Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ёлғон гап рўзани бузмайди

2573 марта кўрилган

Савол:

Савол: Айрим олимлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ёлғон гапни, унга амал қилишни ва жоҳилликни тарк этмаган одамнинг таоми ва ичимликларини тарк этишига Аллоҳнинг ҳожати йўқдир!» (Имом Бухорий 1903, 6057; Абу Довуд 2364; Термизий 707; Имом Аҳмад 10569) ҳадисидан келиб чиқиб, ёлғон гап рўзани бузадиган нарсалардан бири демоқдалар. Шу гап тўғрими?

Жавоб:

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради (Фатво № 335):


Бу гап нотўғри. Ҳадиснинг маъноси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Одам намоз ўқийди, бироқ намозидан унга ярми ёки чораги ёки ўндан биригина бўлади, холос» ҳадиси ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларга ўхшайди. Ҳадисдан мақсад тўкис рўза – одамнинг ёлғон ва унга амал қилишдан тийилишидир. Рўза, Аллоҳ таоло айтганидек, маълум нарсадир:

﴿ فَالْآنَ بَاشِرُوهُنَّ وَابْتَغُوا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَكُمْ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الْأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الْأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ ثُمَّ أَتِمُّوا الصِّيَامَ إِلَى اللَّيْلِ وَلَا تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنْتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ تِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ فَلَا تَقْرَبُوهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ آيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ﴾

«Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Тонгда субҳ содиқ пайдо бўлгунча еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар! Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади» (Бақара: 187).

Мана шугина рўзадир. Яъни, шу ва шунга ўхшаш нарсалардан тийилишдир. Ҳаром гап ва ҳаром ҳаракатлардан тийилиш, шубҳасиз, афзал ва тўкислик демакдир ва рўзанинг ҳикмати ҳам шудир. Бироқ, бу рўзанинг шартларидан бири эмасдир. Шу боис Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: «Ғийбат рўзани очсайди бизга рўза фарз қилинмаган бўлур эди. Чунки, ғийбатдан ким ҳам қутула олади» – деган эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёлғон гапни ва унга амал қилишни ҳамда жоҳилликни тарк этмаган одамнинг таоми ва ичимликларини тарк этишига Аллоҳнинг ҳожати йўқдир!»– дедилар (Имом Бухорий 1903, 6057; Абу Довуд 2364; Термизий 707; Имом Аҳмад 10569). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг рўзаси бекор бўлди ёки рўзаси қабул бўлмайди, демадилар. Балки: «Аллоҳнинг ҳожати йўқдир!»– дедилар. Ҳолбуки, рўза тутишнинг ҳикмати Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилиш, демакдир.


Манба: Фатво ва мақолалар тўплами, Рўза китоби, 19 жилд.


http://www.hikmatnuri.com/?paged=3&cat=49