Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
35 - дарс Дуо ижобат бўладиган вақтлар
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати саждада турганидадир, (саждада турганда) дуони кўпроқ қилинглар», дедилар.
Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Азон ва иқомат орасидаги дуо қайтарилмайди», дедилар.
Имом Абу Довуд Саҳл Ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки ҳолат борки ундаги дуо ҳеч қайтарилмайди – ёки камдан-кам қайтарилади- : Азондан кейинги дуо ва жанг майдонида икки тараф бир бирига киришиб кетганида», дедилар.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Роббимиз Таборака ва Таоло ҳар кеча, кечанинг учинчи қисми қолганда Самоуд-дунёга тушиб: Ким менга дуо қилади дуосини ижобат қиламан, ким мендан сўрайди тилагини бераман, ким мендан мағфират сўрайди уни мағфират қиламан, дейди».
Шарҳ:
Дуо ижобат бўлиши умид қилинадиган хос вақтлар бор. Мусулмон киши бу вақтларни ғанимат билиб, фурсатни қўлдан кетказмай кўпроқ дуо қилишга ҳаракат қилмоғи керак. Бу вақтлар: мусулмон киши саждада турганида Роббисига энг яқин бўлган вақт. Саждада туриб кўпроқ дуо қилиш мустаҳаб, шунингдек азон билан иқомат орасидаги дуо қайтарилмайди, жанг майдонида уруш авжига чиқиб, қизиганда ҳам дуо қайтарилмайди. Ҳар кеча, туннинг охирги қисмида Аллоҳ таоло Самоуд-дунёга тушиб дуоларни ижобат қилади. Бундан бошқа дуо ижобат бўладиган вақтлар ва ўринлар бор уларни ҳам билиб олишга ҳаракат қилинг.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Дуолар ижобат бўлиши умид қилинадиган хос вақтлар бор.
2- Мусулмон киши бу вақтларни ғанимат билиб кўпроқ дуо қилишга ҳаракат қилмоғи керак.