Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
71 - дарс Масжидга шошилмай, хотиржам боришнинг суннатлиги
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا سَمِعْتُمْ الْإِقَامَةَ فَامْشُوا إِلَى الصَّلاةِ وَعَلَيْكُمْ بِالسَّكِينَةِ وَالْوَقَارِ وَلا تُسْرِعُوا فَمَا أَدْرَكْتُمْ فَصَلُّوا وَمَا فَاتَكُمْ فَأَتِمُّوا (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ хадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Такбирни эшитсангизлар, намозга вазминлик билан, хотиржам юриб келинглар, шошилманглар. Етган жойингиздан ўқийверинглар, улгурмаганингизни кейин тўлдириб қўйинглар», дедилар.
عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ بَيْنَمَا نَحْنُ نُصَلِّي مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَسَمِعَ جَلَبَةً فَقَالَ مَا شَأْنُكُمْ قَالُوا اسْتَعْجَلْنَا إِلَى الصَّلاةِ قَالَ فَلا تَفْعَلُوا إِذَا أَتَيْتُمْ الصَّلاةَ فَعَلَيْكُمْ السَّكِينَةُ فَمَا أَدْرَكْتُمْ فَصَلُّوا وَمَا سَبَقَكُمْ فَأَتِمُّوا (أخرجه مسلم).
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абу Қатода розияллоҳу анҳу айтади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқиётган эдик, тапир-тупир овозлар эшитилди. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан кейин:) «Нима гап?» деб сўрадилар. «Намозга шошилдик» дейишди. «Ундай қилманглар, қачон намозга келсанглар, хотиржам юриб келинглар. Етган жойингиздан ўқийверинглар, қолиб кетганини кейин тўлдириб қўйинглар» дедилар.
Шарҳ:
Мусулмон киши намозга чиқиб бораётган пайтида Парвардигорига юзланиб турадиган буюк ибодат учун чиқаётган бўлади. Шунинг учун ҳам бу ибодатнинг улуғлигини ҳис қилган ҳолда, хотиржамлик ва сакинат билан юриб бормоғи керак. Бу эса унга намозида хушуъ билан туришига ёрдам беради.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Намозга вазминлик билан, хотиржам юриб боришга буюрилганмиз.
2- Рукуъга улгуриб қолиш мақсадида шошилиб югуришдан қайтарилганмиз.