Ислом Нури

 

Мақолалар 

 

 

ЖАҲАННАМНИНГ СИФАТИ

 

Муаллиф: Доктор Акрам Зиёуддин Умарий

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

 

مقتبص من الكتاب: "التربية الروحية والإجتماعية في الإسلام"

لمؤلفه: د. أكرم ضياء الدين العمري 151 – ص

 

Барча оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Аллоҳ таоло элчиларининг сараси бўлган пайғамбаримизга салавот ва саломлар йўлласин.

Сўнг ...

Исломдан бошқа самовий динларнинг барчаси жаҳаннамни инкор этган кишиларни оташ билан азобланишдан огоҳлантирди. Аллоҳ таоло (Қуръон Каримда) мўъминлар жаннатда мангу қолганларидек, кофирларнинг жаҳаннамда мангу қолишларини баён қилди:

"Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар — ана ўшалар жаҳаннам эгалари бўлиб, ўша жойда мангу қолувчидирлар Нақадар ёмон оқибат (бу)!" (Тағобун: 10);

"Энди агар бундай қилолмасангиз — ҳаргиз қилолмайсиз ҳам — у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган жаҳаннамдан қўрқингки, унинг ёнилғиси одамлар ва тошлардир" (Бақара: 24);

"Улар учун устларидан ҳам оловдан бўлган “соябонлар”, остларидан хам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлади. Бу (бўлажак азоб-уқубат) билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитади. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!" (Зумар: 16).

Қуръон Каримнинг кўплаб оятларида жаҳаннам ва унинг табақалари, қаъри, қоронғуликлари, деворлари, ҳарорати, совуқлиги, ёниши, ҳайқириқлари, тутуни, алангаси, водийлари, тоғлари, қудуқлари, булоқлари, дарёлари, кишанлари, занжирлари, турфа азоблари, жаҳаннам аҳлининг таомлари, ичимликлари, кийимлари, кофирларнинг мангу қолишлари, муваҳҳид мусулмонларнинг Аллоҳнинг раҳмати ва шафоатгўйларнинг шафоати билан чиқишлари баён қилинган.

Ҳадисларда эса аввалги шариатларда келмаган жаҳаннам хабарлари ва ҳолатлари батафсил айтиб ўтилган. Ҳолбуки барча самовий шариатлар жаннат ва жаҳаннамни ўз ичига олган охират кунини тасдиқлаб келган.

Жаҳаннам билан қўрқитишнинг инсон қалбига жаннатга рағбатлантиришдан кўра каттароқ таъсири бордир. Шунинг учун ҳам, Ислом дини, инсон қалбидаги иймон ва тақвони кучайтириш учун рағбатлантириш ва қўрқитиш усулларига суянди. Аллоҳ таоло: "Мен сизларни алангалаб турган жаҳаннамдан огоҳлантирдим" (Лайл: 14)- деди.

Саҳобалардан Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳу айтди: "Мен расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Мен сизларни жаҳаннамдан огоҳлантирдим! Мен силарни жаҳаннамдан огоҳлантирдим!"- деб айтганларини эшитдим. (У зот шундай ҳайқириб айтдилар-ки,) ҳатто бозорда бир одам бўлса, менинг шу еримдан туриб (у сўзларни) эшитган бўлар эди" (Имом Аҳмад: 3/268-272, Тайолисий "Муснад" 107, Доримий "Сунан": 2/329, Ибн Ҳиббон "Маворидиз-Замъон" 616, ал-Сунан ал-Кубро: 3/207).

"Саҳиҳайн" да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Мен билан умматимнинг мисоли олов ёққан бир кишининг мисолига ўхшайди. Ҳайвонлар ва ҳашаротлар оловга туша бошладилар. Мен сизларнинг белбоғингиздан тортиб тураман. Ҳолбуки, сизлар оловга тушиш учун ҳаракат қилмоқдасиз"" ("Фатҳул-Борий": 6/458 ҳадис № 3426, Имом Муслим "Саҳиҳ": 4/1789, ҳадис № 2284).

"Саҳиҳайн" да Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Роббимиз бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар ато эт ва жаҳаннам азобидан сақла!"- деб кўп дуо қилар эдилар" ("Фатҳул-Борий": 11/191, ҳадис № 6389, имом Муслим 4/2070, ҳадис № 2690. Бақара сураси: 201).

Жобир разияллоҳу анҳу айтди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига: "Намозингда нима дейсан?"- деб савол бердилар. У киши: "Ташаҳҳуд ўқийман, сўнгра: "Аллоҳим, мен Сендан жаннатни тилаб, жаҳаннамдан паноҳ сўрайман. Мен Сенга айтиш учун на чиройли сўзларни ва на Муознинг сўзларини топа оламан"- дейман, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Биз ҳам шунга ўхшаш сўзларни айтамиз"- дедилар" (Абу Довуд "Сунан": 1/501, ҳадис №792, ибн Можжа "Сунан": 1/295 ҳадис № 910, 2/1264 ҳадис № 2847. Бусийрий бу ҳадиснинг иснодини саҳиҳ деди. Қаранг: "аз-Завоид". Имом Аҳмад "Муснад": 3/474, 5/74).   

