Ислом Нури
Китоблар
الرحيق المختوم
بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام
صفي الرحمن المباركفوري
Ар-раҳиқ ал-махтум
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар
Ислом Нури таржимаси
Қубога тушиш
Пайғамбарликнинг 14- йили, (ҳижратнинг биринчи йилига тўғри келади) Рабиул-аввалнинг саккизида, — милодий сана билан 622- йилнинг 23- сентябрида — душанба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қубога тушдилар.
Урва ибн Зубайр айтади: Мадинадаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан чиққанларини эшитиб, ҳар куни эрталаб Ҳаррага бориб, то кун қизигунига қадар кутардилар. Бир куни узоқ кутганларидан кейин уйларига қайтгандилар. Шу пайт бир яҳудий ўз иши билан томга чиқибди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан шекрикларини оқ кийимда, саробда кўриниб-кўринмай келаётганларини кўриб қолибди. Кейин ўзини тутолмай бор овози билан: «Эй араблар, ана сизлар кутаётган бобонгизлар келяпти», деб юборибди. Буни эшитган мусулмонлар қуролларига қараб югурдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ҳаррада қаршиладилар.
Ибнул Қаййим айтади: Бану Амр ибн Авфда шовқин ва такбир овозлари эшитилди. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келганларидан хурсанд бўлиб, такбир айтдилар ва у кишини кутиб олишга чиқдилар. Кўрганки одам у кишига салом берар, атрофида айланиб, у зотдан кўзини узмасди. Шу пайт ҳамма ёқни сокинлик эгаллади. У зотга ваҳий нозил бўлаётганди: «Аллоҳнинг Ўзи ҳам, Жаброил ҳам, аҳли солиҳ мўминлар ҳам унинг мададкоридир. Яна булардан кейин фаришталар ҳам (Пайғамбарга) ёрдамчидир» (Таҳрим: 4).
Урва ибн Зубайр айтади: Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олишди. Ўнг томонга бурилиб, Бану Амр ибн Авф ерига тушдилар. Бу Рабиул-аввалнинг душанба кунида эди. Одамлар билан алоқа қилишга Абу Бакр ўрнидан турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса жим ўтирардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танимаган айрим ансорлар Абу Бакрнинг олдига кела — бир ривоятда салом бера — бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қуёш тушиб қолганда, Абу Бакр у зотга соя қилиш учун ўз ридосини кўтарганидан кейингина одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танидилар.
У кишининг истиқболига бутун Мадина кўчиб чиққанди. Мадина бутун тарихи мобайнида бундай ҳодисанинг шоҳиди бўлмаганди. Яҳудлар Ҳабқуқ пайғамбарнинг: «Аллоҳ Таймондан келди, Қуддус Форон тоғидан», деган гапи рост эканлигига амин бўлишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қубода Кулсум ибн Ҳадмнинг уйига тушдилар. Яна бир қавлда Саъд ибн Хайсаманинг уйига, дейилган. Биринчи гап тўғрироқ.
Алий ибн Аби Толиб Маккада уч кун туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бериб кетган омонатларни эгаларига топширди. Кейин пиёда ҳижрат қилиб, уларга Қубода етиб олди ва у ҳам Кулсум ибн Ҳадмнинг ҳовлисига тушди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қубода тўрт кун: душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба кунлари турдилар ва Қубо масжидига асос солиб, у ерда намоз ўқидилар. Бу масжид нубувватдан кейин тақво асосига қурилган биринчи масжид бўлди. Бешинчи куни яъни, жума куни Аллоҳнинг буйруғи билан туяларига миндилар. Абу Бакр орқага минди. Бану Нажжорга – тоғаларига – одам юборган эдилар, улар қиличларини таққан ҳолда етиб келишди. Сўнг Мадина сари юрдилар. Бану Солим ибн Авфга етиб борганларида жумъа вақти бўлди. Одамлар билан водийнинг ўртасидаги масжидда жумъа намози ўқидилар. Улар юз киши эдилар.
