Ислом Нури

 

Китоблар

 

الرحيق المختوم

بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام

صفي الرحمن المباركفوري

Ар-раҳиқ ал-махтум

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар

Ислом Нури таржимаси

1. Сайфул-баҳр сарийяси

623- мелодий йилнинг март ойига тўғри келувчи ҳижрийнинг 1- йили рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамза ибн Абдулмутталиб амирлигида ўттиз кишилик муҳожирлар жамоасини Қурайшнинг Шомдан келаётган Абу Жаҳл ибн Ҳишом бошлиқ уч юз кишилик карвонини қарши олиш учун юбордилар. Улар Қизил денгиз бўйидаги Янбуъ билан Марва оралиғида жойлашган Ийс ноҳиясининг Сайфул-баҳр деган жойига етиб бордилар. Ҳар икки гуруҳ сафланиб, жангга ҳозирланган пайтда иккала гуруҳнинг ҳам иттифоқчиси саналган Маждий ибн Амр ал-Жуҳаний ўртага тушиб, жангнинг олдини олди, натижада жангсиз тарқалдилар.

Бу Ислом тарихидаги биринчи ҳарбий амалия ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиккан биринчи байроқ эди. Ҳамза учун тикилган бу байроқнинг ранги оқ бўлиб, уни Абу Марсад Канноз ибн Хусойн ал-Ғанавий кўтариб олган эди.

2. Робиғ сарийяси

Ҳижрий 1- йил шаввол ойида – мелодий 623- йил апрел ойига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убайда ибн Ҳорис ибн Мутталиб бошлиқ олтмиш кишилик муҳожирлар жамоасини ҳарбий амалия учун юбордилар. Улар Батни Робиғ деган жойда Абу Суфён бошлиқ икки юз кишилик гуруҳга дуч келдилар. Икки тараф бир-бирига камон ўқлари узишди, бироқ жанг бўлмади.

Мана шу сарийяда Макка лашкаридан икки киши – Миқдод ибн Амр ал-Баҳроний ва Утба ибн Ғазвон ал-Мозиний мусулмонлар сафига келиб қўшилди. Улар аслида мусулмон бўлиб, мусулмонлар сафига қўшилиб олиш мақсадида кофир лашкар ичида йўлга чиққан эдилар. Убайданинг байроғи оқ рангли бўлиб, уни Мистаҳ ибн Усоса ибн Мутталиб ибн Абдуманоф кўтариб олганди.

3. Харрор сарийяси

Ҳижрий 1- йил зул-қаъда ойида – мелодий 623- йил май ойига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Аби Ваққос бошлиқ йигирма кишилик гуруҳни Қурайш карвонини қаршилаш учун юбордилар ва уларга Харрордан уёғига ўтмасликни буюрдилар. Улар яёв ҳолда, кундузлари яшириниб ётиб, тунлари йўл босиб, бешинчи куни деганда Харрорга етиб бордилар. Бироқ, маълум бўлишича, карвон бир кун олдин ўтиб кетган экан.

Саъд розияллоҳу анҳунинг байроғи оқ рангли бўлиб, уни Миқдод ибн Амр кўтариб олганди.

4. Абвоъ ёки Ваддон ғазоти

Ҳижрий 2- йил сафар ойида – мелодий 623- йил август ойига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари етмиш кишилик муҳожирлар гуруҳига бош бўлиб, Қурайш карвонини қаршилашга чиқдилар. Ваддон деган жойгача етиб бордилар, бироқ бирон ёмонликка дуч келмадилар. Ўринларига Мадинага Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни қўйиб кетдилар.

Ушбу сафарларида Амр ибн Махший аз-Зомрий билан битимга эришдилар, у ўша даврда Бану Зомра қабиласининг раиси эди. Битим қуйидагича тузилганди: «Бу Муҳаммад Расулуллоҳдан Бану Зомрага берилган хат (битим) бўлиб, уларнинг моллари ва жонлари омондадир, улар ўзларига қарши қасд қилганлар устидан (Расулуллоҳдан) ёрдам олишга ҳақлидирлар, шарти шуки, Аллоҳнинг динига қарши ҳеч қачон урушмасликлари керак. Набий уларни ёрдамга чорласа, унга ижобат қиладилар»[1].

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи ғазотлари эди, унда ўн беш кун Мадинада бўлмадилар. Байроқлари оқ рангли бўлиб, уни Ҳамза ибн Абдулмутталиб кўтариб олганди.

5. Бувот ғазоти

Ҳижрий 2- йил рабиул-аввал ойида – мелодий 623- йил сентябр ойига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан икки юз киши ҳамроҳлигида Қурайшнинг Умайя ибн Халаф ал-Жумаҳий бошлиқ юз кишилик, икки минг беш юз туядан иборат карвонига қарши йўлга чиқдилар. Разво ноҳиясининг Бувот деган жойигача бордилар, бирон ёмонликка дуч келмадилар.

Бу ғазотларида Мадинага Саъд ибн Муозни бошлиқ қилиб қўйиб кетдилар. Байроқлари оқ рангли бўлиб, уни Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу кўтариб олганди.

6. Сафавон ғазоти

Ҳижрий 2- йил рабиул-аввал ойида – мелодий 623- йил сентябр ойига тўғри келади – Курз ибн Жобир ал-Фиҳрий бошлиқ мушрикларнинг кичик бир гуруҳи Мадина яйловларига босқин уюштириб, чорва молларидан бир қисмини ҳайдаб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етмиш киши ҳамроҳлигида унинг ортидан қувиб чиқдилар ва Бадр ноҳиясининг Сафавон водийсигача бордилар. Бироқ, Курзнинг гуруҳини топа олмай, жангсиз қайтдилар. Бу ғазот биринчи Бадр ғазоти деб аталади.

Ушбу ғазотларида Мадинага Зайд ибн Ҳорисани бошлиқ қилиб қўйиб кетдилар. Байроқлари оқ рангли бўлиб, уни Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу кўтариб олганди.

