Пайшанба 21 Сентябрь 2017 | 29 Зулҳижжа 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Жоҳил одам ширк ва куфр масалаларида узрли саналишига шаръий далиллар

1817 марта кўрилган

Савол:

Жоҳил одам ширк ва куфр масалаларида узрли саналадими? Сизлар саҳифангизда бундай киши узрли саналади, деб айтиб ўтгансизлар, бундан хабарим бор. Бироқ, жоҳил инсон ширк ва ақидага оид масалаларда узрли саналишига далиллар билан батафсил маълумот беришингизни сўрайман.

Жавоб:

Куфр ёки ширк амални қилган жоҳил одамнинг икки ҳолати бўлади:

Биринчиси: Мусулмон бўлмайди. Яъни, у исломдан бошқа динда ёки умуман динсиз бўлади.

Бундай одам куфр ва ширк амалларни билиб ё билмай ёки таъвил билан қиладими, кофир саналади ҳамда дунёда унга ислом ҳукмлари берилмайди (мусулмонларга бериладиган ҳақ-ҳуқуқлар берилмайди) ва кофирлардек муомала қилинади. Чунки, у аслида ислом динига кирмаган эди. Қандай қилиб уни мусулмон деб ҳукм қиламиз. Ҳолбуки, у ислом динини қабул қилмаган бўлса?!

Унинг охиратдаги ҳоли эса, агар у чиндан ҳам жоҳил бўлган ва ислом динидан бехабар бўлган бўлса ёки унга ислом дини ёмон қилиб ва бузиб кўрсатилган ҳамда унга ҳужжат қоим бўладиган даражада далилларга эга бўлмаган бўлса, унинг қиёматда борар жойи ҳақида уламолар ўртасида узундан-узоқ хилоф бор.

Аммо бу борадаги кучли фикр шуки, Аллоҳ таоло бундай одамни имтиҳонга солади. Ким итоат қилса, жаннатга киради ва ким осий бўлса, дўзахга тушади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳаёти дунёдан ислом динидан бехабар ўтган инсонга қиёмат куни арасотда пайғамбар юборилиши ҳақида бир қанча асарлар (саҳоба ва тобеинларнинг сўзлари) келган” [“Мажмуул фатово”, 17/308].

Иккинчиси:

Ислом динини қабул қилган. Яъни, унда ислом белгилари топилган, мусулмонлиги ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тўлиқ тасдиқ этишини эълон қилган инсон.

Бундай инсон билмай куфр амалларнинг бирини қилса, унга то ҳужжат қоим бўладиган даражада далиллар баён этилмагунча кофир саналмайди ҳамда мусулмонлик доирасидан чиқмайди.

Шайх Абдурраҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким Аллоҳ ва Расулига иймон келтириб, улар ҳақ эканини тасдиқласа ва уларга итоат қилса, бироқ Пайғамбар келтирган шариатнинг баъзисини имлсизликдан ёки шариат шунга буюрганини билмай инкор қилса, қилган амали куфр бўлади. Аммо у бу амал шариатда куфр саналишини билмагани боис – у хоҳ усулий (ақидавий) ёки фаръий (фиқҳий) масалага доир бўлсин – кофир дейилмайди. Чунки, куфр деб шариат келтирган нарсани ёки ундаги баъзи нарсаларни ҳақ эканини била туриб инкор қилишга айтилади.

Шунга кўра Пайғамбаримиз келтирган шариатни кўр-кўрона инкор қилган (кофир) киши билан жоҳиллигидан ёки адашган ҳолда Пайғамбар келтирган шариатнинг баъзиларини инкор қилган мўмин ўртасидаги фарқни биласиз” [“Фатово Саъдия”, 443-447- бет].

Дарҳақиқат, банда эътиқод, тавҳид ва ширк масалаларида ёки фиқҳий аҳкомларда жоҳил (билмас)лиги туфайли маъзур саналиши мумкин.

Мусулмон одам ақидавий масалаларда жоҳиллиги туфайли узрли саналишига бир қанча шаръий далиллар бор, жумладан:

  • 1. Инсон қилган хатоларида узрли бўлиши, яъни гуноҳкор бўлмаслиги борасида келган далиллар

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда келишича, Аллоҳ таоло мўминларнинг: “Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама!” [Бақара: 286], деган дуоларини “Шундай қилдим”, яъни унутган ёки хато қилган ишларингизни кечирдим, деб ижобат қилган.

