Пайшанба 18 Апрель 2024 | 9 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Кофирларнинг саломига алик олса бўладими?

2617 марта кўрилган

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ!

Агар кофир одам аниқ "Ассалому алайкум" деб бузмасдан салом берса унга "Ва алайкум ас-салом" деб жавоб қайтарса бўладими?

Жавоб:

Ҳа, улар бузмаган ҳолларида «Ассаламу алайкум» десалар «ва алайкум ассалом» деб жавоб берилади. Ибнул Қоййим, Усаймин ва бошқа уламоларнинг фатволарида: Кофирнинг саломига жавоб уч хил бўлади дейилган:

1- «Ассому алайкум» деганини аниқ эшитсак «ва алайкум» деб;

2- «Ассом» ёки «ассаламу» деганлигини аниқ била олмасак ҳам «ва алайкум» деб жавоб берамиз.

3- «Ассаламу алайкум» деб аниқ айтса «ва алайкум ассалам» деб жавоб беришимизнинг зарари йўқ чунки, Аллоҳ таоло Қуръонда «Қачонки сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки ўша иборани қайтаринглар» деб буюрган. (Нисо: 86). Албатта Аллоҳ адолат ва эҳсонга буюради. Салом берувчи насроний, яҳудий, мушрик ёки худосиз бўлсин бунинг фарқи йўқ.

Аммо биз уларга аввал салом берсак бўладими? деб сўраладиган бўлса. Йўқ, деб жавоб берамиз. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтарганлар. «Яҳуд ва насороларга аввал салом берманглар, улар билан (тор) йўлда тўқнаш келиб қолсангизлар уларни (ҳурматлаб йўл бермасдан) йўлнинг торроқ томонига юришга мажбур қилинглар» Муслим ривояти.

Агар бирон кишининг ҳўжайини насроний ёки худосиз бўлса, бирон иш билан унинг хонасига кирадиган бўлса «аҳлан ва саҳлан» «марҳаба» ёки яхшимисиз, «здраствуйте» «good morning» каби унга муносиб сўз билан бошласа бўлади. Аммо «ассаламу алайкум» мусулмонларнинг саломлашиши бўлгани учун уни биринчи бўлиб кофирларга айтилмайди.