7. Зул-ушайра ғазоти

Ҳижрий 2- йил жумодул-увло ва жумодул-охира ойларида – мелодий 623- йил ноябр-декабр ойларига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир юз эллик кишилик – бир қавлда икки юз кишилик – муҳожирлар жамоаси билан ўттизта туяга навбатлашиб минган ҳолларида Қурайшнинг Шомга йўл олган карвонига қарши ғазотга отландилар, ушбу карвоннинг Маккадан чиққани ҳақида хабар келган эди. Ҳеч кимни ушбу жангга чиқишга мажбурламадилар. Зул-ушайра деган жойга етганларида карвон бир неча кун олдин ўтиб кетгани маълум бўлди. Бу – Шомдан қайтишида мусулмонлар унинг йўлига чиққан ва катта Бадр ғазотига сабаб бўлган карвон эди.

Ибн Исҳоқнинг сўзларига қараганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлга чиқишлари жумодул-увлонинг охирларида, қайтишлари эса жумодул-охиранинг бошларида бўлди. Тарихчиларнинг ушбу ғазот бўлиб ўтган ойни белгилашда ихтилоф қилишларининг сабаби шунда бўлса керак.

Ушбу ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Мудлиж ва уларнинг иттифоқчилари Бану Зомра қабилалари билан урушмаслик ҳақида битим туздилар.

Мадинага Абу Салама ибн Абдуласад ал-Махзумийни бош қилиб кетгандилар, байроқларининг ранги оқ бўлиб, уни Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу кўтариб олганди.

8. Нахла сарийяси

Ҳижрий 2- йил ражаб ойида – мелодий 624- йил январ ойига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Жаҳш ал-Асадийни муҳожирлардан ўн икки кишига бош қилиб Нахлага юбордилар, улар икки киши биттадан туяга миниб кетдилар. Унинг қўлига бир мактуб бериб, уни фақат икки кундан кейингина очиб ўқийсан, деб буюрдилар. Абдуллоҳ икки кун йўл юрганларидан сўнг мактубни очди. Унда шундай дейилган экан: «Мактубимни очиб ўқигач, йўлда давом этиб, Макка билан Тоиф ўрталигидаги Нахлага бориб тушасан ва Қурайш карвонини пойлаб, бизга уларнинг хабарини билиб келасан». Абдуллоҳ: «Бош устига» деди ва шерикларига бу ҳақда хабар берди, уларни боришга мажбур қилмаслигини, ким шаҳидлик истаса йўлга тушиши, ўлимни ёмон кўрган киши ортига қайтиши мумкинлигини айтиб, ўзи йўлга отланишга тайёрлигини билдирди. Улар барчалари йўлга тушдилар, фақат йўл асносида Саъд ибн Аби Ваққос ва Утба ибн Ғазвон мингашиб келаётган туяларини йўқотиб қўйиб, уни излаш билан овора бўлиб, ортда қолиб кетдилар.

Абдуллоҳ ибн Жаҳш жамоаси йўлда давом этиб, Нахлага бориб тушди. Шу орада Қурайшнинг майиз, тери ва тижорат моллари юкланган карвони ўтиб қолди. Уни Амр ибн Хазрамий, Абдуллоҳ ибн Муғийранинг икки ўғли – Усмон ва Навфал, Бану Муғийранинг озод қилган қули Ҳакам ибн Кайсон кузатиб борарди. Мусулмонлар ўзаро маслаҳатлашиб, ҳозир шаҳри ҳаром (яъни уруш ҳаром қилинган ой) ражабнинг охирги кунида турибмиз, агар жанг қилсак шаҳри ҳаром ҳурматини бузган бўламиз, агар шу кеча уларни қўлдан чиқарсак Ҳарам ичкарисига ўтиб кетишади, дейишиб, жанг қилишга қарор қилишди. Улардан бирлари отган ўқ Амр ибн Хазрамийга тегиб, уни ўлдирди, Усмон ва Ҳакамни асир олдилар, Навфал эса қочиб қутулди. Сўнг карвонни иккала асир билан Мадинага олиб келдилар, ундан хумус (яъни жангда олинган ўлжанинг бешдан бирини) ажратиб олгандилар, бу Исломдаги биринчи хумус, Исломдаги биринчи мақтул (ўлдирилган шахс) ва Исломдаги дастлабки икки асир эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу қилган ишларини маъқулламадилар ва: «Мен сизларни шаҳри ҳаромда жанг қилишга буюрмаган эдим», дедилар, карвон ва иккала асир ҳақида тасарруф қилишдан тўхталиб турдилар.

Мушриклар юз берган бу воқеани мусулмонларни Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилганликда айблаш учун ғанимат билдилар, бу ҳақда гап-сўз ва миш-мишлар кучайди. Бироқ, кўп ўтмай бу гап-сўзларга нуқта қўйиб ва мушрикларнинг қилиб турган қилмишлари мусулмонлар қилган бу ишдан анча оғир ва гуноҳи каттароқ эканини хабар бериб ваҳий нозил бўлди: «Сиздан «шаҳри ҳаром» уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга ишонмаслик ва Масжид-ал-Ҳаромдан (яъни Маккадан) тўсиш ва ундан аҳлларини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида улуғроқ гуноҳдир. Фитна (ширк) ўлдиришдан-да каттароқ гуноҳдир» (Бақара: 217).

Ушбу ваҳий очиқдан-очиқ баён қилиб бердики, мушриклар мусулмон жангчилар хулқ-атворини шубҳа остига олиш учун қўзғатаётган гап-сўзлар ва авж олдираётган шовқин-суронлар бутунлай ўринсиз. Муқаддас ҳурматлар аслида Исломга қарши курашиш ва унинг аҳлини қувғин қилиш билан поймол қилинган. Ахир мусулмонларнинг мол-мулкини тортиб олиш ва пайғамбарларини ўлдиришга қарор қилишганда улар Баладул Ҳаромда эмасмидилар?! Нега энди бирданига бу ҳурматларнинг муқаддаслиги қайтиб қолди, уларни поймол қилиш шармандалик ва ор саналадиган бўлиб қолди?! Шубҳасиз, мушриклар тарқатаётган бу овозалар сурбетлик ва ифлосликка қурилган даъволардан бошқа нарса эмасди!