Аллоҳ таоло айтади: “(Беқасд) қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўласизлар). Аллоҳ мағфиратли,меҳрли бўлган зотдир” [Аҳзоб: 5].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло умматимдан хато, унутиш ва мажбурдан қилган ишларининг гуноҳини кечирди” [Ибн Можа: 2043. Шайх Албоний ҳадисни ҳасан, деган].

Мазкур далиллар мусулмон одам унутиб ёки билмай ўз зиммасига юкланган ишга зид иш тутса гуноҳкор бўлмаслигини англатади. Дарҳақиқат, бирон ишни билмай қилиш хато қилиш кабидир. Зеро, ҳақ нарсага қасдсиз зид иш тутиш хатолик саналади.

Шайх Абдурраҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу – яъни Аллоҳ таолонинг хато қилинган амалларни кечириш – ваъдаси умумий бўлиб, мўминлар сўз ва амалларида қилган хатоларини ҳам ўз ичига олади” [“Иршод ила маърифатил аҳком”, 208-бет].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шубҳасиз “жаҳл” – билмаслик хато жумласидан. Шунга биноан, инсон куфрни тақазо қиладиган сўзни айтса ёки куфр амални қилса ва бу ишнинг куфр эканини билмаса, яъни шаръий далилидан бехабар бўлса, у ҳолда кофир бўлмайди” [“Шарҳ мумтиъ”, 14/449].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло мўминларнинг: “Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак,бизни азобингга гирифтор айлама!”[Бақара: 286], деган дуоларида қатъий ва зонний (эҳтимоллик) масалаларда содир бўладиган очиқ хато ўртасини ажратмай, “Шундай қилдим”, (яъни қилган хатоларингиз қатъий ёки зонний масалада бўлса ҳам кечирдим) деб ижобат қилди.

Ким қатъий ва зонний масалаларда хато қилган киши гуноҳкор бўлади деса, Қуръон, сунннат ва уммат ижмосига хилоф қилган бўлади” [“Мажмуул фатово”, 19/210].

Яна бир ўринда шундай деган: “Мен билан ҳамсуҳбат бўлган кишиларнинг барчаси биладики, мен ҳар доим муайян шахсни кофир, фосиқ ёки гуноҳкор, деб айтишдан қаттиқ қайтарганман. Магар унга кофир, фосиқ ёки гуноҳкор бўлганига ҳужжат қоим бўладиган даражада далиллар етгандан сўнг ҳам қайтмаган киши бундан мустаснодир. Аллоҳ таоло бу уммат хато амалларини кечирганига иқрорман. Албатта, бу – Аллоҳ таоло уммат хатосини кечириши – уларнинг сўз ва амалларида қилинган хатоларини ҳам ўз ичига олади [“Мажмуул фатово”, 3/229].

Ибн Арабий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу, яъни Ислом умматидан бир киши жоҳиллигидан ёки янглишиб куфр ва ширк амални қилса, то бу иш куфр ёки ширк экани унга очиқ-ойдин далиллар билан баён қилинмагунча ва бу ҳужжатдан сўнг тавба қилмаса кофир бўлишини билмагунча жаҳл ва хато сабабли узрли бўлади” [Қосимий “Маҳосинут-таъвил”, 3/161 китобида нақл қилган].

Шайх Абдурраҳмон Муаллимий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Биз баъзи ўринларда ёки баъзи саволларга жавоб беришда: “Бу амал Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш, Ундан бошқасига ибодат қилиш ва ширк”, деб айтамиз ва жавоб берамиз. Аммо бу ишни қилган ҳар бир киши мушрик бўлади, деган маънони қасд қилмаймиз. Албатта, ким бундай амални бирон узрсиз қилса мушрик бўлади. Эҳтимол, инсон бундай ширк ёки куфр амални бирон узр сабабли қилган бўлиши, ҳақиқатда эса у Аллоҳ таолонинг энг яхши ва энг тақводор бандаси бўлиши мумкин” [“Осор Шайх Абдурраҳмон Муаллимий”, 3/826].

