Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аёл киши қинининг намлиги тоза, лекин у таҳоратни синдиради

7538 марта кўрилган

Савол:

Аёл кишидан келиб турадиган суюқлик (оқ бенамоз) тозами, нажосатми? У таҳоратни синдирадими? Айрим аёллар бу нарса таҳоратни синдирмайди, деб унга эътиборсиз қарашади.

Жавоб:

Ўрганишларимдан сўнг менга маълум бўлгани шуки, аёл кишидан келадиган суюқлик (оқ бенамоз) агар қовуқдан эмас, балки бачадондан келаётган бўлса, у тоза. Бироқ, тоза бўлса ҳам, таҳоратни синдиради. Чунки, таҳоратни синдирувчи нарса албатта нажосат бўлиши шарт эмас. Масалан, орқадан келувчи, ҳеч қандай жисм шаклида бўлмаган ел ҳам таҳоратни синдиради. Шунга кўра, агар таҳоратли аёл кишидан бирон суюқлик келса, унинг таҳорати бузилади ва янги таҳорат қилиши лозим бўлади. Аммо, бу нарса узлуксиз давом этадиган, сурункали тус олган бўлса, таҳорати синган саналмайди ва фақат намоз вақти кирганида таҳорат қилиб, шу таҳорати билан истаганича фарз ва нафл намозлари ўқиши, Қуръон ўқиши ва мубоҳ бўлган ҳар қандай ишларни қилиши мумкин. Аҳли илмлар давомий сийдик томчилаб турадиган киши ҳақида шундай деганлар.

Мазкур суюқликнинг тозалик ё нажосат экани жиҳатидан ҳукми шудир, у тоза саналади, кийим ва баданни нажас (нопок) қилмайди.

Аммо, таҳорат жиҳатидан ҳукми шуки, у таҳоратни синдиради. Аммо, узлуксиз давом этиб турадиган бўлса, фақат намоз вақти кирганида таҳорат қилади.

Аммо, узилиб, вақти-вақти билан келиб турадиган бўлса ва одатда намоз вақти ичида ҳам келмай турадиган пайти бўлса, модомики, намоз вақти чиқиб кетиши хавфи бўлмаса, намозини ўша суюқлик тўхтайдиган пайтга кечиқтиради. Сўнг таҳорат қилиб, эҳтиёт чорасини кўриб олиб, намозини ўқийди. Ушбу суюқликнинг ози билан кўпи ўртасида фарқ йўқ, ҳаммаси таҳоратни синдиради. Чунки, ози ҳам, кўпи ҳам бир йўлдан келади.

Айрим аёлларнинг бу нарсани таҳоратни синдирмайди деб эътиқод қилишларига келсак, бу гапнинг бирон асоси борлигини билмайман. Фақат Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ ушбу суюқлик таҳоратни синдирмаслигини айтган, бироқ бу сўзига бирон далил келтирмаган. Агар Китобу Суннатдан ё саҳобаларнинг сўзларидан бирон далил бўлса, ҳужжат бўларди. Аёл киши Аллоҳдан тақво қилиши ва ўз таҳоратига бепарво қарамаслиги лозим. Зеро, таҳоратсиз ўқилган намоз қабул бўлмайди. Ҳатто, айрим уламолар бетаҳорат намоз ўқиган одам кофир бўлади, чунки у Аллоҳнинг оятларини масхара қилган кимсалар қаторига кириб қолади, деб айтишган.

(Ибн Усаймийн: Мажмуъу фатава: 11/284).