Жаҳаннам билан қўрқитишдан мақсад, банда қалбида Аллоҳ қўрқуви ва Аллоҳни улуғлашни пайдо қилиш ҳамда итоатли қилиб, гуноҳлардан четлатишдир. Банданинг Аллоҳдан қўрқуви ортгани сайин нафл ва солиҳ амалларни кўпайтрииб, хайрли ишларни кўпроқ қилади. Бу каби қўрқув – мақтовга сазовор қўрқувдир. Аммо қўрқув безовталик, касаллик ёки амалдан тўхталишга олиб борса, бу бир хасталик бўлиб, қалб қўрқув ва умид ўртасидаги мутаносиб вазиятга келгунига қадар умид баён қилинган оят ва ҳадислар билан даволаниш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолога: "Аллоҳим, мен Сенга мени қайғу ва аламдан, ожизлик ва танбалликдан сақлашингни ўтинаман"- деб дуо қилар эдилар ("Фатҳул-Борий": 6/86, ҳадис № 2893).

Мўъминларнинг Роббиларини "Қайғуларни кетказувчи" деб мақташлари қуйидаги оятда баён қилинган: "Улар: "Биздан қайғуларни кетказган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!"- дедилар" (Фотир: 34).

Шубҳасиз, мўъминларнинг мудом қайғуда қолиб, оилаларига қувонч олиб келмасликлари ёки ҳаётдаги ижобий вазифаларини адо этмасликлари, даволаниш ва дуога муҳтож бўлган салбий кўринишдир. Бироқ, қўрқитувчи оятлар ёки жаҳаннам ҳақида тафаккур қилиш асносида қўрқиш ва бу қўрқувнинг тақво, парҳезкорлик ва ибодатга машғул бўлиш учун из қолдириши, умид қилинган меъёрдир.

Мўъмин жаҳаннам ва унинг сифатлари ҳақидаги маълумотларни чуқурроқ танигани сайин, жаҳаннамдан ва Роббисидан бўлган қўрқуви ортиб боради. Инчунун новвойнинг тандири ва темирчининг ўчоғидаги олов тарих  давомида мўъминларга жаҳаннам оловини эслатган, қалбларини ёрган ва ёшларини оқизган. Одамлар ичида жаҳаннам ва ундаги ҳолатларни жуда яхши билган зот, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Анас разияллоҳу анҳудан расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: ""Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар Мен кўрган нарсаларни кўрсангиз эди, озроқ кулар, кўпроқ йиғлар эдингиз". Саҳобалар: "Ё расулуллоҳ, Сиз нималарни кўрдингиз?"- деб савол берганларида: "Жаннат ва жаҳаннамни!"- деб жавоб бердилар" (Имом Муслим: 1/320, ҳадис № 426).

Абуд-Дардоъ разияллоҳу анҳу айтди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Мен билган нарсаларни билганингизда оз кулар, кўп йиғлар ва кўчаларга чиқиб Аллоҳга ялиниб-ёлборар эдингиз. Ҳолбуки сизлар, (жаҳананам азобидан) қутуласизларми ёки қутулмайсизларми, билмайсизлар!" (Табароний ва Баззор раҳимаҳумаллоҳлар бу ҳадисни Абуд- Дардоъ разияллоҳу анҳунинг қизи раҳимаҳаллоҳдан ривоят қилдилар. Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳ бу қизни танимаслигини айтди. Табароний ривоят қилган санаддаги бу қиздан бошқа барча ровийлар ишончлидир. Қаранг: Табароний "Мажмауз-завоид": 10/230 ва Бпззор "Кашфул-астор": 4/70, ҳадис № 3221).

Жаҳаннамнинг кўринишлари, жаҳаннамдагиларнинг турли азоблар ичида занжирбанд ҳолатлари мўъминларнинг хаёлларида гавдаланар ва ундан бўлган хавф кундалик ҳаётларида акс этар эди. Саид Журмий раҳимаҳуллоҳ жаҳаннамдан қўрққан одамларни шундай тавсифлайди: "Улар жаҳаннам зикр қилинган оятни ўқир эканлар, худди жаҳаннам ҳайқириқлари қулоқлари остида янграган ёки охират олдида турганларидек,  қўрқувларидан фарёд чекар эдилар" (Ибн Ражаб, "ат-Тахвифу минан-нор", 34).

Аллоҳ таоло жаҳаннамни балоғат ёшига етган осий жин ва инсонлар учун яратди. Ундан қутулиш йўли – Аллоҳ таолога итоат қилиш ва унга осий бўлишдан узоқ бўлишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан ва жаҳаннамдан қўрқиб ёш тўкиш ҳамда жаҳаннамдан Аллоҳга сиғинишнинг бандаларга фойдаси борлиги ва уларни жаҳаннамдан қутқаришини қуйидаги ҳадисдаги каби таъкидладилар: "Икки кўз: тун ўртасида Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан ва Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўзларга жаҳаннам тегмас" (Термизий раҳимаҳуллоҳ "ал-Жомеъ": 3/ 96, ҳадис № 169. Термизий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни "ҳасан ғариб"- деди).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ким Аллоҳдан жаннатни уч марта сўраса жаннат: "Аллоҳим, уни жаннатга кирит"- дейди. Ким (Аллоҳдан) жаҳаннам(га тушиш)дан уч марта паноҳ сўраса жаҳаннам: "Аллоҳим, уни сақла"- деб айтади" (Термизий раҳимаҳуллоҳ "ал-Жомеъ": 4/ 100, ҳадис № 2691).

Жаннатнинг юксак мақомлари бўлгани каби, жаҳаннам ҳам қат-қат чуқурлардан иборатдир. Аллоҳ таоло айтди: "Дарҳақиқат, мунофиқлар жаҳаннамнинг энг тубидадирлар" (Нисо: 145).

Жаннатнинг бир-биридан афзал дарвозалари бўлганидек, жаҳаннамнинг ҳам дарвозалари бордир. Аллоҳ таоло айтди: "У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз, жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозадан уларнинг бир тўдаси киради" (Ҳижр: 43 - 44).