Мадинага кириш
Жумъа намозидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлга чиқиб, Мадинага кириб бордилар. Шу кундан бошлаб, Ясриб «Мадинатур-Расул» (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳри), қисқароқ қилиб айтганда Мадина, дейила бошлади. Бу кун Мадина тарихининг энг ёрқин куни эди. Уйлар ва кўчаларда ҳамд ва тасбеҳ садолари янграрди. Ансорларнинг қизлари шоду ҳуррам бўлиб, мана бу байтларни хиргойи қиларди:
طـلـع الـبــدر علـينا **مـن ثـنيــات الـوداع
وجـب الشـكـر علـينا ** مـــا دعــا لـلـه داع
أيـهـا المبـعـوث فـينا ** جـئـت بـالأمـر المطاعГарчи ансорлар бой-бадавлат бўлмасалар-да, улардан ҳар бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз уйига туширишни истарди. У зот қайси бир ансорнинг ҳовлиси ёнидан ўтмасинлар, ҳовлининг эгаси дарҳол туяларининг тизгинидан ушлаб: «Сизга қалқон, ҳимоя бўладиган уйга марҳамат қилинг», дерди. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Туяни ўз ҳолига қўйинглар, унга (қаерда тўхташи ҳақида) буйруқ берилган», дердилар. Туя бориб-бориб, бугунги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлари жойлашган ерга бориб чўкди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг устидан тушмаган эдилар, ўрнидан туриб, бироз юрди, кейин у ёқ бу ёққа қараб, яна ўша биринчи чўккан жойига қайтиб келиб чўкди. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг устидан тушдилар. Бу жой Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоғалари Бану Нажжорнинг ери эди. Аллоҳнинг Ўзи шунга муваффақ қилди. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам тоғалариникига тушиб, шу билан уларга бўлган ҳурматларини изҳор қилиб қўймоқчи эдилар. Одамлар яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз уйларига тушишга қистай бошладилар. Абу Айюб дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юкларини ўз уйига олиб кирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши юклари қаерда бўлса, ўша ерда бўлади», дедилар. Асъад ибн Зурора келиб, туянинг тизгинидан ушлади. Шундан сўнг туя унинг уйида турди.
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошларимиздан қай бирларининг хонадони яқинроқ?», деб сўрадилар. Абу Айюб: «Мен яқинроқман, эй Расулуллоҳ, мана бу менинг ҳовлим, мана бу эшигим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса, боринг, бизга дам олиш учун жой ҳозирланг», дедилар. У бориб жой ҳозирлаб қайтиб келди ва: «Аллоҳнинг баракаси ила туринглар, жой тайёр», деди.
Бир неча кундан кейин аёллари Савда, қизлари Фотима ва Умму Кулсум ҳамда Усома ибн Зайд, Умму Айманлар келишди. Улар билан бирга Абу Бакрнинг ўғли Абдуллоҳ ҳам Абу Бакр оиласи билан бирга чиққанди. Улар орасида Оиша розияллоҳу анҳо ҳам бор эди. Яна бир қизлари Зайнабни Абул Ос ушлаб қолди. Чиқиб кетишнинг имкони бўлмади. У Бадр жангидан кейин ҳижрат қилган.
Оиша розияллоҳу анҳо айтади: Мадинага келганимизда у энг ваболи жойлардан бўлиб, Бутҳоннинг суви ҳидланиб кетган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Абу Бакр билан Билол розияллоҳу анҳумо оғриб қолишди. Уларнинг олдига кириб: «Отажон, аҳволингиз қалай, Билол, сизнинг аҳволингиз қалай?», деб сўрадим. Абу Бакрни безгак тутган пайтида мана бу байтни ўқирди:
Тинчгина юргандек бўласан, бироқ,
Ўлим сенга боғичингдан яқинроқ.
Билол эса безгак кетган пайтида овозини баланд кўтариб, мана бу байтларни ўқирди:
Ўт-ўланлар ичра тунармиканман,
Мижанна сувларига борармиканман,
Туфайлу Шомани кўрармиканман,
Бирор тун, бирор кун қувнармиканман.
