Ислом Нури

 

Китоблар

 

الرحيق المختوم

بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام

صفي الرحمن المباركفوري

Ар-раҳиқ ал-махтум

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар

Ислом Нури таржимаси

Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши

Каъб ибн Ашраф Ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озори кучли, у кишига қарши уруш қилишга энг кўп чақирувчи кимса эди.

У Бану Набҳоннинг Той қабиласидан, она тарафидан Бану Назирдан эди. Бой-бадавлат, дабдабага берилган, араблар орасида чиройи билан танилган, шоир киши эди. Қўрғони Бану Назир диёри ортида, Мадинанинг жанубий шарқида жойлашганди.

Унга мусулмонларнинг Бадрда ғалаба қозонишгани ва Қурайш улуғларнинг бошига тушган кўргиликлар хабари биринчи етиб келганида ишонқирамасдан: «Йўғ-е, ростданми?! Улар арабларнинг энг улуғзодалари, одамларнинг подшоҳлари-ку! Худо ҳаққи, агар Муҳаммад шу қавмнинг бошига етган бўлса, у ҳолда ернинг ости устидан яхши бўлиб қолади-ку», деди.

Хабарнинг ростлиги аниқ бўлгач, бу Аллоҳнинг душмани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва мусулмонларни ҳажв қилишга, уларнинг душманларини мадҳ этишга, уларни мусулмонларга қарши ундашга бел боғлади. Бунга ҳам қаноат қилмай, Маккага бориб, Мутталиб ибн Абу Вадоъа ас-Саҳмийникига тушди ва Бадр қудуғига жо бўлган мушрикларга йиғлаб марсиялар ўқий бошлади. Шундай қилиб у Қурайшнинг ҳали ўчиб улгурмаган алам ўтини қайта ўт олдиришга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган адоват ва нафратларини янгилашга муваффақ бўлди ва уларни у зотга қарши жангга чорлашга ҳаракат қилди. Маккада эканида Абу Суфён ва мушриклар ундан: «Бизнинг динимиз яхшироқми, Муҳаммад ва унинг асҳобларининг диними? Қай биримизнинг йўлимизни тўғрироқ деб ўйлайсан?», деб сўрашганда у: «Сизлар улардан кўра тўғрироқ ва афзалроқ йўлдасиз», деб жавоб берди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят ҳам нозил қилган: «Китобдан насибадор бўлган кимсаларнинг бут ва санамларга сиғинаётганларини ҳамда кофир кимсалар ҳақида: «Ўшалар иймон эгалари бўлган мусулмонлардан кўра туғрироқ йўлдалар», деяётганларини кўрмадингизми?» (Нисо: 51).

Сўнг Каъб Мадинага қайтиб келиб, шеърларида саҳобаларнинг аёлларини васфлаб, заҳарли тили билан уларга озор бера бошлади.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Каъб ибн Ашрафга талабгор борми? У Аллоҳ ва Расулига озор бермоқда», дедилар. Шунда Муҳаммад ибн Маслама, Аббод ибн Бишр, Абу Ноила – унинг исми Силкон ибн Салома бўлиб, ўзи Каъбнинг эмикдош биродари эди, – Ҳорис ибн Авс ва Абу Абс ибн Жабр бу ишга талабгор бўлиб чиқдилар, гуруҳга Муҳаммад ибн Маслама бош бўладиган бўлди.

Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши ҳақидаги ривоятларда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Каъб ибн Ашрафга талабгор борми? У Аллоҳ ва Расулига озор бермоқда», деганларида Муҳаммад ибн Маслама ўрнидан туриб: «Мен талабгорман, ё Расулуллоҳ, уни ўлдиришимни истайсизми?», деб сўради. У зот: «Ҳа», дедилар. «Ундай бўлса, менга баъзи бир сўзларни гапиришимга рухсат беринг», деди. «Майли, гапираверинг», дедилар.

Шундан сўнг Муҳаммад ибн Маслама бориб Каъбга: «Бу одам биздан садақа талаб қилавериб қийнаб юборди», деди.

Каъб: «Қасам ичиб айтаманки, ҳали у сизларнинг жонингизга тегиб кетади», деди.

«Биз унга эргашиб қўйганмиз, энди унинг иши то бир ёққа сурилмагунча ташлаб кетолмаймиз. Бизга бир-икки васақ (бир васақ 130 кг) озиқ-овқат қарз бериб турсанг, дегандик», деди Муҳаммад ибн Маслама.

«Майли, гаровга бирон нарсаларингни қўйинглар», деди Каъб.

«Нимани гаровга қўйишимизни истайсан?», сўради Ибн Маслама.

«Аёлларингни гаровга қўйинглар», деди.

«Аёлларимизни сенга қандай ишонайлик, ахир сен араблар ичида чиройинг билан машҳур одам бўлсанг», деди.

«Унда фарзандларингни гаровга қўя қолинглар», деди.

«Йўғ-е, кейинчалик болаларимиз «бир васақ ё икки васаққа гаровга қўйилган» деган иснодни кўтариб юришсинми?! Ундан кўра, агар рози бўлсанг, сенга қуролларимизни гаровга қўяйлик», деди.

Каъб ҳам рози бўлгач, қуролларини келтириб беришга келишишди.

Абу Ноила ҳам худди Муҳамад ибн Маслама каби Каъб ҳузурига келиб, у билан бироз шеърхонлик қилган бўлди, сўнг: «Эй Ибн Ашраф, мен аслида олдингга бир ҳожат билан келганман, бировга айтмасанг айтаман», деди.

«Майли, сўзла», деди Каъб.

«Бу одам бошимизга битган бало бўлди, бизни араблар билан душман қилиб қўйди, энди ҳамма араблар бизга қарши бўлиб қолиб, йўлларимизни тўсиб қўйишди, бола-чақалар оч қолиб, ўзимиз жуда қийналиб қолдик», деди Ибн Ноила. Сўнг ўрталарида худди Муҳаммад ибн Маслама билан бўлгандек суҳбат бўлиб ўтди.