Жаннатнинг саккиз дарвозаси бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида солиҳ амал учун тайинланганидек, жаҳаннамнинг ҳам алоҳида ёмон амаллар учун тайинланган етти дарвозаси бор (Ибн Ражаб, "ат-Тахвифу минан-нор", 61).

Жаҳаннам дарвозалари, Қуръон Каримда таъкидланганидек, аҳли устидан қулфлангандир: "Албатта (у кофирлар) узундан-узун устунларга (занжирлар билан) боғлаб қўйилган ҳолларида олов уларнинг устида қопланиб қолгувчидир (яъни, на улар жаҳаннам қаъридан қутулиб чиқа оладилар ва на улар нафас олишлари учун бир ютум тоза ҳаво киради)!" (Ҳумаза: 8-9).

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг: "Уларни Буюк даҳшат (яъни қиёмат) маҳзун қилмас" (Анбиё: 103) оятини қуйидагича тафсир қилди: "Салафлар: "Бу - оловнинг бир табақасини жаҳаннам аҳлига ёпирилиб туришидир"- дедилар (Ибн Ражаб, "ат-Тахвифу минан-нор", 61). Ҳолбуки, жаҳаннам оловли деворлар билан ўралгандир. Бу табақалар эса оловларнинг кофирлар устига ёпирилиб туришини сақлайдиган даҳлиз вазифасини бажаради, холос. Аллоҳ таоло айтди: "Биз золим — кофирлар учун алангалари ўз аҳлини ўраб-чирмаб оладиган жаҳаннамни тайёрлаб кўйганмиз" (Каҳф: 29).

Қуръон оятлари жаҳаннам аҳлининг юзлари қоп-қора эканига далолат қилмоқда. Аллоҳ таоло айтди: "Уларнинг юзлари гўё қоронғу кечадан бир бўлаги қоплагандек. Ана ўшалар жаҳаннам эгалари бўлиб, у жойда абадий қоладилар" (Юнус: 27).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисларда жаҳаннамга кирган гуноҳкор муваҳҳидларнинг баъзилари оловда куйиб кўмирга айланиши, жаҳаннамдан чиқишида эса Аллоҳнинг марҳамати ва шафоатгўйларнинг шафоати  билан Ҳаёт дарёсида ювинтирилиши зикр қилинган (Имом Муслим "Саҳиҳ": 1/ 167, ҳадис № 173).

Жаҳаннам ўзида иссиқнинг энг баланд даражаси билан бирга совуқнинг энг паст даражасини ҳам жамлаган. Қуръон Каримда шундай дейилган: "(Мунофиқлар): "Бу иссиқда урушга чиқманглар», дедилар. Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар улар англай олсалар, жаҳаннам оташи янада иссиқроқир" (Тавба: 81).

"Саҳиҳайн" да расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадис ривоят қилинган: "Ушбу, одам фарзанди ёқаётган оловингиз(нинг ҳарорати), жаҳаннам оташи ҳароратининг етмишдан биридир" ("Фатҳул-Борий": 1/ 330, ҳадис № 3265. Имом Муслим: 4/ 2184, ҳадис № 2843).

Жаҳаннам ўзининг аҳли илк киргани пайтда алангалангани каби, ҳар куни кундузнинг ўртасида алангаланишиниг дараклари берилган. Улар кўмирга айланганларида олов уларни куйдириши учун бирон одам топа олмайди. Натижада, жаҳаннам аҳлини яна қайта яратилади ва оловлар уларни ёндириш учун такрор қайтиб келади. Аллоҳ таоло айтди: "Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни ловуллатиб юборамиз" (Исро: 97).

Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларида ворид бўлганидек, жаҳаннамнинг ҳайқириғи, бўкириги ва фарёди бордир: "Биз эса у соатни ёлғон деган кимсалар учун жаҳаннам ўтини тайёрлаб қўйганмиз. (Жаҳаннам) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг хайқириқ ва бўкиригини эшитадилар" (Фурқон: 11 – 12);

"Қачон улар (жаҳаннамга) ташланганларида қайнаб турган (жаҳаннамнинг худди эшак ҳанграшидек) бир ўкирик-фарёдини эшитадилар" (Мулк: 7).

Қуръон Карим жаҳаннам ҳавоси заҳар – ўта иссиқ шамол, суви - ўта қайноқ, сояси – тутуннинг бир парчаси эканини эслатди: "Чап томон эгалари... Чап томон эгалари (бўлмоқ), не (бахтсизлик)дир! (Улар жаҳаннамдан тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида; Ва на салқин, на фойдали бўлмаган қора тутундан иборат «соя» (ости)дадирлар" (Воқеа: 41 – 44). Аллоҳ бизни бу азоблардан ўз лутфи ва карами билан сақласин!

Қуръон Карим жаҳаннамдаги кофирларнинг кишанлари, азобланишлари ва турфа таомларидан сўз юритди: "Албатта Биз кофирлар учун занжиру кишанларни ва (жаҳаннам) алангасини тайёрлаб қўйгандирмиз" (Инсон: 4);

"Зеро Бизнинг даргоҳимизда (кофирлар учун тайёрлаб қўйилган) кишанлар ва (уларни куйдириб азоб берувчи) олов-жаҳаннам бордир! Ва (томоққа) тиқилувчи (йиринг ва қон каби) «таом» ҳамда аламли азоб бордир!" (Муззаммил: 12 – 13).

Бундан ташқари жаҳаннам аҳли, бўйинлари ва қўлларига занжир ва кишанлар солиниб, қўллари бўйинларига тортилади. Натижада, улар юзларига келаётган оловни қўллари билан тўса олмайдилар. Аллоҳ таоло айтди: "Ахир қиёмат Кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса (у Кундаги ҳар қандай азобдан тинч-хотиржам киши билан баробар бўладими?!)" (Зумар: 24).