Оиша розияллоҳу анҳо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, бўлган гапларни айтиб бердим. Шунда у киши: «Эй Аллоҳим, Шайба ибн Рабиъа, Утба ибн Рабиъа ва Умайя ибн Халафга Сенинг лаънатинг бўлсин, улар бизни ўз еримиздан ваболи ерга чиқишга мажбур қилишди» дедилар. Сўнг: «Эй Аллоҳим, бизга Мадинани худди Маккадек ёки ундан ҳам суюмлироқ қилиб қўйгин, уни тузатгин, соъию муддига[1] барака бергин, унинг безгагини Жуҳфа[2] томонларга ўтказгин», деб дуо қилдилар.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларини ижобат қилди, у зот тушларида сочлари тўзғиган бир қора аёлнинг Мадинадан чиқиб, Жуҳфадаги Маҳяа деган жойга бориб ўрнашганини кўрдилар. Бунинг таъбири Мадинанинг вабоси Жуҳфага кўчиши деб кўрилди. Шундан сўнг муҳожирлар Мадинада тортаётган безгак ва дардлардан халос бўлдилар.
Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг нубувватдан кейинги даврининг бир қисми яъни, Макка даврининг баёни ниҳоясига етди. Қуйида энди у зотнинг Мадинада ўтказган даврларини қисқача ҳикоя қилинади.
МАДИНАДАГИ ДАВР – ДАЪВАТ, ЖИҲОД ВА ЗАФАРЛАР ДАВРИ
Мадинадаги давр: даъват ва жиҳод босқичлари
Мадинадаги даврни қуйидаги уч босқичга бўлиш мумкин:
1) Ислом жамиятига асос солиш ва Ислом даъватини мустаҳкамлаш босқичи. Ичкарида юз берган фитналару ғовлар, ташқаридан эса душманларнинг Исломий давлатни пишиб етилмасидан олдин таг-томири билан қўпориб ташлаш учун бостириб келишлари. Бу босқич ҳижратнинг 6- йили Зулқаъда ойида бўлиб ўтган Ҳудайбийя сулҳи воқеаси орқали мусулмонларнинг ғалабага эришишлари ва вазиятни қўлга олишлари билан якунланади.
2) Энг катта душман билан келишув ва ер юзи подшоҳларини Исломга даъват қилиш учун қулай фурсатни қўлга киритиш босқичи. Бу босқич 8- ҳижрийнинг Рамазонида бўлиб ўтган Макка фатҳи билан якун топади.
3) Вакилларни кутиб олиш ва одамларнинг Аллоҳ динига тўп-тўп бўлиб киришлари босқичи. Бу босқич 11- ҳижрийнинг Рабиул-аввалигача яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларигача давом этади.
Биринчи босқич
Мадина аҳолиси ва уларнинг ҳижрат пайтидаги ҳолатлари
Ҳижратнинг маъноси фитналанишу масхара бўлишдан қутулишгина эмас, осойишта юртда янги бир жамиятни барпо қилиш йўлида бир ёқадан бош чиқариш ҳам эди. Шунинг учун шу янги ватанни барпо қилишга ўз улушини қўша оладиган ҳар бир мусулмонга уни тиклаш ва шаънини кўтариш йўлида ҳижрат қилиши фарз бўлиб қолганди.
Бу жамиятни барпо қилишда табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етакчи, бошлиқ, раҳнамо эдилар. Шунинг учун ҳам юк кўпроқ у кишининг елкасига тушарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Мадинада дуч келган қавмлар уч синф эди. Улардан ҳар бири бошқасидан яққол ажралиб турарди, бинобарин улар рўбарў келаётган муаммолар ҳам турлича эди. Бу уч синф қуйидагилардир:
- Саҳобаи киромлар. (Аллоҳ улардан рози бўлсин)
- Ҳалигача иймонга келмаган мушриклар. Улар асл мадиналиклар эдилар.
- Яҳудийлар.