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккала асирни бўшатиб юбордилар ва ўлдирилганнинг эгаларига дия – хун пули тўладилар.[2]

* * * *

Бадр ғазотидан олдин бўлиб ўтган бу ғазот ва сарийяларнинг биронтасида одамларни ўлдириш, молларини ўлжа қилиш ҳолатлари бўлмади, фақат мушриклар Курз ибн Жобир ал-Фиҳрий бошчилигида қўл урган жиноятдан кейингина бу нарса содир бўлди. Мушрикларнинг ўзлари буни биринчи бўлиб бошлаб бердилар, ундан ташқари уларнинг аввалдан қилиб келаётган қилмишлари ҳам охир-оқибат шунга олиб келди.

Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг сарийясида юз берган воқеадан кейин мушриклар ҳақиқий хавфни ҳис қилишди, хатар уларнинг кўз олдида аниқ-тиниқ кўриниб қолди. Уларнинг қўрқиб юрган ишлари содир бўлди. Маълум бўлдики, Мадина ғоят огоҳлик билан уларнинг ҳар бир хатти ҳаракатларини, тижорат йўналишларини кузатиб, пойлаб турган экан, мусулмонлар тақрибан уч юз мил масофага ҳаракатланишга, уларнинг одамларини ўлдириш ва асир олишга, молларини ўлжа олиб, соғ-саломат уйларига қайтишга қодир эканлар. Мушриклар Шомга бўлган тижоратлари давомий хатар остида қолганига ишонч ҳосил қилишди. Лекин бу нарса уларни ғафлатдан уйғонишга,  Жуҳайна ва Бану Зомра қабилалари қилгани каби тузалиш ва ярашиш йўлини тутишга олиб келиш ўрнига адоват ва нафратларини бадтар кучайтирди, Қурайшнинг зодагон ва арбоблари илгаридан айтиб келишаётгани каби мусулмонларни ўз уйларида янчиб ташлаш ҳақидаги таҳдид ва пўписаларини яна-да қаттиқроқ оҳангда айта бошлашди, уларни Бадрга етаклаб келган нарса ҳам мана шу ҳовлиқмаликлари бўлди.

Абдуллоҳ ибн Жаҳш сарийяси воқеасидан кейин Аллоҳ таоло ҳижрий 2- йил шаъбон ойида мусулмонларга жангни фарз қилди, бу ҳақда очиқ-равшан оятлар нозил қилди: «Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди. Уларни (сизлар билан уруш олиб бораётганларни) топган жойингизда ўлдирингиз ва сизларни (қувиб) чиқарган жой (яъни Макка)дан уларни ҳам қувиб чиқарингиз! Фитна (яъни, Куфр, ширк ва Исломдан тўсиш сизлар уларни) ўлдириш(ингиз)дан ёмонроқдир. Ўзлари уруш бошлагунча улар билан Масжид-ал-Ҳаром олдида урушмангиз! Бас, агар ўзлари уруш бошласалар, у ҳолда уларни ўлдиринглар! Кофирларнинг жазоси шундай бўлади. Энди агар тўхтасалар (куфрдан кечиб, Исломга кирсалар), албатта Аллоҳ кечирувчи, раҳмлидир. То фитна тугаб, бутун дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз! Энди агар тўхтасалар, у ҳолда сизлар ҳам тўхтангиз! Зеро, фақат золимларга қарши душманлик қилиш мумкин» (Бақара: 190-193).

Шундан сўнг ҳеч қанча ўтмай Аллоҳ таоло мусулмонларга жанг қилиш йўлини ўргатувчи, унга тарғиб қилувчи ва уруш ҳукмларидан баъзиларини баён қилиб берувчи бошқа турдаги оятлар нозил қилди: «Бас, (эй мўминлар), қачон сизлар (жанг майдонида) кофир бўлган кимсалар билан тўқнашганларингизда бўйинларига урингиз ўлдирингиз! Энди қачон уларни(нг кўпларини) қириб (мағлуб қилганингиздан кейин уларни асир олиб) арқонлар билан боғлангиз! Сўнг ё (уларни озод қилиб юбориш билан) марҳамат кўрсатурсизлар ё (уларни қўйиб юбориш учун) фидя-товон олурсизлар. Токи уруш юкларини қўйгунича (яъни тўхтагунича сизларга буюрилган иш) мана шудир. Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди). Аллоҳ йўлида ўлдирилган зотларнинг амалларини ҳаргиз зое кеткизмас. Уларни (жаннат йўлига) ҳидоят қилур ва ишларини ўнглар. Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур. Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида қадамларингизни собит-барқарор қилур» (Муҳаммад: 4-7).

Кейин Аллоҳ таоло жангга бўлган буйруқни эшитиб, юраклари қалтираб, бесаранжом бўлиб қоладиган одамларни мазаммат қилди: «Энди қачон аниқ бир сура нозил қилиниб, унда жанг зикр этилса дилларида мараз бўлган кимсаларни, сизга ҳудди (келиб қолган) ўлимдан (қўрқиб) беҳуш бўлиб қолган кимсанинг қараши билан қарашаётганини кўрурсиз» (Муҳаммад: 20).

Жангнинг фарз қилиниши, унга тарғиб қилиниш ва унга ҳозирланишга бўлган буйруқ айнан ўша пайтдаги ҳолат тақозо қилган иш эди. Агар фаразан ўша жойда вазиятни чуқур ўрганган бир қўмондон бўлганида ўз лашкарига албатта фавқулодда ҳолатларга тайёрланишга буюрган бўларди. Шундай экан, ҳамма нарсани билиб турувчи, ҳаммадан олий бўлган буюк Парвардигор қандай қилиб бунга буюрмасин?! Вазият ҳақ билан ботил ўртасида қонли кураш бўлишини тақозо қилаётганди. Абдуллоҳ ибн Жаҳш сарийяси воқеаси мушрикларнинг ўжарлик ва ҳамиятларига қақшатқич зарба бўлиб тушди, уларнинг бутун вужудларидан оромларини тортиб олиб, худди чўғ устида думалаётган ҳолга тушириб қўйди.