Жаҳаннамдагилар темир гурзилар билан урилади: "Улар учун темир гурзилар  бордир. Ҳар қачон улар (жаҳаннам) ғам-азобидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна унга қайтариладилар ..." (Ҳаж: 21 – 22).

Аллоҳ таоло жаҳаннамдагиларнинг бир-бирлари билан жанжал қилишлари, бир-бирларини лаънатлаб, нафратланишлари ҳамда бутлар, санамлар ва инсу жин шайтонларга қилган ибодатларидан тонишларидан, ҳатто кофирларнинг маъбудалари ўзлари билан бирга жаҳаннамда бўлишидан хабар берди: "Жаҳаннам йўлдан озган кимсаларга кўрсатиб қўйилди. Уларга: «Сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган бутларингиз қани?! Улар сизларга ёрдам бера оладими ёки ўзлари ёрдам ола биладими?!» — дейилди. У (бутлар) йўлдан оздирган кимсалар ва Иблис лашкарлари (яъни кишиларни Ҳақ йўлидан оздирган доҳийлар) барчалари (жаҳаннамга) улоқтирилди. Улар (жаҳаннамда) талашиб-тортишар эканлар, дедилар: «Аллоҳ номига қасамки, албатта бизлар сизларни (эй бут ва санамлар!) барча оламларнинг Роббисига тенглаштирган пайтимизда очиқ залолатда бўлган эканмиз. Бизларни фақат жиноятчи («доҳий»)лар йўлдан оздирдилар" (Шуъаро: 91 – 99).

Аллоҳ таоло жаҳаннамдаги кофирлар занжирининг узунлиги ҳамда юзтубан судраш, уларни азоблаш турларидан бири эканидан ҳам дарак берди: " (Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар! Сўнгра жаҳаннамга ташланглар! Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!»" (ал-Ҳааққа: 30 – 32);

"Албатта жиноятчи-осий кимсалар гумроҳлик ва аҳмоқликдадирлар. Улар юзтубан ҳолларида жаҳаннамга судраладиган Кунда (уларга): «Сақар (Жаҳаннам) азобини тотиб кўринглар!» (дейилади)" (Қамар: 47 – 48).

Жаҳаннам азобларидан бири азобланаётганларни энг баланд ерга олиб чиқилади ва ўша ердан жаҳаннам тубига отилади. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларида баён қилинган: "Яқинда Мен уни бир харсанг тошга (яъни ўтиб бўлмас тўсиққа) дучор қилажакман!" (Яъни, жаҳаннамда баланд силлиқ тош бўлиб, кофирларни унга чиқишга мажбур қилинади) (Муддассир: 17).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни ривоят қилди: "Ўз жонига тоғдан ташлаб суиқасд қилган одам, жаҳаннам оловига мангу қоладиган ҳолатда улоқтирилади" (Имом Муслим: 1/ 104, ҳадис № 109).

Жаҳаннамга тушган баъзи инсонлар ичак-чавоқларини судраб, тегирмон айланганидек айланиб юрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Қиёмат кунида бир одамни олиб келинади ва жаҳаннамга отилади. Дўзах ичида унинг ичак-чавоқлари чиқиб кетади. У эшак тегирмон (ни ишлатиш учун унинг) атрофида айланганидек айлана бошлайди. Жаҳаннам аҳли унинг атрофига тўпланиб: "Ҳой фалончи, сиз яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармасмидингиз?!"- дейдилар. У: "Мен сизларни яхшиликка буюрардим, бироқ уни қилмасдим, ёмонликдан қайтарардим, бироқ уни қилар эдим"- дейди" (Имом Бухорий: 4/ 90, 10- боб).

Жаҳаннам азобларидан бири, жаҳаннам аҳлини ҳаракатланишга мажол бўлмаган тор ерга ташлашдир. Аллоҳ таоло айтди: "Қачон улар кишанланган ҳолларида (жаҳаннамдан) тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзларига) ўлим тиларлар" (Фурқон: 13).

Жаҳаннам аҳли фарёд чекади. Аллоҳ таоло айтди: "Улар у жойда: «Роббимиз, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қиламиз», деб дод-вой қиладилар" (Фотир: 37).

Азоб турларидан бири, ўлим билан азоблашдир. Ўлим жаҳаннамдаги банданинг олдига келади, бироқ у ўла олмайди: "Унинг олдига чор атрофдан ўлим келади, бироқ у ўлмайди" (Иброҳим: 17).

Баъзи азоб турлари борки, Аллоҳ таоло уни бандаларига билдирмади. Аллоҳ таоло айтди: "Бошқа (азоб-уқубатлар) ҳам ўша тур, ўша шаклда бўлар!" (Сод: 58).

У ердаги энг қаттиқ азоб – Аллоҳ таолонинг улардан пардаланиб уларга Ўз жамолини кўрсатмаслиги ва уларга ғазаб қилишидир. Аллоҳ таоло айтди: "Ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ўша (Қиёмат) Кунида Роббиларидан тўсилувчидирлар. (Яъни Аллоҳнинг дийдорига етиш уларга ҳеч насиб қилмайди)! Сўнгра шак-шубҳасиз улар жаҳаннамга кирувчидирлар" (Мутаффифун: 15 - 16).