а) Саҳобаи киромга нисбатан Мадинадаги шароит Маккадаги шароитдан тубдан фарқ қиларди. Маккада саҳобаларни гарчи бир ғоя бирлаштириб турган бўлса-да, лекин улар ўз уйларида тарқоқ ҳолда яшардилар. Боз устига душманлар томонидан хорланиб, қувғинга учраб кун кечирардилар. Ўз ишларига ўзлари молик эмасдилар. Ҳокимият диний душманларининг қўлида эди. Мусулмонлар ўзларича жаҳондаги инсоний жамият каби том маънодаги бир жамиятни барпо қилишга қодир эмасдилар. Шунинг учун ҳам кўрамизки, Маккада нозил бўлган суралар Исломий асослар ва якка шахсларгина амал қила оладиган шаръий амалларни баён қилиш ҳамда яхшиликка, эзгуликка, улуғ хулқларга ундаш, пасткашликлар ва разилликлардан қайтариш билангина чекланган.
Мадинада эса мусулмонлар биринчи кунданоқ ўзларига ўзлари хўжайин бўлдилар. Ҳеч ким уларга ҳукмини ўтказа олмасди. Шунинг учун уларнинг қаршисида ҳазорат, маданият, ободончилик, иқтисод, сиёсат, ҳокимият, тинчлик, уруш каби соҳаларга доир қатор масалалар турарди. Ҳалол, ҳаром, ибодат, ахлоқ каби масалаларда ҳам аниқ бир тўхтамга келиб олиш зарур бўлиб қолганди.
Мусулмонлар учун янги бир жамиятни, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида жоҳилият жамиятидан, дунёдаги барча жамиятлардан тубдан фарқ қиладиган Исломий жамиятни ташкил қилиш вақти етиб келганди. Бу жамият мусулмонлар унинг йўлида ўн йиллаб турли хил азобу уқубатларга дучор бўлган Исломий даъватни намоён этиши керак эди.
Бундай жамиятнинг бир кунда, бир ойда ёки бир йилда ташкил бўлиб қолмаслиги кундек равшан. Қонунларни ишлаб чиқиш, уларни татбиқ қилиш, таълим-тарбия соҳалари буларнинг ҳаммаси секин-аста такоммиллашиб бориши учун узоқ давр керак бўларди. Шундай қонунни чиқариб беришга Аллоҳнинг Ўзи Кафил эди. Уни ижро этиш, унга одамларни йўллаш, мусулмонларга таълим-тарбия бериш каби ишлар билан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шуғулланардилар. «У (Аллоҳ) омийлар (яъни, аҳли Китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир Пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юборган Зотдир». (Жумъа: 2).
Саҳобалар шариат ҳукмларини дил-дилларидан қувониб бажарардилар. «Уларга Унинг (Аллоҳнинг) оятлари тиловат қилинса, иймонлари яна ҳам зиёдалашади» (Анфол: 2).
Бу масалаларнинг тафсилоти мавзуимиз сирасига кирмайди. Шунинг учун улардан мавзуимизга хос ўринларига тўхталиб ўтамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга нисбатан дуч келаётган энг катта иш ҳам, умуман исломий даъват ва Муҳаммадий рисолатдан кўзланган энг олий мақсад ҳам мана шу эди. Маълумки, бундай ишлар шошма-шошарлик билан қилинмайди, улар учун узоқ муддат керак бўлади. Тўғри, тез ва соз ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам йўқ эмасди. Уларнинг энг эътиборлиси шундан иборат эдики, ўша пайтда мусулмонлар икки қисмга ажралиб қолгандилар.
Бир қисми ўз уйида, ўз юртида яшаётган ансорлар эдилар. Уларнинг ташвиши ўз уйида тинчгина яшаётган одамнинг ташвишидан фарқ қилмасди. Уларнинг ўрталарида узоқ пайтдан буён давом этиб келаётган мустаҳкам адоват бор эди.