Гап орасида Абу Ноила: «Менинг худди шу фикрда бўлган бошқа шерикларим ҳам бор, уларни ҳузурингга олиб келсам, уларга ҳам шундай яхши муомала қилсанг, дегандим», деди.

Шундай қилиб, Ибн Маслама билан Абу Ноила бу сўзлашувдан кўзда тутган мақсадларига эришишди, яъни Каъбнинг олдига қурол-яроғ ва шериклари билан бемалол келишга замин ҳозирлаб олишди.

Шундан сўнг 3- ҳижрий рабиъул-аввал ойининг 14- кечаси, ойдин тунда ушбу гуруҳ аъзолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йиғилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Бақийъул ғарқадгача кузатиб бордилар, сўнг: «Аллоҳнинг номи билан йўлга отланинглар, эй Парвардигор, буларга Ўзинг мадад бергайсан», деб, уларга оқ йўл тиладилар. Сўнг уйларига қайтиб, намоз ўқиб, Парвардигорга муножот қила бошладилар.

Гуруҳ Каъб ибн Ашрафнинг қўрғонига етиб келгач, Абу Ноила уни исмини айтиб чақирди. Улар олдига чиқмоқчи бўлиб ўрнидан қўзғолганида яқиндагина уйланган аёли: «Шу бемаҳалда қаерга чиқмоқчисиз?! Бу овоздан қон ҳиди келгандек бўлаяпти» деди. Каъб: «Хавотирланма, булар дўстим Муҳаммад ибн Маслама билан эмикдошим Абу Ноила-ку! Олийжаноб инсон ўлимга чақирилса ҳам йўқ демайди», деди, сўнг бошидан хушбўй ҳидлар таратганича улар олдига чиқиб борди.

Абу Ноила шерикларини аввалдан огоҳлантириб қўйган, «Мен унинг бошидан ҳидлаш баҳонасида сочидан маҳкам ушлаганимда сизлар фурсатни ғанимат билиб, унга ҳужум қиласизлар», деган эди. Каъб улар олдига тушиб келиб, бироз гаплашиб тургач, Абу Ноила унга: «Эй Ибн Ашраф, биргалашиб Ажуз дарасига бориб, ўша ерда гаплашиб ўтирсак, нима дейсан?», деди. «Майли, шуни истасангизлар борақоламиз», деди Каъб, сўнг бирга юриб кетишди. Йўлда кетиб боришаркан, Абу Ноила: «Бугунгидек хушбўй кечани кўрмаганман», деди. Каъб унинг мақтовидан эриб: «Арабнинг энг хушбўй аёлига уйланганман-да», деди. «Изн берсанг, бошингдан бир ҳидласам», деди Абу Ноила. «Майли, ҳидлайқол», деди Каъб. Абу Ноила унинг сочлари орасига қўлини киритиб, бошидан ҳидлади ва шерикларига ҳам ҳидлатди.

Бироз юришгач: «Яна бир ҳидласам майлими?», деб сўради ва унинг розилигини олгач, иккинчи бор ҳидлади. Шу билан Каъб анча хотиржам бўлиб қолди. Яна бироз юришгач: «Яна бир ҳидласам майлими?», деб сўради. «Майли», дегач, қўлини унинг сочлари орасига киритиб, бошидан маҳкам ушлаб олгач: «Уринглар Аллоҳнинг душманини!», деб хитоб қилди. Ҳаммалари унга қилич солишга шошилишди, бироқ зарбалари ўринсиз кетди. Шунда Муҳаммад ибн Маслама ханжарини чиқарди-да, унинг қорнига тиқиб, куч билан пастга қараб тортди. Шундан сўнг Аллоҳнинг душмани ерга йиқилиб, жон берди. Жон аччиғида кўтарган қаттиқ фарёди сасидан чор-атрофдаги қўрғонлар аҳли уйғониб кетиб, ҳамма қўрғонларда гулханлар ёруғи кўринди.

Гуруҳ тезлик билан ортга қайтди. Ҳорис ибн Авсга шерикларидан бирининг қиличи тегиб кетиб, жароҳатлаган экан, қон кетиб, ортда қолиб кетди. Гуруҳ Урайзга етиб бориб қарашса, Ҳорис қолиб кетибди. Ўша ерда унинг етиб олишини кутиб туришди. Етиб келгач, уни кўтариб кетишди. Бақиъул-ғарқадга етиб келишгач: «Аллоҳу акбар» деб такбир айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг такбирлари овозини эшитиб Каъбнинг ўлдирилганини билдилар ва у зот ҳам такбир айтдилар. Ҳузурларига етиб келишгач, у зот: «Юзларингиз ёруғ бўлсин!», дедилар. Улар: «Сизнинг юзингиз ҳам, ё Расулуллоҳ!», деб жавоб беришди ва туғёнкорнинг калласини у зотнинг олдига ташлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўлими учун Аллоҳга ҳамд айтдилар. Ҳориснинг жароҳатига туфлаб қўйган эдилар, у бутунлай тузалиб кетди ва шундан кейин сира безовта қилмади[1].

Яҳудлар ўз бошлиқлари Каъб ибн Ашрафнинг қатл этилганини билишгач, саркаш дилларига қўрқув оралади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчликка путур етказишни ва беқарорлик чиқаришни истайдиган ҳамда аҳдномаларни назар-писанд қилмайдиган кимсаларга насиҳат фойда бермаслигини кўрсалар, уларга нисбатан куч қўллашдан тўхталиб турмасликларини англаб етишди. Шу боис нафаслари ичида, жим-жим қолаверишни афзал кўришди. Шундан сўнг ўзларини аҳдларга вафо қилаётгандек кўрсатиб юришди. Бошқача қилиб айтганда, заҳарли илонлар инларига кириб яширинишга мажбур бўлишди.

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ташқи тарафдан кутилаётган хавф-хатарларга юзланиш учун бир мунча фурсатга эга бўлдилар, мусулмонлар ҳам ички тарафдан хавф солиб турган ва вақти-вақти билан бадбўй ҳид чиқариб турган ички душман муаммосидан анча-мунча фориғ бўлдилар.