Қуръон Карим жаҳаннам аҳлининг заққум дарахтининг меваларини еб қоринларини тўйғазишлари, у қоринларида экан қайнаб чанқашлари ва сувсаган туядек сипқориб қайноқ сувларни ичсаларда, чанқоқлари босилмаслиги балки қоринларидаги барча нарса эриб кетишидан дарак берди: "Албатта (жаҳаннамнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахти гуноҳкорнинг таомидир. (У таом) мисоли қайноқ сувнинг қайнаши каби қоринларда қайнайдиган эритилган (доғланган) ёғдир!" (Духон: 43 – 46).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг ушбу: "Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!" (Оли Имрон: 102) оятини ўқиб: "Заққумнинг бир парчаси бу дунёга тушса, дунё аҳлининг ҳаётини хонавайрон қилади. Шундай экан, таоми заққум бўлган одамнинг ҳоли не кечаркин!" (Термизий, "Сунан": 4/ 707, саҳиҳ ҳадис)- дедилар.

Аллоҳ таоло жаҳаннам аҳлининг таоми тўйдирмайдиган "зариъ" эканини баён қилди. У еган кимсани семиртирмайдиган ва очликдан халос қилмайдиган (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик) бўлиб, томоққа тиқилади ва аламли азоб бўлади (Муззаммил: 12 – 13  ва Ғошия: 6 – 7).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаҳаннам аҳли устига очлик ташланади. Бу очлик улар чекаётган азобнинг ярмига тенг келади. Улар ёрдам сўрайдилар. Уларга томоқларидан ўтмайдиган таом берилади. Улар дунё ҳаётида томоқларига тиқилган таомларни сувлар билан ўтказганларини эслайдилар-да, сув сўрайдилар. Уларга темир чангаклар билан қайноқ сув келтирилади. Бу сув уларнинг юзларига яқинлашганида (иссиқлигидан) юзларини пишириб ташлайди. Ичларига кирганида эса қоринларини тилка-пора қилади" (Термизий "Сунан": 4/ 707).

Аллоҳ таоло Қуръон Каримда жаҳаннам аҳлининг ичимликларини ҳамим, ғассоқ, содид ва муҳл дея атади:

"Улар у жойда (жаҳаннам оташидан ором берадиган) бирон салқинни ва бирон ичимликни топмаслар! Фақат ҳамим (ўта қайноқ сув) ва Ғассоқ (йиринг)нигина (тотадилар)" (Набаъ: 24 – 25);

"Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, Муҳл (доғланган ёғ каби) юзларни куйдирувчи сув берилади. Нақадар ёмон ичимлик у, ..." (Каҳф: 29) (Муҳл: эритилган ёғнинг кумушсимон рангга ўхшаш дўлтаси);

"(Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди" (Иброҳим: 16 – 17).

Саҳиҳ ҳадисда шундай дейилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Маст қилувчи ичимлик ичган кишини "тийнатул-хабол" билан суғориш Аллоҳнинг зиммасидадир". Саҳобалар: "Тийнатул-хибол" нима?"- деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Жаҳаннамдагиларнинг тери ёки йирингларидир"- дедилар" (Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 3/ 1587, ҳадис № 2002).

Ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу муздек сувни ичиб, йиғладилар. Йиғиси кучайганида: "Нега йиғлаяпсиз?"-деб сўрадилар. У: "Мен Аллоҳ таолонинг: "улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг (яъни иймон келтириб, жаҳаннам азобидан қутулиб қолишнинг) ўртаси тўсиб қўйилди" (Сабаъ: 54) оятини эсладим-да, жаҳаннамдагилар муздек сувдан бошқа нарсани истамасликларини ўргандим. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг: "Бизларга ҳам сувдан ё Аллоҳ сизларни баҳраманд қилган нарсалардан тўкинглар" (Аъроф: 50)- деб айтишларини баён қилди"- деди.

Жаҳаннам аҳлининг кийимлари. Аллоҳ таоло айтди: "Кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди" (Ҳаж: 19);

"Уларнинг кийимлари эритилган мисдан бўлиб, юзларини олов ўраб олади" (Иброҳим: 50).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Гўянда ўлимидан аввал тавба қилмаса Қиёмат кунида эритилган мисдан (бичилган) иштон кийгизилган ҳолатда қайта тирилтирилади" (Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 2/ 644, ҳадис № 934).

Аллоҳ таоло жаҳаннам аҳлининг палос ва чойшаблари оташдан эканини баён қилди: "Улар учун жаҳаннамдан тўшак, устларидан эса (оловдан бўлган) чойшаблар бўлур" (Аъроф: 41).

Саҳиҳ ҳадисларда жаҳаннамдагиларнинг баданлари шишиб, бадбашара бўлишлари зикр қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Кофирнинг озиқ тиши Уҳуд (тоғи)ча (катта) бўлиб кетади" (Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ 4/ 2189, ҳадис № 2851);

"Кофирнинг икки елка оралиғи(нинг катталиги) чопқир суворийнинг уч кунлик йўлига тенг бўлади" (Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: 7/ 201, 51- боб; Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 4/ 2189, ҳадис № 2852).

Аллоҳ таоло айтди: "Уларнинг юзларини ўт куйдириб бадбашара бўлиб қоладилар" (Мўминлар: 104).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: "Уларнинг юзлари оловда куйдирилган калладек қорайиб, тишлари очилиб, лаблари буришиб кетади"- деди (Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ "ат-Тахвифу минан-нор" 125).

Аллоҳ таоло жаҳаннам аҳлининг терилари пишгани сайин янгиланиб туришидан хабар берди: "Бизнинг оятларимизни инкор қилган кимсаларни албатта жаҳаннамга киритамиз. Қачонки терилари куйиб битиши билан ҳақиқий азобни тотиб кўришлари учун ўрнига бошқа териларни алмаштирамиз" (Нисо: 56). Чунки, сезиш-ҳис этиш маркази терида жойлашган бўлиб, аламнинг қаттиқроғи ўша ердан келади.

