Пайшанба 21 Сентябрь 2017 | 29 Зулҳижжа 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Таркибида спирт моддаси бўлган дорилардан фойдаланиш ҳукми

1991 марта кўрилган

Савол:

Соч ўстириш мақсадида таркибида беш фоиз спирт бўлган дорини бошимнинг соч тўкилган жойларига суртиб намоз ўқишим жоизми? Аллоҳ ажрингизни берсин.

Жавоб:

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин…

Дорилар таркибида сиз айтган миқдорда маст қилувчи спирт бўлиши ундан фойдаланишни ҳаром қилмайди ва нажас (ифлос) ҳам саналмайди.

Бунинг сабаби қуйидагича:

Биринчидан: Сув ёки дорига оз миқдорда маст қилувчи спирт аралашадиган бўлса, у сув ёки дорига сингиб кетади ва ундан асар ҳам қолмайди. Албатта, таркибида беш фоиз спирт бўлган ичимлик маст қилмайди. Маълумки, ароқнинг ҳаром қилиниш сабаби унинг маст қилишидир. Демак, 5% спирт аралашган сувда мазкур сабаб топилмаса, уни ичиш ҳаром бўлмайди ва нажас (ифлос) ҳам саналмайди.

Хатиб Ширбиний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар ароқ (маст қилувчи нарсалар)нинг ўзи билан даволаниш хусусида ихтилоф қилишган, бироқ заҳарга қарши ароқ аралашмасидан тайёрланадиган ва шу каби унинг таркибида йўқ бўлиб кетадиган дорилар билан даволаниш жоиз, фақат бунда унинг ўрнини босувчи, пок нарслардан тайёрланган дори бўлмаслиги шарт қилинади. Шунингдек, соғайишни тезлатиш мақсадида илон гўшти ва бавл (сийдик) каби нопок нарсалар билан даволанишни ишончли мусулмон табиб тавсия қилса ёки унинг шифо эканини аниқ билса (ҳамда унинг ўрнини босувчи бошқа дори бўлмаса) уларни истеъмол қилиш жоиздир” [“Муғнил-муҳтож” 5/518].

Шунга биноан Ислом Фиқҳ академиялари ва Ислом ўлкаларидаги фатво қўмиталари томонидан таркибида оз миқдорда маст қилувчи спирт моддаси бўлган дориларни истеъмол қилиш жоиз, деб фатво ва қарорлар чиқарилган. Бироқ, турли шубҳалардан четланиш учун дориларга маст қилувчи спирт қўшмаслик афзал ва яхшироқдир.

Маккаи Мукаррама шаҳридаги “Ислом олами робитаси”га тегишли “Ислом фиқҳи академияси” қуйидагича қарор қабул қилган:

“Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳамду санолар ва сўнгги пайғамбар (Муҳаммад)га салоту саломлар бўлсин.

Аммо баъд:

“Ислом фиқҳи академияси” Маккаи Мукаррама шаҳрида ҳижрий: 21-26/10/1422 (мелодий: 05-10/1/2002) кунларида ўтказган ўн олтинчи мажлисида ушбу: “Таркибида спирт ва наркотик моддаси бўлган дорилардан фойдаланиш” хусусида олиб борилган изланиш, тадқиқот ва музокаралардан сўнг, шунингдек, "Шариатимиз қийинчиликларни енгиллатишга ва машаққатларни даф қилишга буюради", "Зарар ўз миқдори баробарида даф қилинади" ва "Зарурат ҳолатларида ҳаром нарсалар мубоҳ бўлади", ҳамда "Икки зарарнинг енглироғини олиш" деган қоидаларга биноан қуйидагиларни қарор қилади:

•Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларига биноан ҳар қандай ҳолатда ҳам маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилиш жоиз эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло шифоларингизни сиз учун ҳаром қилган нарсаларда қилган эмас” Имом Бухорий “Саҳиҳ”да ривоят қилган.

Абу Довуд, Ибн Сунний ва Абу Нуайм келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло касаллик билан бирга унинг давосини ҳам туширди. Ҳар касалликка бир даво яратди. Даволанинг, аммо ҳаром билан даволанманг”.

Ториқ ибн Сувайд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан хамр (ароқ)ни даволаниш мақсадида истеъмол қилиш ҳақида сўраганида: “У даво эмас, хасталикдир”, дебжавоб берганлар. Ибн Можа ва Абу Нуайм ривояти.

•Дориларни тайёрлаш учун зарур бўлган оз миқдорда таркибига спирт қўшилган дориларни истеъмол қилиш жоиз. Бу оз миқдорни ишончли табиб белгилаши шарт. Шунингдек, жароҳатларни тозалаш ва ундаги микробларни ўлдириш мақсадида спирт ва танага суртиладиган крем ва малҳамлардан фойдаланиш ҳам жоиз.

•“Ислом фиқҳи академияси” Ислом диёрларида дори-дармон ишлаб чиқарувчи корхоналар, дорихоналар ва четдан дориларни келтирувчи ширкатларга дорилар таркибига спирт қўшмасдан унинг ўрнини босадиган моддалардан фойдаланишлари ва таркибида спирт моддаси бўлган дорилардан қўлдан келганча четланишларини тавсия қилади.

•Шунингдек, “Ислом фиқҳи академияси” табиб (доктор)ларни беморларга имкон қадар таркибида спирт бўлган дориларни тавсия қилмасликка чақиради.

Аллоҳ таолодан тавфиқ сўраймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммадга Аллоҳнинг салоти бўлсин” [“Таркибида спирт ва наркотик бўлган дорилар хусусидаги” 94-рақамли қарор (16/6)].

Ислом кенгашига қарашли “Ислом фиқҳи академияси” ҳам қуйидагича қарор қилган:

“Мусулмон одам таркиби спиртдан холи бўлган дори топа олмаса, таркибида оз миқдорда спирт бўлган дорини истеъмол қилса бўлади. Ушбу дорини ишончли ваўз соҳасининг мутахасиси бўлган табиб (доктор) тавсия қилган бўлиши керак” [24- рақамли қарор (3/11)], валлоҳу аълам.