  • 2. Бандалар ўзларига юкланган мажбуриятларни билганларидан сўнггина уларга қарши ҳужжат қоим бўлишини кўрсатадиган далиллар

Аллоҳ таоло айтди: “Биз то бирон пайғамбар юбормагунча азоблагувчи эмасмиз” [Исро: 15]. Яъни, у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани азобламаймиз.

Аллоҳ таоло айтди: “Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (жаннат ҳақида) хушхабар берувчи ва (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи қилиб юбордик.Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир” [Нисо: 165].

Аллоҳ таоло айтди: “Аллоҳ бирон қавмни ҳидоят қилганидан кейин то уларга сақланишлари лозим бўлган нарсаларни аниқ баён қилиб бермагунича, уларни йўлдан оздирмайди” [Тавба: 115]. Яъни, ҳамма нарсани била туриб сўнг ундан сақланмаган кимсаларнигина йўлдан оздиради.

Бандалар ўзларига юкланган мажбуриятларни билганларидан сўнггина уларга қарши ҳужжат қоим бўлишига далолат қиладиган бундан бошқа оятлар ҳам бор.

Мазкур оятлар банда ўзига юкланган мажбуриятларни билганидан сўнг жавобгар бўлиши, агар ушбу мажбуриятлардан бехабар бўлса, узрли саналишига далолат қилади.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ қуйидаги: “Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (жаннат ҳақида) хушхабар берувчи ва (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи қилиб юбордик”, оятидан олинадиган фойдаларни баён қилиб шундай дейди: “Ушбу оятдан олинадиган улкан фойда шуки, банда дин асослари саналган ишларда ҳам узрли бўлиши мумкинлигидир. Чунки, пайғамбарлар дин асосларини ҳам фиқҳий масалаларни ҳам олиб келишади. Демак, бирон одам унга пайғамбар келмаганлиги туфайли жоҳил бўлса, унинг Аллоҳга қарши ҳужжати бўлади. Унинг Аллоҳга қарши ҳужжати эса фақат маъзур бўлсагина эътиборли бўлади. (Унинг маъзур бўлиши унга билиши лозим бўлган илмни етказадиган пайғамбар ёки унинг издоши бўлган илм соҳиби у одамга шу нарсани билдирмаган бўлиши, у одам шу нарсани билмаган бўлишидир.)” [“Нисо сураси тафсири”, 2/485].

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Диний аҳкомлар банданинг зиммасида собит бўлиши учун икки шарт лозим:Балоғат ёшига етиш ва аҳкомлар бандага етган бўлиши. Одам балоғатга етмагунча бу аҳкомларни бажариши лозим бўлмаганидек, аҳкомлар унга етиб келишидан олдин ҳам уларни бажариш унга лозим бўлмайди.” [“Бадоиул фавоид”, 4/168].

Шайхулислом ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким Аллоҳдан ўзгага дуо қилса ёки У Зотдан бошқаси учун ҳаж қилса, мушрик бўлади ва қилган амали куфр саналади. Бироқ, гоҳида инсон бу амалнинг ширк эканини билмасдан қилиши мумкин. Мўғул-татар ва улардан бошқа ислом динига кирган кўпчилик инсонларнинг кигиздан ёки бошқа нарсадан ясалган кичик бут-санамлари бўлиб, уларга сиғинадилар ва уларни улуғлайдилар ёки ўт (олов)га топинадилар. Ҳолбуки, улар бу амал ислом динида ҳаром эканини билишмайди. Исломга кирган баъзи инсонлар ширк турларининг кўпини билмайдилар. Бундай кимса адашган бўлиб, қилган ширк амали ботил бўлади. Бироқ, то унга (қилган амали ширк эканини баён қиладиган) ҳужжат қоим бўлмагунча (етмагунча)уқубатга лойиқ саналмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Билиб туриб Аллоҳга бошқаларни тенглаштирманг” [Бақара: 22].