Яна бир қисми бу нарсалардан жудо бўлиб, ўз жонини асраб Мадинага келган муҳожирлар эдилар. Уларнинг бошпанаси ҳам, тирикчилик ўтказадиган бирор иши ҳам, ўзини тиклаб оладиган мол-дунёси ҳам йўқ эди. Уларнинг сони оз эмасди. Боз устига кундан кунга кўпайишиб борардилар. Негаки, Аллоҳ ва Пайғамбарга иймон келтирган ҳар бир одам учун ҳижрат қилишга рухсат этилганди. Мадина катта бойликка эга бўлмаганлиги сабабли унинг иқтисодий мезонига путур етганди. Мана шундай оғир дамларда Исломга қарши кучлар Мадина билан иқтисодий алоқаларини деярли уздилар. Шу туфайли кирим камайиб, ҳолат оғирлашди.
б) Иккинчи қавм яъни, асл мадиналик мушриклар эса мусулмонларга ҳукмини ўтказа олмас эдилар. Улардан айримлари ота-боболарининг динини тарк қилишга иккиланиб турарди. Мушрик эдилару аммо Ислом ва мусулмонларга адоватлари йўқ эди. Ҳеч қанча ўтмасдан булар ҳам мухлис мусулмонга айландилар.
Уларнинг орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга нисбатан ичида кек-адоват сақлайдиганлари ҳам бор эди. Аммо бевосита қарши чиқишга имкони бўлмаганидан шароитга қараб, сиртдан ўзини дўст қилиб кўрсатарди. Уларнинг бошида Абдуллоҳ ибн Убай турарди. Буос урушидан кейин Авс билан Хазраж уни ўзларига бошлиқ қилиб олмоқчи бўлишганди. У энди Мадинага подшоҳ бўлай деб турган бир пайтда дафъатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қолиб, қавм у зот томонга оғиб кетди. Унинг назарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди ундан подшоҳликни тортиб олгандек бўлиб қолдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ичида кучли адовати бор эди. Мушриклигича қолишига шароит йўл қўймагач, қолган иззат, обрўсию улар шарофатидан келиб турадиган дунёвий манфаатлардан ҳам маҳрум бўлиб қолиш хавфи туғилгач, Бадр жангидан кейин ўзининг мусулмон бўлганлигини изҳор қилди. Лекин ботинда кофирлигича қолди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонларга қарши ҳийла, найранг қилишнинг қандай йўли очилиб қолса, дарҳол ундан фойдаланарди. Шериклари у подшоҳ бўлиб қолса, бизга ҳам бирор мансаб тегиб қолар, деган умидда юрган кимсалар бўлиб, унинг бу найрангларини қўллаб-қувватлар, режалар тузишар, ҳатто айрим ҳолларда тузган режаларини амалга ошириш учун баъзи бир содда мусулмон ёшларни ўзига билдирмасдан ишлатишарди.
в) Учинчи қавм - яҳудлар эса юқорида айтиб ўтганимиздек, Ашурийлар ва Румонийлар қувғинидан қочиб, Ҳижозга келиб қолишганди. Улар аслида ибронийлар эдилар. Ҳижозга келганларидан кейин тил борасида ҳам, кийим борасида ҳам, ҳазорат ва маданият борасида ҳам араблашиб кетгандилар. Ҳатто ўзларининг ва қабилаларининг номлари ҳам арабча бўлиб қолганди. Араблар билан қиз олиб, қиз бериш, қудачилик алоқаларини ўрнатишгача ҳам бориб етишганди. Шундай бўлса-да, уларда миллатчилик жуда кучли эди. Арабларга мутлақо қўшилиб кетмагандилар. Аксинча, ўзларининг исроилийликлари-яҳудийликлари билан фахрланиб, арабларни ҳаддан ташқари ерга урардилар. Ўзларича, арабларнинг мол-дунёлари бизга ҳалол, дейишиб, қандай хоҳлашса шундай ердилар. Аллоҳ таоло айтади: «Аҳли китоб орасида шундай кишилар борки, унга беҳисоб молни омонат қўйсангиз, хиёнат қилмай сизга қайтаради. Уларнинг орасида яна шундайлари ҳам борки, унга бир динорни ишониб берсангиз, то устида туриб олмагунингизча сизга қайтиб бермайди. Бунинг боиси — уларнинг «омий-китобсиз кимсалар учун бизнинг устимизга ҳеч қандай йўл йўқ», дейишларидир» (Оли Имрон: 75). Улар ўз динларини тарғиб қилишга қизиқмасдилар. Уларнинг диний матолари фол очиш, сеҳргарлик қилиш, дам солиш каби ишлардан нарига ўтмасди. Яна шу ишлари билан ўзларини олим, фозил, раҳнамо, руҳоний, деб билардилар.
