Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
8 - дарс Тилни сақлаш
Аллоҳ таоло Исро сурасининг 36- оятида шундай дейди: «(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсани гапирма, чунки қулоқ, кўз, қалб – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши қиёматда жавоб берур)»
Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абу Муса ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар мен:
- Ё Расулуллоҳ, мусулмонлар ичида энг афзали ким? дедим.
- «Ким мусулмонларга тили ва қўли билан озор бермаса ўша киши афзалидир» деб жавоб бердилар.
Муттафақун алайҳ бўлган бошқа ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Банда (ўйланмасдан) бир калима гапириб юборади натижада – шу калима сабабли – жаҳаннамга машриқ билан мағриб орасидан ҳам узоқроқ масофага тойиб тушади», деганларини эшитдим дейди.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Суфён ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:
- Ё Расулуллоҳ, мен уни махкам тутишим керак бўлган бир ишни айтинг дедим.
- Аллоҳга иймон келтирдим денг, сўнгра тўғри бўлинг» (яъни, Аллоҳ буюрган ва қайтарган амалларни божаришда ажалингиз келгунча мустаҳкам туринг), дедилар. Мен яна:
- Ё Расулуллоҳ менинг ҳақимда энг қўрқадиган нарсангиз нима? дедим. Ўз тилларини ушладилар, кейин:
- «Мана шу», дедилар.
Имом Термизий ривоят қилган яна бир ҳадисда Уқба ибн Амир розияллоҳу анҳу Ё Расулуллоҳ "Нажотга қандай эришилади?" деб сўрадим, дейди.
«Тилингизни тийинг, уйингизга сиғинг ва гуноҳингизга йиғланг», дедилар.
Шарх:
Тилни беҳуда ва шариат ҳаром қилган ёлғон сўзлаш, ғийбат, чақимчилик ва бўҳтон қилиш каби амаллардан сақлаш дунё саодати ва охират нажотига сабаб бўлади. Салафлардан бири шундай деган экан: Мўмин киши кам гапириб, кўп амал қилади. Кофир эса кўп гапириб, кам амал қилади.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Мусулмонни дини тилини мусулмонлардан тийиш билан комил бўлади.
2- Тилни тийишнинг оқибати нажот.
3- Эътиборсизлик билан айтилган бир калима жаҳаннамга киришга сабаб бўлиши мумкин.