Жангга буюрувчи оятлар ўз мазмун моҳиятига кўра қонли курашнинг яқинлашганига, унда узил-кесил ғалаба мусулмонлар фойдасига бўлишига далолат қиларди. Чунки, уларда Аллоҳ таоло мусулмонларга мушриклар уларни қаердан чиқарган бўлсалар, уларни ҳам ўша ердан чиқаришни буюрар, уларга ғолиб лашкар асирларга нисбатан қўллаши лозим бўлган ҳукмларни таълим берар эди. Буларнинг ҳаммаси узил-кесил ғалаба мусулмонларники бўлишига ишора эди. Бироқ, ҳар бир киши ўзидаги Аллоҳ йўлида бўлган ғайрат-шижоатини юзага чиқариши учун буни очиқ айтилмаганди.

Ана шу кунларда – 2- ҳижрийнинг шаъбони, 624- мелодийнинг февралида – Аллоҳ таолонинг қиблани Байтул-Мақдисдан Масжидул-Ҳаромга ўзгартиришга бўлган буйруғи нозил бўлди. Бунинг натижаси ўлароқ мусулмонлар сафига беқарорлик таратиш мақсадида кириб олган яҳуд ва мунофиқлардан иборат заиф иймонли кишилар ўзларининг ҳақиқий башараларини намоён қилишиб, мусулмонлардан ажралиб кетишди, шу билан мусулмонларнинг сафлари кўпгина алдов ва хиёнат аҳлидан тозаланиб қолди.

Қибланинг ўзгаришида ҳам мусулмонлар мазкур қиблани қўлга киритишлари билангина якунига етадиган янги даврнинг бошланишига нозик ишора бўлса керак. Зотан, бир қавмнинг қибласи душманлари қўли остида бўлиши қизиқ эмасми?! Агар ҳақиқатан душман қўлида бўларкан, мусулмонлар ҳақ устида бўлсалар, ўз қиблаларини бир куни келиб албатта халос қилишлари лозим ва лобид эди.

Мана шундай буйруқ ва ишоралар билан мусулмонларнинг ғайратларига ғайрат қўшилди, Аллоҳ йўлидаги жиҳодга, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун кечадиган ҳал қилувчи жангда душман билан юзма-юз келишга иштиёқлари кучайди.

 

КАТТА БАДР ЖАНГИ – ИСЛОМДАГИ ДАСТЛАБКИ ҲАЛ ҚИЛУВЧИ ЖАНГ

 

Жангнинг келиб чиқиш сабаби

Маълумки, Ушайра ғазотида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг Маккадан Шомга бораётган карвонига етолмай қолгандилар. Мазкур карвоннинг Шомдан қайтиш вақти яқинлашгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Талҳа ибн Убайдуллоҳ билан Саид ибн Зайдни унинг хабарини билиб келишга шимол томонга юбордилар. Улар Ҳаврога бориб кутиб туришганида Абу Суфён ибн Ҳарб карвонни олиб ўтиб қолди. У иккаласи тезлик билан Мадинага қайтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабарни етказдилар.

Карвонда Макка киборлари ва бошлиқларига қарашли улкан бойликлар бўлиб, у камида эллик минг олтин динорлик мол ортилган мингта туядан иборат эди. Уни бор йўғи қирқтача қуролли кишилар қўриқлаб боришарди.

Бу мусулмонлар Маккаликларга асрлар бўйи оғриғи кетмайдиган қақшатгич иқтисодий зарба беришлари учун ғоят қулай фурсат эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу Қурайшнинг бор мол-мулки ортилган карвони, уни қўлга киритиш учун отланинглар, шояд Аллоҳ уни сизларга ўлжа қилиб берса», деб эълон қилдилар.

Ҳеч кимни чиқишга қатъий буюрмадилар, балки ишни тўла ихтиёрийликка қўйдилар. Чунки, ўзлари ҳам карвон ўрнига Бадрда Макка лашкари билан аёвсиз тўқнашувга дуч келишларини кутмагандилар. Шу боис кўпчилик саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу юришлари ҳам худди ўтган сарийя ва ғазотларда бўлганидек воқеалар билан якунланса керак, деган ўйда Мадинада қолиб кетдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уларни бу ғазотдан қолишларини айбламадилар.

Ислом лашкарининг кучи ва лашкарбошилар тайинланиши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 310 дан ошиқроқ (313 ё 314 ё 317 киши, 82 ё 83 ё 86 таси муҳожирлардан, 61 та авслик, 170 та хазражликдан иборат) киши билан юришга ҳозир бўлдилар. Бу юришга қаттиқ сафарбарлик бўлмади, тўлақонли тайёргарлик ҳам кўрилмади. Лашкар ичида бор йўғи битта ё иккита от бўлиб, биттаси Зубайр ибн Аввомники, иккинчиси Миқдод ибн Асвадники эди[3], етмишта туяга икки ё уч кишидан бўлиб миниб боришарди,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий ҳамда Марсад ибн Аби Марсад билан битта туяга миниб боришарди.

Мадинага бошлиқ ва намозга имом қилиб Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни қолдирдилар. Равҳога етганларида Абу Лубоба ибн Абдулмунзирни ортига, Мадинага бошлиқ қилиб қайтардилар.

Бош қўмондонлик байроғини Мусъаб ибн Умайр ал-Қураший ал-Абдарийга бердилар, байроқ оқ рангда эди.

Лашкарни икки қисмга бўлдилар:

1)                 Муҳожирлар бўлинмаси: Унинг байроғини Алий ибн Аби Толибга бердилар, бу байроқни «Уқоб» дейиларди.

2)                 Ансорлар бўлинмаси: Унинг байроғини Саъд ибн Муозга бердилар. (Ҳар икки байроқ қора рангда эди).

Ўнг қанот қўмондонлигини Зубайр ибн Аввомга, чап қанотни эса Миқдод ибн Амрга топширдилар, айтиб ўтганимиздек, лашкар ичидаги бор йўғи отлиқлар шу иккисигина эди. Орқа тарафни эса Қайс ибн Абу Саъсаъага топширдилар. Умумий қўмондонлик бош қўмондон сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларида қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши тайёргарликдан ўтмаган ушбу лашкар билан йўлга отландилар. Мадинадан чиқиб, Маккага олиб борувчи асосий йўлга тушиб олдилар. Равҳо қудуғига етиб боргач, Макка йўлини қўйиб, чапга бурилдилар. Нозиядан ўтиб, Бадр томонга йўл олдилар. Нозия билан Сафро дараси ўрталиғидаги Руҳқон водийсидан ўтиб, Сафрога яқинлашдилар. Шу ерда Басбас ибн Амр ал-Жуҳаний билан Адий ибн Абуз-Зағбо ал-Жуҳанийни Бадрга, карвон хабарини билишга юбордилар.

