Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Кишининг тавҳидга тааллуқли нарсаларни билмаслиги у учун узр саналадими?

2999 марта кўрилган

Савол:

Кишининг тавҳидга тааллуқли нарсаларни билмаслиги у учун узр саналадими?

Жавоб:

Билмаслик диннинг барча соҳаларида узр саналиши собитдир. Чунки, Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик...», дейди ва давомида айтади: «Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик» (Нисо: 163-165).

Яна айтади: «Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (ва у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азобловчи эмасмиз» (Исро: 15).

Яна айтади: «Аллоҳ бирон қавмни ҳидоят қилганидан кейин то уларга сақланишлари лозим бўлган нарсаларни аниқ баён қилиб бермагунича, уларни йўлдан оздирувчи бўлмади (яъни, ҳамма нарсани билиб туриб ўзларини сақламаган кимсаларнигина йўлдан оздирди). (Тавба: 115).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, бу уммат ичидан бирон шахс – яҳудий бўлсин, насроний бўлсин – мени эшитса, сўнг мен олиб келган динга иймон келтирмай ўлса, албатта дўзах аҳлидан бўлади». (Саҳиҳ, Ас-силсилатус-саҳиҳа: №157).

Бу ҳақда далиллар жуда кўп. Ким жоҳил (яъни, билмаган) бўлса, дин ишларидан қай бир ишда бўлмасин, билмаслиги туфайли узрли бўлади.

Лекин, шуни ҳам билиш зарурки, айрим жоҳилларда бир турли қайсарлик ҳам бўлади. Яъни, унга ҳақни айтилса, унга эргашмайди ва у ҳақда изланмайди. Балки, ўзининг шайхлари ва пирлари кўрсатган йўлдан чиқишни истамайди. Дарҳақиқат, бундай одам маъзур саналмайди. Чунки, унга ҳужжат етказилганда ҳеч бўлмаса, ўзи эргашаётган нарсанинг ҳақлиги шубҳа остига олинаётгани учун, уни чуқурроқ текшириб кўриши ва бу масалада ҳақни талаб қилиши лозим эди. Ўзи эргашган кишиларни кўр-кўрона улуғлайдиган ва уларнинг сўзларидан чиқмайдиган бундай кишининг шаъни худди Аллоҳ таоло айтган қуйидаги кишилар шаънига ўхшайди: «Балки улар (шундай) дедилар: «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топувчидирмиз» (Зухруф: 22). Кейинги оятда айтилади: «Албатта бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз», деганлар» (Зухруф: 23).

Муҳими шуки, инсон учун узр саналадиган жоҳиллик – ҳақни билмаган ва унга ҳақ етказилмаган кишининг жоҳиллигидир. Бундай инсон маъзур саналади ва гуноҳ ундан кўтарилади. Бундай кишига қилиб турган амали тақозосига кўра ҳукм қилинади. Агар мусулмонларга нисбатланса ва «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик берган бўлса, уни мусулмон деб эътибор қилинади. Агар мусулмонларга нисбатланмаса, дунёда унинг ҳукми ўзи эътиқод қиладиган дин аҳлининг ҳукмидадир. Охиратда эса, худди бошқа «фатра аҳли» (пайғамбар келмаган даврлар аҳли) каби унинг иши Аллоҳга ҳавола бўлади.

Бироқ, шуни ҳам билиш лозимки, биз бугунда турли-туман ахборот воситалари кенг тарқалгани ва одамлар орасида аралашиш ва ахборот алмашиш жуда ҳам қулай бўлгани туфайли ер юзида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари етиб бормаган биронта ҳам макон топилиши даргумон бўлган бир асрда яшаб турибмиз. Бугунги кундаги куфрнинг мутлақ кўп қисми фақат қайсарлик туфайли бўлган куфрдир.

(Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин: Мажмуъул-фатава: 2/127).