Улар касб-ҳунар қилиш, тирикчилик ўтказиш каби ишларда жуда моҳир эдилар. Дон, хурмо, ароқ, кийим савдоси уларнинг қўлида эди. Кийим, дон ва ароқни ташқаридан олиб келсалар, хурмони ташқарига сотардилар. Уларнинг бундан бошқа ишлари ҳам кўп эди. Ҳамма араблардан бир неча баробар фойда олардилар. Шу билангина чекланмасдан судхўрлик ҳам қилардилар. Шоирларнинг мақташларини, одамларнинг олқишлашларини касб этиш учун арабларнинг бошлиқлари ва шайхларига катта-катта қарзлар беришарди. Қарз олган катталар ўз уйлари ва ерларини гаровга қўярдилар. Олинган қарзларни беҳуда сарфлаш оқибатида бир неча йил ўтиб, гаровга қўйилган жойлар уларнинг мулкига айланиб қоларди.
Улар фитна уюштиришга, одамларнинг ўрталарини бузишга, жанжал чиқаришга уста эдилар. Бир-бирига қўшни араб қабилалари ораларига низо солиб қўярдилар. Билдирмасдан, сездирмасдан бирини иккинчисига қарши қайраб қўярдилар. Шу билан урушлар авж оларди. То яҳудлар аралашмагунига қадар бу урушларнинг олови ўчмасди. Бечора арабларни бир-бирлари билан уриштириб қўйиб, ўзлари бир чеккада уларнинг қийналаётганларидан лаззатланиб турардилар. Уларни шу қадар қарзга ботириб ташлардиларки, натижада бечораларнинг боши урушдан чиқмасди. Шу йўл билан улар икки катта ютуқни қўлга киритардилар. Биринчиси ўзларининг яҳудийлик вужудини сақлаб қолиш бўлса, иккинчиси судхўрлик бозорини авж олдириб, бир неча баробар фойда олиш эди.
Ясрибда уларнинг учта машҳур қабилалари бор эди. Улар қуйидагилар:
1. Бану Қайнуқоъ: Улар Хазражнинг иттифоқдошлари бўлиб, диёрлари Мадинанинг ичида эди.
2. Бану Назир: Булар ҳам Хазражнинг иттифоқдошлари бўлиб, диёрлари Мадинанинг атрофида эди.
3. Бану Қурайза. Улар Авснинг иттифоқдошлари бўлиб, диёрлари Мадинанинг атрофида жойлашганди.
Узоқ йиллардан бери Авс билан Хазраж орасига низо солиб, уруш оловини ёқиб келаётганлар мана шу қабилалар эди. Буос урушида уларнинг ўзлари ҳам ҳар қайсиниси ўз иттифоқдоши билан бирга қатнашганди.
Яҳудийларнинг Исломга адоват, ҳасад кўзи билан қарашлари табиий бир ҳол эди. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг миллатидан эмасди. Улар учун эса миллатчилик ҳар қандай ақлдан, маънавиятдан устун эди. Боз устига Ислом дилларни бирлаштирадиган, уруш оловини ўчирадиган солиҳ амалларга, омонатдор бўлишга, ҳаромдан ҳазар қилиб, ҳалолдан касб қилишга чақирарди. Бу эса Ясрибдаги араб қабилаларининг бирлашиши ва натижада яҳудлар чангалидан чиқиши, шу билан яҳудлар савдосининг касодга учраши, бойлик дея аталмиш тегирмон тошини айлантириб турган судхўрлик фойдаларидан маҳрум бўлиш дегани эди. Ҳатто бу қабилалар уйқудан уйғониб, судхўрлик оқибатида бой берилган уй-жойларини яҳудлардан яна қайтариб олишлари ҳам мумкин эди.