Жаҳаннам аҳлининг азоблари қилган амалларига қараб турлича бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ўт уларнинг баъзиларини тўпиқларигача, баъзиларини тиззаларигача, баъзиларини белларигача ва баъзиларини бўғозигача қамраб олади" (Имом Муслим         раҳимаҳуллоҳ: 4/ 2185, ҳадис № 2845).

Энг оз азоб чеккан жаҳаннам аҳли, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганларидек, "Ўтдан қилинган икки ковуши ва боғичи бўлган ва (унинг иссиғидан) мияси қайнаб турган одамдир" (Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 1/ 196, ҳадис № 213).

Қуръон Карим оятларида жаҳаннам аҳлининг азобланиши хилма-хил бўлиши очиқ айтилган. Улар ичидаги баъзилар, масалан, Фиръавн оиласи энг қаттиқ азобда бўлади. Аллоҳ таоло айтди: "(Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (жаҳаннам фаришталарига): «Фиръ­авн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилади) (Ғофир: 46).

 

Ҳадис шарифда шундай дейилади: "Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дўзах аҳлидан бўлган, дунёда ҳисобсиз ноз-неъматлар берилган киши олиб келиниб, дўзахга бир ботириб олинади-да, ундан: «Эй одам боласи, (дунёда) бирон яхшилик кўрдингми? Сенга бирон неъмат берилганмиди?» деб сўралади. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ эй Роббим», дейди. " (Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 4/ 2162, ҳадис № 2807).

 

Одамларни куфру-ширкка чақирган ва адаштирган "даҳолар" даҳшатли азобдадир. Аллоҳ таоло айтди: " Кофир бўлган ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсган кимсаларга бузғунчилик қилганликлари сабабли азоб устига азобни зиёда қиламиз" (Наҳл: 88).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дунёда яхшилик қилган кофирларга бадаллари шу дунёда берилиши, охиратларига эса ҳеч бир яхшилик қолмаслигини баён қилдилар: "Аллоҳ таоло мўъминга ҳеч зулм қилмайди: унга дунёда ҳам яхшиликлар беради, охиратда ҳам мукофотлайди. Кофир эса Аллоҳ учун бу дунёда қилган яхшиликларининг самарасини шу дунёда тотади ва охиратга борганида мукофотланадиган ҳеч бир яхшилиги қолмайди!" (Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 4/ 2162, ҳадис № 2808).

Жаҳаннам аҳли устларидаги азобни енгиллатиш илинжида дуолар қилади. Аллоҳ таоло айтди: "(Шунда) жаҳаннамдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Роббингизга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида, улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар келтирмаганмидилар?!» «Ҳа, (келтирган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)», деди улар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни бефойдадир)» (Ғофир: 49 – 50).

Бундан ташқари улар жаҳаннамдан чиқиш учун тинимсиз ёлборадилар ва охири барча яхшиликлардан ноумид бўладилар. Ривоят қилинган ҳадисларга кўра улар жаҳаннам посбонлари ва (фаришта) Моликдан шафоат талаб қиладилар. Улар буларнинг талабларини рад этадилар. Шунда жаҳаннам аҳли Аллоҳ таолога дуо қиладилар: "«Роббимиз, бадбахтлигимиз бизлардан ғолиб келиб, адашган қавм бўлиб қолган эканмиз. Роббимиз, бизларни (жаҳаннамдан ҳаёти дунёга) чиқаргин. Бас агар яна (туғёнга) қайтсак, у ҳолда шак-шубҳасиз (ўз жонимизга) жабр қилгувчидирмиз». (Аллоҳ) айтди: «(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!" (Мўъминлар: 106 108). Шундагина улар яхшиликдан ноумид бўлиб, ҳасрат, фарёд ва умидсизлик ичида қоладилар (Термизий раҳимаҳуллоҳ "Сунан" : 4/ 708, ҳадис № 2586).

Ўлимни бўғизланиб, мангулик эълон қилингунига қадар жаҳаннамдагилар чиқиш умидини узмайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "(Ўлимни қўчқор шаклида бўғизланиб, мангулик эълон қилинганидан сўнг) жаннат аҳли қувончларига қувончни, жаҳаннам аҳли эса қайғуларига қайғуни зиёда қиладилар" (Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: 7/ 200, 51- боб; имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 4/ 2189, ҳадис № 2850).

Аъроф сураси жаннат аҳли билан жаҳаннам аҳли ўртасидаги чақириқларни шундай тавсифлайди: "Жаннат эгалари жаҳаннам эгаларига қараб: «Бизлар Роббимиз берган ваъданинг (яъни жаннат ва ундаги неъматларнинг) ҳақ эканини кўрдик. Сизлар ҳам Роббингиз ваъда қилган нарсанинг (яъни жаҳаннам ва ундаги азоб-уқубатларнинг) ҳақ эканини кўрдингизми?!» деганларида, улар: «Ҳа», дейдилар" (Аъроф: 44);

"Жаҳаннам эгалари жаннат эгаларига: «Бизларга ҳам сувдан ё Аллоҳ сизларни баҳраманд қилган нарсалардан тўкинглар», деб нидо қилганларида, улар: «Аллоҳ бу неъматларини динларини ҳазил-мазах қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб қолган кофирларга ҳаром қилгандир», дедилар" (Аъроф: 50).