  • 3.Куфр ёки ширк амални қилган баъзи одамлар жоҳиллиги учун узрли саналиб, гуноҳлари кечирилгани ҳақида келган далиллар

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир киши ҳаддан ташқари кўп гуноҳлар қилиб, вафоти яқинлашганда фарзандларига васият қилиб айтдики: “Агар вафот этсам, мени куйдиринглар ва кулимни шамолли кунда денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Раббим мени қайта тирилтиришга қодир бўлса, менга ҳеч бир бандасига бермайдиган қаттиқ азобни беради». Фарзандлари унинг айтганини қилишди. Аллоҳ таоло ерга: «Олган омонатларингни адо қил», деб буюрди. Шунда у одамнинг жасади йиғилиб келиб, Аллоҳ ҳузурида турди. Аллоҳ таоло ундан: «Сени бундай қилишга нима ундади?», деб сўради. «Сендан қўрқишим, эй Раббим», деб жавоб берди. Шу сабабли Аллоҳ таоло уни мағфират қилди” [Муттафақун алайҳи].

Бу одам айтган сўзлар диндан чиқарувчи куфр сўз саналади. Зеро, унинг сўзига кўра "Аллоҳ таоло бандани вафотидан сўнг қайта тирилтиришга қодир эмас" деган тушунча келиб чиқади. Албатта, Аллоҳ таолонинг “қудрат” сифати, яъни барча нарсага қодир экани ҳаммага маълум ва кундек равшан сифатлардан биридир. Шунингдек, ушбу сифат нафақат У Зотнинг “рубубият” ва “улуҳият”и тақазо қилувчи, балки Раб таолонинг хос сифатларидан саналади. Шунга қарамай ҳадисда зикр қилинган банда Аллоҳ таолонинг “қудрат” сифатини, яъни У барча нарсага, ҳатто уни қайта тирилтиришга ҳам қодир эканини билмагани боис кофир саналмади.

Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар мазкур ҳадис мазмуни хусусида турли фикрлар билдиришган. Баъзи уламолар: “Бу банда Аллоҳ таолонинг “қудрат” сифати, яъни Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсасига қодир эканини билмаган эди. Ким Аллоҳ азза ва жалланинг бир сифатини билмаса-ю, бироқ қолган барча сифатларини билиб, уларга иймон келтирса, у ушбу бир сифатни билмагани учун кофир дейилмайди. Зеро, (шариат келтирган) ҳақ нарсани (ҳақиқатни) жоҳиллигидан инкор қилган киши кофир дейилмайди. Балки, ҳақни била туриб инкор қилган киши кофир дейилади.

Ушбу фикр ўтган салаф ва уларга эргашган халаф (кейинги уламо)ларнинг фикридир”[“Тамҳид”, 18/42].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ юқоридаги ҳадисни изоҳлаб шундай дейди: “Ушбу одам агар танаси кулга айлатирилиб сўнг кўкка совурилса, Аллоҳ таоло уни қайта тирилтиришга қодир эмас, деган гумонда бўлди ва қайта тирилмайман деб эътиқод қилди. Ҳолбуки, бундай эътиқод қилиш куфр эканига барча мусулмонлар иттифоқ қилишган. Бироқ, у Аллоҳ таолога иймон келтиргани ва жазоланишдан қўрққанидан бу ишга қўл ургани, шунингдек, бундай эътиқод қилиш куфр эканини жоҳиллиги туфайли билмагани учун Аллоҳ таоло уни кечирди” [“Ал-мажмуъ”, 3/231].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ “Истиқома” (1/164) номли китобида шундай дейди: “Бу киши агар шундай қилсам Аллоҳ таоло менинг танамни қайта йиғишга қодир эмас, деб гумон қилган ёки танамни қайта йиға олмайди ва мен қайта тирилмайман, деб эътиқод қилган эди. Дарҳақиқат, ким (Аллоҳ таолонинг қудратига) бундай гумон ёки эътиқод қилиш куфр эканини била туриб, шундай гумон ёки эътиқод қилса кофир ҳисобланади. Лекин бу одам мазкур ишнинг куфр эканини билмаган ҳамда унга Аллоҳ таолонинг қудрати тўғрисида бундай гумон қилиш куфр саналишини баён қилиб берадиган огоҳлантирувчи бўлмаган. Қолаверса, у Аллоҳга ва У Зотнинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсуниш кераклиги ҳамда охиратда берадиган мукофат ва жазосига иймон келтиргани боис жазоланишдан қўрқиб бу ишга қўл урган эди. Натижада унинг Аллоҳга бўлган иймони ва қилган гуноҳлари учун жазоланишдан қўрққани учун Аллоҳ таоло унинг барча гуноҳларини кечирди.