Макканинг огоҳлантирилиши

Карвондан жавобгар шахс бўлмиш Абу Суфён ғоят эҳтиёткорлик ва огоҳлик билан ҳаракат қилаётган, Макка йўли хатарлар билан тўла эканлигини билгани боис йўл-йўлакай қарши тарафдан келаётган йўловчилардан сўраб-суриштириб, хабарларни билиб келаётган эди. Табиийки, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини унинг карвонини қўлга киритишга сафарбар қилаётганлари хабари ҳам етмай қолмади. Шундан сўнг у Зомзом ибн Амр ал-Ғифорий деган шахсни чопарликка ёллаб, Қурайшни ўз карвонини қутқариш учун етиб келишга чорлади. Зомзом тўхтовсиз юриб Маккага етиб борди ва Батни Водийда туяси устида тик турган ҳолда, туясининг бурнини кесиб, эгарини айлантириб, ёқасини йиртиб: «Эй Қурайш жамоаси! Фалокат! Фалокат! Абу Суфённинг карвонига Муҳаммад асҳоблари билан кўз олайтирди! Молларингиз қўлдан кетди, деб қўрқаман! Ёрдамга, ёрдамга!» деб фарёд кўтарди.

Макка аҳли урушга ҳозирланади

Қурайш тезлик билан жангга ҳозирланди, бақир-чақир билан: «Муҳаммад билан асҳоблари иш Ибн Хазрамийнинг карвони билан бўлгандек ҳамирдан қил суғургандек битади, деб хом хаёл қилишяптими?! Йўқ, ҳаргиз ундай бўлмайди! Биз унга кимлигимизни кўрсатиб қўямиз!» деб шовқин кўтаришди. Ҳеч ким қолмасдан, ё ўзи чиқди ё ўрнига бировни юборди. Қабила бошлиқларидан Абу Лаҳабдан бошқа ҳамма йўлга отланди, ёлғиз у ўзидан қарздор бўлган бир кишини ўз ўрнига юборди. Атроф қабилалардан ҳам одам тўплашди. Қурайш уруғларидан бир Бану Адий чиқишга хоҳиш билдирмади, улардан бошқа ҳеч ким чиқмай қолмади.

Макка лашкарининг қуввати

Лашкар йўлга отланганида унинг таркибида 1300 жангчи, 100 та от, 600 та совут, саноқсиз кўп туялар бор эди. Абу Жаҳл ибн Ҳишом бош қўмондон бўлди,  лашкарнинг сарф-харажатини Қурайш киборларидан тўққиз киши ўз бўйнига олганди, бир кун тўққизта, бир кун ўнта туя сўйиларди.

Бану Бакр қабиласи муаммо туғдиради

Лашкар йўлга тушишга тайёр бўлиб турган бир пайтда Бану Бакр қабиласи билан адовати борлиги ва улар билан уруш ҳолатида экани Қурайшнинг ёдига тушиб қолди, орқа тарафдан ушбу қабиланинг ҳужумига дучор бўлиб, икки ўт ўртасида қолиш хавфи пайдо бўлди. Ҳатто бу қўрқув уларни йўлга чиқишдан буриб юбораёзди. Бироқ, шунда Иблис уларга Суроқа ибн Молик ибн Жуъшум (Бану Кинона саййиди) суратида кўриниб: «Мен сизларни орқа тарафдан бирон муаммога дуч келишингиздан ҳимоя қиламан», деди.

Макка лашкари йўлга тушади

Шундан сўнг улар диёрларидан Аллоҳ таоло айтгани каби: «кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган кимсалар» (Анфол: 47) бўлиб чиқишди, бор кучларини йиғиб Аллоҳу Расулига қарши жангга отланишди, уларни ўз карвонларига ҳужум қилмоқчи бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳобларига қарши чексиз адоват ва нафрат ўраб олганди.

Шимол томонга Бадр йўналишида катта тезлик билан ҳаракатлана бошладилар, аввал Усфон водийсини, сўнг Қудайдни босиб ўтиб, Жуҳфага етиб бордилар. Шу ерда уларга Абу Суфёндан мактуб етиб келди, унда: «Сизлар албатта карвонингиз, молларингиз ва одамларингизни қутқариш учун чиқдингиз, бироқ уларга Аллоҳнинг ўзи нажот берди. Энди сизлар ортингизга қайтаверинглар», дейилганди.

Карвон қутулиб кетди

Бу воқеа шундай бўлганди: Абу Суфён асосий йўлда юриб борар, бироқ огоҳлик ва ҳушёрликни қўлдан бермай, разведка ҳаракатларини кучайтирган ҳолда борарди. Бадрга яқинлашгач, карвондан илгарилаб кетди ва Маждий ибн Амрга дуч келди. Ундан Мадина лашкари ҳақида сўраган эди: «Бирон шубҳали одамга кўзим тушмади, фақат икки киши туяларини анови тепаликка чўктириб, мешларига сув тўлдириб кетишганини кўрдим», деган жавоб эшитди. Абу Суфён шошганича ўша айтилган жойга борди, туянинг тезакларини титиб кўриб, ичидан чиққан хурмо данакларига тикилиб: «Қасамки, бу Ясрибнинг еми», деди. Сўнг тезлик билан карвон ёнига қайтиб, унинг бошини Бадрнинг чап тарафидан ўтувчи асосий йўлдан ғарбга, денгиз соҳили тарафга қараб бурди. Шу сабабли карвон Мадина лашкари қўлига тушишдан қутулиб қолди.

Макка лашкарининг ортга қайтмоқчи бўлиши ва лашкар ичида бўлиниш содир бўлиши

Ҳалиги мактубни олгач, Макка лашкари ортга қайтишга қасд қилди. Бироқ Қурайшнинг энг катта зўравони Абу Жаҳл такаббурлик ва калондимоғлик билан: «Йўқ, ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, Бадрга етиб бориб, у ерда уч кун турамиз, туялар сўйиб, зиёфатлар уюштирамиз, ўйин-кулги қиламиз. Араблар бизнинг бу жамоамиз ва юришимиз ҳақида эшитиб, умрбод биздан ҳайбатланиб юришсин», деди.

