Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Намозли, рўзали одам авлиёлардан мадад сўрашига қандай қаралади?

2937 марта кўрилган

Савол:

Одамлар бошларига мусибат ва оғирлик келганда «Ё Расулуллоҳ» деб ёки бирон азиз-авлиёнинг номини тилга олиб, мадад сўрашади, бемор бўлсалар, солиҳ зотларнинг қабрларига бориб улардан шифо талаб қилишади. Кейин: «Аллоҳ таоло улар сабабли балони даф қилади, биз улардан мадад тилаганимиз билан, аслида ниятимиз Аллоҳга. Чунки, уларга таъсир кучини Аллоҳ беради», дейишади. Уларнинг мана шу ишлари ширк бўладими, бўлмайдими? Уларга: «Сизлар мушрик бўлдингиз» деб айтса бўладими? Ваҳоланки, улар намоз ўқишади, Қуръон ўқишади, бошқа солиҳ амалларни қилишади.

Жавоб:

Уларнинг қилаётган ишлари аввалги жоҳилият давридаги мушриклар қилган ишнинг айни ўзидир. Улар ҳам Лот, Уззо, Манот ва бошқа бутларни улуғлаб, дуо-илтижо қилишар, улардан мадад сўрашар ва бу ишлари билан ушбу бут-санамлар уларни Аллоҳга яқинлаштиради, деб санашарди, «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз» (Зумар: 3), дейишарди, «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз» (Юнус: 18), дейишарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо ҳам ибодат эканини баён қилиб, уни фақат Аллоҳгагина қилиш кераклигини айтганлар, Аллоҳдан ўзгага дуо қилишдан қайтарганлар, «Ва (менга буюрилганки), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (исломда) тутинг, ҳаргиз мушриклардан бўлманг ва Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Агар шундай «қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз! Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағфиратли, меҳрибондир» (Юнус: 105-107), деб айтганлар. Мусулмонлар намозларининг ҳар бир ракъатида: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 5) дейдилар, ушбу оятлар уларни ибодат фақат Аллоҳгагина бўлиши, мадад сўраш на пайғамбарлар ва на солиҳларнинг жасадларидан бўлмасдан, ягона Аллоҳдан бўлиши лозимлигига йўллайди.

У кишиларнинг кўп намоз ўқишлари, рўза тутишлари, Қуръон ўқишлари сизни алдаб қўймасин, улар қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо нодонликлари сабабли ўзларини яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир. Чунки, уларнинг амаллари холис тавҳид асосига қурилмаган ва шу туфайли сочилган тўзон мисоли йўқ бўлиб кетувчидир. Уларнинг ширк келтиришаётгани ва амалларининг бекор бўлиб кетишига Қуръон ва Суннатда жуда кўп далиллар бор. Истаган кишилар бу ҳақдаги Қуръон ва Суннат далилларига ҳамда салафи солиҳларнинг китобларига мурожаат қилишлари мумкин.

Аллоҳдан сизу бизга ҳидоят сўраймиз.

(Илмий Тадқиқотлар ва Фатво бериш Доимий Қўмитаси: 1/149).