Буҳрон ғазоти

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 300 жангчидан ташкил топган лашкар ҳамроҳлигида 3- ҳижрий рабиъул-охир ойида Ҳижознинг Фуръ тарафидаги Буҳрон деган жойга юриш қилдилар. У ерда рабиъул-охир ва жумодул-уло ойлари ичи туриб, сўнг жангсиз Мадинага қайтиб келдилар[2].

Зайд ибн Ҳориса бошчилигидаги сарийя

Бу Уҳуд жанггига қадар мусулмонлар олиб борган энг сўнгги ва энг муваффақиятли жанг бўлиб, 3 ҳижрийнинг жумодул-охира ойида бўлиб ўтди. Унинг тафсилоти қуйидагича: Бадр жангидан сўнг Қурайшни безовталик ва беқарорлик эгаллади. Сабаби, ёз фасли келиб, унинг Шомга бўлган тижорат мавсуми яқинлашиб қолганди.

Сафвон ибн Умайя – у Қурайшнинг шу йилги Шомга бўлган тижорат карвонига бошлиқ этиб сайланган эди – Қурайшга деди: «Биласиз, Муҳаммад ва унинг асҳоблари бизнинг савдо йўлимизга эгалик қилиб олишди, соҳил уларнинг назорати остида, соҳилликлар ҳам улар билан сулҳ тузишган ва аксарияти унга тобе бўлиб кетишган. Нима қилишга ва қайси тарафдан йўл олишга бошимиз қотиб қолди. Агар уйимизда ўтираверсак, тез кунда сармоямизни ҳам еб битирамиз. Тириклигимиз эса фақат ёзда Шомга ва қишда Ҳабашистонга бўлган тижоратимизга боғлиқ бўлиб қолган».

Шу ҳақда бўлиб ўтган баҳсу мунозаралар давомида Асвад ибн Абдулмутталиб Сафвонга янги бир йўлни, яъни, соҳил йўлидан бурилиб, Ироқ йўлига ўтиб олишни таклиф қилди. Бу йўл жуда узоқ йўл бўлиб, Шомга бориш учун Наждни босиб ўтишга тўғри келарди ва Мадинанинг шарқий томонидан анча узоқ масофа наридан ўтиб кетиларди. Қурайшга бу йўл тамоман бегона эди. Асвад ибн Абдулмутталиб Сафвонга Бану Бакр қабиласидан бўлган Фурот ибн Ҳайённи ушбу сафарида йўл кўрсатувчи қилиб олишни маслаҳат берди.

Шундай қилиб, Сафвон ибн Умайя бошчилигидаги Қурайш карвони янги йўл орқали сафарга йўл олди. Бироқ, бу карвоннинг хабари ва унинг йўл режаси аллақачон Мадинага етиб борганди. Сабаби, Салит ибн Нўъмон исмли мусулмон шаробхўрлик йиғинида у пайтда ҳали исломни қабул қилмаган Нуъайм ибн Масъуд ал-Ашжаъий билан ўтириб қолди – бу воқеа ҳали маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинмасидан илгари эди – ва шунда кайфи ошиб қолган Нуъайм карвон ва унинг йўналиш режасини батафсил гапириб берди. Салит тезлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етиб бориб, бундан у кишини огоҳ қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол Зайд ибн Ҳориса ал-Калбий бошчилигида 100 кишилик қўшин тайёрлаб, йўлга чиқардилар. Зайднинг қўшини тўхтовсиз юриб бориб, карвон Нажд еридаги Қарда номли сувли бир жойда дам олишга тўхтаган пайтда уларни ғафлатда қолдириб, устларига ҳужум қилди ва карвонни тўлалигича қўлга киритди. Сафвон ҳам, карвонни қўриқлаб бораётган бошқа кишилар ҳам бирон қаршилик кўрсатишга қодир бўлмай, зўрға қочиб қутулишди.

Мусулмонлар карвоннинг йўл кўрсатувчиси Фурот ибн Ҳайённи – бир ривоятда яна икки кишини ҳам – асир олишди, карвонда бўлган қиймати юз минглик турли хил идиш ва кумушларни ўлжа қилиб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўлжани – бешдан бирини ажратиб олганларидан сўнг – сарийя аъзоларига тақсимлаб бердилар. Фурот ибн Ҳайён у зотнинг қўлларида мусулмон бўлди.

Бу ҳодиса Бадрдан кейин Қурайш бошига тушган энг катта зарба ва ғоят оғир мусибат бўлди. Бу мусибатдан Қурайш тамомила довдираб қолди ва алами яна ҳам зиёдалашди. Энди унинг олдида фақат икки йўл қолганди: ё манманлик ва кибридан воз кечиб, мусулмонлар билан сулҳ ва тинчлик йўлини танлаши ё эса унга ўзининг эски шавкати ва иззатини қайтариб берадиган, шу билан бирга мусулмонларнинг куч-қудратини бутунлай ер билан яксон қилиб, уларни қайта бош кўтара олмайдиган қилиб қўядиган кенг қамровли уруш йўлини танлаши лозим эди. Макка иккинчи йўлни танлади. Қурайш ичида ўч олишга чақириқлар тобора баландроқ янграй бошлади, мусулмонлар билан тўқнашувга зўр бериб кенг қамровдаги тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.


 

УҲУД ҒАЗОТИ

Қурайшнинг интиқом жанггига тайёрланиши

Бадрда етган мағлубият, аслзода ва раҳбарларининг ҳалокати туфайли Макка мусулмонларга қарши алам ва нафрат ўтида қовурилар, дилларда интиқом ва ўч олиш истаклари жўш урарди. Ҳатто Қурайш ўзлари чекаётган мусибат ва аламнинг оғирлигини мусулмонларга билдириб қўймаслик учун Бадрда ўлдирилган кишиларига овоз чиқариб йиғлашни ҳам тақиқлаб қўйган, мусулмонлар қўлидаги асирларини тўлов эвазига қутқариш учун ҳам шошилмасликка буюрган эди.

