Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Покликдаги васваса ва саждада дуо қилиш

5985 марта кўрилган

Савол:

Мен кирликдан қўрқув ва тозалик васвасасига йўлиққанман. Яъни, то тоза бўлганига қаноат ҳосил қилмагунимча қўлим ва либосларимни қайта-қайта ювавераман. Ушбу васвасани ўзимдан қувишга кўп уриндим, баъзан бунинг уддасидан чиққандек бўламан, бироқ яна қайтиб келаверади. Ундан тўла қутулиш қўлимдан келмаяпти. Ўзим мўмина аёлман, Аллоҳдан қўрқаман. Намозимда Аллоҳдан шифо тилайман. Чунки, мендаги бу ҳолатнинг касаллик эканини биламан. Бундай васвасага эътибор бермаслик керак деб ўқиганман, аммо бу менинг қўлимдан келмаяпти. Мени кўп сув исроф қилувчига айлантириб қўяётган бу касаллик ҳақида динда нима дейилган, бу васвасадан халос бўлиш учун қандай дуолар ўқишим керак. Сажда асносида дуо қилиш фақат нафл намозларда жоиз бўладими, фарз намозда дуо қилиш мумкин эмасми? Менга йўл-йўриқ кўрсатишингизни истайман, Аллоҳ сизга мўл-кўл савоблар ато этсин.

Жавоб:

Ушбу васвасани ўзингиздан қувиш учун энг аввал шайтоннинг шарридан Аллоҳдан паноҳ тиланг, таҳорат ва намозингизда гумонга тушганингизда, ҳаммасини тўғри адо этдим, деб ўзингизни ишонтиринг ва васвасага парво қилманг, Аллоҳдан офият ато этишини сўранг, шайтони лаъиндан кўп паноҳ тиланг. Шу билан иншооллоҳ, бундан қутуласиз ва шайтоннинг адабини берасиз ҳамда Роббингизни рози қиласиз. Шайтоннинг найранг ва макрларидан барчамизга паноҳ беришини Аллоҳдан сўрайман. Сажда асносида ва охирги ташаҳҳуддан кейин салом беришдан олдин дуо қилиш нафл намозларда ҳам, фарз намозларда ҳам машруъдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банданинг Роббига энг яқин ҳолати сажда қилиб турган пайтидир. Бас, (саждада) кўп дуо қилинглар», деганлар (Муслим: №1111). Яна: «Рукуъда Парвардигор азза ва жаллани улуғлангиз, саждада эса дуога жидди-жаҳд қилингиз, ижобат қилинишга лойиқ бўласизлар» деганлар (Муслим: 1102). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига ташаҳҳудни, яъни «ат-таҳийёт»ни таълим берган пайтларида айтганлар: «Кейин ҳар бирингиз ўзига ёққан дуоларни танлаб, дуо қилсин» (Бухорий: №835). Тавфиқ Аллоҳдандир.

(Ибн Боз: Мажмуъу фатава: 10/126).