Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сеҳрни сеҳр билан ечиш мумкинми?

3335 марта кўрилган

Савол:

Одамлар айтишича, бир танишимизга сеҳр қилинган ва ўша сеҳрни бекор қилдириш мақсадида улар шундай ишлар билан шуғулланадиган бир шахс ҳузурига боришмоқчи экан. У одам тумор ва шунга ўхшаган нарсалар қилиб берар экан ва ҳақиқатан сеҳрни еча оларкан. Шу ишнинг ҳукмини баён қилиб берсангиз? Яна бир савол, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам сеҳр қилингани ростми?

Жавоб:

Сеҳрни сеҳр билан ечиш жоиз эмас, коҳинларга бориш ё уларни сеҳр қилинган кишининг сеҳрини ечиш учун унинг ҳузурига олиб келиш жоиз эмас, бунинг учун тумор ва ҳар хил битиклар қилдириш, гарчи баъзи ҳолларда бу нарса сеҳрни бартараф этишда ёрдам берган бўлса ҳам, жоиз эмас. Балки, сеҳрланган кишини руқя қилинади. Бунинг учун қуйидаги суралар, оятлар ва зикрларни ўқиш мумкин: «Фотиҳа» сураси, «Оятул курсий», «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъувзу бироббил фалақ», «Қул аъувзу бироббин нас» ва шунга ўхшаш баъзи сура ва оятлар. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган айрим зикр ва дуолар, жумладан:

اللَّهُمَّ رَبَّ النَّاسِ ، أَذْهِبِ البَأسَ ، اشْفِ أنْتَ الشَّافِي لاَ شِفَاءَ إِلاَّ شِفاؤُكَ ، شِفَاءً لاَ يُغَادِرُ سَقماً

Маъноси: «Эй одамларнинг парвардигори бўлган Аллоҳ! Мусибатни кетказгин ва шифо бергин, Сенгина шифо берувчисан, Сенинг шифоингдан ўзга шифо йўқдир, ортидан ҳеч қандай дардни қолдирмайдиган шифо бергайсан». (Имом Бухорий: №5675 ва Имом Муслим: №5836 ривоятлари).

بِاسْمِ اللَّهِ أَرْقِيكَ مِنْ كُلِّ شَىْءٍ يُؤْذِيكَ مِنْ شَرِّ كُلِّ نَفْسٍ أَوْ عَيْنِ حَاسِدٍ اللَّهُ يَشْفِيكَ بِاسْمِ اللَّهِ أَرْقِيكَ

Маъноси: «Аллоҳнинг исми билан сенга дам соламан, сенга азият бераётган ҳар қандай нарсадан ва ҳар бир жон ҳамда ҳасадчи кўзнинг ёмонлигидан дам соламан. Аллоҳ сенга шифо берсин, Аллоҳнинг исми билан сенга дам соламан». (Имом Муслим ривояти: №5829).

Ушбуни уч марта такрор ўқийди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай қилганликлари собит бўлган.

Яна сизга Ибн Таймиянинг «Ал-калимут-тоййиб», Ибн Қаййимнинг «Ал-вабилус-соййиб», Нававийнинг «Риёзус-солиҳийн» ва «Ал-азкарун-нававия» китобларига, «Китобут-тавҳид» ва «Фатҳул-мажид»нинг «Нушра ҳақидаги боб» бўлимига мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.

«Саҳиҳайн»да собит бўлганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилинган, сўнг у зотга Аллоҳ бундан шифо берган. (Бухорий: №5763, Муслим: №5832).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ҳамда у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

(Илмий Тадқиқотлар ва Фатво бериш Доимий Қўмитаси: 1/566).