Бадр ғазотидан сўнг Қурайш қасос олиш ташналигини қондириш ва аламидан чиқиш мақсадида мусулмонларга қарши кенг кўламда уруш қилишга келишиб олганди, энди у ана шу улкан жанг учун тайёрланишга киришди.

Қурайш раҳбарлари ичида Икрима ибн Абу Жаҳл, Сафвон ибн Умайя, Абу Суфён ибн Ҳарб ва Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъалар бундай уруш қилишга энг кўп тарафдор кишилар бўлди.

Бу мақсадда энг биринчи қилган ишлари – Абу Суфён қутқариб қолган ва Бадр урушига сабаб бўлган карвонни тўлалигича ушлаб қолиш бўлди. Ундаги тижорат молларининг эгаларига: «Эй Қурайш жамоаси, Муҳаммад сизларга зулм қилди, энг яхши кишиларингизни ўлдирди, энди унга қарши уруш қилишга мана шу молларингиз билан ёрдам беринглар, шояд шу билан ундан ўчимизни олсак», дейишган эди, улар бунга рози бўлишди. Карвон минг туядан иборат бўлиб, ундаги молларни сотишганда эллик минг динор бўлди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят нозил қилган эдики: «Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар» (Анфол: 36).

Сўнгра мусулмонларга қарши урушга ўз ҳиссасини қўшишни истаган аҳбошлар (яъни, Макка атрофларидаги тарқоқ қабилалар), Кинона ва Тиҳома аҳли учун ихтиёрий иона қилиш (молиявий ёрдам кўрсатиш) эшигини катта очиб қўйишди ва бунинг учун хилма-хил тарғибот-ташвиқот йўлларини қўллашди. Ҳатто, Сафвон ибн Умайя шоир Абу Иззани – Бадр жанггида асир тушганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат кўрсатиб, ҳеч қандай тўловсиз озод қилган ва у зотга қарши бирон ҳаракатга қўшилмасликка аҳд олган шоирни – ўз шеърлари билан қабилаларни мусулмонларга қарши жангга қўзғотишга ундади ва агар шу жангдан омон қайтса уни бойликка кўмиб юборишини, агар ҳалок бўлса қизларини ўз кафолатига олишини ваъда қилди. Абу Изза ҳамият ва ҳиссиётларни қўзғотувчи шеърлари билан қабилаларни жангга тарғиб қила бошлади. Ундан бошқа, Мусофиъ ибн Абдуманоф исмли яна бир шоирни ҳам бу ишга жалб этдилар.

Абу Суфён ҳам Савиқ ғазотидан ноумид  ва мақсадга эришолмай, боз устига йўл озуқаларидан айрилиб қайтганидан сўнг ушбу урушга жон-жаҳди билан тарғиб қиларди.

Бунинг устига, яқингинада Зайд ибн Ҳориса бошчилигидаги сарийяда Қурайш бошига тушган ва иқтисодини синдириб ташлаган қақшатқич молиявий зарба шунингсиз ҳам ёниб турган оловга мой сепгандек бўлди ва Қурайш учун чидаб бўлмас алам-оғриқ келтирди. Шундан сўнг Қурайшнинг мусулмонлар билан ҳал қилувчи жанг қилиш учун тайёргарлиги яна ҳам кучайиб кетди.

Қурайш лашкарининг таркиби ва қўмондонлиги

Бир йил деганда Макка урушга батамом ҳозир бўлди, унинг қўшини сафига Қурайш ва унинг иттифоқчилари ҳамда аҳбошлардан иборат уч минг жангчи йиғилди. Қурайш раҳбарияти эркаклар орияти қўзғалиши ва ор-номуслари йўлида фидокорлик билан жанг қилишлари учун аёлларни ҳам ўзлари билан бирга олишга қарор қилишди. Лашкар ичида ўн беш чоғли аёл бор эди.

Қўшиннинг ҳаракатланиш қуроллари уч минг туядан, отлиқ бўлинмаси икки юзта отдан[3], ҳимоя қуроллари етти юзта совутдан ташкил топганди. Бош қўмондонлик Абу Суфён ибн Ҳарб зиммасида бўлиб, Холид ибн Валид отлиқ бўлинма қўмондони, Икрима ибн Абу Жаҳл унинг ёрдамчиси этиб тайинланди. Қўшин байроғи Бану Абдуд-Дор уруғи қўлига берилди.

Макка қўшини йўлга тушади

Мана шундай мукаммал тайёргарликдан сўнг Макка қўшини Мадинага қараб йўлга тушди. Қадимий адоват ва алам туйғуларидан қалбларда ғазаб ва нафрат алангалари тобора гуриллаб борар, бу эса тезда юз беражак аёвсиз жанглардан дарак берарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманнинг ҳаракат режасини ўрганадилар

Аббос ибн Абдулмутталиб Қурайшнинг барча ҳаракатларини ва ҳарбий тайёргарликларини кузатиб борарди. Лашкар йўлга чиққач, Аббос зудлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўшин ҳақидаги барча тафсилотлардан огоҳ этиб, мактуб йўллади.

Аббоснинг элчиси катта тезликда ҳаракатланиб, Макка билан Мадина ўртасидаги 500 километрга яқин масофани уч кунда босиб ўтди ва мактубни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга топширди, у зот ўша пайт Қубо масжидида эдилар.

Мактубни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Убай ибн Каъб ўқиб эшиттирди. Унга мактуб мазмунини сир тутишни буюрдилар ва дарҳол Мадинага қайтиб, муҳожир ва ансор раҳбарлари билан фикр алмашдилар.

Мусулмонларнинг фавқулода ҳолатга тайёрланишлари

Мадинада умумий ҳарбий сафарбарлик ҳолати ҳукм сурар, эркаклар ҳар қандай фавқулода ҳолатга тайёр туриш мақсадида ҳатто намозларда ҳам қуролларини қўймаётган эдилар.

Ансорлардан бир гуруҳи – улар ичида Саъд ибн Муоз, Усайд ибн Ҳузайр ва Саъд ибн Убода ҳам бор эди – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриқлаб юришар, тунлари ҳам у зотнинг эшиклари олдидан қимирламасдилар. Ногаҳоний ҳужумнинг олдини олиш мақсадида Мадинанинг барча кириш жойларига қўриқчилар гуруҳи қўйилганди.

