Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
64 - дарс Масжидга бориш фазли عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ غَدَا إِلَى الْمَسْجِدِ أَوْ رَاحَ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُ فِي الْجَنَّةِ نُزُلًا كُلَّمَا غَدَا أَوْ رَاحَ (رواه مسلم).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким масжидга борса ёки масжиддан қайтса, Аллоҳ таоло ҳар борганида ёки қайтганида унга жаннатда зиёфат ҳозирлаб қўяди», дедилар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاةُ الرَّجُلِ فِي الْجَمَاعَةِ تُضَعَّفُ عَلَى صَلَاتِهِ فِي بَيْتِهِ وَفِي سُوقِهِ خَمْسًا وَعِشْرِينَ ضِعْفًا وَذَلِكَ أَنَّهُ إِذَا تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ ثُمَّ خَرَجَ إِلَى الْمَسْجِدِ لَا يُخْرِجُهُ إِلَّا الصَّلَاةُ لَمْ يَخْطُ خَطْوَةً إِلَّا رُفِعَتْ لَهُ بِهَا دَرَجَةٌ وَحُطَّ عَنْهُ بِهَا خَطِيئَةٌ فَإِذَا صَلَّى لَمْ تَزَلْ الْمَلَائِكَةُ تُصَلِّي عَلَيْهِ مَا دَامَ فِي مُصَلَّاهُ اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَيْهِ اللَّهُمَّ ارْحَمْهُ وَلَا يَزَالُ أَحَدُكُمْ فِي صَلَاةٍ مَا انْتَظَرَ الصَّلَاةَ (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози уйида ёки бозорида ўқиган намозидан йигирма беш марта ортиқ бўлади, сабаби агар у таҳорат олса ва таҳоратини мукаммал қилса, сўнг масжидга чиқса, унинг бу чиқиши фақат намоз учун бўлса, ҳар бир босган қадами баробарида унинг даражаси биттага кўтарилади ва ундан битта хато ўчирилади. Агар намоз ўқиса, модомики намозгоҳида турар экан, фаришталар унга: “Эй Аллоҳ, уни ўзинг мағфират қил, унга ўзинг раҳм қил” деб дуо қилиб туришади. Биронтангиз (масжидда) намозни кутиб ўтирар экан, намозда тургандай бўлади», дедилар.
عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ أَعْظَمَ النَّاسِ أَجْرًا فِي الصَّلَاةِ أَبْعَدُهُمْ إِلَيْهَا مَمْشًى فَأَبْعَدُهُمْ (متفق عليه).
Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларнинг намозда энг ажри улуғроғи - намозга узоқроқдан юриб келадиганларидир», дедилар.
Шарҳ:
Масжидга бориш – улуғ ибодатлардан бирига етказадиган васила-воситадир. Аллоҳ таоло ўзининг кенг раҳмати ва фазли билан бандасининг қилган тоат-ибодатига ажр берганидек, шу тоат муқаддимасида бўлган василаларга ҳам ажр беради. Масжидларга бориш ва масжидда намозни кутиб ўтириш мана шу василалардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу амалга ғоят улуғ ажрларни ваъда қилганлар, бу ажрлардан фақатгина ялқов ва ғофилларгина бенасиб қолади.
Ҳадисдаги «Одамларнинг намозда энг ажри улуғроғи - намозга узоқроқдан юриб келадиганларидир» нинг маъноси: бир масжид қавмининг энг узоқда яшайдиган кишиси яқинроқдагилардан ажри улуғдир, дегани. Бу маънога бошқа ҳадислар далолат қилади. Анас ибн Молик ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидуннабийга яқинроқ кўчиб келмоқчи бўлган Бани Салимага "Босган қадамларингизга савоб умид қилмайсизларми?", деганлар. (Бухорий ривояти). Юқоридаги маънодан келиб чиқиб маҳалла масжидини қўйиб узоқлардаги масжидаларга савоб умидида бориш тўғри эмас.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Масжидларга боришнинг фазли улуғ.
2- Масжиддаги жамоат намозларининг ажри кўп.
3- Масжидга узоқдан келадиган одамнинг ажри, яқиндан келадиган одамнинг ажридан ортиқроқ.
4- Банда, агар ажр умидида амал қилса, ибодатларнинг муқаддима ва воситаларига ҳам ажр олади.