Абу Жаҳлга қарши ўлароқ Ахнас ибн Шурайқ ортга қайтишни маслаҳат берди. Сўзи инобатга олинмагач, унинг ўзи лашкар ичидан ўз қўл остидаги уч юз кишилик Бану Зуҳра қабиласини ажратиб олиб, ортга қайтиб кетди. Шундай қилиб, Бадр жангида биронта ҳам Бану Зуҳралик иштирок этмади. Кейинчалик Бану Зуҳра бу иши учун Ахнас ибн Шурайқдан кўп миннатдор бўлди ва у улар ичида катта шарафга эга бўлди.

Бану Ҳошим ҳам қайтиш истагини билдирганди, Абу Жаҳл уларга қаттиқ тегди ва: «То Маккага қайтгунимизча биздан ажралмайсизлар», деди.

Шундай қилиб, Бану Зуҳра қайтиб кетганидан кейин Макка лашкари минг кишидан иборат жангчиси билан Бадрга қараб юришда давом этди ва Бадр яқинидаги Бадр водийси ҳудудида, ал-Удватул-Қусвода жойлашган бир тепалик ортига келиб тўхтади.

Ислом лашкарининг танглик ҳолатида тутган йўли (позицияси)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали йўлда, Зафирон водийсида эканларида карвоннинг қутулиб кетгани ва Макка лашкарининг келаётгани хабари етиб келди. Хабарларни синчиклаб ўргангач, қонли тўқнашувни четлаб ўтиш иложи йўқлигига ишонч ҳосил қилдилар, журъат ва шижоат, жасорат ва матонат билан жангга кириш шарт, деган хулосага келдилар. Чунки, Макка лашкарини бу минтақада намойишкорона кезиб юришига йўл қўйиб бериш, шубҳасиз, Қурайшнинг ҳарбий обрў-эътибори ортишига, сиёсий нуфузи юксалишига, шу билан бир қаторда мусулмонларнинг ҳайбатлари йўқолишига ва нуфузлари заифлашишига олиб келар ва ҳатто исломий ҳаракат бу воқеадан кейин жонсиз жасадга ўхшаб қолиши, минтақада Исломга нафрат ва адовати бўлган ҳар ким унга ёмонлик қилишга журъат қилаверадиган бўлиб қолиши ҳам мумкин эди.

Қолаверса, Макка лашкарининг урушни узил-кесил тамомига етказиб қўйиш ва мусулмонларни ўз уйларида янчиб ташлаш мақсадида Мадина сари йўлни давом эттиришдан тўхталишига ҳам ҳеч қандай кафолат йўқ эди. Шундай аҳволда агар Мадина лашкари ортга чекинса, бу мусулмонларнинг ҳайбати ва обрў-эътиборига катта путур етказиши мумкин эди.

Маслаҳатлашув мажлиси

Воқеаларнинг бу тарзда кескин ривожланишини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олий ҳарбий кенгаш ўтказиб, унда юзага келган аҳволни муҳокама қилдилар ва умуман лашкарнинг ва хусусан қўмондонларнинг фикрларини ўргандилар. Айрим кишиларнинг қалблари қўрқувдан қалтираб қолган, қонли урушга юраклари дов бермаётганди. Улар ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Бу худди мўминлардан бир гуруҳи (урушни) аниқ ёмон кўриб турган ҳолларида, Парвардигорингиз ҳақ ҳукм билан сизни уйингиздан (жанггоҳга) чиқарган ҳолатга ўхшайди. (Ўшанда) улар гуё кўриб тур­ган ҳолларида ўлимга ҳайдаб кетилаётгандек, Сиз билан аниқ-равшан бўлган ҳақиқат (яъни, урушга чиқиш) тўғрисида баҳслашган эдилар» (Анфол: 5,6). Лашкар ичидаги нуфузли кишиларга келсак, энг аввал Абу Бакр розияллоҳу анҳу туриб, яхши галарни гапирди. Кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу туриб, у ҳам яхши гапларни гапирди. Сўнгра Миқдод ибн Амр розияллоҳу анҳу туриб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ нимага йўлласа, шуни қилинг, биз сиз билан биргамиз. Аллоҳга қасамки, биз сизга Бану Исроил Мусога айтганидек: «боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутамиз» (Моида: 24) демаймиз, балки: «Боринг, сиз ва Парвардигорингиз улар билан урушинглар, биз ҳам сизлар билан бирга урушамиз» деймиз. Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар сиз бизни Баркил-ғимодга етаклаб борсангиз-да, биз сизнинг ортингиздан қолмаймиз», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу сўзларидан мамнун бўлиб, ҳаққига дуо қилдилар.

Бироқ, уларнинг ҳар уччаласи муҳожирлардан, муҳожирлар эса лашкарда озчиликни ташкил қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансор бошлиқларининг фикрларини билишни истадилар. Чунки, улар лашкарнинг асосини ташкил этар, жангнинг оғирликлари асосан улар зиммасига тушарди. Қолаверса, Ақабада тузилган битим бандлари уларга ўз диёрларидан ташқарида жанг қилиш мажбуриятини юкламас эди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур уч кишининг сўзларидан сўнг, ансорларни назарда тутиб, яна: «Менга ўз фикрингизни билдиринг, эй одамлар!», деб хитоб қилдилар. Ансорларнинг бошлиғи ва байроқдори Саъд ибн Муоз буни сезди ва: «Ё Расулуллоҳ, англашимча, сиз бизни назарда тутаётганга ўхшайсиз?», деди.

«Ҳа», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Шунда у деди: «Биз сизга иймон келтирганмиз, сизни тасдиқлаганмиз, сиз келтирган диннинг ҳақлигига гувоҳлик берганмиз, сизга қулоқ тутиш ва итоат қилишга аҳд берганмиз. Шундай экан, ё Расулуллоҳ, истаган ишингизни қилинг. Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, бизни мана бу денгиз ёнига олиб бориб, унга ўзингизни ташласангиз, биздан бирон киши қолмай, ҳаммамиз сизнинг ортингиздан ўзимизни унга ташлаймиз. Истасангиз бизни эртагаёқ душманга рўпара қилинг, биздан бирон норозилик кўрмайсиз. Биз урушда матонатли, тўқнашувда содиқ-хиёнатсиз кишилармиз. Шояд, Аллоҳ биз томонимиздан сизни хурсанд қиладиган ишларни кўрсатса. Аллоҳнинг баракоти билан бизни олға бошлайверинг».