Мусулмонлардан тузилган ҳарбий бўлинмалар душманнинг ҳаракат йўналишини ўрганиш мақсадида мушриклар йўл солиши мумкин бўлган барча йўллар атрофида айланиб юрардилар.

Макка қўшини Мадинага яқинлашади

Макка қўшини одатий йўл бўлмиш асосий ғарбий йўл бўйлаб юришини давом эттириб, Абвоъга етиб келганда Абу Суфённинг аёли Ҳинд бинт Утба ўша ерда бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари қабрини очиб ташлашни таклиф қилди, бироқ қўшин раҳбарияти унинг бу талабини рад қилишди ва бундай ишга қўл уришнинг оқибати ёмон бўлиши билан огоҳлантиришди.

Сўнгра қўшин йўлида давом этиб, Мадинага яқинлашди. Ақиқ водийсига етгач, ўнг томонга бурилиб, Уҳуд тоғи яқинига, Мадинанинг шимолий тарафида жойлашган Айнайн деб аталган жойга келиб тўхтади ва ўша ерда лашкаргоҳ (лагер) қурди. Бу ҳижрий учинчи йил шаввол ойининг олтисида, жумъа куни бўлганди.

Мудофаа режасини тузиб олиш учун маслаҳат кенгаши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Макка қўшини ҳақидаги ҳамма хабарлар тўхтовсиз етказиб турилди. Қўшиннинг келиб тушгани ҳақидаги хабарни олганларидан сўнг у зот олий ҳарбий маслаҳатлашув кенгаши ўтказдилар. Унда мавқиф (позиция) танлаш ҳақида фикр алмашув бўлиб ўтди, кўрган бир тушлари ҳақида хабар бериб: «Аллоҳга қасамки, мен бир яхши туш кўрдим. Бир мол (сигир)нинг сўйилганини кўрдим, қиличимнинг тиғида кичик бир синиқни кўрдим, мустаҳкам совут ичига қўл солганимни кўрдим», дедилар. Сигирни бир қанча асҳобларининг қатл қилинишига таъвил қилдилар, қиличларидаги синиқни аҳли байтларидан бир кишининг шаҳид бўлишига таъвил қилдилар, совутни Мадинага таъвил қилдилар.

Сўнг у зот Мадинадан чиқмай, шу ерда ҳимояланиб туриш фикрини ўртага ташладилар. Агар мушриклар келиб тушган жойларида тураверишса, бефойда тураверишади. Агар Мадинага кириб келишса, эркаклар кўчаларнинг бошларида туриб, аёллар эса томлардан туриб улар билан жанг олиб боришади, дедилар. Шу фикр мувофиқ кўрилиб, мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам бунга қўшилди, у бу мажлисда Хазраж бошлиқларидан бири сифатида қатнашаётган эди. Бироқ, маълум бўлишича, унинг бу фикрни қўллаб-қувватлаши мазкур фикр ҳарбий жиҳатдан энг тўғри мавқиф бўлгани учун эмас, балки ҳеч кимга билдирмай жангдан узоқлашиш имкони бўлгани учун эди. Бироқ, Аллоҳ таоло уни ва шерикларини илк бор мусулмонлар кўзи олдида шарманда қилишни, уларнинг куфр ва нифоқлари устига ўралиб турган ниқоблари йиртилиб, ҳақиқий башаралари очилиб қолишини ва мусулмонлар энг оғир дамларда ўз қўйинларига кириб олган илонларни таниб олишларини хоҳлади.

Бадрда иштирок этолмаган ва бошқа бир қанча улуғ саҳобалар эса Мадина ташқарисига чиқиб жанг қилиш таклифи билан чиқдилар ва бу фикрларини қаттиқ туриб ҳимоя қилдилар, ҳатто баъзилари: «Ё Расулуллоҳ, биз бу кунни орзиқиб кутаётган ва Аллоҳдан шундай кун келишини сўраётган эдик. Мана, Аллоҳнинг Ўзи уларни бизнинг ҳузуримизга келтириб қўйди. Келинг, душман рўпарасига чиқиб борайлик, улар бизни қўрқоқлик қилди деб ўйлашмасин», дейишди.

Ушбу фидоийлар бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари – Бадрда чиройли имтиҳондан ўтган улуғ саҳобий Ҳамза ибн Абдулмутталиб турган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Сизга Китоб нозил қилган Зотга қасамки, то Мадина ташқарисида уларга қарши қиличим билан жанг қилмагунча оғзимга таом олмаганим бўлсин», деб қасамёд қилди[4].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу фидоий инсонлар риояси учун ўз фикрларидан қайтдилар ва Мадина ташқарисига чиқиб, душман билан очиқ майдонда жанг олиб боришга қарор қилдилар.

Ислом лашкарининг бўлинмаларга бўлиниши ва жанг майдонига чиқиб бориши

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни одамлар билан жумъа намозини ўқидилар, уларга ваъз-насиҳатлар қилиб, ғайрат ва шижоатга чорладилар, ғалаба сабр-матонат билан келишини айтиб, душман билан тўқнашувга тайёр бўлишга амр этдилар. Одамлар у зотнинг сўзларини жон қулоқлари билан тинглаб, хурсандлик билан қабул қилдилар. Сўнг аср намозини жамоат билан ўқидилар. Ҳамма йиғилган, Аволий (Мадинанинг юқори тарафи) аҳолиси ҳам ҳозир бўлган эди. Сўнг у зот икки дўстлари Абу Бакр ва Умар ҳамроҳлигида уйларига кирдилар, улар ёрдамида бошларига салла, энгиларига икки қават совут (зирҳли ҳарбий либос) кийдилар, белларига қилич тақдилар, сўнг шу ҳолда одамлар олдига чиқиб келдилар.