Бинобарин, Аллоҳга, пайғамбарга, охират кунига ва солиҳ амаллар қилиш кераклигига иймон келтирган, бироқ ақидавий масалаларининг баъзисида хато қилган одамнинг Аллоҳ ҳузуридаги мавқеи мазкур одамнинг мавқеидан кам бўлмайди. Албатта, Аллоҳ таоло бундай мўмин кишининг хатосини кечиради ёки агар ҳаққа эргашишда камчиликка йўл қўйган бўлса, динининг мустаҳкам ёки заифлиги миқдорича азоблайди (яъни, ҳақ йўлни топишга интилишда қўйган камчилиги миқдорича азоблайди).

Аммо мўминлиги маълум бўлган одам биргина хатога йўл қўйиши биланоқ уни кофирга чиқариш оғир ишдир”.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таолонинг Қуръонда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисларида баён қилинган исм ва сифатлари бор. Ушбу исм ва сифатларни ўқиб ўрганган одам уларни инкор қилиши мумкин эмас. Зеро, ким Аллоҳ таолонинг бирон исм ёки сифатини инкор қилиш куфр эканини била туриб, улардан бирини инкор қилса кофир бўлади. Бироқ, бу иш куфр эканидан жоҳил, яъни бехабар бўлса, жоҳиллиги учун узрли саналади. Чунки, Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини ақл билан идрок қилиш ёки ўйлаш ва тафаккур қилиш орқали билиб бўлмайди. Биз Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини билганидан сўнг уларнинг бирини инкор қилган одамнигина кофир санаймиз” [“Сияру аъломун нубало”, 10/79].

  • 4.Бану Исроил билан Мусо алайҳис салом ўртасида кечган қисса

Аллоҳтаоло айтади: “Бану Исроилни денгиздан ўтказганимиздан сўнг,улар бутларга сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар ва: “Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер”,дедилар.У айтди: “Албатта,сизлар жоҳил (билмайдиган) қавмдирсизлар. Ахир уларнинг ибодат қилиб турган нарсалари йўқ бўлувчи, қилиб турган амаллари эса ботил-ку?. Мен, сизларни бутун оламлардан афзал қилиб қўйган Аллоҳдан ўзгани (яъни жонсиз бутни) сизларга худо қилиб бераманми?!” [Аъроф: 138-140].

Дарҳақиқат, Бану Исроил Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишлари учун Мусо алайҳисаломдан ўша мушрик қавмда бўлганидек, ўзларига уларнинг бути каби бут ясаб беришини сўраган эди.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу оят Бану Исроил нақадар улкан жаҳолатда бўлганини билдиради. Чунки, улар Аллоҳ таолонинг қанчадан қанча мўжизаларни кўрганларидан сўнг ҳам Ундан ўзгага ибодат қилиш жоиз деб ўйладилар” [“Зодул масир”, 2/150].

Шайх Абдурраҳмон Муаллимий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мусо алайҳис салом Бану Исроилнинг жоҳилона айтган ушбу сўзини инкор қилган бўлсалар-да, бироқ уларга берган жавобидан Бану Исроилнинг ушбу талабини диндан чиқарадиган сўз деб санамаганини кўриш мумкин. Бунга улар бузоқни худо қилиб олганлари учун уқубатга учраганидек бу талаблари учун ҳам бирон уқубатга учрамагани далил бўлади. Гўёки – Аллоҳ билувчироқ – улар иймонга яқинда келганлари боис бу талабларида узрли саналдилар” [“Мажмуъ расоил Муаллимий”, 1/142].

