Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
31 - дарс Қўл бериб кўришишнинг мустаҳаблиги
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Қатода раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳуга:
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ўртасида қўл бериб кўриш бормиди?, деб сўради.
— Ҳа бор эди, деб жавоб берди.
Имом Абу Довуд Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки мусулмон учрашса ва қўл бериб кўришса ажралишларидан аввал гуноҳлари кечирилади», дедилар.
Шайх Албоний бу ҳадисни "ҳасан" деганлар.
Шарҳ:
Мусулмонлар орасидаги меҳр-муҳаббатни оширадиган нарсалардан бири учрашганда қўл бериб кўришиш. Бу амал сахобалар - Аллоҳ улардан рози бўлсин - ўртасида бор эди. Баронинг ҳадисидаги "ажралишларидан аввал гуноҳлари кечирилади" жумласининг маъноси: баданлари билан ажралишларидан ёки қўлларини қўйиб юборишлиридан аввал гуноҳлари кечирилади, деганидир.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Қўл бериб кўришиш мустаҳаб.
2- Саҳобалар — Аллоҳ улардан рози бўлсин — қўл бериб кўришар эдилар.
3- Мусулмонлар учрашганда қўл бериб кўришиш улкан ажрли амалдир.