Одамлар у зотнинг чиқишини кутиб турган эдилар. Чунки, Саъд ибн Муоз билан Усайд ибн Ҳузайр уларга танбеҳ бериб: «Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзлари истамаган ишга – жанг учун Мадина ташқарисига чиқишга мажбур қилдингизлар, ишни у зотнинг ихтиёрларига қўйишларингиз керак эди», дейишган, шу боис ҳаммалари қилган ишларига пушаймон бўлиб туришган эди. У зот чиқиб келгач: «Ё Расулуллоҳ, биз сизнинг фикрингизга қарши чиқмаслигимиз керак эди, сиз истаган иш бўлсин, Мадинада турамиз десангиз, майли, тураверамиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбар эгнига совутини кийганидан сўнг энди то Аллоҳ у билан душмани ўртасида ҳукм қилмагунича уни ечиши жоиз бўлмайди», дедилар[5].

Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни уч гуруҳга бўлдилар:

1)               Муҳожирлар гуруҳи, унинг байроғини Мусъаб ибн Умайр ал-Абдарийга бердилар.

2)               Ансорларнинг Авс гуруҳи, унинг байроғини Усайд ибн Ҳузайрга бердилар.

3)               Ансорларнинг Хазраж гуруҳи, унинг байроғини Ҳубоб ибн ал-Мунзирга бердилар.

Қўшин мингта жангчидан ташкил топган бўлиб, ичларида юзта совут кийган жангчи бор эди. Унинг таркибида битта ҳам отлиқ йўқ эди[6].

Мадинада қолган кишиларга имом бўлиб намоз ўқиб бериш учун Ибн Умму Мактумни халифа қилиб қолдиргач, йўлга чиқишга изн бердилар. Қўшин шимол тарафга қараб қўзғолди. Иккала Саъд Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида совут кийган ҳолда боришарди.

Вадоъ тепалигидан ўтиб бораётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши қуролланган ва қўшиндан ажралиб турган бир гуруҳга кўзлари тушиб, улар ҳақида сўраган эдилар, улар Хазражнинг иттифоқчилари бўлган яҳудийлар эканини, мушрикларга қарши жангда иштирок этиш истагида чиқишганини айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар мусулмон бўлдиларми?», деб сўрадилар. «Йўқ», деб жавоб берилди. Шунда ширк аҳлига қарши куфр аҳлининг ёрдамидан воз кечдилар.

Қўшинни кўздан кечиришлари

Шайхон деб номланган жойга етганларида қўшинни бир сидра кўздан кечириб, ёши кичик ва жанг қилишга қурби етмайди, деб кўрганларини ортга қайтариб юбордилар. Улар ичида Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб, Усома ибн Зайд, Усайд ибн Зуҳайр, Зайд ибн Собит, Зайд ибн Арқам, Ароба ибн Авс, Амр ибн Ҳазм, Абу Саид ал-Худрий, Зайд ибн Ҳориса ал-Ансорий ва Саъд ибн Ҳаббалар бор эди. Улар ичида Баро ибн Озиб ҳам бўлгани айтилади, бироқ Бароънинг «Саҳиҳул Бухорий»да ривоят қилган ҳадиси унинг ушбу жангда иштирок этганига далолат қилади.

Рофиъ ибн Хадиж билан Самура ибн Жундабга ёшлари кичик бўлишига қарамай жангда иштирок этишга ижозат бердилар. Чунки, Рофиъ ибн Хадиж найза отишга моҳир эди, шунинг учун унга ижозат бердилар. Буни кўрган Самура: «Мен Рофиъдан кучлиман, курашда уни енгаман», деди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилгач, у зот иккаласини кураштириб кўрдилар. Дарҳақиқат, Самура курашда Рофиъни енгиб қўйгач, унга ҳам жангда иштирок этишга ижозат бердилар.

Уҳуд билан Мадина ўрталиғида тунашлари

Шу ерда эканларида кеч кириб, шом намозини ўқидилар. Кейин хуфтон намозини ҳам ўқиб, кечани шу ерда ўтказишга қарор қилдилар. Эллик кишини тун бўйи лашкаргоҳ атрофини айланиб, қўриқлаб чиқишга ажратдилар ва уларга Каъб ибн Ашрафни ўлдириш сарийяси қаҳрамони Муҳаммад ибн Маслама ал-Ансорийни бошлиқ қилиб тайинладилар. Заквон ибн Абдуқайс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриқлашга бош-қош бўлди.

Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг шерикларининг исёни

Тонг отишига яқин қўшин йўлга тушиб, бир мунча масофани босиб ўтганларидан сўнг бомдод намозини ўқидилар. Душманга анча яқинлашиб қолишган, ҳар икки тараф бемалол бир-бирини кўриб турарди. Шу ҳолда мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай исён кўтарди, «Нега энди ўзимизни ўлимга тутиб беришимиз керак?!» деб, лашкарнинг қарийб учдан бирини – уч юз жангчини – эргаштириб ортига қайтиб кетди ва бу ишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг фикрини олмасдан, бошқаларнинг фикрига эргашиб кетганини рўкач қилиб кўрсатди.

Шубҳасиз, бу ажралишнинг сабаби у айтаётганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг фикрини рад қилганликлари эмасди. Акс ҳолда, унинг Мадина қўшинига эргашиб шу ергача келишининг маъноси бўлмасди ва у аллақачон, қўшин йўлга чиқмасиданоқ ажралиб кетган бўларди. Аслида, унинг бу исёндан кўзлаган асосий ғарази – мана шундай таранг бир вазиятда, душманнинг кўзи олдида мусулмон лашкари ичида парокандалик ва саросима пайдо қилиш, қўшиннинг катта қисмини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг итоатларидан юлиб олиш ва у кишининг ёнларида қолган қисмини  ҳам руҳий-маънавий тушкунликка тушириш бўлиб, буни кўрган душманнинг руҳияти кўтарилиб, шижаоатига шижоат қўшилишини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан у зотнинг мухлис асҳобларини осонликча ер билан яксон қилишини, шундан сўнг раҳбарлик яна ўзининг қўлига қайтиши учун қулай фурсат вужудга келишини истаган эди.

