Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
12 - дарс Тавбанинг қабул бўлиш шартлари ва баъзи аҳкомлари
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 158- оятида шундай дейди: «Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда келтирмас»
Нисо сурасининг 17,18-оятларида эса: «Албатта Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилиши фақат биронта гуноҳни нодонлик билан қилиб қўйиб, сўнгра дарҳол тавба қилган кишилар учундир. Аллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир. На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки боровларга ўлим келганда “энди тавба қилдим” дейдиган ва на кофир холда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул бўлмас, улар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз» дейди.
Имом Муслим Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Аллоҳ таоло тунда қўлини чўзади кундуздаги гуноҳкор тавба қилиши учун ва кундузи қўлини чўзади кечасидаги гуноҳкор тавба қилиши учун - шу ҳол давом этаверади - то қуёш мағрибидан (ботадиган томонидан) чиқмагунича», дедилар.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ азза ва жалла банданинг тавбасини модомики унинг жони халқумига келмаган экан қабул қилаверади», дедилар.
Шарх:
Тавбанинг шартлари бор, агар тавба қилувчи бу шартларни бажарса, тавбаси Аллоҳнинг изни билан қабул бўлади. Рух ҳалқумга келмагунча, шунингдек қуёш мағрибдан чиқмагунча тавба қабул бўлади. Қачонки руҳи ҳалқумига келиб, ўлиши аниқ бўлиб қолса, шунингдек қуёш ботадиган томонидан чиқиб, одамлар қиёмат қойим бўлишини аниқ билиб қолсалар, энди уларнинг қилган тавбалари қабул бўлмас. Уламолар тавба ҳақиқий бўлиши учун 4 та шарт қўйганлар: 1) Гуноҳдан дарҳол тийилиш. 2) Аввалда қилиб қўйгани учун қаттиқ надомат қилиш. 3) Гуноҳга қайтмасликка азму қарор қилиш. Агар гуноҳ бошқаларнинг ҳаққига тааллуқли бўлса 4- шарт вожиб бўлади, у ҳақни ўз эгасига қайтариш. Ҳақ мол бўлса, айнан қайтаради, ғийбат бўлса кечирим сўрайди ва ғийбат қилинган мажлисдагилар олдида уни оқлайди ва ҳоказо.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Тавбанинг шартларидан бири тавба ўлим келишидан, рух ҳалқумга етишидан аввал бўлиши керак.
2- Тавбанинг шартларидан бири тавба қуёш мағрибдан чиқишдан аввал бўлиши керак, чунки бу кунда амалларга муҳр урилади, тавба қабул қилинмайди.
3- Ким ҳақиқий тавба қилса, сўнгра яна гуноҳига қайтса, аввалги тавбаси қабул бўлади, лекин кейинги гунгоҳи учун қайтадан тавба қилиши керак бўлади.
4- Тавба эшиги кечаю кундуз очиқ.