Бир ривоятда айтилишича, Саъд ибн Муоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга деди: «Балки, сизни ансорлар ўз диёрларидан ташқарида сизга ёрдам бермасликка ўзларини ҳақли деб кўришлари ташвишга солаётгандир? Агар шундай бўлса, мен бутун ансорлар номидан жавоб бериб айтаманки, истаган тарафингизга юринг, истаган кишиларингиз билан алоқа тикланг, истаган кишиларингиздан алоқани узинг, молларимиздан истаганингизча олинг, истаганингизча бизга беринг, биздан олганингиз биз учун қолдирганингиздан яхшироқ, бизни нимага буюрсангиз, бизнинг ишимиз фақат сизга итоат қилишдир. Аллоҳга қасамки, сиз шу юришда бизни Ғимдоннинг Баркига олиб кетсангиз ҳам, биз сиздан қолмаймиз. Аллоҳга қасамки, агар сиз бизни мана шу денгизга рўпара қилиб, унга шўнғисангиз, биз ҳам сиз билан бирга шўнғиймиз».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъднинг сўзларидан хурсанд бўлдилар, бу сўзлар у зотнинг руҳларини кўтариб юборди. Шундан сўнг: «Йўлга тушинглар ва хурсанд бўлинглар! Аллоҳ таоло менга икки гуруҳдан бирини ваъда қилди. Аллоҳга қасамки, мен ҳозир (мушрик) қавмнинг ҳалокат ўринларини гўё кўз билан кўриб турибман», дедилар.

Ислом лашкари йўлда давом этади

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зафирондан қўзғалиб, «Асофир» (сариқтепалар) деб номланган тепаликларни босиб ўтиб, «ад-Даббаҳ» деган юртга етдилар, «Ҳаннон» деб аталувчи баланд қумтепани ўнг томонда қолдириб, Бадр яқинида тўхтадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳолатни ўрганадилар

Ўша жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яқин дўстлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга аҳволни ўрганиш мақсадида атрофни айланиб чиқдилар. Макка лашкари қароргоҳи атрофида айланиб юрганларида бир қарияга дуч келдилар ва ундан Қурайш ҳақида, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва асҳоблари ҳақида нима хабарлар эшитгани тўғрисида сўрадилар, унда шубҳа туғдирмаслик учун ҳар икки лашкар ҳақидаги хабарлардан сўраб кўрдилар. Лекин қария: «Сизлар кимдан эканингизни айтмагунингизча ҳеч нарса айтмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аввал сиз айтинг, кейин биз айтамиз», дедилар. «Демак, хабар алмашамиз экан-да», деди қария. «Ҳа, шундай», дедилар.

Қария: «Менга етган хабарга кўра, Муҳаммад ва унинг асҳоблари фалон куни йўлга чиқишган. Агар шу хабар тўғри бўлса, улар ҳозир фалон жойга – Мадина лашкари келиб тушган жой номини айтди – етган бўлади, Қурайш эса фалон куни йўлга чиққан, шу хабар тўғри бўлса, улар ҳозир фалон жойга – Қурайш лашкари тушган жойни айтди – келган бўлади», деди.

Сўнгра: «Энди айтинглар, сизлар кимдансизлар ўзи?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз сувданмиз», дедилар, сўнг бурилиб кетдилар. Қария: «Қайси сувдан? Ироқ сувлариданми?» деганча қолаверди.

Макка лашкари ҳақида муҳим маълумотларнинг қўлга киритилиши

Шу куни кечга бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душман ҳақида маълумот йиғиш учун яна одам юбордилар. Бу иш учун муҳожирларнинг раҳбарларидан уч кишини – Алий ибн Аби Толиб, Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Аби Ваққосни танладилар ва уларга бир неча кишини ҳамроҳ қилиб бердилар. Улар Бадр сувига (қудуғига) бориб, иккита болани Макка лашкари учун сув олаётганини кўрдилар. Уларни ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб келдилар. Келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган эканлар. Бошқалар у икки болани сўроққа тутдилар. Улар: «Биз Қурайшнинг сув ташувчиларимиз, сувга юборилгандик», дейишганди, уларнинг сўзларига ишонмасдан калтакладилар. Чунки, уларнинг Абу Суфёнга қарашли болалар бўлиб чиқишини исташган, қавмнинг дилида ҳали ҳам карвонни қўлга киритиш истаги сўнмаганди. Калтак зарбига чидаёлмасдан: «Ҳа, Биз Абу Суфёнга қарашлимиз», дейишганди, тек қўйишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларидан фориғ бўлгач, уларга танбеҳ оҳангида: «Тўғри гапиришса урдинглар, ёлғон айтишганда тек қўйдинглар. Бу иккиси тўғри айтди, улар Қурайшга қарашли», дедилар.

Сўнг болалардан Қурайш ҳақида сўрадилар. «Улар ал-Удватул-Қусвода, кўриб турганингиз мана бу тепалик ортида», деб жавоб беришди. «Уларнинг сони қанча?», деб сўрадилар. «Кўп», деб жавоб беришди. «Қурол-аслаҳалари-чи?», деб сўрадилар. «Билмаймиз», дейишди. «Кунига нечтадан туя сўйишаяпти?», деб сўрадилар. «Бир кун тўққизта, бир кун ўнта», дейишди. «Уларнинг сони тўққиз юзтадан мингтагача экан», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сўнг улардан: «Лашкарда Қурайш киборларидан кимлар бор?», деб сўрадилар. Улар Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа, Абул-Бахтарий ибн Ҳишом, Ҳаким ибн Ҳизом, Навфал ибн Хувайлид, Ҳорис ибн Омир, Туайма ибн Адий, Назр ибн Ҳорис, Замъа ибн Асвад, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Умайя ибн Халаф ва бошқалар номини тилга олдилар.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга юзланиб: «Макка оёқларингиз остига ўзининг жигарпораларини (яъни аслзодаларини) ташлабди», дедилар.