Ушбу мунофиқнинг кўзлаган режаси амалга ошишига бир баҳя қолди. Яъни, лашкар ичидан икки жамоа – Авсдан Бану Ҳориса ва Хазраждан Бану Салама саросимага тушиб, ортга қайтмоқчи бўлиб қолишди, бироқ, уларга Аллоҳнинг Ўзи ёр бўлиб, тезда ўзларига келишиб, қадамлари яна қайта мустаҳкамланди. Улар ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Ўша пайт сизларнинг орангиздан икки гуруҳ умидсизликка туша бошлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларга ёр эди. Бас, мўминлар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар!» (Оли Имрон: 122).

Абдуллоҳ ибн Ҳаром – Жобир ибн Абдуллоҳнинг отаси – бу мунофиқларга шундай қалтис вазиятда бундай иш тутиш хато бўлишини эслатиб, ортларидан бориб, уларга танбеҳ бера ва ортга қайтишга ундай бошлади, «Бундай қилманглар, келинглар, Аллоҳнинг йўлида жанг қилинглар ёки ҳеч бўлмаса сонимизни кўпайтириб, душманни даф қилиб туринглар», деди. Улар унга жавобан: «Агар сизларнинг жанг қила олишингизни билсак, ортга қайтиб кетмаган бўлардик», дейишди. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Ҳаром: «Аллоҳ сизларни узоқ қилсин! Тезда Аллоҳ ўз пайғамбарини сизлардан беҳожат қилади!» деганича ортига қайтди.

Бу мунофиқлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Уларга: «Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (ҳеч бўлмаса бизнинг саноғимизни кўпайтириш билан душманни) даф қилинглар», дейилса, «Агар жанг бўлишини аниқ билганимизда-ку сизларнинг ортингиздан борган бўлар эдик», дейишади. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар оғизда кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар. Аллоҳ эса уларнинг яширган сирларини жуда яхши билувчидир» (Оли Имрон: 167).

Қўшиннинг қолган қисми Уҳуд сари йўл олади

 Ушбу исён ва ажралишдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшиннинг қолган қисми – етти юз жангчи – билан душман томон йўлни давом эттирдилар. Мушрикларнинг қароргоҳи мусулмонлар билан Уҳуд ўртасидаги минтақаларда жойлашган бўлиб, уларни Уҳуд яқинига етиб боришлари йўлини тўсиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизни энг яқин йўл билан душманга йўлиқтирмай Уҳудга олиб чиқа олади?», дедилар. Абу Хайсама: «Мен олиб чиқаман, ё Расулуллоҳ», деди, сўнг мушриклар қўшинини чап тарафда қолдириб, Уҳудга Бану Ҳориса қабиласининг экинзорлари оралаб ўтиб борувчи энг яқин йўлга бошлади.

Мазкур йўл Мирбаъ ибн Қайзий номли кўзи ожиз бир мунофиқнинг бўстони оралаб ўтар эди. Бу кимса қўшин дарагини билгач, мусулмонлар юзига тупроқ соча бошлади ва: «Агар Аллоҳнинг элчисиман десанг, бўстонимга қадам босишингга изн бермайман», деди. Уни ўлдиришга чоғланишган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўлдирманглар, майли, бунинг кўзигина эмас, қалби ҳам кўр экан», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлда давом этиб, Уҳуд тоғи остидаги бир дарага, водийнинг бир чеккасига тушдилар, қўшинни Мадина тарафига юзлантириб, орқасини тоғ томонга қилиб лашкаргоҳ қилдилар. Шунга кўра, душман қўшини мусулмонлар билан Мадина ўртасини ажратиб турадиган бир кўриниш ҳосил бўлди.

Мудофаа режаси

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лашкарни сафларга териб, жангга ҳозирлай бошладилар. Қўшин ичидан уста камончилардан ташкил топган эллик кишилик бир гуруҳни ажратиб, уларга Абдуллоҳ ибн Жубайр ибн Нўъмон ал-Ансорий ал-Авсий ал-Бадрийни бошлиқ қилиб тайинладилар ва уларга Қанот водийсининг шимолий тарафидаги, мусулмон лашкаргоҳининг жанубий шарқий томонида, лашкаргоҳдан юз эллик метрча узоқликда жойлашган бир тоғ устига – кейинчалик бу тоғ «Жабал ар-румот» (камончилар тоғи) номини олди – чиқиб ўрнашиб олишни буюрдилар.

Бундан кўзда тутилган мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг камончиларга айтган сўзларида мужассам бўлганди, у зот уларнинг бошлиқларига шундай дегандилар: «Душман отлиқларини биздан камонлар билан қайтариб турасиз, улар орқа томонимиздан келиб қолишмасин. Жанг бизнинг фойдамизга ҳал бўлса ҳам, зараримизга ҳал бўлса ҳам ўрнингиздан қимирламай туринг, сиз турган томондан ҳужумга дучор бўлиб қолмайлик»[7]. Камончиларга шундай дедилар: «Орқамизни ҳимоя қилиб туринглар! Бизни ўлдираётганларини кўрсангиз ҳам ёрдамга шошилманглар! Ғанимат олаётганимизни кўрсангиз ҳам бизга шерик бўлишга шошилманглар!»[8] Бухорий ривоятида: «Агар (ўлаксахўр) қушлар бизга чанг солаётганини кўрсангизлар ҳам то мен ўзим одам жўнатмагунимча мана шу жойингиздан қимирламанглар! Агар қавмни мағлуб этиб, ер билан яксон қилганимизни кўрсангизлар ҳам то ўзим одам юбормагунимча ўрнингиздан қимирламанглар!», дедилар[9].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу гуруҳни мана шундай ҳарбий буйруқлар билан тоққа жойлаштириш орқали мушрикларнинг отлиқ аскарлари мусулмонларнинг орқа томонидан суқулиб кириб, уларни ўраб олиши мумкин бўлган ягона очиқ жойни беркитган эдилар.

Қўшиннинг қолган қисмини қуйидагича жойлаштирдилар: ўнг қанотга Мунзир ибн Амрни, чап қанотга Зубайр ибн Аввомни қўйдилар, унга Миқдод ибн Асвад кўмак бериб турадиган бўлди. Зубайрга Холид ибн Валиднинг отлиқ аскарларига қаршилик кўрсатиш вазифаси юкланганди. Олдинги қаторга мард ва жасурлик билан донг таратган, минглаб кишиларга бас келувчи баҳодир инсонлардан ташкил топган мумтоз бир жамоани қўйдилар.

