Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Кафил ишчилардан рўзасини очишни талаб қилмоқда …

3229 марта кўрилган

Савол:

Савол: Кафил (хўжайин) кафолатга олган ишчиларини рамазон ойида оғизларини очишмаса ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилса, ишчилар рўза тутмаса бўлаверадими? Бундай кафилга қандай насиҳатларингиз бор?

Жавоб:

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради (Фатво № 53):


Банда бировнинг таҳдиди сабабли Аллоҳнинг фарзларидан биронтасини тарк қилмаслиги керак. Балки, Аллоҳнинг фарзларини қилиши фарздир. Ким Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳ унга чиқиш йўлини қилади ва кутмаган тарафидан ризқлантиради. Айтингчи, агар у одам сизга: Намоз ўқима! Акс ҳолда менинг олдимда ишлама! – деса, унга итоат этасизми? Табиийки, йўқ! Аллоҳнинг зиммангизга юклаган барча фарзлари ҳам худди шундай бўлиб, қилаётган ишингиздан маҳрум қилишини айтаётган одамнинг таҳдиди сабабли уларни қилмай қўйишингиз мумкин эмас.

Ишчиларни ишлатаётган одамга эса шундай деймиз: Модомики мусулмон экансиз, сиз ишчиларнинг ўртангиздаги шартномага амал қилар эканлар, намоз ўқиш, рўза тутиш ва бошқа ибодатларда Аллоҳнинг амрига бўйсинишларида ёрдамчи бўлишингиз керак. Агар шундай қилган бўлсангиз эзгулик ва тақво асосида ҳамкор бўлган бўласиз. Эзгулик ва тақвога ҳамкор бўлган одам эса, ўша ишни қилган одам кабидир. Ҳолбуки, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ғозийни қуроллантирган одам ғазот қилибди. Ғозийнинг оиласига қараб турган одам ғазот қилибди» – деганлар. (Бухорий: 2843)

Эй биродар, ишчиларингиз ҳаққида Аллоҳдан қўрқинг! Ишингизга зарар ҳам, нуқсон ҳам келтирмайдиган Аллоҳнинг марҳаматидан уларни маҳрум этманг! Балки бундай қилишингиз ишингизнинг баракасини ўчириб юбориши мумкин.

Мен бунга шуни ҳам қўшиб қўймоқчиманки, шу кунларда ишчилар тарафидан кафиллар-иш берувчилар устидан шикоятлар кўпайиб кетди. Чунки, кўплаб кафиллар — Аллоҳ таолодан улар ва ўзимиз учун ҳидоят сўраймиз — ишчиларига азият бериб, ҳақларини вақтида бермаяптилар. Ҳатто икки, уч ҳатто тўрт ойлик маошларини бермай кечиктиряптилар. Гоҳида уларнинг бу ҳақларини инкор этяптилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадис қудсийда шундай дейилган: «Мен қиёмат кунида уч кишига қарши даъвогарман: Менинг номим билан берган кейин эса хиёнат қилган кишига, ҳур-озод одамни қул қилиб сотиб пулини еган одамга ва мардикор ёллаб, ишини тўла қилдириб олган бўлсада унинг ҳаққини бермаган одамга».

Бундан ташқари иш берганлар бу мамлакатга тирикчилик учун келган анави бечоралар ҳаққида Аллоҳдан қўрқсинлар! Уларнинг ҳақларини икки, уч ёки тўрт ойга кечиктирмасинлар! Чунки ишчиларнинг ўзлари ва оилалари ўша маошга муҳтождирлар.


Манба: Фатво ва мақолалар тўплами, Рўза китоби, 19 жилд.


Кафил ишчилардан рўзасини очишни талаб қилмоқда …