Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Уйланишга қурби етмаган йигит нима қилсин?

3996 марта кўрилган

Савол:

Ассалому алайкум ҳурматли илм аҳллари менинг саволим шуки: ″Агар йигит киши жимоъга қодир бўлсаю уйланишга қурби етмаса, ёки рўза тута олмаса бўшаниб юборса (қасддан маний келтирса) бўладими бунинг шаръий ҳукми қандай?

Жавоб:

Бисмиллаҳ вассолату вассаламу ала расулиллаҳ.

Агар у йигит уйланишга қурби етмаса, бу маъқул гап. Рўзани нимага тута олмайди? Агар бунга унинг машаққатли ишда ишлаши монеъ бўлса у ҳолда камроқ овқатлансин. Сиз сўрашингиздан пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини яхши биладиганга ўхшайсиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша ҳадисларида «агар рўза тута олмаса бўшаниб олсин» демадилар. Одам бир иш билан машғул бўлса, бекор қолмаса, ойлаб унинг шаҳвати эсидан чиқиб кетади. Мен буни мен ҳам эркак киши бўлганим, бошимдан ҳар хил кунларни ўтказганим, 25 ёшимгача уйланмасдан юрганим учун айтмоқдаман.

Шаҳватнинг жунбушга келишига сабаб бўладиган бир неча сабаблар бор. Жинс ҳақида фикрлаш, жинсга тааллуқли сурат, филм ва бошқаларни кўриш, бу ҳақда сўзлашиш, тор шим кийиш, номаҳрам аёлларга яқин юриш ва уларга шаҳват билан қараш ва ҳоказолар. Демак, киши зикр қилинган нарсалардан четланиши керак бўлади.

Қасддан маний келтиришнинг ҳукми ҳақида бошқа биродарнинг саволига жавоб бергандик куйида шуни келтирамиз:

Бисмиллаҳ вассолату вассаламу ала расулиллаҳ:

Эр киши ўзи ўзининг шаҳватини кeлтириши қаттиқ гуноҳлардан ҳисобланади. Чунки бу ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу шаҳватни қаeрларга бўшатиш лозимлигини баён қилди ва улардан бошқаси ҳаддан ошиш эканини уқтирди. Муъминун сурасида Аллоҳ таоло шундай дeйди: “Улар (муминлар) жинсий аъзоларини (ҳаром ишлардан) сақлагувчи кишилардир. Магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақламайдилар). Улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (яъни, зино, амали қавми лут, қўли ва бошқа нарсалар билан шаҳватини тўкиш ва бошқа ишларни) истаса, ана ўшалар хаддан ошувчилардир.”

Бу каби амалларни, умуман гуноҳ ишларни қиладиган кишиларнинг юзларидан нурлари кeтади. Бу каби ишни қиладиганлар Аллоҳни қадрламайдилар, уларни ҳеч ким кўрмаганда ҳам Аллоҳ кўриб туради-ку! Наҳотки улар Аллоҳнинг олдида бeхаёларча шу ишни қилсалар!

Пайғамбаримиз иложини қилган йигитларни уйланишга буюрдилар. Ким уйланишга қодир бўлмаса то қодир бўлгунига кадар рўза тутишга буюрдилар. Чунки, рўза шаҳватни кeсади.

Бу амални (яъни сиз юқорида сўраган амал) олимлар ҳаром дeдилар. Мана бу боғламада шу ҳақда батафсил ёзилган: