Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ширк неча хил бўлади?

3945 марта кўрилган

Савол:

Ширк неча хил бўлади?

Жавоб:

Биз доим такрор ва такрор айтиб келганимиздек, тавҳид мусбат ва манфийни ўз ичига олади, улардан фақат биттасига чекланиш билан тавҳид рўёбга чиқмайди. Бинобарин, манфийнинг ўзига чекланиш таътилдир (яъни «ла илаҳа» - илоҳ йўқ, деб қўйишнинг ўзи Аллоҳнинг илоҳлигини ҳам йўққа чиқаришдир), мусбатнинг ўзига чекланиш (яъни, Аллоҳ ҳақ деб қўйишнинг ўзи) эса Аллоҳга шерик бўлишини ман қилмайди. Ким шу жиҳатдан Аллоҳнинг ҳаққини исботламаса, у мушрик бўлади.

Ширк икки хил: диндан чиқарувчи катта ширк ва у даражага етиб бормайдиган кичик ширк.

Биринчиси: катта ширк. У шариат соҳиби ширк деб атаган ва инсонни динидан чиқарадиган ишлар бўлиб, ибодат турларидан бирортасини Аллоҳдан бошқага буриш, масалан, Аллоҳдан бошқага атаб намоз ўқиш, Аллоҳдан бошқа учун рўза тутиш, Аллоҳдан бошқага атаб қон чиқариш кабилар шу турдаги ширкка киради. Шунингдек, Аллоҳдан бошқага дуо-илтижо қилиш, масалан, бирон қабр эгасига ёки ғойибдаги шахсга дуо қилиб, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган нарсани сўраш ҳам шу турдаги ширкка мансубдир. Ширк турлари маълум ва машҳур бўлиб, олимлар бу тўғрида кўп китоблар ёзиб қўйишган.

Иккинчиси: кичик ширк. У шариатда ширк лафзи билан аталган, бироқ эгасини диндан чиқариб юбормайдиган сўз ва иш-амаллардир. Масалан, Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичиш каби. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳдан бошқасига қасам ичса, шаксиз, кофир бўлибди ёки ширк келтирибди» (Саҳиҳ, Ас-силсилатус-саҳиҳа: №2042). Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичувчи киши уни улуғлик ва буюкликда Аллоҳга тенг деб эътиқод қилмаса, кичик ширк тури билан ширк келтирган бўлади. Шундай экан, на Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам номлари билан, на давлат бошлиғи ва на вазирлардан бирон вазир номига қасам ичиш жоиздир. Ва ҳатто, Каъбага ҳам, Жибрийл ва Микоил фаришталар номига ҳам қасам ичиш мумкин эмасдир. Чунки, бу ширк бўлади, бироқ диндан чиқариб юборадиган даражада катта ширк бўлмайди.

Кичик ширк турларидан яна бири риёдир. Яъни, масалан биров Аллоҳ учун намоз ўқийди, бироқ кимдир биров уни кузатиб тургани учун намозини зийнатли қилиб, чиройли ўқийди. Яъни, одамлар учун риё (яъни хўжакўрсинга) қилади. Бу одам кичик ширк тури билан ширк қилган бўлади. Чунки, у ибодатни аслида Аллоҳ учун қилди, бироқ, одамлар қараб тургани учун риё қилди, яъни улар кўзига чиройли қилиб ўқиди. Ёки бўлмаса, бир киши молини Аллоҳ яхши кўрадиган ишга сарфлади, бироқ, шу иши билан одамлардан мақтов эшитишни ҳам истади. Бу киши ҳам кичик ширк тури билан ширк келтирган бўлади. Кичик ширк турлари жуда кўп бўлиб, кўпроқ маълумот олишни истаганлар шу мавзудаги китобларга мурожаат қилишлари мумкин.

(Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин: Мажмуъул-фатава: 2/202).