  • 5.Зоти Анвот қиссаси

Абу Воқид Лайсий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайн томон кетаётганимизда сидр дарахтининг олдидан ўтиб қолдик. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, анавиларда (яъни, мушрикларда) Зоти Анвот бўлгани каби, бизга ҳам Зоти Анвот қилиб беринг”, дейишди. (Мушриклар қуролларини унга илиб қўйишадиган ва буни ғалаба сабаби деб кўришадиган дарахт, уни Зоту Анвот деб аташарди.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Субҳаналлоҳ! Бу Мусонинг қавми айтган: “Анавиларнинг илоҳлари бўлгани сингари, бизларга ҳам бир худо ясаб беринг!”, деган гапнинг айни ўзи-ку! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳали сизлар ўзингиздан аввал ўтган қавмлар йўлига эргашасизлар”, деб, жавоб бердилар. [Термизий (2180) ривоят қилиб: “ҳасан, саҳиҳ ҳадис” деган].

Дарҳақиқат, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уларга ҳам мушриклар каби дарахтдан нусрат тилашдек, ширк амални жорий қилиб беришини сўрадилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг мазкур сўзини Бану Исроил Мусо алайҳиссаломга айтган сўзларига ўхшатдилар.

Муҳаммад Рашид Ризо айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга мазкур сўзларни айтган саҳобалар яқинда исломга кирганликлари боис бу амал, яъни бирон дарахтдан барака ва нусрат тилаш жоиз ва Ислом динига зид эмас деб ўйладилар” [“Мажмуу расоил ва масоилун Наждия”, 4/39].

Шайх Абдураззоқ Афифий ўлган одамлар фойда ёки зарар беради деган эътиқодда уларга сиғинадиган қабрпарастлар ҳақида сўралганларида қуйидагича жавоб бердилар:“Бундай одамлар агар уларга ҳужжат қоим бўлган бўлса, Ислом динидан чиққан муртад саналадилар. Бунинг акси ўлароқ уларга ҳужжат қоим бўлмаган бўлса, Анвот дарахти эгалари каби узрли саналадилар” [“Фатово шайх Абдураззоқ Афифий”, 371- бет].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган шариат билан яқиндан танишиб чиқсак, у зот вафот этган пайғамбарлар, солиҳ одамлар ёки улардан бошқа бирон марҳум инсонлардан ёрдам ёки паноҳ сўраб дуо қилишга рухсат бермаганига амин бўламиз.

Шунингдек, Пайғамбаримиз вафот этган ёки тирик бирон инсон учун сажда қилишга рухсат бермагани, аксинча, у зот бу каби ишлардан қайтарганига гувоҳ бўламиз. Албатта, бундай амаллар Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган ширк амал саналади.

Бироқ, кейинги мутааххир инсонлар орасида жаҳолат, илмсизлик ва соф шариатни билмаслик кенг тарқалгани боис, то уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган шариат ва унга зид бўлган амаллар баён қилинмагунча уларни кофирга чиқариш мумкин эмас” [“Ар-Радду алал Бакрий”, 2/731].

Шайх Абдулмуҳсин Аббод айтади: “Қабрда ётган одамларга ёрдам талабида дуо қилиш ёки улардан эҳтиёжларни раво қилиш ва қийинчиликларни аритишини сўраш диндан чиқарадиган катта ширк ҳисобланади.

Дарҳақиқат, бундай амалга ширк ва куфр деб айтилади. Бироқ, ушбу амални қилган ҳар бир кишига мушрик ёки кофир деб айтилмайди. Зеро, ким бу амални куфр эканини билмасдан қилса, то унга ҳужжат баён қилиниб, тушунтирилмагунича узрли бўлади. Борди-ю бу амал куфр экани унга баён қилингандан кейин ҳам бу ишдан қайтмаса, у ҳолда унга кофир ва Ислом динидан чиқди деб ҳукм қилинади.

Қабрпаратсликка мубтало бўлиш қабрдагиларни улуғлаш ва унда ётган маййитлардан ёрдам сўраб дуо қилиш солиҳ инсонларга нисбатан бўлган муҳаббатни англатади, деб тушунадиган муҳитда улғайган кўпчилик одамлар учун оддий ҳолатдир. Хусусан, уларга пешволик қилувчилар орасида "Қабрларни улуғлаш ва у ерда ётган маййитлардан ёрдам сўраш Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун восита", деб даъво қилувчи олимнамо кимсалар мавжуд бўлса”. [“Аллома Аббод китоб ва рисолалари”, 4/372].