Тобиинлардан бўлган Омир Шаъбий ва Қатода Садусий раҳимаҳумаллоҳлар айтдилар: "Жаннатда жаннатдагиларнинг жаҳаннамдагиларга боқиб туришлари учун дарчалар бордир. Улар жаҳаннамдагиларга: "Биз сизлар берган тарбия сабабли жаннатга кирдигу, сиз бахтиқароларга нима бўлди?"- деб сўрайдилар. Улар: "Биз сизларни яхшиликка буюрар, бироқ ўзимиз қилмас, ёмонликдан қайтарар, ўзимиз эса қилар эдик"- деб жавоб берадилар" (Ибн Жавзий "ат-Тахвиф минан-нор", 157).

Қуръон Карим жаҳаннам посбонлари ва азоб фаришталарини қўпол ва қаттиққўл дея таърифлади: "... у (жаҳаннам) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар туради" (Таҳрим: 6).

Аллоҳ таоло уларни "забония" – араб тилида бу сўзнинг маъноси "разил", демакдир – деб номлади: "Бас у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин! Биз эса забония - азоб фаришталарини чақиражакмиз!" (Алақ: 17 – 18).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муваҳҳидлар жаҳаннам узра қурилган кўприк – Сирот устидан ўтишларини баён қилдилар. Имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар нақл қилдилар: "Жаҳаннам устига Сиротни қурилади. Ундан Мен ва умматим биринчи бўлиб ўтамиз. У кунда пайғамбарларгина сўзлай оладилар. Уларнниг ёлбориши ҳам: "Аллоҳим, мени (жаҳаннам азобидан) қутқар!"дан бошқа сўз бўлмайди. Жаҳаннамда саъдон ўсимлигининг тиканларидек чангаклар бўлади. Бироқ уларнинг катталигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. У (Сирот кўпригидан) ўтаётган одамларни амалларига қараб тутиб қолади. Улар ичида баъзи мўъминлар ҳам қилмишларига қараб қолиб кетадилар. Баъзилари эса қийнала-қийнала ўтиб кетади" (Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 1/ 164, ҳадис № 182).

Саҳиҳ ҳадислар Сирот кўпригининг шафоат берилганидан сўнггина қурилишига далолат қилмоқда. Оиша разияллоҳу анҳо жаҳаннамни эслаб йиғлаб юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Нега йиғлаяпсиз?"- деб сўрадилар. У: "Жаҳаннамни эслаб, йиғлаб юбордим. Сиз Қиёмат куни оилангизни эслайсизми?"- деб савол берганларида, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Уч ерда ҳеч ким бошқаларни эслай олмайди:

- тарози олдида: тарозиси (яъни қилган яхши амаллари) енгил ёки оғирлигини билмай туриб;

- " Мана менинг китобимни ўқинглар." (ал-Ҳааққа: 19) деб айтиладиган (ва) амал номаларни олиш пайтида: номалар ўнг тарафидан келадими ё чап тарафиданми, ёхуд орқасиданми, билмай туриб;

- жаҳаннам узра қурилган Сирот(дан ўтиш) олдида" (Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ "Сунан": 4/ 240, ҳадис № 4755).

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг "Саҳиҳ"ида шу ривоят бор: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга "Кўприк қандай нарса?"- деб савол берилганида: "(У) – оёқларни тойдирадиган сирғанчиқ, чангак ва тиканаклари (бўлган ердир)"- деб жавоб бердилар" (Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 1/ 169). Яъни  Сирот кўпригининг силлиқлиги ҳамда темирдан ясалган чангак ва тиканлар сабабли оёқлар тойилади.

Мушрикларга келсак, улар Сирот кўпригидан ўтмайдилар. Балки Сирот кўприги қурилишидан олдинроқ жаҳаннамга кирадилар. Имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳларнинг "Саҳиҳ" китобларида ушбу ҳадис бор: "Қиёмат қоим бўлганида бир жарчи ҳар бир умматнинг ўзи ибодат қилган нарсасига эргашишини эълон қилади. Аллоҳдан бошқа бут ва санамларга ибодат қилган ҳар бир киши жаҳаннамга тушади. ... Сўнгра жаҳаннам устига Сирот қурилади" (Имом Муслим: 1/ 167, ҳадис № 302).

Аллоҳ таоло мўъминларга нур берилиб, келтирган иймонлари ва қилган амалларига қараб у билан кўра олишларини, мўъмин у нурни комил қилиб берилишини талаб қилишини ҳамда Аллоҳ таоло нурдан мунофиқларни маҳрум қилишини баён қилди: "Улар: «Роббимиз, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирсан», дерлар" (Таҳрим: 8);

"У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган зотларга: «Бизга қараб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик», десалар, (уларга) «Ортингларга қайтиб нур истайверинглар», дейилади" (Ҳадис: 13).

Тарих китобларида Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Равоҳа ва бошқа кўплаб саҳобалар (Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин!) ҳамда бир-қанча тобиинларнинг: "Сизлардан ҳар бирингиз у (жаҳаннам)га келади. (Бу) Роббингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарамиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирамиз" (Марям: 71 – 72) оятини ўқиганларида йиғлаганлари ривоят қилинган. Абдуллоҳ ибн Равоҳа разияллоҳу анҳудан йиғлаш сабабини сўралганида: "Роббим менинг жаҳаннамга келишимдан хабар бераяпти-ю, ундан қайтиб кетишимдан хабар бермаяпти"- деб жавоб берган эди (Ибн Ражаб "ат-Тахвифу минан-нор", 177).

Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумолар жаҳаннамга келишни: "Сирот устидан ўтиш" деб тафсир қилдилар. Ҳасан Басрий, Қатода Садусий ва Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Аслам раҳимаҳумуллоҳларнинг тафсири ҳам шундай бўлган (Ибн Ражаб "ат-Тахвифу минан-нор", 177).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ва унинг шогирди Мужоҳид раҳимаҳуллоҳлар эса: "Жаҳаннамга келиш - унга алангаси сўнган пайтида киришдир"- дедилар (Ибн Ражаб "ат-Тахвифу минан-нор", 172).