Яҳудлар мана шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб, Исломий даъват Ясрибда қарор топишга ҳаракатни бошлаганидан буён дилларида Исломга нисбатан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ҳам кучли бир адоватни тугдилар. Лекин маълум муддат ўтгунига қадар уни изҳор қилишга журъат этолмадилар.
Ибн Исҳоқ уммулмуъминин София розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда яҳудларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан бўлган адоватлари яққол кўзга ташланади. Ибн Исҳоқнинг айтишича, Ҳуяй ибн Ахтабнинг қизи София шундай дейди: Мен отамнинг энг суюкли фарзанди эдим. Амаким Абу Ёсир ҳам мени жуда яхши кўрарди. Улардан қай бири бўлмасин, қўлида ўз боласи билан менга йўлиқиб қолишса, албатта қўлидаги болани қўйиб, мени кўтариб оларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келиб, Қубода Бану Амр ибн Авфнинг уйига тушган пайтларида отам Ҳуяй ибн Ахтаб билан амаким Абу Ёсир тонг қоронғусида чиқиб кетишиб, кун ботганидан кейин қайтиб келишди. Улар ҳориб, чарчаб, ҳолдан тойиб, судралиб кириб келишди. Мен одатдагидек хурсанд бўлиб, уларнинг олдиларига бордим. Аллоҳга қасамки, ғамга ботганларидан иккаласи ҳам менга қарашмади. Мен улар ўртасида бўлиб ўтган суҳбатни эшитиб қолдим.
- У ўшами? – сўради амаким Абу Ёсир отам Ҳуяй ибн Ахтабдан.
- Ҳа, ўша – жавоб берди отам.
- Уни аниқ танидингми?
- Ҳа.
- Ичингда унга нисбатан нима бор?
- Аллоҳга қасамки, модомики, тирик эканман, унга нисбатан ичимда фақат адоват бор.
Бухорийнинг Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг Исломга кириши ҳақидаги ривояти ҳам шунга гувоҳдир.
У яҳудларнинг буюк олимларидан бири эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага келиб, Бану Нажжорга тушганларини эшитиб, тез етиб келди ва у кишига фақат пайғамбаргина била оладиган саволларни берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавобларини эшитиб, ўша заҳоти, ўша жойнинг ўзида мусулмон бўлди.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Яҳудлар бўҳтончи халқ, менинг мусулмон бўлганимни эшитишса, сиз улардан мен ҳақимда сўраганингизда менга туҳмат қилишади», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одам юбориб, яҳудларни чақиртириб келдилар. Улар келишган пайтида Абдуллоҳ ибн Салом уйга кириб турди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Абдуллоҳ ибн Салом сизларнинг орангизда қандай одам? - деб сўрадилар.
- Ўзи ҳам, отаси ҳам энг билимдонимиз, энг яхшимиз, - жавоб беришди улар. (Яна бир қавлда ўзи ҳам, отаси ҳам саййидимиз, дейишган бўлса, бошқа бир қавлда, ўзи ҳам, отаси ҳам энг яхшимиз ва энг афзалимиз, дейишган).
- Абдуллоҳ исломни қабул қилган бўлса-чи? Унда нима дейсизлар?
- Уни бу ишдан Аллоҳ асрасин. (Бу гапни икки ёки уч марта такрорладилар)
Шунда Абдуллоҳ уларнинг олдига чиқиб: «Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқдир ва яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир», деди.
Буни эшитган яҳудлар: «Ўзи ҳам, отаси ҳам энг ёмонимиз эди», дейишиб, унга туҳмат қила бошлашди.
Яна бир қавлда Абдуллоҳ: «Аллоҳдан қўрқинглар, Ундан ўзга барҳақ илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, сизлар бу одамнинг Аллоҳнинг пайғамбари эканини ва у ҳақиқатни олиб келганини жуда яхши биласизлар», деди.