Ёмғир ёғиши

Аллоҳ азза ва жалла шу кеча шундай бир ёмғир ёғдирдики, у мушрикларга катта бало бўлиб, (турган ўринлари балчиққа айланиб) ўринларидан қимирлатмай қўйди, мусулмонлар учун эса раҳмат ёмғири бўлиб, улардан шайтоннинг васвасаларини ювиб кетди ва ерни улар учун юришга қулай қилиб қўйди, қумлар қотиб, оёқлар ботиб кетмайдиган бўлиб қолди.

Ислом лашкари муҳим (стратегик) нуқталарни эгаллайди

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушриклардан илгарироқ Бадр сувларига етиб бориб, уларни сувни эгаллаб олишдан тўсиб қўйиш учун лашкарни қўзғотдилар ва кечга бориб, Бадрнинг энг яқин қудуғи олдига бориб тушдилар. Шунда Ҳубоб ибн Мунзир ҳарбий мутахассис сифатида у зотга мурожаат қилиб: «Ё Расулуллоҳ, сиз шу жойга тушишни маъқул кўрдингизми? Бу ерга тушишни Аллоҳ сизга буюрган бўлиб, биз бу ердан бошқа жойга тушишга ҳақли эмасмизми ёки бу шахсий фикр, ҳарб режаси ва уруш стратегиясими?» деб сўради. «Йўқ, бу шахсий фикр, ҳарб режаси ва уруш стратегиси», деб жавоб бердилар. «Ё Расулуллоҳ, ундай бўлса, бу маъқул жой эмас. Фикримча, одамларни бу ердан қўзғотиб, Қурайшга энг яқин бўлган сув бўйига тушсак-да, орқадаги қудуқларни кўмиб ташласак, сўнг бир ҳовуз қилиб, унга сув тўлдириб олсак, кейин жангга кирсак, шунда биз сув ича оламиз, душман сувдан маҳрум бўлади», деди. «Тўғри маслаҳат бердингиз», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг лашкарни душманга энг яқин бўлган сув ёнига олиб кетдилар. У ерга ярим тунда етиб бордилар. Сўнгра ҳовузлар қилиб, сув тўлдириб олдилар ва бошқа қудуқларни кўмиб ташладилар.

Қўмондонлик қароргоҳи

Мусулмонлар сув бўйига тушиб, ўрнашиб олганларидан сўнг Саъд ибн Муоз фавқулода ҳолатларни кўзда тутиб ва нафақат ғалабани, балки мағлубиятни ҳам ҳисобга олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун бошқарув қароргоҳи қилиш таклифи билан чиқди, «Ё Расулуллоҳ, сизга бир чодир қуриб берсак ва от-уловингизни тахт қилиб, кейин жангга кирсак. Агар Аллоҳ бизни душманимиздан ғолиб қилса, айни муддао. Бироқ, иш бошқачасига айланиб кетса, сиз уловингизга миниб, ортда қолган қавмимизга бориб қўшилардингиз. Ё Расулуллоҳ, ортимизда шундай кишилар қолганки, улар сизни биздан кўра ҳам кўпроқ яхши кўришади. Агар улар уруш учун чиқаётганингизни билишса, асло қолиб кетмаган бўлишарди. Аллоҳ улар билан сизни ҳимоя қилади, улар сизга садоқат кўрсатишади ва сиз билан жиҳод қилишади», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўзларидан мамнун бўлиб, ҳаққига дуо қилдилар. Мусулмонлар жанггоҳнинг шимолий шарқий томонидаги, жанг майдони аниқ кўриниб турадиган бир тепаликка чодир тикдилар. Шу билан бирга, Саъд ибн Муоз бошчилигидаги ансор йигитларидан бир гуруҳи у зотни қароргоҳлари атрофида қўриқлаб турадиган бўлди.

Қўшинни жангга ҳозирлашлари ва тунни ўтказишлари

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лашкар тайёргарлигини кўздан кечирдилар[4]. Бўлажак жанг майдонида юриб, қўллари билан ишора қилиб: «Иншоаллоҳ, мана бу ер фалончининг эртага ҳалок бўладиган ўрни, мана бу ер эса фалончининг ҳалок бўладиган ўрни», дердилар[5]. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунни ўша ердаги бир дарахт танасига юзланиб намоз ўқиб ўтказдилар. Мусулмонлар хотиржам, эртанги кунга ишонч билан, қалблари иймонга тўлиқ ҳолда тунни ўтказдилар, эрта тонг Парвардигорлари берган хушхабарга шоҳид бўлиш умидида ётиб, уйқуга чўмдилар: «Ўшанда хотиржам бўлишингиз учун сизларни Ўз тарафидан уйқуга чўмдирган ва поклаб, сизлардан шайтон васвасасини кетказиш учун, дилларингизни бир ва қадамларингизни маҳкам қилиш учун устингизга самодан сув ёмғир ёғдирган эди» (Анфол: 11).

Ушбу кеча ҳижратнинг иккинчи йили рамазон ойининг ўн еттинчиси, жума кечаси эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинадан чиқишлари шу ойнинг саккизинчи ёки ўн иккинчисида бўлганди.


 

[1] Ал-маваҳибул-ладуния: 1/75.

[2] Ушбу сарийя ва ғазотлар тафсилотини Ибнул Қаййимнинг «Зодул-маъод»идан (2/83-85) ва Ибн Ҳишомдан (1/591-605) олдик, манбаларда бу ғазот ва сарийяларнинг тартиби, уларда иштирок этган кишилар сонини таъйин қилиш борасида ихтилофлар бор, биз бунда Ибнул Қаййимнинг таҳқиқларига суяндик.

[3] Бу ҳақда Абу Яъло «Муснад»ида 1/242 (280ҳ), 1/260 (305ҳ), шунингдек Имом Аҳмад «Муснад»ида 1/125, 138 ривоят қилган.

[4] Жомеъут-Термизий, Жиҳод ҳақидаги боблар: 1/201.

[5] Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, қаранг: Мишкотул-масобиҳ: 2/543.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