  • 6.Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ислом дини худди мато нақшлари ўчганидек ўчиб кетади. Ҳатто одамлар на рўза, на намоз, на ҳаж ва на садақа (закот) нима экани биладилар. Бир кечада Аллоҳнинг китоби Қуръон ер юзидан кўтарилади ва ундан бир оят ҳам қолмайди. Ерда бир тоифа одамлар қолишади. Улар орасидаги ёши ўтган бир кекса чол ва кампир шундай дейди: “Ота-боболаримиз “Ла илааҳа иллаллоҳ”, деганларини эшитгандик, биз ҳам шу сўзларни айтяпмиз”.

Мазкур ҳадисни Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилган тобеин Сила ибн Зуфар раҳимаҳуллоҳ Ҳузайфага: “Улар намоз, рўза, ҳаж ёки закот нималигини билмаслар, “Ла илааҳа иллаллоҳ”, дейишлари уларга фойда берармиди?!”, деди. Ҳузайфа разияллоҳу анҳу ундан юзини ўгирди. Сила ушбу сўзни уч маротаба қайтарди. Учинчи марта айтганида Ҳузайфа разияллоҳу анҳу унга қараб: “Эй Сила, бу калима уларни дўзахдан қутқаради”, деб уч маротаба такрорлади” [Ибн Можа: 4049. Бусирий раҳимаҳуллоҳ “Мисбоҳуз-зужажа”, (2/291)да ва шайх Албоний “Саҳиҳ ҳадислар силисиласи”, (1/171)да саҳиҳ деган].

Мазкур ҳадис ўша замонда яшовчи одамлар иймондан фақат “Аллоҳ ягона” деган мужмал эътиқодни, Ислом динидан фақатгина ота-боболаридан мерос олишган “Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ”, деган иқрордан бошқа нарсани билмасликларини билдиради.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Кўпчилик инсонлар ислом таълимоти йўқолиб кетган замон ва жойларда улғаядилар. Ҳатто уларга Аллоҳ таоло Пайғамбари орқали туширган китоб – Қуръон ва ҳикмат – суннатни тушинтириб, етказадиган бирон одам қолмайди. Натижада улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган шариат аҳкомларининг кўпидан бехабар қолишади. Албатта, бундай ҳолатдаги одам кофир дейилмайди. Дарҳақиқат, аҳли илм ва мусулмонлардан узоқда жойлашган саҳроларда туғилиб ўсган одам Ислом динига кирган дастлабки даврида Ислом динидаги кўпчиликка маълум бўлган бирон ҳукмни инкор қилса, то бу нарса дандан эканини билмагунча кофир дейилмаслигига уламолар иттифоқ қилишган” [“Мажмуул фатово”, 11/407].

Хулоса қиладиган бўлсак, “Ким ҳақ дин – Исломдан бехабар бўлса ва унга бу дин ҳақида бирон маълумот етмасдан туриб, (куфрни тақазо қиладиган) амал қилса, жоҳиллиги туфайли узрли саналади ва бу амалга жавобгар ҳам, гуноҳкор ҳам бўлмайди. Агар бу ҳолатдаги одам мусулмонлардан саналса ва “Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг элчиси”, деб гувоҳлик берса, мусулмон деб эътибор қилинади. Борди-ю у мусулмонлардан ҳисобланмаса, у ҳолда бу дунёда ўзи даъво қилган динга мансуб деб саналади. Охиратда эса “Аҳли фатра” эгалари ҳукмида бўлади. Аллоҳ таоло бундай одамлар устидан қиёмат куни Ўзининг ҳикмати ва адолати билан ҳукм чиқаради. “Аҳли фатра”нинг қиёмат куни борар жойи борасидаги тўғри фикр шуки, Аллоҳ таоло уларни ўзи хоҳлаган нарсалар билан имтиҳон қилади. Ким итоат қилса, жаннатга киради ва ким итоат қилмаса, дўзахга тушади” [“Мажмуу фатово ва расоил шайх Ибн Усаймин”, 2/128].

Батафсил маълумот олиш учун доктор Султон Умайрийнинг “Ишколиётул узр бил жаҳл” номли китобига мурожаат қилинг, валлоҳу аълам.

Манба: Ислом савол ва жавоб веб саҳифаси

https://islamqa.info/ar/228033