Бунга жавобан улар: «Ёлғон гапиряпсан», дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага кирган кунлари яҳудлардан олган илк тажрибалари мана шу бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага тушган пайтларида мана шундай ички шароитлар ва муаммоларга дуч келгандилар.
Ташқарида эса Мадинани Қурайшнинг динидагилар қуршаб турарди.
Ислом ва мусулмонларнинг энг ашаддий душмани Қурайш эди.
У ўн йил давомида яъни, мусулмонлар ўзининг қўл остидалигида мусулмонларни динидан қайтариш учун қўрқитиш, таҳдид солиш, сиқувга олиш, азоблаш, алоқани узиш, оч қолдириш каби барча воситаларни қўллаб кўрганди. Уларга қарши одамнинг тинкасини қуритадиган, бардошини емирадиган маънавий жанг қилганди. Айни пайтда кенг кўламда ва тартибли тарзда ташвиқот ишларини ҳам олиб борганди.
Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин эса уларнинг уй-жойларини, мол-мулкларини мусодара қилиб, хотини ва фарзандаларидан айирганди. Ҳатто кучи етганларини қамаб, азоблашгача борганди.
Шунинг ўзи билан қаноатланмасдан даъват соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириб, у зотнинг даъватларига барҳам бериш учун тил бириктирганди ва бу режани амалга ошириш йўлида кучини аямаганди.
Шундай бўлгач, мусулмонлар улардан қутулиб, беш юз километр нарига бориб олганларидан кейин улар ўз сиёсий ва ҳарбий мавқеларидан фойдаланиши, ўзларининг араблар орасида Байтуллоҳнинг ходимлари, Ҳарам аҳолиси сифатидаги дунёвий устунликлари ва диний бошқарувчиликларидан фойдаланиб, Жазиранинг бошқа мушрикларини Мадина аҳолисига қарши қайрашлари табиий бир ҳол эди.
Худди шундай бўлди ҳам.
Натижада Мадинани хавфу хатар ўраб олди. Атрофдан деярли узилиб, кирим камайиб кетди.
Боз устига қочиб келувчилар сони кундан кунга ортиб борарди.
Шу билан Макка золимлари ва уларга эргашганлар билан янги ватанга келган мусулмонлар ўртасида “уруш ҳолати” юзага келганди.
У золимлар мусулмонларнинг мол-мулкларини тортиб олганлари, уларни қийнаганлари, ҳаётларини заҳарга айлантирганлари каби энди мусулмонлар ҳам уларнинг мол-мулкларини тортиб олиш, уларни қийнаш ва ҳаётларини заҳарлашга ҳақли эдилар. Токи, улар мусулмонларни бешигидаёқ бўғиб ташлашга қодир бўлмай қолсинлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келган пайтларида у кишининг қаршисида мана шундай ташқи муаммолар турарди.
Бу муаммолардан чиқиб кетиш учун уларни етук ҳикмат билан ҳал қилиш лозим эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу муаммоларнинг ҳар бирини Аллоҳнинг тавфиқи ва мадади ила энг пухта тарзда ҳал этдилар.
Ҳар бир қавмга ўзига муносиб равишда муомала қилдилар. Мулойимлик қилиш керак бўлган жойда мулойимлик қилдилар, қаттиқ туриш керак бўлган жойда қаттиқ турдилар. Шу билан бирга одамларни тарбиялаш, йўлга солиш, уларга Қуръону ҳикматни таълим бериш ишларини ҳам олиб борардилар.
Шубҳасизки, қаттиқ туриш, куч ишлатиш каби омиллардан кўра тарбиялаш, таълим бериш, мулойим ва меҳрибон бўлиш омиллари кўпроқ қўлланарди.
Шундай қилиб бир неча йиллар ичида ҳамма иш Ислом ва мусулмонларнинг қўлига ўтди. Сиз бунинг тафсилоти билан кейинги саҳифаларда танишасиз.
[1] Соъ, муд – ўлчов бирликлари
[2] Жуҳфа – Маккаи мукаррама билан Мадинаи мунаввара ўртасидаги жой номи.
Мундарижа