُودِ وَلا يَبْسُطْ أَحَدُكُمْ ذِرَاعَيْهِ انْبِسَاطَ الكَلبِ» (متفق عليه).
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саждада мўътадил бўлинглар, сизлардан бирингиз билакларини итнинг тўшашидек тўшаб олмасин», дедилар.
عَنْ البَرَاءِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا سَجَدْتَ فَضَعْ كَفَّيْكَ وَارْفَعْ مِرْفَقَيْكَ» (رواه مسلم).
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Баро розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саждага борганингда кафтларингни ерга қўйиб, тирсакларингни кўтар», дедилар.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَالِكٍ ابْنِ بُحَيْنَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « كَانَ إِذَا صَلَّى فَرَّجَ بَيْنَ يَدَيْهِ حَتَّى يَبْدُوَ بَيَاضُ إِبْطَيْهِ» (متفق عليه).
Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқисалар, (сажда қилганларида) икки қўллари орасини очардилар, ҳатто қўлтиқларининг оқлиги кўринар эди.
عَنْ أَبي حُمَيْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ رَأَيْتُ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَبَّرَ جَعَلَ يَدَيْهِ حِذَاءَ مَنْكِبَيْهِ وَإِذَا رَكَعَ أَمْكَنَ يَدَيْهِ مِنْ رُكْبَتَيْهِ ثُمَّ هَصَرَ ظَهْرَهُ فَإِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ اسْتَوَى حَتَّى يَعُودَ كُلُّ فَقَارٍ مَكَانَهُ فَإِذَا سَجَدَ وَضَعَ يَدَيْهِ غَيْرَ مُفْتَرِشٍ وَلا قَابِضِهِمَا وَاسْتَقْبَلَ بِأَطْرَافِ أَصَابِعِ رِجْلَيْهِ القِبْلَةَ فَإِذَا جَلَسَ فِي الرَّكْعَتَيْنِ جَلَسَ عَلَى رِجْلِهِ اليُسْرَى وَنَصَبَ اليُمْنَى وَإِذَا جَلَسَ فِي الرَّكْعَةِ الآخِرَةِ قَدَّمَ رِجْلَهُ اليُسْرَى وَنَصَبَ الأُخْرَى وَقَعَدَ عَلَى مَقْعَدَتِهِ (رواه البخاري).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳумайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳу айтади: Кўрдимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (намозда такбиратул-эҳромга) такбир айтганларида икки қўлларини икки елкалари баробарида кўтарар эдилар. Рукуъ қилганларида икки қўлларини икки тиззаларига маҳкамлаб қўярдилар, сўнг белларини бир текис букардилар. Бошларини (рукуъдан) кўтарганларида қад ростлаб турардилар, ҳатто умуртқанинг ҳамма суяклари ўз ўрнига қайтарди. Сажда қилганларида икки қўлларини тўшамаган ва (ёнларига) қисмаган ҳолда қўярдилар ва икки оёқлари бармоқларининг учини қиблага қаратардилар. Икки ракъатдан кейин ўтирсалар чап оёқларига ўтириб, ўнг оёқларини тиккалардилар. Охирги ракъатда ўтирсалар чап оёқларини (ўнг оёқлари остидан) олдинга чиқариб, ўнг оёқларини тиккалардилар ва думбаларига ўтирардилар.»
Шарҳ:
Сажданинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадисларида таълим берган ўзига хос суннатлари бор. Булар намозни комил, нуқсонсиз адо қилишга ёрдам берадиган амаллардир. Шунингдек саждада намозга таъсир кўрсатадиган макруҳ амаллар борки, улардан четланишга буюрилганмиз.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Саждада билакларни ерга тўшаб олиш макруҳ, кўтариб туриш суннат.
2- Саждада икки тирсакни биқинлардан узоқроқ тутиш суннат.
3- Саждада турганда оёқнинг бармоқлари қибла тамонга қараб туриши суннат.