Ислом Нури

 

Китоблар

 

Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар

23 - дарс
Шумланиш

 

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Касал юқиши йўқ, шумланиш ҳам йўқ, лекин некбинлик (яхши фол) ва ширин сўз мени ажаблантиради», дедилар.

 

Имом Абу Довуд Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шумланиш ширкдир», дедилар.

 

Шарх:

Бирор ишни қилишга киришган пайтида қарға ёки бойўғлини кўриш, қора мушук йўлини кесиб ўтиши ва шунга ўхшаш нарсалар сабабли мақсадидан қайтишига шумланиш дейилади. Исмлар, рақамлар ва шунга ўхшаш нарсалар ёмонлик келтиради деб эътиқод қилиш ҳам шумаланиш ҳисобланади. Шумланиш ширкдир, чунки махлуқлардан шумлаган одамнинг Аллоҳга бўлган таваккули сусаяди ва ўша махлуқларда ҳам бир нав фойда ёки зарар келтира олиш хусусияти бор деб эътиқод қилади. Аммо яхши фолда қалб Аллоҳдан ўзгага боғланмайди, балки келажакда бўладиган яхшиликдан умид қилади ва Аллоҳга бўлган гумони гўзал бўлади. Масалан бирон оғир касал бўлиб ётган одам бировнинг "саломат" деганини эшитиб қоладида, бундан унинг қўнглига ҳушнудлик кириб, "ажаб эмас соғайиб, саломат бўлиб кетсам" деган нарса кўнглидан ўтади ва Аллоҳнинг қазосига яхши гумон қилиб, шифо беришини умид қилиб қолади.

 

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1-  Шумланиш жоиз эмас.

2- Шумланиш бирон амал ёки ниятни тарк қилишга сабаб бўлса ширк бўлади, чунки бундай одам Аллоҳдан бошқаси фойда ёки зарарни жалб қилишга қодир деб эътиқод қилиб қолади.

3- Аллоҳ таолодан яхшиликни кутиб, ишларни яхшиликка таъвил қилиш суннатдир.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