Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
74 - дарс Биринчи сафнинг фазилати عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي النِّدَاءِ وَالصَّفِّ الأَوَّلِ ثُمَّ لَمْ يَجِدُوا إِلا أَنْ يَسْتَهِمُوا عَلَيْهِ لاسْتَهَمُوا وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي التَّهْجِيرِ لاسْتَبَقُوا إِلَيْهِ وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي الْعَتَمَةِ وَالصُّبْحِ لأتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар одамлар азон ва биринчи сафнинг фазилатини билишганда эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа йўл топмасалар, албатта қуръа ташлаган бўлишарди. Агар намозга эрта келишнинг фазилатини билишганда эди, ким ўзарга келган бўлишарди. Агар хуфтон ва бомдод намозининг фазилатини билишганда эди, бу икки намозга эмаклаб бўлса-да, келган бўлишарди», дедилар.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى فِي أَصْحَابِهِ تَأَخُّرًا فَقَالَ لَهُمْ تَقَدَّمُوا فَأْتَمُّوا بِي وَلْيَأْتَمَّ بِكُمْ مَنْ بَعْدَكُمْ لا يَزَالُ قَوْمٌ يَتَأَخَّرُونَ حَتَّى يُؤَخِّرَهُمْ اللَّهُ (أخرجه مسلم).
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг (биринчи сафни қўйиб) орқароқ сафларда туришганини кўриб: «Олдинги сафга ўтиб, менга иқтидо қилинглар, орқангиздагилар сизларга иқтидо қилишсин. Қайсики қавм (аввалги сафлардан) орқага чекинаверса, Аллоҳ таоло уларни (Ўз фазлу-марҳаматидан) узоқлаштириб қўяди», дедилар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَيْرُ صُفُوفِ الرِّجَالِ أَوَّلُهَا وَشَرُّهَا آخِرُهَا وَخَيْرُ صُفُوفِ النِّسَاءِ آخِرُهَا وَشَرُّهَا أَوَّلُهَا (أخرجه مسلم).
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эркаклар сафларининг энг яхшиси биринчиси, энг ёмони охиргисидир. Аёллар сафларининг энг яхшиси охиргиси ва энг ёмони аввалгисидир», дедилар.
Шарҳ:
Аввалги сафда ўқилган намознинг фазли ва савоби ортиқроқ, шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи сафда намоз ўқишга тарғиб қилганлар, ким биринчи сафдан қасддан бош тортадиган бўлса, бу унинг Аллоҳнинг раҳматидан ва улуғ манзилатлардан узоқлашишига сабаб бўлади, деб хабар берганлар. Эркаклар сафларининг энг яхшиси аввалгиси ва энг ёмони (яъни, фазилати энг ози) охиргиси, бу эркаклар сафларининг умумий ҳукми, уларнинг орқаларида аёллар ҳам намоз ўқишадими ёки йўқми бунинг фарқи йўқ. Аммо эркаклар билан бир масжидда уларнинг орқаларида туриб намоз ўқийдиган аёлларнинг энг яхши сафлари охиргиси, энг ёмони (эркакларга яқин бўлгани учун) аввалигиси. Агар аёллар алоҳида хонада жамоат намозини ўқисалар уларнинг сафларининг афзали ҳам аввалидир. (Имом Нававий шарҳи)
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Намозга эрта бориб, биринчи сафда туришнинг фазли улуғ.
2- Эркакларнинг энг яхши сафи аввалгиси, энг ёмони охиргиси.
3- Биринчи сафдан атайлаб кечикишдан қайтарилганмиз.