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ "жаҳаннамга келиш" жаҳаннамга кириш эмаслигини таъкидлаган ушбу ҳадисни ривоят қилди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "(Ҳудайбийядаги) дарахт остида байъат қилган бирон бир киши жаҳаннамга кирмайди"- дедилар. Ҳафса разияллоҳу анҳо: "(Аллоҳ таолонинг): "Ҳар бирингиз у (жаҳаннамга) келади!" (ояти бор-ку?!)"- деб айтганларида: "Аллоҳ азза ва жалла: "Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарамиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирамиз" (Марям: 72) деди-ку!"- деб жавоб бердилар". Бошқа бир ривоятда эса: "Жаҳаннам олдига келадилар кейин эса амаллари сабабли у ердан қайтиб кетадилар" ҳадиси келган (Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 4/ 1942, ҳадис № 2496).

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Мусулмонлардан бирининг учта фарзанди вафот этса, унга дўзах ўти қасамни оқлаш миқдорида тегади" (Имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар ривояти. Лафз имом Муслим раҳимаҳуллоҳникидир: 4/ 2028, ҳадис № 150).

Абдурраҳмон Санъоний раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар "қасамни оқлаш"ни "Жаҳаннамга келгучидир" оятидаги "келиш" деб тафсир қилди. Бу оятнинг зоҳирий маъноси жаҳаннам тафтининг тегишини ифодалайди (Ибн Ражаб, "ат-Тахвиф минан-нор": 183).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам банда Роббиси ҳузурида ҳисоб бериш учун турганида жаҳаннам унинг олд тарафидан рўбарў бўлишини, ўша пайтда берган садақаси келиб уни жаҳаннам оловидан ҳимоя қилишининг хабарини берди: "Аллоҳ ҳар бирингиз билан таржимонсиз гаплашади. Ўнг томонига қарайди ва қилган амалини кўради. Чап тарафига қарайди ва қилган амалини кўради. Олдига қараб, рўпарасида жаҳаннамни кўради. Бас, ўзингизни яримта хурмо садақа қилиб бўлсада жаҳаннамдан сақлангиз!" (Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: 8/ 202, 36- боб; имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 2/ 703, ҳадис № 67. Ҳадис лафзи имом Муслим раҳимаҳуллоҳники).

Жаҳаннамга тушган осий муваҳҳидларга бу дунёда Аллоҳ учун қилган саждалари фойда беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Аллоҳ таоло бандалар ўртасидаги ҳукмни тугатиб, ўз раҳмати билан жаҳаннамга тушганлар ичидан ҳоҳлаганларини чиқармоқчи бўлса, фаришталарга "Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ эканлигига" гувоҳлик берган ва Ўзи хоҳлаган ва раҳм қилган бандаларни жаҳаннамдан чиқаришлари учун амр қилади. Фаришталар уларни пешоналаридаги сажда изларидан танийдилар: олов одам фарзандининг сажда қилган еридан бошқа барча ери (аъзоси)ни куйдириб ташлайди. Чунки Аллоҳ у ерларни куйдиришни жаҳаннамга ҳаром қилди. Улар жаҳаннамдан куйиб чиқадилар. Уларнинг устидан Оби ҳаёт тўкилади. Дон лойқалар ичида униб чиққанидек, бу сув остидан (янги аъзолар) ўсиб чиқади" (Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: 8/ 180, 24- боб; имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 1/ 165, ҳадис № 299).

Саҳиҳ ҳадислар одам фарзандининг кўпи жаҳаннамга кириши, пайғамбарларга эргашганларнинг сони оз экани, ваҳий етиб бормаган ва пайғамбарларнинг пайғамбарлик даврида яшаган одамларнинг барчаси жаҳаннамга киришидан дарак бермоқда. Шунингдек, мусулмонлар ичидан чиққан мунофиқлар ҳам жаҳаннамнинг энг тубида бўладилар.

Жаҳаннамга кирган осий муваҳҳидларнинг асосий қисмини аёллар ташкил қилади. Чунки улар "эрлари ва яхшиликларга нонкўрлик қиладилар" (Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: 1/ 13, 21- боб; имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 2/ 626, ҳадис № 907. Ҳадис лафзи имом Бухорий раҳимаҳуллоҳники).

Уларни расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек садақа ҳимоя қилади: "Аёлар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўп айтинглар! Чунки мен сизларнинг жаҳаннамга тушган одамлар ичида кўп эканингизни кўрдим" (Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: 1/ 78, 6- боб; имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 1/ 86, ҳадис № 79. Ҳадис лафзи имом Муслим раҳимаҳуллоҳники).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳлидан хабар берайми? Аллоҳ номига қасам ичса, Аллоҳ қасамини рўёбга чиқарган энг кучсиз одам! Жаҳаннам аҳлидан хабар берайми? Ҳар бир сабрсиз бақироқ, қўпол ва мутакаббирлардир" (Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: 1/ 78, 6- боб; имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 1/ 86, ҳадис № 79. Ҳадис лафзи имом Муслим раҳимаҳуллоҳники).

Яъни фожир, маломатчи, пасткаш, қўпол, золим ва мутакаббир одамлар. Аллоҳ таоло айтди: "Қиёмат Кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз. Ё жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми?!" (Зумар: 60).         

 

 

Оятлар таржимасида Алоуддин Мансурнинг "Қуръони Карим изоҳли таржимаси" дан баъзи қўшимча ва ўзгартишлар билан фойдаланилди 

 

 

   Юқорига