Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Бегона аёлнинг юзига қарашнинг ҳукми ва унинг каффорати

5100 марта кўрилган

Савол:

Ҳижобсиз аёлнинг юзига қараб қўйиш гуноҳми? Бу каби гуноҳ зикр билан кечириладими?

Жавоб:

Барча ҳамду сано Аллоҳга хос. Расулуллоҳга, у зотнинг оилалари ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Аммо баъд:

Дарҳақиқат, бегона аёлнинг юзига шаҳват билан қараш уламолар иттифоқига кўра ҳаромдир. "Мавсуатул фиқҳийя қувайтийя"да айтилган: "Агар аёл киши ҳур-озод аёл бўлса, унга шаҳват билан қараш мутлақо ва фитна хавфи борлигида жоиз эмаслигида фуқоҳолар ўртасида хилоф йўқ".

Агар қараш — уйланиш ниятида ва гувоҳлик бериш каби  эҳтиёжли ўринлардан ташқари бўлса — шаҳватсиз ёки фитна хавфидан холи бўлса, бунинг ҳукмида уламолар ихтилоф қилишган. Бизнинг наздимизда кучлироғи бу ҳолатда ҳам қарашнинг ҳаром эканлигидир. 308458 рақамли фатвода бу ҳақда батафсил сўз юритилган.

Ҳар ҳолда, бу турдаги гуноҳлар намоз, рўза, садақа ва зикр каби ёмонликни ўчирувчи ҳасанотлар билан ювилиб кетади. Имом Бухорий ва Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда у деди: "Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, мен Мадинанинг чеккасида бир аёлга тегиниб қўйдим. Мен у аёл билан жимодан бошқа барча ишларни қилдим. Мана мен ҳозирман, менга хоҳлаган ҳукмингизни қилинг", деди. Шунда Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу унга: "Аллоҳ гуноҳингни яширган экан, сен ҳам яширавермабсанда!" дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон нарса деб жавоб қайтармадилар. Ҳалиги одам ўрнидан туриб, жўнаб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини унинг ортидан жўнатиб, уни чақиртирдилар ва унга янги нозил бўлган оятни ўқиб бердилар:


وَأَقِمِ الصَّلَاةَ طَرَفَيِ النَّهَارِ وَزُلَفًا مِنَ اللَّيْلِ ۚ إِنَّ الْحَسَنَاتِ يُذْهِبْنَ السَّيِّئَاتِ ۚ ذَٰلِكَ ذِكْرَىٰ لِلذَّاكِرِينَ


"Кундузнинг ҳар икки тарафида эрталаб ва кечки пайт ва туннинг бир бўлагида намозни тўкис адо қилинг. Албатта яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказади. Намозга буюриш панд-насиҳат олувчиларга эслатмадир." (Ҳуд: 114) Шунда қавмдан бир киши сўради: "Эй Набиюллоҳ, бу ҳукм унга хосми?" "Йўқ, балки барча одамаларга омдир", дедилар".

Фойдани тамомига етказиш учун биз сизга банда устидаги гуноҳларнинг уқубати кўтарилишини вожиб қиладиган сабабларни келтирамиз. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтдилар: "Ман қилувчи сабаблар топилган ҳолда гуноҳлар банданинг дўзахга киришини вожиб қилмайди. У сабаблар ўнтадир: тавба, истиғфор, ёмонликларни ўчирувчи ҳасанотлар, каффорат бўлувчи мусибатлар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари, ул зотдан бошқаларнинг шафоати, мўминларнинг дуоси, савоби маййитга ҳадя қилинадиган садақа ва қул озод қилиш, қабр фитнаси ва Қиёмат даҳшати".

Валлоҳу аълам