Бу ҳар томонлама пухта ва ғоят донолик билан ишлаб чиқилган режа бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳарбий бошқарувчилик маҳоратлари яққол кўриниб турарди. Ҳар қанча маҳорат эгаси бўлмасин, бошқа бирон қўмондон бундан кўра пухтароқ ва тўғрироқ режа ишлаб чиқа олмаган бўларди. У зот жанггоҳга душмандан кейин келиб тушган бўлишларига қарамай, жанг учун энг қулай ва афзал ўринни танлай билдилар, орқа ва ўнг томонларини баланд тоғлар ҳимоя қилиб турарди, жанг қизғин палласига кирган пайтда душман ёпирилиб келиши мумкин бўлган орқа томондаги ягона туйнукни тўсиш билан чап ва орқа томонларини ҳимоя қилдилар. Лашкаргоҳлари учун баландлик жойни танладилар. Боиси, мусулмонлар чекинишларига тўғри келиб қолса, ўша тепаликка чиқиб оладилар, атрофга тумтарақай қочиб, қувиб келаётган душман зарбасига дучор бўлишдан ва асирга тушишдан қутулиб қоладилар. Шу билан бирга душман агар мусулмонлар лашкаргоҳини қўлга киритиш мақсадида бостириб келса, катта талафот кўришга мажбур бўлади.

Душманни эса мабодо ғалабага эришган тақдирида ҳам ғолиблик нашъасидан тўла-тўкис фойдаланиши жуда ноқулай бўлган, ғалаба мусулмонлар томонида бўлганда эса мусулмонларнинг таъқибидан қочиб қутулишлари жуда қийин бўлган пастқам жойни қабул қилишга мажбур қилдилар. Ундан ташқари, лашкарнинг сон жиҳатидан бўлган камчилигини шерюрак ва баҳодир саҳобаларидан ташкил топган мумтоз жамоани олдинги сафларга қўйиш билан қопладилар.

Шундай қилиб, қўшин учинчи ҳижрий шаввол ойининг еттинчиси, шанба куни тонгида жангга тахт ҳолга келтириб қўйилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни жасоратга чорлайдилар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни то ўзлари буюрмагунларича жанг бошлашдан қайтардилар. Ҳарбий либосларини кийиб, асҳобларини жангга тарғиб қилдилар, душман билан тўқнашганда сабр-матонат кўрсатишга ундадилар, асҳобларини шижоат ва жасоратга илҳомлантира бошладилар. Кескир қилични қинидан суғуриб: «Ким шу қилични ҳаққини адо этиш шарти билан олади?», деб хитоб қилдилар. Бир неча киши уни олиш учун ўрнидан қўзғолди, улар ичида Алий ибн Аби Толиб, Зубайр ибн Аввом, Умар ибн Хаттоблар бор эди. Абу Дужона Симок ибн Хараша у зотнинг ёнларига бориб: «Унинг ҳаққини қандай адо этиш мумкин, ё Расулуллоҳ?», деб сўради. «То эгилиб кетгунича душман юзига уриш билан», деб жавоб бердилар. «Унда мен унинг ҳаққини адо этаман ё Расулуллоҳ!», деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилични унга бердилар.

Абу Дужона жангга кирганда ҳеч кимни назар-писанд қилмайдиган қўрқмас инсон эди. Унинг қизил пешонабоғи бўлиб, агар уни пешонасига боғлаб олса, то ўлгунимча урушаман, деган маънони билдирарди. Қилични Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қабул қилиб олгач, у ўша пешонабоғни боғлаб олиб, икки саф оралиғида кибру-ҳаво билан юра бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни кўриб: «Бу юришни шу каби ўриндан бошқа жойда Аллоҳ ёқтирмайди», дедилар.

Макка қўшинининг жангга тайёргарлиги


[1] Ушбу воқеа тафсилотини Ибн Ҳишом (2/51-57), Саҳиҳул Бухорий (1/341, 425, 2/577), Сунан Абу Довуд (2/42, 43) ва Зодул-маоддан (2/91) олдик.

[2] Ибн Ҳишом (2/50, 51) ва Зодул-маод (2/91). Манбаларда ушбу ғазотнинг сабабларини тайин қилишда ихтилофларга дуч келинди. Улардан бирида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Бану Сулайм қабиласи Мадинага ёки унинг атрофига ҳужум қилиш учун катта қўшин тўплаётгани хабари етиб келган. Бошқа манбада айтилишича, у зот Қурайшни кўзлаб чиққанлар. Ибн Ҳишом шу кейинги фикрни зикр қилган, Ибн Қаййим ҳам шуни танлаган ва ҳатто биринчи фикр ҳақида оғиз ҳам очмаган.

[3] Зодул-маоддаги (2/92) бу фикр машҳурроқ, Фатҳул Борийга кўра (7/346) 100 отлиқ бўлган.

[4] Ас-сийратул-ҳалабийя (2/14).

[5] Аҳмад, Насоий, Ҳоким, Ибн Исҳоқ ривоят қилганлар, Бухорий «Иътисом»да 28-боб сарлавҳасида зикр қилган

[6] Ибнул Қаййим (2/92): «Элликта отлиқ ҳам бор эди», дейди. Бироқ, Ибн Ҳажар буни хато санаб, айтади: «Мусо ибн Уқба лашкар ичида биронта ҳам от бўлмаганини таъкидлаган. Воқидийда эса: «Улар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг битта отлари ва Абу Бурданинг битта оти бор эди», дейилади» (Фатҳул Борий: 7/350).

[7] Ибн Ҳишом: 2/65, 66.

[8] Ибн Аббосдан Аҳмад, Табароний ва Ҳоким ривоят қилганлар. Қаранг: Фатҳул Борий: 7/350.

[9] Саҳиҳул Бухорий: Китобул-жиҳод: 1/426.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